АРТИСТ… (6-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

Ўшанда раҳматли бувимни шунақанги ёмон кўриб кетдимки, у ёқ-бу ёғи йўқ. Тўғрисиям-да, қачон бувимларникига борсак, дарров қўлимизга қарарди. «Ҳеч нима олиб келмадингми?» дерди. Бирон нима кўтариб уйга кирсак, чек-чегарасиз хурсанд бўлар, олиб борганларимизни дарров жой-жойига тиқиб ташларди. Бирор марта бўлсин, «Буларни нега кўтариб келяпсан? Эрингдан сўраб олдингми? Сўраб олмаган бўлсанг, нима деб жавоб берасан? Бунақада бизни ёмон кўрсатиб қўясан-ку, бу қилиқларинг ҳам ўғриликка киради, қизим. Олиб келганингни кўтар, уйингга жўна», демасди. Бунинг ўрнига, олиб кел, олиб кел. Шакли, мазмуни турли хил, аммо мақсад битта. Тавба, бувим шундай бўлса, бувам-чи?.. Аслида, ойимнинг қўли бунчалик эгри бўлган, деб ўйламайман. Ҳаммасига ота-онаси сабабчи. Ҳамма қилғиликни улар қилишган. Мана, шунча эрга тегиб чиқди… Аммо мен ҳам шу аёлнинг боласиман-ку. Нега пул деган жойда ўзимни томдан ташламайман? Тўғри, мени ҳам пул қизиқтиради. У бўлмаса, ишларим битмаслигини ҳам биламан. Аммо пул учун ўзимни томдан ташламайман. Кейин бировнинг ҳақига ҳам хиёнат қилмайман. Бор бўлса, ишлатаман, йўқ бўлса, юравераман. Бир марта Лайлодан эллик минг сўм қарз олганман. Аммо дарров қайтарганман. Лекин мактабни битирадиган йилларим, у пайтларда бувим ҳам, бувам ҳам оламдан ўтиб кетганди. Онам билан ёлғиз яшардик, ойим менга зуғум қила бошлади. «Пул топиб кел», дейди. Мактабдан келишим билан ёқамга ёпишади: «Пул топиб кел!» Тасаввур қилинг, бўйи етган, мактабни битираётган қиз қандай қилиб пул топиши мумкин? Фақатгина битта йўл билан. Йўқ, мен ундай қилмадим. Қилолмасдим ҳам. Ўзи ойимнинг шунча эрга тегиб чиққани учун тенгдошларим олдида зўрға бошимни кўтариб юрардим. Биламан, кўпчилик қўлини бигиз қилиб мени кўрсатади. Бу анавининг қизи, дейди. Эҳ, неча марта ўзимни ўлдирмоқчи бўлганман. Аммо ҳар сафар шайтонга ҳай берганман. Кийишга кийимим бўлмасди. Баъзан ейишга бир бурда нон топилар, баъзан оч юрардим. Шундай эса-да, ойимнинг йўриғига юрмадим. Ўқидим, ўқидим ва яна ўқидим. Талаба бўлдим. Стипендия оладиган талаба. Қаҳвахоналарда официантка бўлиб ишладим. Нечта-нечтаси ҳар томонга тортқиламоқчи бўлди. Бормадим. Ҳалол ишлаб, пул топдим. Кийиндим. Агар ўшанда салгина кўнглибўшлик ёки ойимнинг айтганини қилганимда, бугун кўзга кўринган хонанда эмас, шармандалар қаторида юрардим… Менимча, танамда оқаётган дадамнинг қони тоза бўлса керак. Дадажон, мен сизнинг ёнингизга бормоқчи, ойим учун ҳам кечирим сўрамоқчи эдим. Аммо сиз менинг келишимни кутмай нариги дунёга кетиб қолибсиз…»

Нозима шуларни ўйларкан яна кўзи ёшга тўлди.

— Сумкамни кавлаб нима қиласиз, ойи, ундан кўра сўранг. Сўрасангиз, сумкамдагидан ҳам кўпроқ бераман-ку, — дея пичирлади ва кўз ёшини артиб, кийимларини тўғрилаб қўйди-да, ошхонага кетди.

— Нозима, бунча қолиб кетдинг? Ҳар доим шундай узоқ ечинасанми? — деди Анбар опа гап билган киши бўлиб.

Нозиманинг жавоб бергиси келмади.

— Ҳозир битта чой қўямиз. Биргалашиб ичамиз, — деди бунинг ўрнига.

— Чой-ку, майли. Ҳалиги, музлаткичингда ичадиган ҳеч нима йўқми? Боя сал камлик қилиб қолди-да.

Нозима бирдан кўзини олайтириб онасига қаради.

— Нималар деяпсиз? — деди жаҳл билан.

— Энди, — деб шу заҳоти Анбар опа бошини эгди, — майли. Биласан-ку ҳаётдан эзилганимни, шунга ҳар-ҳар замон, эсимга тушиб қолганида… Сеникидан олдин Намуна холангникига киргандим…

— Ҳа, гап бу ёқда экан-да. Қайси гўрдан ўша эршунос билан топиша қолдингиз? — дея кесатди Нозима.

— Қўй, ундай дема, болам. Уям менга ўхшаб эзилганлардан. Камига биттаю битта ўғли ҳам нобоп чиқиб, роса қийнабди. «Иккита қизим ҳам амал-тақал қилиб, эрга тегиб кетди. Биттаси менга ўхшаб икки марта ажрашиб келди-ю, кейин яна, барибир, бахтини топиб кетди. Аммо ўғлим ғирт кўча безориси бўлди», дейди шўринг қурғур…

— Шунга қиттай-қиттай қилдингларми?!

Нозима илгари, ўқишни битирган кезлари онасига бунақа тик гапириш, кесатиш у ёқда турсин, салгина қаттиқроқ гапириб юборишдан ҳам қўрқарди. Чунки шу заҳоти онаси узиб оларди. Мана, тўрт-беш сўм топиб, эл оғзига туша бошлаганидан бери бетинг-кўзинг демайдиган бўлган. Кўнглида борини онасининг юзига шарт-шурт гапириб ташлайди. Хафа бўлади, кўнглига олади, деб ўйлаб ҳам ўтирмайди.

— Қўйсанг-чи, болам. Майли, шу заҳар-заққумни тилингга олма… Мен сенга айтсам, сенга зўр янгилигим бор.

— Қанақа янгилик экан? — деди Нозима ва чойнакка сув тўлдира бошлади.

— Сен телевизорга чиққанингдан бери уйимизни совчилар босиб кетди.

Хабар Нозиманинг кўнглини бироз юмшатди. Аслида, у онасини кўриб, хурсанд бўлиб кетганди. Мана, энди маза қилиб гаплашиб ўтираман, деганди. Бироқ онасининг ўғрилик қилаётганини кўргач ичида муштдай тош пайдо бўлди.

— Ёшим ўтиб қолган демадингизми? — дея кулди Нозима.

Шу ондаёқ Анбар опа қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Сўнг бир қўли билан оғзини бекитиб:

— Мени бошига уришадими? Сенга келишяпти, қизим, сенга, — деди.

— Ҳаммасига ваъда беряпсизми? — дея кесатди Нозима.

— Қизим, нималар деяпсан? Мен ҳам жа-а ақлини йўқотиб қўйганлардан эмасман. Келганларнинг ҳаммасига ўзига яраша жавобини беряпман. «Қизингизнинг бир чиройли овози бор экан. Гўзаллиги-ку аввалдан эди», дейишади олдин. Кейин пропискангни сўрашади. Ҳа-а, дейман, сенга қизим эмас, унинг пропискаси керак экан-да, деб олдимга солиб ҳайдайман. Мана, кечадан аввалги кун уч уй наридаги Неъмат аканинг уйидан совчи келибди. Билсанг, улар доим устимиздан кулиб юришарди.

— Сизнинг шарофатингиз билан шундай қилишарди-да, — деди Нозима.

— Қўй, унақа дема. Мен ҳам ҳаётим шунақа бўлсин, демаганман-ку. Пешонам, асли, шўр экан-да, — деб бирдан кўзига ёш олди Анбар опа.

— Майли, майли, қўйинг, йиғламанг. Ҳаммаси ўтиб кетган-ку.

Анбар опа обдан кўз ёшини артиб олди. Кейин бошини сал қийшайтириб, ошхона мебелига термилганча қотди-қолди. У аразласа шундай қилади. Аразлаши ҳам шунчалик сунъийки, кулгинг қистайди.

— Бўлди, ойи, бўлди. Қайтариб олдим.

— Сен ундай деяверма-да, нима бўлса ҳам, ойингман. Тўққиз ой қорнимда кўтариб юрганман. Кўкрак сути бериб боққанман.

— Кейин пўпалаб-пўпалаб катта қилгансиз… Совчиларни гапираётгандингиз…

— Ҳа-а, ўша яшамагурнинг боласидан келибди. Боласининг оти Сирож эмиш. Сен билан бирга ўқиган экан. Мактаб давридаёқ яхши кўрардим, дебди. Нима қилсанглар, қиласизлар, менга Нозимани олиб берасизлар, дебди.

 

***

 

 

Нозима дарров Сирожни эслади. Дарҳақиқат, у жуда кўп марта Нозиманинг ёнини олган. Орқаваротдан Сирож Нозимани яхши кўради, деган гапларни эшитиб юрарди. Бироқ Сирожнинг ўзи бирор марта бўлсин севишини билдирмаган. Аммо ҳар сафар ёнини олган. Биров уни камситса ҳам, синфдошлари қўшмай қўйишса ҳам, дарров Нозима томонга ўтиб олган. Бундан чиқди, жудаям қаттиқ севган экан-да.

— Сиз нима дедингиз? — деди ҳаяжондан қалтираб кетаёзган Нозима.

— Этагимни…

— Нима?! — қиз беихтиёр бақириб юборди.

Анбар опа қўрқиб кетди. Ортига тисарилди. Киприкларини пирпиратиб, ютинди.

— Нима, сениям кўнглинг бормиди? — деди қарийб шивирлаб.

— Кўнглим?! Мени?! Йўқ-йўқ!.. Фақат, фақат у билан бирга ўқиганмиз, — дея чуқур нафас олиб чиқарди Нозима. — Сирож менга ошиқ бўлганмикин? Кўнгли бошқа нарсани тусамасмикин? Кўнгилгинангнинг кўчагинасига-да! Ҳеч қаерда ўқимаган, тайинли бирор касбнинг бошини тутмаган болага мен эрга тегаманми?!

— Тўғри айтасан. Худди шундай гапни мен ҳам айтдим. Боласи тушмагур Россиягами, бир гўргами, бутун ёз бўйи йўқ бўлиб кетади. Кейин беш-олти кун кўчада санғиб юради-да, яна асл ҳолига қайтади. Уларга сенинг Тошкентдаги уйинг керак. Яна пулинг, машинанг керак. Анави илгари қўлларини бигиз қилганлигиниям бетига солдим. Шартта-шартта айтиб ташладим. Одам қаторига қўшмасдинглар, қизим мол-дунё топганидан кейин…

— Бўлди, ойи, қўйинг, ҳозир чой дамлайман. Ёки қаҳва ичасизми? — деди Нозима ойисининг гапини бўлиб.

— Майли, шу қаҳвангдан дамла. Илгари келганимда ичгандим, таъми оғзимда қолган. Бир боплайсан, бир боплайсан-да ўзиям. Ғирт шаҳарлик бўлиб кетдинг. Аслзода бўлиб кетдинг. Худо хоҳласа, сени шу ерлик бой-бадавлат йигитга узатаман. Мана, кўрасан!

Нозима кулди.

— Ойи, қандай гапни бошламай, айлантириб менинг эрга тегишимга обориб тақайсиз-а? Қўйинг, шу гапларни. Қандай етиб келдингиз? Нега бунча кеч қолдингиз, кейин қандай қилиб ўша калта, семиз, ёши бир жойга бориб қолган бўлса ҳам, лямка кўйлакда юрадиган, кўкрагини бировларга кўрсатишдан уялмайдиган, сариқ сочли дугонангизникига бордингиз? — деди Нозима чой дамлай туриб.

— Семиз… Лямка кўйлак… Нози, қизим, мен ҳам анча семириб қолдим. Шунақа кўйлак кийсам ярашармикин? Шаҳарлик бўлиб олардим-да. Билсанг, бир пайтлар жудаям орзулаганман. Шундай орзулаганманки, у ёқ-бу ёғи йўқ. Балки, даданг билан ажрашиб кетмаганимда, шу орзуларга етармидим? Ўзи у кўнай-кўнай деб қолганди.

— Агар, — деб онасига қайрилганча қошини керди Нозима, — уйингизга ҳар балоларни ташийвермаганингизда… Э-э, узр, билмасдан… Тилим қурғур кейинги пайтларда роса ўйноқилашиб кетяпти.

Нозима қўлидаги идишни яна қайтиб газ плитага қўйди-да, чаққонлик билан онасининг ёнига келиб, энгашганча унинг иккала юзидан ҳам чўлпиллатиб, чўлпиллатиб ўпиб олди.

Анбар опа энди-энди аразлай бошлаганди. Ўпич ўша ниш ота бошлаган гинани бирпасда йўқ қилди-қўйди. Ў-ў, илгари Нозиманинг оғзидан шунақанги гап чиққанида борми, уни нақ оёғи остига олиб, топтаб ташлаган бўларди. Энди қизи улғайди, бойиб кетди, яна тез-тез телевизорга чиқиб туради. Ҳар чиққанида Анбар опа қўшнисиникига югуради. «Кўрдингларми, Нозима телевизорга чиқди! Бирам товланиб қўшиқ айтдики, кўзимдан ёшим тирқираб, йўқ, худди булоқдай отилди!» дейди. «У менга кеча қўнғироқ қилди. Энг охирги модадаги кўйлак олиб қўйганмиш. Кейин чет элга ҳам жўнатмоқчи. Дугонам бор-ку, Намуна, шаҳарда яшайдиган, шу билан бирга кетадиган бўлиб турибмиз», дейди. Қўшнилар ичидан зил кетдими ёки уни масхаралашдими, Анбар опа билмайди. Фақатгина кулиб қўйганларини кўради.

Шундай бўлгач, онанинг қизи олдида бўйни қисиқ-да энди.

Нозима столга олдин чой дамлаб қўйди. Кейин қаҳва, ундан сўнг шкафдан ҳар хил ширинликлар тўлдирилган ликобчаларни олиб бирма-бир қўйди. Қарабсизки, стол ажабтовур безанди-қолди. Бироқ унинг ўзи онаси билан бирга қаҳва ичолмади. Ётоқдаги телефони жиринглаб қолди. Вақт алламаҳалдан ҳам нарига ўтиб кетган. Шунга қарамасдан унинг телефони жиринглаб турибди.

— Ким бу пайтда?..

Анбар опанинг гапи оғзида қолди. Нозима ўрнидан турди-ю, чопқиллаганча ётоғи томонга кетди. Бориб телефонининг экранига қараса, Лайло қўнғироқ қилаётган экан. Дарров яшил тугмачани босиб, қулоғига тутди.

— Ухламадингми, ўртоқ? — деди Лайло Нозиманинг овозини эшитиши билан.

— Йўқ, ойим келган экан, ҳозир чой дамлагандим. Қаҳва ичмоқчиман. Ўзинг яхши етиб олдингми?

— Ҳмм, менга қара, Аҳмад аканг сал анқовроқми, дейман.

— Нега унақа деяпсан?

— Билмадим, менга шундай туйилди. Бир хил пайтлари пойинтар-сойинтар гапиради. Нима деяётганини ўзи ҳам билмайди. Шунга қарамасдан фойдасида адашмайди. Яна тушган пулларнинг энг кўпини олди-я.

— Сенга ҳам бердими?

— Берди. Бундай қарасам, индамай тушиб кетадиган. «Шошманг, қаерга кетяпсиз, нима мен битта ҳайбаракаллага ёки ўпичга юрибманми?» дедим.

— Вой, ўпдими сени?..

Лайло кулиб юборди.

— Жиннимисан?! Нега мени ўпаркан? Ўзи шунақа гап бор-ку, шунга айтяпман-да. Ҳа, намунча ҳаяжонланиб кетдинг? Ёки ораларингда бирон нималар бўлганмиди?

— Қизиқмисан, ўзим сўрадим-да. Чунки қанча пайтдан бери бирга ишлаймиз, лекин бирор марта ҳам қўлимни ушламаган. Шунга ҳайрон бўлаётгандим-да. Кейин унинг хотинини биласанми? Нақ азроилнинг ўзгинаси. Аҳмад ака хотинининг овозини эшитиши билан докадай оқариб кетади. Кейин унақалар менинг таъбимга тўғри келмайди.

— Аммо Аҳмад аканинг сенга қарашлари бошқача. Менимча, у сени севиб қолган. Ўлгудай севади сени. Балки, шунинг учун қўлини ҳам теккизолмай юрган бўлса керак, бечора. Бир қўйнига қўл солиб кўрсанг бўларкан.

— Ҳеч қачон! — деди бирдан Нозима. — Мен унақалар билан бирга ишлашим мумкин, аммо ундан кўпи бўладиган бўлса, шу заҳоти орани очиқ қилиб қўяман.

— «Instagram»га кўзинг тушдими?

— Йўқ, ҳали қараёлмадим, нима эди?

— Чарос деган янги қўшиқчи пайдо бўлган-ку, ўша шунақанги расмларини қўйибдики, кўриб қотиб қолдим. Сен ҳам шундай қилишинг керак, деб ўйлаётгандим. Худди европалик қизларга ўхшайди. Бемалол, эркин. Менимча, тез танилиб кетса керак. Кейин тўйларга ҳам фалондай нархда боради. Соч турмагиям антиқа. Лекин ранги сеникига ўхшаб кетади. «Клип оляпман», деб ёзибди. Парижда олаётганмиш клипини.

— Ҳалироқ кўрарман. Айтганча, ўртоқ, узр, ойим кутиб қолди, борай, эртага гаплашамиз.

Нозима телефонни ўчирди-да, ошхонага югурди. Онаси столга бошини қўйганча ухлаб қолибди. Ғалати бўлиб кетди. Бир муддат тикилиб турди. «Умрини бекордан-бекор ҳавога совуриб юборди-я», дея кўнглидан ўтказди ва дарров меҳмонхонага ўтиб, жой солди.

Онаси уйқули кўзларини зўрға очди. Зўрға юриб, ўрингача етиб олди. Кейин бошини болишга қўйди-ю, тошдай қотиб ухлаб қолди.

 

***

 

 

Нозиманинг анча вақтгача уйқуси келмади. У телефонининг тит-питини чиқариб ташлади. «Ҳамманг бир гўрсан, сипогина, оппоққина бўлиб микрофонни оласанлар-да, ўзларингча бир нималарни қўшиқ қилиб айтган бўласанлар. Ваҳоланки, кимликларингни мен яхши биламан. Аммо қўшиқ айтолсайдим, айтолмайман-да. Аслида, ўзим ҳам сизларнинг бирингман-ку», дея ўйларкан секин соатга қаради. Соат миллари тўртга яқинлашиб қолганди. «Ухлаш вақтим бўлибди», деди ўзига ўзи ва устига кўрпасини тортди. Хаёлига бирдан аравакаш келди. «Бутун куним, ҳатто ҳозиргача бўлган вақтимнинг дабдала бўлишига, аслида, сен сабабчисан. Сен мени қарғамаган бўлишинг мумкин, лекин асабимни ер билан битта қилиб ташладинг, мен бундан қутулиш учун озмунча ташвиш чекдимми? Қараб тур, яна бир дуч келиб қоларсан, ўшанда мендан оладиганингни оласан!» дея пичирлади у ва кўзларини юмди. Аммо бир дақиқа ўтар-ўтмас телефони «тилинг-тилинг» қилиб, яқинига келиб қолган, ана-мана тузоғига тушаман, деб турган уйқусини қочириб юборди. Телефонини қўлига олди. «Телеграм»ига хабар келибди: «Мен Аҳмад аканинг хотиниман. Қанақа қизлигингни (балки, жувондирсан) биламан. Шундай экан, озгина ортиқча ҳаракат қиладиган бўлсанг, дабдалангни чиқараман!» Кетидан Аҳмад аканинг хотини расмини жойлаштирибди. Расм остига «Кўрдингми, сендан ортиқ бўлсам, ортиқманки, кам жойим йўқ!» деб ёзиб қўйибди. Нозима пиқиллаб кулиб юборди-да, оғзини кафти билан бекитди.

— Шарманда, Аҳмад акани ер билан битта қилибсан-ку. Шунчалик ҳам паст кетасанми?! Ўл-а, ҳеч бўлмаса, юпқароқ нарсани ташлаб олмайсанми? Ўзингча эрингдан рашк қиляпсан-да. Ўлиб кетай агар эринг мени зиғирча қизиқтирса, — деди ва телефонини ўчириб, бошини ёстиққа қўйди. Энди унинг бор уйқуси ҳам ўчганди. Шу боис хаёлга берилди. «Аҳмад унинг эри бўл-гани билан менинг ҳамкорим. Эртага бу расмни кўрганлар «Нози, продюсерингнинг хотинини кўрдик, ҳали шу уятсизнинг эри билан ишлаб юрибсанми? Сенинг ўрнингда бўлганимда аллақачон ҳамма нарсани йиғиштириб қўйган бўлардим», демайдими? Дейди. Балки, бошқача ҳам дейишар, балки менинг номимни ҳам қорага белаб ташлашар. Кел, билса билар, билмаса, Худо билар», дея ўйлади ва телефонини олди-да, хабар ёзди:

«Шаҳнозахон, тўғриси, шаънимга нега бунақанги гапларни ёғдираётганингизни тушунмадим. Аҳмад ака ўзингизга сийлов. У мени сариқ чақалик ҳам қизиқтирмайди. Аммо расмингизни олиб ташламасангиз, ўзингизни ҳам, Аҳмад акани ҳам уятга қўясиз. Чуқурроқ ўйланг, шундай расмингизни отангиз кўриб қолса, қандай аҳволга тушасиз?.. Ҳурмат билан Нозима».

У нуқта қўйганидан кейин қувониб кетди. «Бошқача ёзмоқчи эдим. Аммо буниси тешиб ўтади, буниси зўр бўлди», деди ўзига ўзи ва яна қайтадан ётди.

Бироздан сўнг яна «тилинг-тилинг» бўлди. У шоша-пиша телефонини «очди».

«Вой, буни қаранг, сизни ёмон кўриб кетганимдан ҳеч нимани ўйламай шунақанги расмга тушиб, жаҳл устида сизга жўнатиб юборибман… Лекин, барибир, кўнглимдаги шубҳа тарқалмади. Расмни ўчириб ташладим. Сиз ҳам ўчиринг. Аммо расм зўрмикан?..»

Нозима хабарнинг давомини ўқимади. Телефонини мутлақо ўчириб ташлади. «Эй-й, ўл-э, шунақа хотин бўлмай! Агар Аҳмад аканинг ўрнида бўлганимда, устингга қаторлаштириб хотин олиб ташлардим. Бефаросат, одам ҳам шунақа бўладими? Садқайи аёл кет».

Унинг уйқуси қочганди. Шу боис қайтиб ётолмади. Ошхонага бориб қаҳва дамлади. Ичди. «Мода» журналини варақлади. Кейин айвонга чиқди-да, компьютерини ёқди. Ўйин ўйнади. Тонг отгунча ўйнади. Энди-энди эснай бошлаганида онаси уйғониб қолди.

«Мана, бир тунни бедор ўтказдим», деб нонушта тайёрлашга тушди.

— Сен қиз ухлайсанми-йўқми? — деди ювиниб чиққан Анбар опа.

— Уйқум қочди. Ўтиринг, биргалашиб чой ичамиз.

— Лекин, сен қизим, унақа қилма. Қара, қовоқларинг шишиб кетибди. Вақтида ухлаб ол, — деди Анбар опа стулга ўтириб, Нозима узатган пиёлани қўлига оларкан, — мен кетмасам бўлмайди.

— Нега кетасиз? Ўзи ярим кечаси келган бўлсангиз, ҳали тузук-қуруқ дам ҳам олганингиз йўқ.

— Қарийверганингдан кейин қуш уйқу бўлиб қоларкансан. Кейин мен бу ерда зерикаман. Шу десанг, пулдан озроқ қийналиб қолдим.

— Ўтган ҳафта беш юз минг бергандим-ку, еб-ичишингизга етмадими? — дея онасига тикилди Нозима. «Яна кечаси сумкамдан озмунча пул олиб қўйдингизми?!» демоққа оғиз жуфтлади-ю, айтолмади.

— Энди, қизим, тўй-ҳашамлар чиқиб турибди. Ундан кейин мен бировга пича пулга тушиб ҳам қолдим? — деб Анбар опа ўхшатиб уҳ тортди ҳамда пиёлани лабига олиб бораркан кипригини пирпиратиб қўйди.

— Ойи, нега тушиб қоларкансиз, қандай тушиб қоласиз? — деди янги гапдан ҳайрати ошган Нозима.

— Биттаси бир дунё латта-путта олиб келди уйга. Хитойга қатнаркан. Йўлда у билан танишиб қолгандим. «Савдогарман», деди. «Чет элга чиқиб тураман», деди. Агар менгаям бирон нималар олиб келиб берсангиз, сотаман, дедим. Бечора бир куни кўтариб келиб қолди. Энди айтиб қўйганман. Ваъда бериб қўйганман. Олдим. Эртасига туман марказига обордим. Битта таниш савдогарни олдига қўйиб, бозорни ўрганай деб кетдим. Қайтсам, савдогар ҳам, нарсаларим ҳам йўқ. Изламаган жойим қолмади…

— Савдогар жойини ташлаб кетибдими?

— Йўқ, унинг ўрнида бошқа битта бола турибди. Сўрасам, билмайман, деб елка қисади… Хуллас, шунақа гаплар.

— Индамай кетавердингизми? Танишим, дедингиз, қаерда яшашини биларсиз. Кейин фақат бир кун бозорга чиқмайди улар!

— Топдим уни. У ўзи, асли, қўшни тумандан келади. Эслолмайман қўйганингизни, деб туриб олган. Камига бир ҳафтадан сўнг ҳалиги савдогар келиб: «Пулимни бер», деб туриб олди. Айтсам, тушунмайди.

— Қанча эди?

— Икки минг долларлик мол эди-да.

— Милицияга бермадингизми анави танишингизни?!

— Бечоранинг бола-чақаси бор-да…

— Унинг бола-чақасини деб емаган сомсангизга пул тўлайверасизми?! Уфф. Бўлди. Бу ёқда ўзимнинг зўр танишим бор. Бир сонияда ҳаммасини бўйнига қўйиб, умрини қамоқда чиритади. Унақа муттаҳам лўттибозларга очиқда юришни ким қўйибди?! Сиз ҳозироқ унинг исм-фамилиясини беринг. Тез бўлинг!

Анбар опанинг бирдан ранги оқарди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ