АРТИСТ… (8-қисм)

0

 

* * *

 

Эшик қўнғироғи жиринглади. Шаҳноза аввал соатга қаради.

— Ё, тавба, бугун эртароқ келибдими? Нечук, — деди ўзига ўзи ва эринибгина ўрнидан турди, бориб эшикни очди.

Аҳмад кирди. Одатдагидай эрига бошдан-оёқ қараб чиқди. Юзидаги билинар-билинмас пушти рангга кўзи тушди. Ва шу заҳоти қўлини белига қўйиб, пешонасини тириштирди.

— Ҳмм, эрта келибсиз, деб хурсанд бўлгандик, бу юзингизга лабининг изини қолдирган хоним ўчириб қўймабди-да, — деди.

Аҳмаднинг ранги дув оқарди. Кўз ўнгидан яшин тезлигида Нозиманинг ўпиб қўйгани ўтди. Кейин бирдан ўзини ўнглади.

— Ҳар бало, бир бало деяверасанми? — деб юзини артмоқчи бўлганида Шаҳноза унинг қўлини ушлаб қолди.

— Ҳар бало, бир бало?! Жуда яхши, қани, бу ёққа юринг-чи, — деб эрини меҳмонхонага бошлаб кирди. Катта кўзгу қаршисига турғазиб қўйди.

— Хўш, кўряпсизми, қўчқор ака, — деди кесатиб.

Аҳмад кўрди. «Оббо, ҳар доим эҳтиёткор эдим. Уйга киришдан олдин у ёқ-бу ёғимга қараб олардим. Бугун нима жин уриб эсимдан чиқариб қўйибман-а?» дея хаёлидан ўтказди-да, иржайиб:

— Манавими? — деди менсимайгина бармоғини юзидаги бўёқ устига қўйиб.

— Худди шу! — деди Шаҳноза улкан кашфиёт қилган одамдай ғўддайиб.

— Тўйда бир хил ўзини тутолмаган артистлар шунақа ўпишиб кўришишади. Демоқчиманки, юзингдан ўпиб қўйишади. Ваҳима қиласан, мен нима бўпти, деб ўйлабман.

— Менга қаранг, — деб кўзини олайтирганча эрининг қўлидан ушлаб, ўзи томонга бурди Шаҳноза, — бегона аёл сизни ўпиб қўйса, ҳеч нарса эмасми?

— Сен ўйлагандай қилиб ўпаётгани йўқ-ку. Ана, уйингга борганимизда аканг ўпиб қўяди сени, мен ғинг демайман-ку. Буям шунга ўхшаш нарса.

— Яъни ўша аёл сизга сингилдай гап, тўғрими?..

— Сингилдаймас, опадай. Керак бўлса, ундан ҳам катта. Шунга энди бутун дунёни бузиш керакми?! — бақирди Аҳмад.

— Яхши. Айтайлик мен ҳам тўйгами, ресторангами борай-да, синфдошимга ёки танишимга юзимни тутай, ўпиб қўйсин кўзингизнинг олдида, ўшанда қандай аҳволга тушасиз?

— Сенга ҳеч қачон бир нарсани уқтириб бўлмаган. Елимдай бир нарсасан. Ёпишиб олдингми, тамом!

— Балки, Нозимахоннинг лабчасидан қолган издир, мен қаердан билиб турибман. «Ўзи йўқнинг кўзи йўқ», деганларидай… Мана, хонимчангиз кеча нима деб ёзганини бир кўриб қўйинг, — деб Шаҳноза унга твиттерини очиб, телефонини тутқазди. Содда, бир марта бўлсин ўзи қараб қўймади.

Аҳмад ўқиди, пешонаси тиришди. Ва кўзлари олайиб, хотинига қаради.

— Қанақа расмингни қўйгандинг?! — деди жаҳл билан.

Шаҳноза бирдан қизариб кетди.

— Ҳалиги, ҳалиги…

— Сендан сўраяпман, қанақанги расмингни қўйгандинг?!

Аҳмаднинг овози деворга урилиб, акс садо берди.

— Оддий, оддий расмга тушиб, кейин қўйгандим…

— Нега унда у бунақа деб ёзяпти?! Сен ифлос, сен мараз, ҳали мени шарманда қиладиган бўлдингми?! Сен ўчирганинг билан Нозима ўчирмагандир.

«Тамом, — ўйлади Шаҳноза, — ўзимни ўзим қўшқўллаб тутиб бердим. Вой, хом калла. Энди нима қиламан?!»

— Яхши, яхши, — деди устига бостириб келаётган эрининг важоҳатидан оёқ-қўли қалтираган Шаҳноза ортига тисарилиб. — Унда, унда…

 

* * *

 

Лайло таксига ўтирди-ю, тўғри уйига кетди. Уйида онаси йўқ экан. Бориб: «Нега мен омадсизман? Нега адажоним ниманики ушласа, тиллага айланиб қолаверган-у, мен нимагаки бошимни суқсам, шу ердан панд ейман? Нега? Ахир мен омадли инсоннинг қизиман-ку», демоқчи эди. Аксига олиб онаси йўқ. «Ҳар доим сиқилган пайтим қаергадир кетган бўлади. Керакмас пайти кун бўйи уйдан чиқмайди», деди у ўзига ўзи ва ётоғига кирди-да, каравотига ўзини отди. Қани энди одамга ўхшаб йиғлаб-сиқтаб, ичидаги ғуборларни чиқариб юборолса. Йиғламоқчи бўлади, йиғлаёлмайди. Кўзини чирт юмади, ичи куяди. Думалайди у ёқдан бу ёққа.

— Нега қаёқдаги тайинсиз қизнинг ҳар қадамда омади келади-ю, мендай тагли-тугли қизнинг сира иши юришмайди. Нозиманинг тузукроқ овози бўлса ҳам майли эди. Компьютерни четга суриб, «Қани, ўзинг бир жонли айт-чи», деб кўринг, худди эшакка ўхшаб ҳанграшдан бошқага ярамайди. Лекин унинг омади бўлгани учун тўйларга чақиришади, жарақ-жарақ пул қистиришади. Яна битта-иккитаси ёнига келволиб, эсдалик учун расмга тушади. Бу нима деган гап ахир? Уфф, ўлиб қоламан ҳозир. Ёниб кул бўламан ҳозир. Бу ёқдан Аҳмад акасининг хушомадига ўлайми?.. Менга озмунча суйкалганмиди? Мен ярамас, содда унга қўйиб бердим-а. Ҳаддидан ошса ҳам индамадим-а. Яна менинг олдимда Нозимани мақтаяпти. Океанларда клип олармиш. Менга нима девдинг, ит?! «Сени машҳур қилиб юбораман. Керак бўлса, соянгга салом беришади одамлар», дегандинг. Лекин нима қилдинг? Берганинг кечаги тўрт сўм пулингми?.. Йўқ, мен шунчаки ютқазадиганлардан эмасман. Мен шунчаки ҳақини едириб, оғзини очиб қоладиганлар хилиданмасман! — дея Лайло сакраб ўрнидан турди.

Кўзгу қаршисига келди. Кўзлари киртайибди, қовоғи бироз осилибди. Кейин ранги ҳам синиқ. Буларнинг бари бир бўлиб, гўзаллигига соя солиб қолибди.

У ҳаммомга югурди. Юзидаги бўёқларни яхшилаб ювиб ташлади. Кейин яна ётоғига қайтиб, бошқатдан бўянди.

— Энди нима қилишим керак? — деди ўзига ўзи. — Топдим. Чиройли, модний кийимларимни кияман. Сўнг бирорта… Бало борми ресторанга бориб, бир ўзимнинг сўппайиб ўтиришимга?! Қайтанга ичим баттар ёнади. Эй-й, вой, хом калла, нега шу пайтгача эсимга келмади? Менда қоронғидаям расмга оладиган аппарат бор-ку. Анави ярамасларни суратга оламан. Кейин интернетга жойлаштираман. Бу ёғи Аҳмаднинг хотинига ҳам жўнатаман. Ана ундан кейин томоша бошланади.

Лайло ўзининг гапидан ўзи хурсанд бўлиб илжайди. Сўнг сумкачасини елкасига илганди ҳамки, дарвоза қўнғироғи жиринглади. Шу заҳоти бурнини жийирди. «Ойим бўлса керак. Боя зарур бўлиб турганида йўқ эди, энди кетаётганимда дарров пайдо бўлиб қолди», деб минғирлади-да, ташқарига йўл олди.

Ойиси роса олифталаниб олган экан. Ҳатто сочини ҳам алламбало қилиб турмаклабди.

— Ҳа-а, ойижон, қаердан келяпсиз? Бу учрашувга чиқадиган қиздай жа ўзингизга оро бериб олибсиз, — дея дарров кесатди Лайло.

Онаси кулди. Унинг елкасига қоқиб қўйди. Кейин чуқур нафас олди-да:

— Гапга бориб келяпман. Дугоналарим озиб-ёзиб бир марта чақириб қолишди. Ўзи биринчиси бу. Бундан кейин ҳар ойда кўришадиган бўлдик. Лекин бу тор кийимларни кийишдан ўтиб қолибман. Роса юрагим сиқилиб кетди, — деди.

Сўнг сумкасини очиб, дастрўмол олди-да, пешонасида энди-энди ялтираб пайдо бўлаётган терни артаркан:

— Ўзинг кеч бўлганда қаерга отландинг? — дея сўради қизидан.

— Ойи, кеча сизга тўйдан топиб келган пулларим ёқдими? — деди Лайло жилмайиб.

— Энди меҳнат қилиб топиб келибсан, албатта, хурсанд бўламан-да.

— Бугун доимий пул ишлаш йўлини қилмоқчиман. Сиз хавотир олманг, ҳаммаси пешона теримнинг орқасидан бўлади. Бўпти, ойи, яхши ўтиринг, — дея Лайло чаққон юриб бориб машинасига ўтирди. Моторни ўт олдирди. Кейин тушиб дарвозани ланг очди.

Тўйхона ёнига боргач, Аҳмаднинг машинаси ҳалиям турганлигини кўриб, қувониб кетди. У шундан хавотирда эди. «Мабодо мен боргунимча кетиб қолишса, тополмай қоламан», деб ўйлаганди. Мана, турибди. Демак, бемалол ишини бажараверса бўлади.

У уловини сал нарироққа қўйди-да, фотоаппаратини тайёрлаб, «ўлжа»нинг чиқишини пойлади. Ниҳоят, улар кўринишди. Нозима узун пошнали туфлисида йиқилиб тушишдан қўрқиб, Аҳмаднинг қўлини ушлаб олибди. «Бошламасига шуниси ҳам бўлади», дея хаёлидан ўтказган Лайло шарақ-шуруқ расмга олди уларни. Сўнгра Аҳмаднинг машинаси ортидан тушди…

Ҳаммасидан ҳам охирги сурат зўр бўлди. Яъни Нозиманинг Аҳмаднинг юзидан ўпгани. «Эсиз, — деди Лайло бошини чайқаб, — Аҳмад ҳам уни ўпганида мутлақо даҳшат чиқарди. Аммо буниси ҳам зўр. Коллаж шарт эмас. Ўзиям аппаратим тиниққина олди-да. Энди уйга бориб, расмларни компьютерга кўчириб, озгина ишлов бераман. Ана ундан сўнг тарқатилади».

Нозима Аҳмадни ўпиб қўйганидан кейин ўзи ҳам ғалати бўлиб кетди. Юзи қизариб, аъзойи бадани қизигандан қизиди. «Нега бундай қилдим? Ўзимни оқлаш учун шунчаликка боришим шартмиди? Бекор қилдим, энди у нима деб ўйлайди. Ҳар қалай, хотин кўрган одам, кўнгли бузилиб, бир нима-бир нималарни хаёл қилган бўлса-я. Эй-й, менга нима, балони ўйламайдими?!» дея кўнглидан ўтказиб, тез-тез зинадан юриб, юқорига кўтарилди-да, уйига кирди. Кўзгуга қаради. Олдингидан-да чиройи очилгандай туйилди ўзига. Хурсанд бўлиб кетди. «Хоним, — деди ўзига ўзи, — охирги қўшиғингизни ёзганингизга ҳам икки ойдан ошиб қолди. Бунақада ўсишдан тўхтаб, қариб қоласиз-ку. Яхшимас, яхшимас, ишлаш керак, ишлаш керак. Ҳозир дарров севимли шоирим Танҳо Баҳорнинг китобини оламан, шеърларидан биттасини ёдлайман. Пианином, Худога шукр, бор. Куй басталаб кўраман. Ахир бекордан-бекор шунча вақт институтда ўқидимми? Бир пайтлар ажабтовургина куй басталардим-ку. Тўғри, охирги пайтларда бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрганим йўқ. Чунки вақтим бўлмаган. Тўйлар, ора-чора тадбирларда қатнашиш, гала концертларда иштирок этиш вақтимни ўғирлаб қўйди. Шошма, улар орасида муаммолар ҳам бор-ку. Ҳа, мени энг кўп қийнаган нарса шу бўлди».

Нозима чой қуйиб ичди. Кейин энди китобни олганида телефонига хабар келиб қолди. «Биламан, — деди ўзига ўзи, — аразлаб кетган Лайло, бир балоларни жўнатган. Бошим оғриди эмиш! Жа-а балодайгина кетаётгандинг-ку. Бирдан бошинг оғриб қолдими?!»

 

***

 

 

Нозима стол устида турган телефонини олиб, эринчоқлик билан очди. Компьютер орқали интернетдан кимдир хабар жўнатибди. Ҳайрон бўлган Нозима дарров хабарни очди-ю, бирдан даҳшатга тушди. Унинг тўйхонадан Аҳмад билан чиқиб келаётган расми тагига «Бу одам хотинини ҳам шунақа «подружка» қилиб юрганмикин?» деб ёзилган. Ундан

кейин Нозима Аҳмаднинг юзидан ўпган ҳолат муҳрланган сурат остига «Бошланиши ёки давоми», деб ёзиб қўйишибди.

— Мараз! — бақириб юборди Нозима. — Кимнинг иши бу?! Нега мени ўз ҳолимга қўймайсизлар?! Нима гуноҳ қилдим сизларга?!

У йиғларди. Алам, ўкинч билан йиғларди. Охири бурнини муштумининг орқаси билан артди-да, Лайлога қўнғироқ қилди. У ёқдан уйқусираган овоз келди.

— Лайло, ўртоқжон, уйғотиб юбордимми? — деди Нозима йиғлаш асносида.

— Ие, йиғлаяпсанми? Нима бўлди? Шошма, ҳозир чироқни ёқиб олай.

Лайло бир муддатлик танаффусдан сўнг яна алоқага чиқди.

— Қани, энди гапир-чи, нега йиғлаяпсан? Шу маҳалда ким сени хафа қилди?

Бу сафар Лайлонинг овозида мутлақо уйқу аломати йўқ эди. Худди умуман ухламагандай гапирарди у. Нозима ҳам чуқур-чуқур нафас олгач, анча-мунча ўзига келиб қолганди.

— Билмадим, ўртоқ, нималар бўлаётганини. Кимдир астойдил ёмонлик қиляпти менга. Мени расмга олиб, ўзимга қайтариб жўнатяпти, тагига ёзганини ўқисанг, эсинг кетади. Роса қийналиб кетдим, Лайло. Ҳозир ўзимни бир бало қилиб қўяман. Мен бунча оғир юкни кўтаролмайман!

— Ўзингни бос. Миянгга ҳар балоларни келтираверма. Эрталаб бўлсин, ёнингга бораман. Ким сенга нима жўнатаётган бўлса, топамиз, шармандасини чиқарамиз. Ҳозир ухла. Ўзингни ухлашга мажбур қил.

Аммо Нозима ухлаёлмади. Дугонасининг айтганини қилиб ётоғига кириб, ўринга чўзилганди. Бироқ қани энди уйқуси келса. «Бугун иккинчи кун, — деди Нозима ўзига ўзи. — Кеча ҳам ухлаёлмагандим. Бугун ҳам шу аҳволга тушяпман. Очиғи, агар шу аҳвол давом этадиган бўлса, жинни бўлиб қолишим ҳеч гап эмас. Шошма, тортмада уйқу дориси бор эди-ку, бирдан иккитасини ичаман, тошдай қотиб ухлайман».

Дорини олди. Ичди. Ухлади. Бироқ шунақанги ваҳимали, алғов-далғов тушлар кўрдики, «Қани энди тезроқ уй-ғонсам, шу илонлар таъқибидан, сувга тушиб кетишлардан қутулсам!» дерди у. Ҳа, у ухлаётганини аниқ сезиб ётарди. Аммо сира уйғонолмасди. Уйғонганида қуёш бир терак бўйи кўтарилганди. Нозима учун жуда эрта уйғониш. Хумдай бошини зўрға ёстиқдан кўтариб, муздай сувда ювинди. Кейин қаҳва ичди-да, апил-тапил кийиниб, пастга тушиб кетди. Икки кундан бери сарғайиб турган машинасига ўтириб, моторни ўт олдираркан: «Кетаман, шаҳардан чиқиб кетаман узоқ узоқларга!» деб ўйлади қиз.

Шу кўйи Нозима беихтиёр рулни тоғ томонга бурди. «Кейинчалик дача оламан. Бир-икки кун ўша дачада дам оламан. Телефонимни ўчириб ташлайман. Токи биров менга халақит бермасин. Маза қиламан», деган хаёлда эди у.

Олдинига «Бочка»даги қаҳвахонага кирди. Маза қилиб кабоб еди. Бу орада ўндан ортиқ мухлиси келиб, дастхат олиб кетди. Биттаси, унга нисбатан уч-тўрт ёш кичик йигитча бир муддат тихирлик қилди. «Сиз билан озгина гаплашиб ўтирсам, хавотир олманг, асло шилқимлик қилмайман», деди. Бироқ Нозима унамади. «Биринчидан, сиз билан ўтиролмайман. Чунки овқат томоғимдан ўтмайди. Иккинчидан, битта ўзим ўтирмоқчиман. Мени ҳурмат қилсангиз, ҳақиқий мухлисим бўлсангиз, илтимос, ёлғиз қолдиринг», деди Нозима.

Йигитча истар-истамас кетди. Бирпасдан сўнг Нозима уч нафар қизга ҳам жавоб берди. Сўнгра шодланиб: «Буни қаранглар, ҳар қадамда мухлисларим бор экан. Лекин бу ердан эртароқ кетишим керак. Бўлмаса, яна нимадир бошланиб қолади, ана қанчаси мен билан суратга тушди. Кошки, буларнинг бари эсдалик учунгина бўлса», дея ўйлади.

«Lасеtti»сига миниб кўприкдан нариги қирғоққа ўтганидан

кейин машиналарининг орқа ойналарига «Дача» деб ёзиб қўйиб, ўзлари нарда ўйнаб ўтирганларнинг ёнида тўхтади. Шу заҳоти бирдан учта дачафуруш эшикка ёпишди.

— Зўр дачалар бор! Асал, шоколад дачалар бор! Нархиям зўр! — деди улардан бири.

— Ўзингизми ё яна келадиган ухажёрларингиз ҳам борми? — сўради иккинчиси.

Шу заҳоти Нозиманинг тепа сочи тикка бўлди. «Падарингга ланъат, «ухажёр»га бало борми?!» дея кўнглидан ўтказди.

— Неча пулдан? — деди Нозима зўрға жаҳлини босиб.

— Тўрт юздан тепаси. Сизга как раз олти юзлиги тўғри келади, — деди биринчи дачафуруш.

— Доллардами? — деди ҳайрон бўлган Нозима.

У илгари ҳам бир неча марта келиб дам олиб кетган. Бироқ у пайтлари Аҳмад, яна Лайло билан бирга икки нафар дугонаси бўларди. Аҳмад ҳисоб-китоб қилар, қизларни жойлаштирар, ўзи кетарди. Фақатгина бир марта клип олиши керак бўлганидагина қолган.

— Сўмда. Биз долларда ишламаймиз. Лекин доллар берсангиз ҳам, йўқ демаймиз. Сиз аввал бир боринг, агар нархи ўтиришмаётган бўлса, келишиб оласиз. Биз холис хизматчилармиз. Ўн фоизгина берсангиз бўлди, — деди дачафуруш.

Нозима кулиб:

— Бўпти, кўрамиз. Агар олиб борган жо-йингиз ёқмаса, овора қилганингиз учун менга ўн фоиз берасиз, — деди.

Йигит сал, билинар-билинмас ўзини орқага тортди. Машина унақанги арзандаларданмас. Аммо қора кўзойнак тақиб олган бу хоним хийла олифта. Диди ҳам нозикка ўхшайди, бунинг устига, юзи қандайдир таниш. Агар ўхшамай қолса чатоқ. Ҳар қалай, гарчи даллол бўлса ҳам, эркак, гапида туриши керак.

— Нимага жим бўлиб қолдингиз? — деди Нозима бироз дадилланиб. — Бўлмайдими?

— Йўқ, нималар деяпсиз, жавоб бераман. Бўпти, орқамдан юринг, — дея йигит секин қаддини ростлади ва

«Москвич»и томон кетди.

«Кўрамиз, ўн фоизнинг аҳволи қандай кечаркин?» — кўнглидан ўтказди Нозима.

Угам дарёсининг сўл қирғоғидаги дала-ҳовли. Замонавий. Дид билан безатилган. Ҳаммом, чўмилиш ҳавзаси, сўри, ўчоқ, газ, ётоқ — ҳамма-ҳаммаси жой-жойида. Ниҳоятда кўркам, бунинг устига, атрофга кўм-кўк майса экилган, соя-салқин берувчи дарахтларнинг ёши камида беш-олтида. Битта дам олиш маскани шунчалик бўлар-да.

 

***

 

 

Ҳаммаёқни кўриб чиққан Нозима кўзойнаги билан сочларини қистириб қўйди-да, дала ҳовли эгасига рўбарў бўлди. Шундагина ижарага берувчи одамнинг кўзлари каттариб кетди. Шунингдек, даллолники ҳам.

— Ие, эртароқ кўзойнагингизни олмайсизми? Мен сизлигингизни билмаган эканман. Минг бор узр. Агар билганимда, бошқачароқ кутиб олган бўлардим, — деди ижарачи жилмайиб ва даллолга юзланиб, афтини буриштирди. — Бефаросат, ўласанми сен айтсанг?

— Мен ҳам танимадим. Ҳалиги, майли, мен кўчага чиқиб туравераман, — деб даллол бошини қашлади-да, дарвоза томон кетди.

— Нозимахон, шериклар қачон келади? — дея сўради ижарачи.

— Келиши керак. Хуллас, жойингиз менга ёқди. Уч-тўрт кун турамиз, қанча берай? — деди Нозима мафтункор табассум улашишда давом этиб.

— Сизга бир нарса деёлмайман. Анави ярамас телефонда «Етти юз, деб оёқ тираб оласиз. Бойвачча қизни олиб

боряпман», деганди. Энди ҳаётда унақа бўлмайди. Улар асли инсофини йўқотишган. Ростини айтсам, икки юз элликка келишганман улар билан. Аммо кўрмайсизми буларнинг нафсини.

Нозима даҳшатга тушди. Зумда унинг табассуми йўқолди.

— Ҳе йўқ, бе йўқ, уч юз эллик мингни бериб юбораверасизми? Ахир улар бу дача учун ҳеч нима қилишмаган-ку. Яна мендан ўн фоиз олмоқчи эди, — деди.

— Энди булар ўзлари келишиб, шундай қилиб олишган. Бўлмаса, мижозни мутлақо йўлатишмайди.

— Ҳозир сизга икки юз элликдан берсам, бу ёққа мени бошлаб келган йигитга нима деб жавоб берасиз?

— У уялганидан кетиб қолди. Шугина уяладиган бола. Лекин, барибир, ўзим бирор нима бераман. Уялиш ўз йўлига-ю, пул ўз йўлига-да.

— Тушунарли, — деб Нозима машинасидан икки юз доллар олди-да, ижарачининг қўлига тутқазиб сўради: — Бўладими икки кунга?

— Бўлади. Фақат кўпчилик бўлмайсизларми?

— Йўқ. Хавотир олманг. Кейин қаланғи-қасанғилар ҳам келишмайди. Дугоналарим бўлишади. Бир-иккита.

— Унда ҳозир қўлингизга битта дафтар бераман. Бир нималар ёзиб, имзо қўйиб берасиз. Қизим роса қўшиқларингизни яхши кўради. Телевизорда кўриниш беришингиз билан ётволиб эшитади. Ўшандай пайтда уни қимирлатиб бўлмайди. Агар айтсам, ҳозирнинг ўзидаёқ…

— Илтимос, — деди Нозима жилмайиб, — ҳозир айтманг. У кейин дугоналарига хабар беради. Кейин бу ерда концерт қўйиб беришимга тўғри келади. Роса чарчаганман. Кетадиган куним айтаман, олиб келасиз, биргалашиб расмга ҳам тушамиз.

Ижарачи мўйловини силаб қўйди-да, дарвоза калитини Нозиманинг қўлига тутқазиб, чиқиб кетди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ