АРТИСТ… (9-қисм)

0

 

 

 

* * *

 

 

Нозиманинг биринчи қиладиган иши чўмилиш бўлди. Тўғри, у аввал айвон остидаги сўрига чиқиб, узоқ-узоқларга термилганча бир муддат хаёл суриб ўтирди. Шамолларга сочларини таратди. Кейин ечинди-да, ўзини сувга отди. Хаёл суриб ўтирганида қанчалик енгил тортган бўлса, сувда ўн чандон ўзини беташвиш сезди. Сув унинг қайғусини янада кўпроқ олди. Икки соатлар обдан сузганидан сўнг сувдан чиқди. Каравотда ётди. Қорни очқаганини ҳис қилди. Лекин ейишга ҳеч вақо йўқ. «Оҳ, бирон нималар сотиб олишга боргим келяпти. Илгари бозор қилишни яхши кўрардим. Аммо шу бозордан кейин ҳаммаси бошланди. Аравакаш… Шошма, Нозима, қаерга кетяпсан, яна бошладингми бош оғриқларни эслашни? Сен билан келишиб олганмиз, ҳеч қанақанги муаммо эсланмайди. Мана, бошингни оғритмагандинг, ҳаммаси рисоладагидай кетяпти. Қорнинг очган. Хўш, нима қилиш керак? О-о-о, бир ажойиб ресторан очилибди, лекин бирор марта ҳам бормабман. Лайло гапириб берган. Боя келаётганимда кўзим тушгандай бўлувди. Ўша ерга бориб, маза қилиб қорин тўйғазаман».

Нозима қоматини янада кўзга яқин қиладиган, нақ Париждан буюртма билан келтирилган, юпқа, бироқ баданни мутлақо кўрсатмайдиган спорт кийимини кийди. «Олд томони сал кўпроқ очиқ-да, — деган ўй ўтди хаёлидан, аммо шу заҳоти қўл силтади. — Нима қилибди? Бундан ҳам очиқ кийинганлар тиқилиб ётибди-ку!» Кейин дарвозани очишга югурди.

Табиат қўйнидаги ресторан. Ёшини яшаб, ошини ошаган ва яна ошашда давом этаётган чинорлар, кичкина ҳовузчада сузаётган балиқлар, тоғдан жилдираб оқиб тушаётган сув одамнинг баҳри-дилини очиб юборади.

Нозима маза қилиб еб-ичди. «Бўлди, энди чарчадим. Бораман-у, қотиб ухлайман», деб турганида бир қизалоқ унинг тапчани ёнгинасига келиб, киприкларини пирпиратганча қараб қолди.

— Бу асал қиз кимнинг қизи? — дея уни эркалади Нозима.

— Ойимнинг, — жавоб берди қўнғироқ сочли қизча ширин овозда.

— Ойисининг қизи. Мен сенга мандарин бераман. Ўзингдай кичкинагина мандарин. Мандаринни яхши кўрасанми?

Қизча аввал бошини қимирлатди, кейин унга тикилиб турди.

— Жуда яхши, — деб Нозима ликобчадаги мандаринлардан бирининг пўстини арчди. Ич-ичидан она бўлишни, мана шундай оппоққина, ширин қизчаси бўлишини хоҳлади. Ширин энтикди. Мандаринни қизчага узатди. Қизча мевани бирдан оғзига солди ва уни чайнаш асносида:

— Мени акамга тегинг, — деди кутилмаганда.

— Акангга?! — сўради Нозима ҳайратланиб.

Қизча бошини қимирлатиб тасдиқ ишорасини қилди.

— Сени аканг жўнатдими? — юзига ним қизиллик югурди Нозиманинг.

Қизча яна бошини қимирлатди.

— Қани аканг?

— Ҳов, ана, — деб қизалоқ бармоқчаси билан чинор остидаги ҳовузча томонни кўрсатди.

— Нима унда?! — деди Аҳмад кўзини чақчайтириб.

— Мен, мен…

Аҳмад телефонни бор кучи билан ерга урди. Бечора матоҳ чил-чил синди. Аҳмад бунга ҳам қаноат қилмади. Товони билан тепкилади. Сўнг ҳали бирор жойига бир нима бўлмаган сим-картани олиб, қийшайтириб ташлади. Хотинининг рангида ранг қолмаганди. У бамисоли мурдага айланган ва шу кўйи эрининг қилаётган ишларини кузатиб турарди. Миқ этолмайди. Қимирлолмайди. Қўрқади.

 

***

 

Аҳмад унинг қўлидан ушлади. Ошхонага судраб борди. Пичоқни олди.

— Болам… Болам бор, — дея шивирлади бутунлай адойи тамом бўлган Шаҳноза.

— Энди боланг эсингга тушиб қолдими, ит?! — ўкирди Аҳмад.

Хотини гапиролмас, нуқул дағ-дағ титрарди.

— Ҳайф, бунга арзимайсан. Ҳозир отангнинг олдига олиб бораман. Қип-яланғоч

расмга тушиб, интернетга жойлаштирганини ўз оғзинг билан айтасан, ана ундан кейин отанг сени сўяди. Менга бўлса…

— Во-о-о-й! — деди Шаҳноза заиф овозда ва секин ерга ўтирди. Кейин кўзини юмиб, чўзилиб ётиб қолди.

Аҳмад унга тикилди. Хотинининг кўкси очиқ. У ҳар замон-ҳар замон Шаҳнозанинг ҳиқиллашидан кўтарилиб тушади. Аҳмаднинг бирдан юраги орқасига тортиб кетди. Секин энгашиб хотинининг пешонасига кафтини босди. Иссиқ. «Бунчаликка боришим шарт эмасди, эҳтимол, интернетга қўймагандир. Эҳтимол, фақатгина Нозимага жўнатгандир. Нозима қиз бола. Яна ғирромлиги йўқ. Аммо ғирромлиги бўлса-чи? «Мана, қаранглар Аҳмаднинг хотинининг аҳволини! Ҳе йўқ, бе йўқ, салонда менга ташланганди. Ўзи мана бунақанги шарманда экан. Шармандалигини яшириш учун атайин номимни ёмон-отлиққа чиқармоқчи бўлибди», деса-чи. Йў-ўқ, жа унчаликка бормас. Жа ақлини йўқотиб қўймагандир? Ҳозир унга қўнғироқ қилишим керак», дея хаёл сурганча Аҳмад хотинига термилиб тураверди. Шаҳноза янада оғир нафас ола бошлади.

— Падарингга лаънат, бунинг тиригидан ўлиги қиммат! — деди овоз чиқариб ва чўзилиб ётган жувонни кўтариб олди-да, ётоққа олиб бориб ётқизди. Шунда Шаҳноза, ҳақиқатан ҳам, ўлаётганга ўхшаб хириллади.

«Бу аҳволда ўладиган бўлса, балога қолиб кетаман. Сен ўлдиргансан, деб отаси ғиппа томоғимдан бўғади. Унинг чангалидан чиқиш қийин. Таниш-билиши жудаям кўп. Ҳар бало қилиши мумкин», дея ўйлади Аҳмад ва сув олиб келиб хотинининг оғзига тутди. Олдинига Шаҳнозанинг лаби билинар-билинмас қимирлади. Аҳмад бошидан кўтарганди, бир-икки ҳўплам сув ичди. Аҳмад мийиғида кулди. Сўнг хотинининг бошини қўйиб юборди.

Унинг уйқуси буткул ўчгани каби ҳеч нима қилгиси ҳам йўқ эди. Шу боис ҳали ошхонага, ҳали айвонга, ҳали меҳмонхонага кирди, охири компьютер қаршисига бориб ўтирди. Шу вақт оралиғида бир неча марта Нозиманинг телефон рақамини термоқчи бўлди. Аммо қўнғироқ қилолмади. Юраги бетламади.

Компьютерда аввалига ўйин ўйнади. Ке-йин ўзи биладиган сайтларга кирди ва кутилмаганда Нозима унинг қўлини қучоқлаб олганига, ўпганига кўзи тушди. Кейин расмлар остидаги гапларни ўқиди. Ва бирдан бўйнини чўзиб ётоғи томонга қараб қўйди-да, шоша-пиша сайтдаги расмларни ўчириб ташлади. «Ким қилди? Қандай расмга олди? Қоронғида ҳам расмга олиши мумкинлигини сира эшитмаган, билмаган эканман. Майли, тўйхонадан чиқаётганимизда чироқнинг ёруғида эдик, лекин Нозиманинг уйи ёнига келганимизда ҳаммаёқ қоп-қоронғи эди-ку… Ким қилди буни? Одамзот шунчалик ҳам пасткашликка борадими? Менимча, ортимдан одам тушар даражада биров билан қасдлашмагандим. Шаҳноза… У қилганида паст кетмасди. Мен билан тиккама-тикка олишарди. Бундан чиқди, унинг иши эмас. Бошқа бировнинг… Шошма, Лайло аразлаб кетиб қолганди-ку. Нозимага айтган гапларим унга ёқмаганлигини сезгандим. Боши оғриётганини баҳона қилиб, кетиб қолди. Падарингга ланъат, сен ҳали мен билан ўйнашяпсанми?!»

***

 

Аҳмад Лайлога қўнғироқ қилиш учун телефонини қўлига олди. Хабар келибди. Очиб қараса, яна ўша гап. Қони кўпчиди. Кейинроқ ичида хотинидан миннатдор бўлди. Чунки Шаҳноза жанжал бошламаганида, ўзининг сирини ўзи очиб қўймаганида, ҳозир манави қайсидир бемазанинг ишларини кўрар ва отини бошқача қамчиларди. «Эҳтимол, ҳозир унинг ўрнида менинг рангим оқариб, чорасиз бир аҳволда тўшакда ётармидим?» дея хаёлидан ўтказди Аҳмад. Ке-йин секин ўрнидан туриб, ётоққа кирди. Шаҳноза ёнига ўгирилган ва шу кўйи ухлаб қолганди.

Аҳмад айвонга чиқди. Орқасига бир қараб олиб, Лайлонинг рақамини терди. У телефонни тезда кўтармади. Аҳмад қизни ухлаб қолган бўлса керак, деган хаёлга бораётганида уйқу аралаш «Алло», деган овоз эшитилди.

— Менман, — дея шивирлади Аҳмад.

— Ким? — сўради Лайло.

— Аҳмад. Ухлаётганмидингиз?

— Соат нечалигидан хабарингиз борми? Мен сизларга ўхшаб тўйма-тўй юрганим йўқ. Нима гапингиз бор эди, Аҳмад ака? — деди Лайло норози бўлиб.

— Интернетга ғалати нарсалар чиқиб кетибдими?

— Интернет? Қайси интернет?

Лайлонинг каравоти ғижирлагани эшитилди. У атайин бошқа томонига ўгирилганди. Ухлаётгани табиий чиқишини истади. Ишонтирди Аҳмадни.

— Илтимос, кейинроқ, эртага гаплашайлик, — деди.

— Бу ерда бошқа нарсалар бор. Агар эртагача шуларнинг ҳаммаси интернетда қоладиган бўлса, шармандам чиқади, — дея овозини бир парда кўтарди Аҳмад.

— Нималар деяпсиз?.. Ҳозир.

Шу билан Лайло талай муддат жим бўлди. Аҳмаднинг ич-этини бир нималар кемирар, у Лайлонинг тезроқ гапиришини истарди. Ниҳоят, орадан беш дақиқача вақт ўтгач қизнинг овози эшитилди.

— Нима бўляпти? — деб сўради у.

— Кимдир мен билан Нозиманинг суратини интернетга жойлаштирибди. Умуман бўлмаган нарсаларни бўлди, деб ёзибди. Телефонимга ҳам жўнатибди. Менимча, Нозиманинг телефонига ҳам юборган бўлса керак. Кимдан шубҳангиз бор, ким қилган деб ўйлайсиз?

— Қизиқмисиз, Аҳмад ака, мен қаердан билай? Сизнинг қанчадан-қанча танишларингиз бор. Мен уларнинг бирортасини ҳам танимайман. Ундан кейин, «Гадонинг душмани гадо бўлади», деган гаплар бор. Боя Нозима ҳам қўнғироқ қилиб, сиз айтган гапларни айтганди. Кейин интернетга кирдим. Ҳақиқатан ҳам, бор экан. Менимча, қийналишингиз бекор. Бошқаларнинг роса дабдала расмларини қўйиб ташлашяпти. Хўп, юзингиздан Нозима ўпибди. Шунга нима бўлибди?

Худди шу пайт пол ғичирлагандай, кимдир юргандай бўлди. Аҳмаднинг юраги тез уриб кетди. Ошхона эшиги томонга қаради. Чунки айвонга айнан ошхона томондан кирилади.

 

* * *

 

Нозима қизча кўрсатган томонга қаради. У ёқда ҳеч ким йўқ эди. Аниқроғи, бор эди: саккиз-тўққиз ёшлардаги калта иштонли болакай худди катталардек оёқларини икки томонга кериб, ўзини ўзи қучоқлаганча ғўддайиб турарди.

— Менга уйланадиган йигит йўқ-ку, — деди Нозима жилмайиб.

— Нима, кўрмаяпсизми? Ҳув ана, турибди-ю, — дея қизча бир ўзи кўрсатган томонга, бир Нозимага қаради.

— У ерда кичкина…

— Ўша менинг акам бўлади, — деди қизча Нозиманинг гапини бўлиб, узун киприкларини пирпиратаркан.

— Вой-вой! — дея бирдан қаҳқаҳа отиб кулди Нозима. Кулганидан қизариб кетди, кўзидан ёш чиқди ва шу аснода бошини қимирлатиб:

— Хўп-хўп! — деди.

— Ака! — бақирди бирдан юзида табассум пайдо бўлган қизча. — Келаверинг, сизга тегарканла!

Нозима қизчанинг гапига баттар буралиб куларкан, ўзини тутиб туролмай чорпояга чўзилди. Юзига ёстиқни босди. Шунда ҳам кўкраги кўтарилиб тушаверди. Икки дақиқалар шу ҳолда ётгач, юзидан ёстиқни олиб, қаддини ростлади. Қараса, «куёв бола» синглисининг ёнида турибди. Қўллари белда, қовоғи солиқ.

— Нега куласиз?! — деди.

— Кечирасан, эй-й, кечирасиз, билмай кулиб қўйибман. Қани, хўжайин, чорпояга чиқинг, — деди Нозима ўзини зўрға тутиб.

— Охиргиси бўлсин! — дея овозини атай йўғонлаштирди болакай ва бурнини тортиб қўйди.

— Хўп, охиргиси, бошқа такрорланмайди.

Нозима шундай дейиши билан сал пастроқда, ресторан биноси ёнида турган жувон:

— Бобур! — дея бақирди.

«Куёв бола» овоз келган томонга юзланди.

— Ҳа-а!

— Нима қилиб у ерда турибсанлар, бу ёққа келларинг!

— Шошманг, ишим бор! — деди болакай норози бўлиб ва яна Нозимага юзланди.

— Хўш, энди нима қиламиз, куёв бола? — деди Нозима унга жилмайиб.

— Клип қиламиз. Сув омборида, мен мотоцикл ҳайдайман, сиз орқамга ўтириб оласиз. Белимдан маҳкам қучоқлайсиз, яна йиқилиб тушманг. Лекин йиқилиб тушсангиз ҳам бўлаверади. Ўзим сизни дўхтирга олиб бораман!

Нозима ўзини кулгидан зўрға ушлаб тураркан:

— Синглингизни клипга қўшмаймизми? — деди.

— Йўқ, у ҳали ёшлик қилади.

— Балки, қўшармиз, бўлмаса, у хафа бўлиб қолади-да.

— Хафа бўлмайди. Сингиллар акасининг гапига қулоқ солиши керак.

— Нега менга уйланмоқчи бўлдингиз?

— Ёқиб қолдингиз!

— Адангиз олиб бермасалар-чи?

— Оберадила. Ўзлари айтганла, «Топганингни обераман», деганла. Эркакла, гапида турадила…

Бобурнинг онаси келиб, уларнинг суҳбати бузилди. Аёл қизғиш сочларини елкаси оша ташлаб олган, олдига қип-қизил юрак расми туширилган оппоқ футболкасининг кўкрак қисми хийла очиқ эди. Юзи оппоқ, узун киприкларини дона-дона қилиб бўяган, лаби пушти рангда. Шу туришида уни сира икки болали деб ўйламайсиз. Фарзандининг каттаси саккиз-тўққизларда, десангиз, ўла қолса, биров ишонмайди.

— Сизнинг ҳам роса бошингизни қотириб ташлашдими? — деди жувон майин овозда.

— Йўқ, сираям бошимни қотириб ташлашмади. Қайтанга маза қиляпмиз. Бу ёғи мен сизга келин бўламан, тўйнинг тайёргарлигини кўраверинг, — деди Нозима.

Жувон ҳайрон бўлиб, болаларига қараб қўйди.

— Ўғлингиз қўлимни сўраб келибди. Рози бўлдим. Энди бу ёғи тўй.

— Вой, ярамас, нималар деб ташладинг?! — деди жувон аччиқланиб.

— Адам айтганлар-ку «Сени кетворган қизга уйлантирамиз!» деб. Мана, ўша кетворган қиз, — дея Бобур пинагини ҳам бузмасдан Нозимани кўрсатди.

— Жинни, аданг катта бўлганингдан кейин уйлантираман, деган. Дарров кечирим сўра-чи! — пўписа қилди жувон ўғлига.

— Уришманг. Қайтанга менга ёқди, — дея болакайнинг ёнини олди Нозима.

— Шошманг, — дея кейин унга яхшилаб тикилди жувон, — сиз, сиз Нозисиз-ку!

Нозима жилмайди.

— Шундай. Лекин танимаганингизда яхши бўларди.

— Вой, узр. Бола-да, хаёлига келганини гапираверади. Ҳали буни адасига айтай, танобини тортиб қўяди, — деди жувон хижолат бўлиб.

— Йўқ, унақа қилманг. Яхшиси, чорпояга чиқинглар, биргалашиб овқатланамиз. Бир ўзимнинг томоғимдан сира ўтмаётганди. Келиб қолганларинг яхши бўлди. Болаларингиз ҳам бир-биридан ширин экан. Ҳа, айтганча, биз клип ҳам олмоқчимиз. Ўғлингиз мотоцикл ҳайдайди, мен орқасига ўтириб оламан. Белидан маҳкам қучоқлайман, шундайми, Бобур ака?!

Болакай қизарди. Бошини эгди.

— Шумтака, уялмадингми шунақанги гапларни айтишга?!

— Адам ҳам сизни севаман, дейдила-ю…

— Бўлди, тисс, — деди қизариб-бўзариб кетган жувон, — одамни роса шарманда қилдинглар.

— Қўйинг, унақа деманг, боланинг шўх бўлгани яхши-да. Ҳали бир йигит бўлсин, бир йигит бўлсин, менга ўхшаган қизларнинг ўзи ёнига югуриб келади. Энди, илтимос, чиқинг чорпояга, гаплашиб ўтирамиз.

— Биз…

— Йўқ, деманг.

Жувон ноилож чорпояга чиқди. Болалар «Балиқларни томоша қилайлик», дейишганди, рухсат берди. Нозима унга чаққонлик билан шарбат қуйиб узатди.

— Ўзи сиз билан учрашишни орзу қилиб юрардим, — деди жувон.

— Мана, болаларингизнинг шарофати билан учрашдик.

— Лекин роса ғалати бўлди. Адамизни ишхонасидан чақириб қолишди. Бизни рестораннинг ёнида қолдириб кетди. Аммо зўр жой экан. Илгари бошқа жойларга борардик. Бу ерга биринчи келишим. Ўзи Чорвоққа жуда кам чиқамиз. Асосан, чет элга кетардик.

Нозима ичидан зил кетди. Уни хорижга бориб дам олишга имконияти йўқми? Бор. Хўш нега бормайди? Ўзи ҳам ҳайрон.

— Ана, сиз ҳам болаларни ҳисобга олмаганда, ёлғиз экансиз. Ҳар қалай, бир-икки соатга. Мен ҳам худди шундай. Аслида, одамлардан қочиб келгандим. Ҳеч кимга айтмадим. Ҳаммасига қўл силтадим-да, бу ёққа йўл олдим. Тўғрисини айтсам, сал-пал зериккан эканман. Болаларингиз бирпасда кайфиятимни кўтариб юборишди. Улар билан маза қилдим.

Жувон кулди. Кейин ўзини таништирди. Исми Дилдора экан. Шу билан суҳбат қизигандан-қизиди. Ҳамма нарса ҳақида: юриш-туриш, кийиниш, ҳаттоки эркакларга муносабатлари ҳақида ҳам тортинмасдан гаплашаверишди. Официантга янги буюртма беришди. Болалар келишди. Улар билан бирга овқатланишди. Шунда ҳам уларнинг суҳбати бир дақиқага бўлсин узилиб қолмади. Вақт шиддат билан ўтиб бормоқда эди. Бир маҳал Дилдоранинг телефони жиринглади.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here