АРТИСТ… (10-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

— Эрим, — деди у экранга қараб, — келганга ўхшайди.

Ҳа, шундай бўлиб чиқди. Келган экан. Чақирди. «Чарчадим, дала ҳовлига бориб ётамиз», деди. Бироқ Дилдора унамади. «Ўзингиз бу ёққа келинг, ажойиб қиз билан таништириб қўяман», деди. Эр: «Рашк қилмайсанми?» ҳазиллашди. «Йўқ, — деди Дилдора қиқирлаб, — бу қиздан сира қизғанмайман».

Дилдоранинг эри шундан кейин дарров етиб келди. Новча, мўйловли, кўзойнак таққан. Сочига бир-иккита оқ оралаган. У хотинидан фарқли ўлароқ, Нозимани дарров таниди. Дилдора унга Нозима билан қандай учрашиб қолишганини кула-кула гапириб берди. Эркак ҳам қотиб-қотиб кулгач:

— Бобуржон, тўйни бугун ўтказиб қўя қолайлик, юрасизми йигирмага киргунча? Ҳозир бу ердаги ҳамма нарсани йиғиштирамиз-да, уйга борамиз. Дачага демоқчиман. Ўша ерда стол тузаймиз. Келин бор, куёв ҳам. Биз ҳам ота-она бўламиз, ҳам меҳмон. Қани кетдик, — деди.

Унинг гапи Дилдорага ҳам маъқул тушиб: «Бу ерда одам ҳаддан зиёд кўп. Ҳозир ўйин-кулги бошланади. Агар Нозимахон рақсга тушадиган бўлса, ҳамма атрофини ўраб олади. Дачага борсак маза қилиб ўзимиз ўтирамиз», деди. Нозима: «Сизларга халақит бераман. Ундан кўра эр-хотин ўтиринглар, шуниси завқлироқ», деса ҳам кўнишмади.

Отабек (Дилдоранинг эри) хийла тадбиркор экан, дала ҳовлининг ихчам, чиройлигинасини олибди. Яна ҳовузи ёнида айвон, унинг остида чорпоя бор экан.

Болалар куни билан югуриб чарчаган, шекилли, дарров ухлаб қолишди. Орадан бирор соат ўтар-ўтмас Дилдора ҳам эснай бошлади. Бўлмаса, чўмилди. Эрига шўхликлар қилди. Кейин чиқиб баданини қизитди. Ана ундан сўнг эснашга тушди-да, ёстиққа бошини қўйиб ухлади-қолди. Отабек уни кўтариб, ётоққа ётқизиб келди. Ташқарида — чорпоя устида Нозима билан Отабек ёлғиз қолишди. Шундан кейин эркакнинг гаплари бошқача тус ола бошлади. Яъни у кўпроқ ишқий мавзуда гапирар ва Нозимани кўзига сирли нигоҳ ташларди. Қизнинг эти жимирлади.

 

 

* * *

 

 

Аҳмад ўрнидан турди-да, телефонни стол устига қўйиб, оёқ учида юриб ошхонага кирди. Мушук экан. Шаҳнозанинг севимли мушукчаси гиламнинг ипини тирноқлари билан тортқилаб ўйнаётган экан. Аҳмад бўшашиб кетди. «Падарингга лаънат!» деди пичирлаб ва изига қайтиб яна телефонни қўлига олди.

— Алло, — деди.

— Қаерга йўқолиб кетдингиз? Мен гапириб ётибман бу ёқда, биров миқ этмайди. Ухлаб қолдингизми, деб ўйлаб, энди телефонни ўчирмоқчи эдим, — деди Лайло норози бўлиб.

— Хаёлим кетиб қолибди, узр. Хуллас, мана, сиз тушунган қизсиз. Сиз учун юздан ўпиб қўйиш ҳеч нарса. Бундай олиб қараса, менга ҳам бунинг қандайдир аҳамияти йўқ. Лекин хотиним, билмайман, қанақа, унга баҳона бўлса бўлди. Хуллас, эртага ўшани бир бало қилиб йўқ қилайлик. Биламан, сиз бунақанги нарсаларга устасиз, — деди Аҳмад ва қулоғини динг қилди.

— Қўйсангиз-чи. Ўзи яқиндагина «Whats-App»да ёзишни ўргандим-ку, интернетдан бир нималарни йўқ қилиб юборишга менга йўл бўлсин. Ҳа-а, буни Нозиманинг ўзи боплайди. Уззукун интернетда ўтиради-ку.

— Билмайман, унга сира айтгим келмаяпти.

— Авайлаётган бўлсангиз керак-да. Ҳар қалай, қиз бола ўзидан-ўзи ҳеч ким йўқ жойда ўпиб қўймайди.

— Мана, кўрдингизми, сиз ҳам на менга ва на дугонангизга ишоняпсиз. Хўп, қўллаб юборасизми мени?

— Майли, бир танишим бор, шунга айтиб кўрай-чи. Лекин у жудаям инжиқ одам. Бир-икки сўмини бермаса, салом ҳам бермайдиганлар хилидан. Озгина чиқим қиласиз, мен бажариб бераман.

«Уфф, яна чиқим. Бу падарлаънатилар бунчалик пулни яхши кўришмаса, сал ишинг тушиб қолса, дарров ўзини тарозига солиб, нархини оширади», дея ўйлади Аҳмад аччиғи чиқиб, аммо чуқур нафас олиб чиқарди-да:

— Майли, қанча бўлса бераман, ишқилиб, йўқ қилса бўлгани, — деди Лайлога.

— Келишдик. Хайр бўлмаса, — деди Лайло ва телефонини ўчирди.

Аҳмад ётоққа кириб, хотинига нафрат билан қараркан ўйлади: «Нима жин уриб сенга уйланганман ўзи?! Энди бутун умр шу тасқара билан… Шошма, қизлигида жуда чиройли эди. Уйлангунимча кунора тушимга кириб чиқарди. Кейин жудаям содда, ҳамма нарсага ишонарди. Балки, шунинг учун ота-онаси қаршилик қилса ҳам, менга теккандир. Нимам бор эди? Ҳеч нимам. Отаси қизим қийналиб қолмасин, деб уй олиб берди. Кейин рўзғорга ҳам қарашиб турди. Бизнесимни бошлаётганимда пул берди. «Пул ёмон нарса, одамни бузади», деди. «Мана, пулларингиз ачиб кетган. Нега сизни бузмади?» дегим келди-ю, яна ўзимни босдим… Аммо унинг пулларини қайтариб бердим. Энди яна озроғи бор. Бир ой зўр ишласам, тўлиқ қайтараман. Шунда қайнотам билан орамиз очиқ бўлади. Лекин бу хотин билан қандай яшайман? Бу ёғи беҳаё расмини интернетга қўйиб юборган бўлса! Кошки қомати тузукроқ бўлса… Нимадир қилишим керак, нимадир қилишим керак! Лекин нима? Нима?! Бошим оғриб кетди. Балки, музлаткичдаги сув миямнинг ишлашига ёрдам берар».

Шу пайт телефонига SMS келди. Лайло ёзибди: «Аҳмад ака, менинг сизга муносабатим бошқача эди. Аммо мени хафа қилдингиз. Ширин тушлар кўринг. Хайр».

«Хафасан? — деди Аҳмад пичирлаганча ўзига ўзи. — Нега хафа бўласан? Ҳамманг мендан хафа бўлаверсанг, унда атрофимда ким қолади? Эй-й, ҳамманг бир гўрсан, йўқ бўлиб кетмайсанми?! Аслида, интернетдаги томошада сенинг қўлинг бордай туйиляпти. Бунинг учун сендан нафақат хафа бўлишим, балки терингни шилиб, сомон тиқишим керак эди!»

Қайноқ сув унинг миясини қизитди. Кейин уйқусини ҳам келтирди. Шу боис хотинининг ёнига ётди-да, ухлаб қолди.

Бир пайт Аҳмад негадир бўғилиб кетаверди. Нафас олишга қийналди. «Ие, ўлиб қоляпманми нима бало?!» деб шундоқ кўзини очса, тепасида хотини турибди. Бўғяпти. «Падарингга лаънат!» деб хотинининг қўлини томоғидан олиб ташлашга урина бошлади. Илгари билмаган экан, хотини бирам чайир, бирам чайир эканки, Аҳмад қанчалик кучанмасин, томоғидан сира қўлини ололмади. Кейин қараса, аҳвол чатоқ, бу хотин ростдан ўлдирмоқчи. Жон-пони чиқиб кетди ва бор кучи билан унинг қўлидан ушлаб, бир думалаган эди, Шаҳноза каравотдан пастга қулаб тушди. Бироқ бу билан тинчимади. Югуриб ётоқдан чиқиб кетди. «Бу валакисаланг яна нимани ўйлади?!» дея ўрнидан турди Аҳмад. Хотини қандай тез югуриб чиқиб кетган бўлса, худди шундай тез изига қайтди. Унинг қўлида пичоқ бор эди. Кўзлари қонга тўла, олайган. Бирдан у эрига ташланиб қолди. Яхшики, Аҳмад ёстиқни олишга улгурганди. Яхшики, пичоқ йўлини шу ёстиқ билан тўсиб қолганди. Бўлмаса, бу ақлини йўқотган жувон унинг қорнини ёриб ташлаши ҳеч гап эмасди.

Аҳмад унинг қўлидан ёстиқ билан бирга пичоқни ҳам тортиб олди. Кейин юзига шундай ўхшатиб шапалоқ тортдики, ҳалигина билагида девнинг кучи бўлган Шаҳноза каравот устига ағанади. Сўнг ўкириб йиғлай бошлади. Аҳмад косани сувга тўлдириб келди-да, аёлининг бошидан қуйиб юборди. Кейин сўкди. Хотинининг уруғ-аймоғини қўшиб сўкди. Шаҳноза жавоб қайтармади. Ўкирганча йиғлашда давом этди. Нариги хонада бола уйғониб кетди-ю, унинг ҳам йиғиси онасиникига қўшилди.

— Жинни бўлиб қоламан! Жинни қилиб ташлайсанлар! — дея бақирганча Аҳмад хотинининг юзини яна тарсаки билан сийлади.

Кейин бориб боласига қаради. «Йиғлама, мана-мана, ҳозир оғзингга солиб қўяман», деб сўрғичини топиб тутди. Боланинг оғзига овунчоғи кириши билан уни ўчди. Бироқ Шаҳнозаники сира ўчай демасди. Агар шу аҳволда давом этса, қўни-қўшнилар ҳам уйғониб, югуриб чиқишлари ҳеч гап эмас.

— Бас қил, — деди Аҳмад юмшоқ овозда.

Хотини эшитмади, бўкиришни давом эттирди. Шунда Аҳмад уни ўрнидан турғизди-да, ёқасидан ушлаб силтади. Шаҳноза уйқудан уйғонгандай ҳайрат билан унга тикилди.

— Томинг кетиб қолдими?! — дея унга бақирди Аҳмад. — Нима қиляпсан, ҳайвон?!

— Аҳмад ака, Аҳмад ака! Сираям яшагим келмаяпти! Мени ўлдиринг! Мени ўлдиринг, илтимос! Оёқларингизни ўпай, мени ўлдиринг! Мен шармандаман! Мен ота-онамнинг юзини ерга қаратган қизман! Яшашга ҳақим йўқ менинг! — деб кўзидан дув-дув ёш оқизарди Шаҳноза.

— Ҳаммаси яхши. Ҳаммаси жойида, ўзингни бос. Мана, аста-секин яхши бўляпсан. Худо хоҳласа, яна озгинадан кейин бутунлай яхши бўлиб кетасан, — деди Аҳмад юмшоқлик билан ва уни секин каравотга ўтқазди.

— Биламан, — деб бурнини тортди жувон, — сиз мени ҳеч қачон кечирмайсиз. Аввал қилмаган бўлсангиз ҳам, энди, барибир, устимга хотин оласиз. Майли, хотин олсангиз ҳам, майли, розиман. Аммо мени шарманда қилманг. Ота-онамга қилган бемазагарчилигимни айтманг. Улар кўтаролмайди. Хўпми?

— Хўп, сен нима десанг шу. Ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қолади. Энди ёт. Бироз ўзингга келиб ол.

Аҳмад хотинининг устига чойшаб ёпиб қўйди. Сўнг ойна қаршисига борди. Чунки томоғи ачишаётганди. Ҳа-а, қилғиликни қилибди. Нақ учта бармоқнинг изи бор. Уч жо-йидан тирнабди. Бунақа аҳволда кўчага чиқиб бўлмайди. Аҳмаднинг қони кўпчиди. Қўлларини мушт қилди. Бироқ ўзини босди. Чунки энди жанжал бошласа, оқибати ёмон бўлади.

У секин каравотга ўтирди-да, бошини эгди. Хотини шу заҳоти унинг орқасидан қучоқлади.

— Қўрқиб кетяпман. Алғов-далғов тушлар кўрдим. Кейин бизникилардан ҳеч ким тирик қолмайди, дедим. Кейин… Билмайман у ёғини, Аҳмад ака, — деди.

— Бўлди, — деди Аҳмад ва яна кўзгу қаршисига борди.

Томоғининг шилинган жойини авайлаб силаркан: «Мушук ҳам бунчалик тирнамайди. Тирноғини охиригача ботирибди-ёв. Тузалганда ҳам ўрни қолиб кетмасайди. Ит, биргина шу қилиғи билан қанча нарсадан қолдирди мени. Қиш бўлганда ҳам майлийди, шарф ўраб олардим», деди ичида.

Аҳмад бошини қашлади-да, кўзгу ёнидаги стол устида турган хотинининг упасини қўлига олди. Жароҳат устига сурди. Йўқ, бўлмади, барибир, билиниб қолди.

— Расво қилдинг, қандай кўчага чиқаман энди?! — дея бақириб юборди.

Шаҳноза илкис бошини кўтариб, эрига қаради.

— Манавини кўряпсанми? — деб унга Аҳмад тирноқ изини кўрсатди.

— Во-о-ой! — деб кўзини олайтирди жувон. — Шунчалик бўлиб кетибдими?! Узр, адаси, мен ўзимни йўқотиб қўйибман. Келинг, ҳозир йод суриб қўяман.

— Одамлар яхшилаб кўрсин, деяпсанми?! Шу аҳволда кўчага чиқсам, ким бунинг томоғини хотини тирнаган, дейди? Ҳеч ким. Бу ёғи кундай равшан. Лекин одам эмас экансан.

Жувон бошини эгди. Ўксинди.

— Қилғиликни қилдинг. Энди бечораларга ўхшаб ўтиравермай, битта қаҳва дамла. Бошим ғувиллаб кетяпти, — деди Аҳмад.

Хотинига бироз жон кирди. Эри иш буюрдими, демак, озгина бўлса-да ҳовуридан тушган. Ҳализамон мутлақо ўзига келиб қолади. Ундан кейин у-бу нарса деяверса ҳам бўлади.

 

 

***

 

 

У тўғри ўйлаган экан. Аҳмад бироз ётгач, совиди. Қаҳвани ичиб бўлганидан кейин хотини билан бир-икки оғиз гаплашди. Кейин компьютер бузилиб қолганлигини, устага олиб бориш кераклигини айтди. «Ҳали эрта, — деди Шаҳноза, — соат тўққизларда олиб борсангиз ҳам бўлади. Унгача мен яхшилаб кечирим сўрамоқчиман. Тўғрисини айтсам, ўзи ғалати бўлиб юрибман. Сизсиз бунақанги кризисдан чиқиб кетолмайман. Болангиз ҳам ҳали уйғонмайди», деди.

Аҳмад Шаҳнозанинг кўнглига қаради. Хотини бирпасда очилди-қолди. Ширин гапларни аямасдан гапирар, аҳмоқлигини қайта-қайта эрига эслатарди. Буларнинг бари эрининг феъли яна айниб қолмаслиги, «Телефонга нега расмингни қўйдинг? Юр отангнинг олдига!» демаслиги учун эди. Агар у Аҳмаднинг Лайло билан гаплашганини эшитганида, компьютердаги қайсидир «ижодкор»нинг ишини кўрганида эди, қиёмат қойим бўлиши ҳеч гап эмасди.

Аҳмад нонуштадан кейин компьютерни кўтариб, уйдан чиқиб кетди. Шаҳнозанинг эрини деразадан кузатиб туриш одати бор эди. Мана, Аҳмад йўлакдан чиқди. Компьютерни елкасига қўйиб олибди. Машинаси томонга кетяпти. Ҳа, унинг учун кутилмаган воқеа содир бўлди. Яъни Аҳмаднинг елкасидаги матоҳ бетон устига тушди.

— Во-о-о-й! — деб бақириб юборди бирдан Шаҳноза. — Бечора компьютер! Расво бўлди, эсизгина!

Ўзига ўзи сўзлаб турган Шаҳнозанинг гапи охирламай туриб, Аҳмадники тутиб қолди. У матоҳнинг устига чиқволиб, роса тепди. Кейин изига қайтди.

— Ҳаммаси сени деб бўлди! — деб бақирди эшикдан кирар-кирмас. — Тирнаган жойинг ачишди. Силаб қўяман, дегандим, қўлимдан тушиб кетди!

— Майли, адаси, бало келса, шунга келсин. Бошқасини оласиз, — деди жувон уни юмшатиш мақсадида.

— Биласанми, ичида қанча нарсам бор эди. Ҳаммаси куйиб кетди-я! Шунча меҳнатим ҳавога соврилди!

У аламидан девор муштлади. Ошхонага кирди, бир неча марта уф тортди. Кейин яна хотинига: «Мени чалғитдинг, яна томоғимдан қонимни оқизиб чиқариб юбординг-а. Югур дорихонага, худди теримга ўхшайдиган лейкопластир топиб кел!» деб ўшқирди.

Шаҳноза шоша-пиша кийинди-да, эрининг буйруғини адо этиш учун югуриб кетди.

— Битта компьютерни йўқ қилиш учун шунча нарсани ўйлаб топдим-а. Аҳмоқман, — деди Аҳмад ўзига ўзи.

У уйидан ўн бирларга яқин чиқиб кетди. Чунки унинг тахмини бўйича Лайло энди уйғонган бўлиши керак эди. Аммо Лайло уйғонмабди. Шу боис тўғри уйига борди. Эшикни Лайлонинг онаси очди. Аҳмад ўзини таништирди. «Нозиманинг

продюсериман, Лайло билан ҳам ишламоқчиман», деди. Аёлнинг юзига бирдан табассум югуриб, уни ичкарига бошлади ва тўғри меҳмонхонага олиб кирди. «Сиз ўтириб туринг, ҳозир уйғотиб чиқаман Лайлони», деди. Аҳмад бунақа бўлади деб сира ўйламаганди. Орадан ярим соатча ўтиб қиз келди: ички кийимда.

Аҳмадни ҳамма нарсадан ҳам кўпроқ пул қизиқтиради. «Пулинг бўлса ҳаммаёққа қўлинг етади. Ҳар ишни қила олишинг мумкин», деб ўйлайди у. Бироқ ора-чора мана бундай манзараларга ҳам дуч келадики, кўзини узолмай қолади. Лекин у ҳозир ҳаяжонга берилмаслиги керак. Бу ёғи ўзи таранг бўлиб турибди. Аммо шу қад-қоматни яна озгина безаса, балки тўй-пўйда асқотиб қолар.

— Кечаги бош оғриғими? — деди Лайло унинг рўпарасидаги стулга ўтириб.

— Ўша, — жавоб берди Аҳмад алланечук бўлиб.

Лайло эшикдан кириб, Аҳмаднинг кўзи ўзига тушганидаёқ, ҳаяжонланганини сезганди. Ҳозир улар бир-бирига яқин ўтиришибди. Демакки, ундан таралаётган ифор Аҳмаднинг юрагини баттар ўйнатяпти.

— Мен, — деди Лайло нигоҳини Аҳмаддан узмаган кўйи, — кечанинг ўзидаёқ бу масалада гаплашдим танишим билан… Шошманг, томоғингизга нима бўлди? Нега лейкопластир ёпиштириб олдингиз? Тинчликми, ўзи?

Лайло ўрнидан турди. Орадаги столни айланиб ўтиб, кўрсаткич бармоғини Аҳмаднинг ярасига теккизди.

Аҳмад титраб кетди.

— Ҳалиги, мен… Унақа жиддий нарсамас, йиқилиб тушдим-да. Кўп ухламаслик оқибатида гарангсиб қолган эканман. Уйда бола бор, ўйинчоқларини ҳамма ёққа сочиб ташлайди. Тирнаб…

— Шу холосми? — дея Лайло унга айёрона тикилди.

— Шу…

— Бошқачароққа ўхшаяпти. Сиз бекордан-бекор типирчилаб қолмайсиз. Демак, каттароқ бир нима бўлганга ўхшайди келинойим иккингиз орангизда… Ярамаснинг интернетга расм жойлагани даҳшатли таъсир қилибди-да. Кўрдим, унчалик ваҳимали эмас. Мен бўлганимда парвойимга ҳам келтирмасдим. Лекин хотинингизнинг яхшигина рашкчилиги бор экан, — деди қизгина ва яна бироз энгашиб, ярага яқинроқдан қараган бўлди. Ундан таралаётган ифор баттар кучайди. Аҳмаднинг боши баттар айланди.

— Йў-ў-ў-қ, хотиним эмас, — деди у зўрға тили айланиб.

Кутилмаганда Лайло бирдан қаддини ростлади.

— Бўпти, ишонмасам ҳам ишондим. Энди ишга ўтайлик. Демак, интернетдан бутунлай анави расмларни йўқ қилиш керак, шундайми?

— Ҳа, — деб тасдиқлади Аҳмад.

— Яхши. Икки минг, деди у. Шуни беришга тайёрмисиз? Вой, нималар деяпман? Сиз учун икки минг нима бўлибди? Чикора-ку. Лекин шу икки мингни бермасангиз, аниқ шарманда бўласиз.

— Икки минг… Икки минг, — деди Аҳмад ўйланиб, — икки минг сиз ўйлаганчалик чикора эмас. Менинг ҳам чиқимларим тиқилиб ётибди. Лекин менга алам қилаётгани, кимдир ортимдан тушиб, беш дақиқа ишлаб-ишламай шунча пул топаётгани.

— Ўзингиз биласиз, Аҳмад ака, мен азбаройи дугонам, қолаверса, сиз учун орага тушдим. Яхшики, «Беради пулни, сен олиб ташлайвер», демаган эканман. Бўлмаса, нақ балога қолардим. Ўзи аҳмоқларгина ўртага тушади бунақа пайтда. Аммо унинг хакерлигини айтиб қўйишим керак. Қўлидан ҳар бало келади. Бемаза, тутуриқсиз суратларга сиз билан Нозиманинг расмини монтаж қилиб, қўйиб юбориши ҳам мумкин. Анча ўжар одам. Гап уқтириб бўлмайди унга. Аслида, унинг… Билмадим, билмадим. Улар, менимча, бировларнинг ортидан югуриб юришмаса керак. Расмингизни олади, ишлов беради, у ёғи кетди. Одамлар ҳақиқийми, сохтами, била олишмайди ҳам…

— Шошманг, — деди Аҳмад Лайлога тикиларкан, — бераман ўша пулни. Ҳозироқ сизга бериб кетаман. Лекин ишни тоза қилишсин.

— Келишдик.

Аҳмад чўнтагидан бир даста доллар чиқарди. Чаққонлик билан санаб, керагича ажратиб олди-да, Лайлога узатди. Лайлони товонигача хурсандчилик эгаллаб олди. Агар Аҳмад дарров ўрнидан туриб, кетиши кераклигини айтмаганида, эҳтимол, шодлигини ошкор ҳам қилиб қўйиши мумкин эди. Бахтига, Аҳмаднинг вақти зиқ экан.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ