КЎЧИРМАЧИ, ҚЎШТИРНОҚ ИЧИДАГИ ЖУРНАЛИСТЛАР ДАСТИДАН КИМГА ДОД ДЕЙЛИК?..

1

 

Мен касалман. Касал ҳолимча қўштирноқ ичидаги журналистларни болаларимга қўшиб боқа олмайман. Биласизми бу гапларни нега тилга кўчирдим? Чунки бугунги кунда ўзбек журналистикасида спид хасталигидан ҳам хавфлироқ, жирканчлироқ бир касаллик тарқалган. Касаллик шу қадар тез тарқалмоқдаки, охир оқибат журналистика соҳасини тўлиқ домига тортиши ҳеч гап эмас. Яна тушунмадингизми? Қанақа касаллик демоқчимисиз? Касаллик кўчирмачилик деб аталади. Ҳозирги кўпчилик ёш журналистлар изланишдан, меҳнат қилишдан қочиб, ўз устида ишлашни бир четга суриб қўйиб, бошқа ўзбекча сайтлардан ўзи пул топадиган сайтга материалларни шундоқлигича кўчириб олишга одатланишган. Кўчирганда ҳам бу хабарни ёки мақолани не машаққатда ёзиб тугатган муаллифнинг исми-шарифини ўчириб, ўрнига ўзиникини қўйиб олишмоқда. Хўш, бу нима касаллик бўлмай? Журналистикада беш-олти йил ўқиб, қўлингга диплом олдинг. Лекин иккита жумлани қойиллатиб ёза олмасанг, биздайлар айбдорми? Ёки ўша сен материалини кўчирган муаллиф сени ҳам бола-чақасига қўшиб боқиш кафиллигини олганми? Олган бўлса, қани исбот?..

Мисол келтираман. Боягина уйимдагилар ўзбекча сайтларни кўздан кечириш асносида «aniq. uz» сайтида шахсан мен тайёрлаб «hordiq. uz» сайтимизга жойлаштирган материални кўриб қолишибди. Қарасам, материалнинг остидаги исм-фамилиямни олиб ташлаб, ўрнига «zamin. uz» деган манзилни ёзиб қўйишибди. Тўғри, бу материал айтарли катта ҳажмда эмас. Лекин нима ҳаққи бор эдики менинг муаллифлигимдаги материални ўзбошимчаларча кўчириб олишга. Бу-ку, кичик бир мақола. Яқин-яқинларда бутун бошли асарларимни сайтимиздан тўлиқ кўчириб олиб, ўз исми-шарифи билан берганларни кўриб эсхонам чиқаёзганди. Ҳой, «ёзувчи», агар сенга Оллоҳ бу истеъдодни бермаган бўлса, нима қиласан бировларга жабр қилиб? Сенга бировнинг асарини ўзлаштириб, бошқаларга «бу менинг асарим» дея ёлғон тўқиш уят эмасми? Наҳотки, сен виждонингни ҳам еб битирган бўлсанг? Ҳеч бўлмаса худодан қўрқмайсанми?

Сўзимнинг охирида, агар шундайлар яна кўчирмачилик билан мен ва мен каби қалам соҳибларининг материаллари орқасидан пул ишлашса, Оллоҳга топширдим. Ундайларга Яратганнинг ўзи жазо берсин! Оллоҳу Акбар!

Олимжон ҲАЙИТ

 

1 ТА ФИКР

  1. Akak siqilmang hammasi yaxshi bo’ladi. Asosiysi halq bilsin sizni kim ekanligingizni. Undan tashqari bu sayt .uz domenida ekan albatta FK ning tegishli moddalariga aosan mualliflik huquqini himoya qilish maqsadida sudga berishingiz mumkin.

Comments are closed.