АРТИСТ… (11-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

У емаган сомсасига пул тўлаган одамни кузатиб қўйганидан кейин хонасига югураркан: «Лафз қилдим. Бўлмаса, Аҳмадни роса шилиш мумкин экан. Майли, шошмай турсин, интернетдан ўчираман, аммо оригинали компьютеримда қолади. Қора кун учун. Бир марта фойда берган, кейин фойда бермайдими? Беради, берганда ҳам қоплаб пул олиб келади. Энди кейинги сафар бошқаларига қўшилиб фойда келтиради-да!» деди ичида.

Лайло хонасидан чиқиб ошхонага кирди. Онасининг юзидан чўлпиллатиб ўпди. Битта юз долларликни тутқазиб: «Бозорга боринг-да, истаган нарсангизни сотиб олинг», деди. Онаси бурнини жийирди. «Лўлига садақа бергандай онангни пастга уряпсанми? — деди. — Бунингга нима берарди?! Онангга шунақанги қурумсоқлик қилсанг, бошқаларни сувга олиб бориб, суғормасдан қайтариб олиб келаркансан-да!»

— Ўзимнинг ойижоним, ўзимнинг танҳогинам, эркатойгинам! — дея Лайло онасини қучоқлаб олди-да, иккала юзидан ҳам чўлпиллатиб ўпиб қўйди. — Ойижоним, шунақа қилсам ёмонми, ҳозир киприк қоқишга улгурмасингдан алдаб кетишяпти. Шулардан қизингиз ҳақини айириб олса ёмонми?!

— Балосан, қизим, балосан. Худди отангга ўхшайсан. Ишбилармонсан. Лекин-чи, аданг раҳматли қанча одамни чув тушириб кетган бўлса ҳам, мен ўзини чув туширардим. Энг аввал худди сенга ўхшаб атир сепардим. Ана ундан кейин ишимни бошлардим. Шу томонинг менга ўхшаган. Қани, яна иккитагина бер-чи.

Лайло қиқирлаб кулди ва сахийлиги тутиб, онаси сўраган пулни берди. Кейин ўтириб овқатланди. Сўнгра Нозимага қўнғироқ қилди. Бироқ дугонасининг телефони ўчиқ эди.

Бунгача Аҳмад қарийб ўн маротаба Нозиманинг телефонига хабар юборган, рақамини йигирма марталаб терган эди. Ҳар сафар ўчиқ. «Нима бало бўлди бу қизга?! Шошма, унинг ҳам телефонига меникига келган нарса келган. У ҳам мендайин асабийлашган, шунинг учун телефонини ўчириб қўйган. Уйига бораман. Барибир, юзма-юз ўтириб гаплашган бошқача. Кўнглини оламан, кейин тўйларнинг режасини биргалашиб тузиб чиқамиз. У биринчи энг зўр тўйхоналарни мўлжаллайди. Унақа жойларда казо-казолар тўй қилишади. Казо-казоларнинг таниш-билишлари ҳам казо-казо бўлишади. Оғринмай чўнтагидагиларни қистириб юбораверишади, дейди. Мен сал бундайроғидан бошлайлик, токи бошқа жойдагилар сархуш бўлишсин, қанча қистираётганини сезмасин, дейман. Ҳар доим мана шу масалада фикримиз икки хил бўлади», дея ўйлади Аҳмад.

У хаёл билан бўлиб Нозиманинг уйи ёнига борганини сезмай қолди. Нозиманинг машинаси йўқлигига эътибор бермай, йўлакдан юқорига кўтарилди. Қизнинг эшиги ёнида қаққайиб турганча қўнғироқни босди. Бироқ ичкаридан ҳеч қанақа жавоб бўлмади. Яна босди. Яна жимжитлик. «Уфф!» деди пастга тушаркан. Бошини қашлаб қараса, Нозиманинг машинаси йўқ. «Энди бу қай гўрга кетди? Бундоқ телефонини ёқиб қўйса, ўлиб қолади», дея кўнглидан ўтказди-да, машинасига минди. Рулни қучоқлаганча Нозиманинг келишини кутди. Бироқ қиздан дарак йўқ эди. Ярим соат, бир соат, икки, уч соат ўтса ҳамки, Нозима келмасди. Аҳмаднинг жаҳли чиқди. Қўнғироқ қилди. Хабар жўнатди. «Тез телефонни ёқинг, қаердалигингиз ҳақида хабар беринг», деб ёзди. Жавоб йўқ. Баттар қони қайнади.

Уйига қўнғироқ қилди. Хотини дарров гўшакни кўтарди.

— Мана энди, — бақирди Аҳмад, — ўзинг тўйга борасан! Ўзинг қўшиқ айтиб, эркакларнинг олдида ликиллаб ўйнайсан! Рашк қилаверганингдан, ҳар бало-бир бало деяверганингдан Нозима қаергадир суриб юборибди. Бу ёқда тўйларим қараб турибди. Бугун бешта тўй бор. Тушундингми, бешта!

— Адаси, ўзингизни босинг, илтимос. Нималар деяпсиз? Унинг йўқлигига менинг нима дахлим бор? Келиб қолар. Билар у ҳам тўйларингиз борлигини, — деди Шаҳноза ялинчоқ овозда.

— Келса келарди шу пайтгача! — деб Аҳмад телефонни ўчирди-ю, худди ҳаммасига рул айбордай муштлади.

«Кеч тушяпти. Тўй вақти яқинлашяпти. Йўқ, бугун боролмаймиз, бугун сира иложи йўқ. Бу қорасини ўчирдими, демак, ҳали-бери кўриниш бермайди. Уфф!» дея Аҳмад тўй эгаларидан бирига қўнғироқ қилди:

— Ака, узр, Нозимахоннинг тоби қочиб қолди. Ҳозир касалхонада… Пули? Аванс?.. Қайтариб бераман. Сира хавотир олманг.

Биттасига шундай жавоб берди. Енгил тин олди. Бироқ иккинчиси роса жаҳлдор экан. Бирдан сўкинишга тушиб кетди. «Менга деса чалажон бўлмайдими, келасан! Келмасанг, онангни учқўрғондан кўрсатаман. Берган авансимни ўн баробар қилиб қайтарасан, сенларни жуда яхши биламан, қайсидир пулдор чиқиб қолган, йўқ деёлмагансан. Мендан устун қўйгансан уни. Башарангни бузаман!» деб телефонини ўчирди. Аҳмаднинг пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди. Нафас олишга қийналиб кўйлагининг тугмаларини ечди.

 

 

* * *

 

 

— Отабек ака, бир-биридан чиройли гапларни гапиряпсиз. Сўзларингизни эшитиб, сув мисол оқиб кетишимга оз қоляпти. Аммо шу гапларнинг бирортасини хотинингиз уйғоқлигида айтмадингиз-а, — деди Нозима ҳаяжондан амаллаб қутуларкан.

— Унинг ёнидами? У ўзига тегишлисини кўп ва хўп эшитган, — деди Отабек илжайиб.

— Бундан чиқди, сизда ҳар битта аёл, қиз учун алоҳида-алоҳида гаплар бор экан-да. Ҳамма ширин гапларингиз битта ёр учун эмас, шундайми? — дея зимдан унга тикилди Нозима.

— Жуда қалтис савол бердингиз. Менимча, ҳар битта аёл, у эркак учун ким бўлишидан…

— Шошманг, — деб бирдан Отабекнинг гапини бўлди Нозима, — нега хотинингиз уйғоқлигида гапирмадингиз?

Отабекнинг қоши чимирилди.

— Гапирдим. Лекин сиз тушунмадингиз. Кейин у жуда тез ухлаб қолди.

— Тўппа-тўғри. Нега шунақа бўлди? Чўмилиб чиққан одам шунча тез ухлаб қолиши мумкинми? — дея Нозима унга айёрона тикилди.

— Кўрдингиз. Демак, мумкин экан.

— Очиғини айтсам, сизларга ҳавасим келганди. Айниқса, фарзандларингиз бир-биридан ширин экан. Ҳар икковиям менга роса ёқиб қолди. Худо хоҳласа, менинг ҳам…

— Бир хил фарзанд битта отадан бўлади.

Нозиманинг эти музлади.

— Мен ҳам бугун чарчабман. Борай, — дея Нозима ўрнидан туришга тайёргарлик кўраётганида Отабек унинг қўлидан ушлаб қолди.

— Балки, қоларсиз. Ҳайҳотдай дала ҳовли, ҳаммага жой топилади. Ёки…

— Йўқ, кетаман. Илтимос, қўлимни қўйиб юборинг. Сизга бўлган ҳурматим йўқолмаслигини истайман.

— Агар шу ерда қолишингизни қаттиқроқ истасам-чи?

— Хотинингиз уйғониб қолса, шармандангиз чиқади.

— Уйғонмайди. Ухлатадиган дорининг кучлироғидан билмай ичиб қўйган. Эрталабгача қулоғининг тагида бомба портлатсангиз ҳам сезмайди.

— Эй-й, ҳали сиз…

— Ресторанда кўрганимдаёқ…

— Қўйиб юбор қўлимни! — деди Нозима овозини бир парда кўтариб. — Сендақалар билан битта дастурхондан овқат еганим учун ўзимдан нафратланаман!

Ҳозиргина иржайиб турган Отабекнинг башарасида қоп-қора булутлар пайдо бўлди.

— Нима?! Мендайлар билан ҳали битта дастурхон атрофида ўтиришга ор қилиб қолдингми?! Ҳали сен ўзингни осмондаман, деб юрибсанми?! Сендақаларнинг қанақалигини билмайди, деб ўйлайсанми?! Керак бўлса, оёғингдан шундай тортаманки, чирпирак бўлиб ерга тушасан, чилпарчин бўлиб кетасан! — деди Отабек ўқрайиб.

— Ҳамма нарсани пул билан ҳал қиламан, десангиз, хато қиласиз. Мен пулга сотиладиганлар хилиданмасман. Ҳамма…

— Пул?! — деди Отабек ва ҳиринглаб кулди. — Фақат пул?! Менимча, лицензиянгдан айрилиб қолишни хоҳламасанг керак, шундайми?

— Қўйвор! — деди титраб кетган Нозима ҳамда бир силташда қўлини тортиб олди. — Ҳеч бўлмаса, қора кўз фарзандларингнинг ҳурматини ҳам қилмадинг-а! Суф сенга!

Нозиманинг юзига қарсиллаб шапалоқ тегди. Қиз ўтирган жойида ёнига ағанади ва шу заҳоти ўрнидан турди.

— Болаларингга ҳам дори ичказмагандирсан?!

Отабек сергакланди ва хавотир билан уй томонга қаради. Бундан фойдаланган Нозима сакраб чорпоядан тушди-ю, шоша-пиша оёқ кийимини кия бошлади.

— Агар орамиздаги гап-сўзларни бирон жойда айтадиган бўлсанг, ўзингдан кўр! — деди унга ўқраяркан Отабек.

Нозима жавоб қайтармади. Унинг юзи ловуллаётганди.

Фақатгина дарвозадан чиқиб, машинасига ўтирганидан кейингина кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Лаби титради.

— Ухлагин-у, қайтиб уйғонма, ифлос! — дея бақириб юборди. Сўнг машинасини ҳайдаб кетди.

Дала ҳовлисига борди. Ўзини каравотга ташлади. Ўкириб йиғлади.

— Ҳаммаси бурнимдан чиқди! Ҳаммаси! Нега?! Қайси гуноҳим учун?!

Унинг овозини деворларгина эшитади. Бундан қиз баттар ўт бўлиб ёнди. Йўқ, ётолмади. Ташқарига югуриб чиқди. Ечиниб, ўзини сувга отди. Сузди. Тинимсиз сузди. Бир қанча вақт сув остига шўнғиб, юзага чиқмади. «Қани энди ўлиб қолсам! — деб ўйлади. — Дарвоқе, шундай қилсам-чи? Ҳеч ким билмайди. Эртага дачанинг эгаси келади. Шунда мен шишиб кетган ҳолимда юзада қалқиётган бўламан. Онадан қандай туғилган бўлсам, шундайлигимча. У қўрқиб кетади. Дарров милиция чақиради. У ёғи сўров-қистов: «Қачон бўлди? Нега бундай бўлди? Ким билан келган? Ҳеч ким билан… Нега? Бўлиши мумкин эмас!..» Саволларнинг бирортасига ҳам жавоб топишолмай ўликхонага обориб ташлашади. Кейин ёришади. Ичак-чавоқларимни шундоқ тоғора ичига ташлашади. Худди молникидай. Йўқ, йўқ. Менинг танамни ҳали шунақа хўрлашадими? Йўқ, бундай бўлмайди. Осонликча жон бермайман. Иззат-икром билан кўмишларини хоҳлайман. Лекин ҳозир эмас, эртага, индинга, беш, ўн, балки, ўттиз-қирқ йилдан сўнг…»

 

***

 

 

У сув юзига чиқди. Қўрққанидан жунжикди. Кейин ҳавзадан чиқиб, ётоққа югурди. Артинмади. Ётмади. Озгина серрайиб турганидан сўнг ҳаммомга кирди. Илиққина сувни устидан қуйди. Кейин ҳаммомдан чиқди-да, юмшоққина халатга ўранди.

У каравотига бориб ўтирганида анча енгил тортганди. Аммо Отабекнинг гаплари негадир сира хаёлидан кетмаётганди. «Бундан чиқди, қўшиқчиларнинг ҳаммасини шунақа деб ўйлашаркан-да! Хотинига дори бериб ухлатиб қўйибди… Кошки эди, аёли хунук, қўпол бўлса. Замонавий, ширин сўз, оппоққина. Бунинг устига, доим кулиб туради. Шундай соҳибжамолга хиёнат қилмоқчи бўлдинг-а, ярамас! «Ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймас», деб сендақаларга айтишади-да ўзи…» — Нозима хаёл билан бўлиб, беихтиёр телефонини ёқди ва шу заҳотиёқ тиринг-тиринг этиб кетма-кет SMSлар кела бошлади. Аҳмаддан, Лайлодан. «Қаердансан? Нега йўқолдинг? Инсоф борми сенда? Ҳеч қурса, тўй қилаётганларни ҳурмат қилсанг бўларди! Одамни шарманда қилдинг-ку. Огоҳлантирганингдаям майлийди» ва ҳоказо, ва ҳоказо. Нозима уларни ўқиркан юзида табассум пайдо бўлди.

— Қадримга етаркансизлар-ку. Менсиз қийналаркансизлар-ку, — деди ўзига ўзи.

Кейин дарров экранда Аҳмаднинг исми пайдо бўлди. Нозима бир муддат олсамми-олмасамми, деб ўйланиб турди. Сўнг бечора шунча диққат бўлибди, ортиқ азобламай, деган ўйда яшил тугмачани босди.

— Нозима! — деди Аҳмад ҳовлиқиб.

— Лаббай, — деди Нозима нозланиб.

— Пичоқсиз сўйдингиз-ку!

— Нега?

— Нима деганингиз бу?! Миқ этмасдан қаерга суриб юбордингиз? Сўкиш эшитмаган одамим қолмади! Одам ҳам шунақа бўладими?!

— Шошманг, шошманг, ҳовлиқманг, мен ҳам инсонман. Қурбақани боссангиз, вақиллайди. Лекин мени топтаб ташлашяпти-ку, бировингиз ҳолимдан хабар оляпсизми?! Сизларга тўй, пул керак! Бошқа нарсани ўйламайсизлар. Мен-чи, эзилиб юравераманми?!

Аҳмад жим бўлди.

— Телефонимга келган расм сизникига бормадими?! Продюсери билан юраркан, деган шармандачилик сиз учун шунчаки нарсами?!

Нозиманинг кўзидан ёш оқди. Боя салгина енгил тортганди. Бирпасда яна устига тегирмон тоши тушгандай бўлди. Қисқа муддатда Нозима: «Нега телефонни ёқдим-а?!» дея хаёлидан ҳам ўтказди.

— Қаердасиз? — дея сўради Аҳмад бир муддатли жимликдан сўнг.

— Тоғда.

— У ёқда нима қиляпсиз?

— Тоғда нима қилади?

— Ким билан?

— Менинг бирорта яқиним бормидики, бирга келсам…

— Ҳозироқ келинг.

— Йўқ.

— Унда мен ёнингизга бораман.

— Хотинчангиздан рухсат олиб айтяпсизми шу гапни? Яна ярим кечаси, бу ёғи тайёр гўшт, — дея кесатди Нозима.

— Рухсат оламанми-олмайманми, бу менинг ишим. Бўлди, ҳозир йўлга тушяпман, — дея Аҳмад телефонни ўчирди.

У пўписа қилган одамнинг чақиришини оқшом соат тўққизларгача кутди. Нафақат кутди, балки юрагини ҳовучлаб ўтирди. Одатда, мижозлари билан кўча-кўйда учрашар, буюртма оларди. Бунисини эса нима жин уриб уйи ёнига чақирди. Кўришганида юмшоқ гапирганди у. «Дўстим тўй қиляпти, битта яхши тўёна қилай, деб анчадан бери кўнглимга тугиб юрардим. Юзимни ёруғ қилиб берасиз», деганди. Ҳа, худди шундай юмшоққина гапирганди. Ваҳоланки, афт-ангоридан жаҳлдорлиги кўриниб турарди. Аҳмад: «Сира хавотир олманг, кўнглингиздагидай бўлади», дея юз кўкини гаров сифатида олиб қолди… Энди манави қўшиқ.

У уйига борганидан кейин ҳам бир жойда ўтиролмади. Ҳали у хонага, ҳали бунисига киради. Ҳали ошхонадан бир нималарни қидиради. Бироқ қидирганини тополмай хуноб бўлади. Кетма-кет уф тортади. Эрининг аҳволидан Шаҳноза ҳам эзилади. Ичи ачийди унга. Ваҳоланки, куни кеча бу эрни гўрга тиқишга тайёр эди. Шаҳноза қўрқади. Эрининг бошини силашга, кўп сиқилаверманг, деб юпатишга қўрқади. Баттар жаҳли чиқиб кетади, деб ўйлайди. Шу боис боласи билан андармон бўлади. Бироқ икки қулоғи эри томонда.

Нозимага қўнғироқ қилганда у ҳам ўрнидан сапчиб турди. Секин, оёқ учида юриб, эри ўтирган ошхона эшиги ёнига борди. Қулоғини динг қилди. Эрининг ҳовлиқиб гапирганларини эшитди. Ичидан зил кетди. Нега ялинади? «Тур, йўқол!» десин. Унинг ўрнига бошқа биттасини, тузукроғини топади. Ифлос, гўрингга йўқоласанми? Ҳамма нарсангни тайёрлаб берган бўлса. Маза қилиб юрган бўлсанг. Битта дискни тиқасан-да, жарақ-жарақ пул оласан. Яна ҳар куни еб-ичишинг шоҳона бўлса. Агар эрим бўлмаганда, шуларнинг бирортасига эришолармидинг? Ҳеч қачон», дея кўнглидан ўтказди Шаҳноза. Бу орада Аҳмад бораман, деб телефонини ўчирди. Шу заҳоти Шаҳноза ётоққа кетди. Аҳмад кўрмади, сезмади, деб ўйлаганди аёл. Бироқ у кўриб қолган экан. Ортидан келганидан сўнг:

— Локаторинг ҳамма гапни илиб олдими? — деди қошини чимириб.

— Йў-ў-қ, ўзим сира келавермаганингизга хавотир олиб қараётгандим. Кимгадир бораман деганингизни эшитиб, дарров изимга қайтдим. Менга қаранг, ҳозир тўйчилар билан кўришмаганингиз маъқул. Бўлса-бўлмаса, ичиб олишган. Бунақанги пайтда борсангиз, бирон нима қилиб қўйишади. Агар жуда боргингиз келса, укам билан боринг, шунда кўнглим хотиржам бўлади, — дея ялтоқланди Шаҳноза.

— Нозима топилиб қолди. Падар лаънатини бориб олиб келмасам, эртанги тўйларнинг ҳам расвоси чиқади. Яна биттасида навбатчимиз, — деди Аҳмад ва кийимларини алмаштириш учун шкафни очди.

— Ундай бўлса, боринг, адаси. Фақат кўп қолиб кетманг.

Шаҳноза шундай деб чаққонлик билан эридан олдин кийимларни олди. Унинг кийинишига ёрдамлашди. Кейин юзидан ўпиб, кузатди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ