Ҳикоя: Гўшт қидирган қассоб

0

Ҳўкизни Асқар қассоб чошгоҳга етиб саранжомлади: сомсахонага тарқатди, полвон «қиз узатди»га деб олди. Кейин ўзининг чори қўчқорини бўғизлади, униям сотди. Элда тўй-маърака кўп, гўшт қолармиди.

Кеч тушгач, Асқар қассоб гўштхонани ёпиб, уйга кетишга чоғланди. Қумқайроқ, пичоқларни энди латтага ўраган ҳам эдики, аёл кишининг чақириғидан ўнгланиб, эшик томонга бир-икки одим ташлади.

— Бобоси, бир кило гўшт тортинг! — деди Муқаддас келин чангакда осиғлиқ чарви ортидан мўралаб.

— Куни билан қаёқда эдинг? — деди қассоб уни койигандек. — Суяги қолди.

— Югур-югурдан қўл тегармиди? Иши қурғурнинг охири йўқ. Тугади деманг, ҳамма масаллиғини тайёрлаб қўйганман.

— Шукрда ҳам гўшт бориди…

— У ёққа бориб келгунча…

Асқар қассоб кулди:

— Учган-тушгани бор, келин! Яна қовурға гўшт! Бир кило чиқмаса, хафа бўлмайсан. Биласан-ку, бизнинг бўрдоқининг суягиям гўштдай гап. Шўрва қилсанг, бетидаги мойни кўравер.

Муқаддас келиннинг юзи ёришди:

— Барибир, суяги камроқ бўлгани яхши.

— Овқат суяк билан ширин-да, таъм беради.

Қассоб қолган қовурғани тарозига қўйди, икки палла қимирласа-да, тенглашмади.

— Айтдим-ку сенга, чиқмайди.

— Нега чиқмас экан! Сизга граммигача тенглашмаса, беҳисоб. Бераверинг! — деди бўйнини чўзиб келин. — Кеч қолиб кетмасин.

Қассоб гўштни тезда қоғозга ўраб, Муқаддасга узатди.

— Темир дафтарингизга ёзиб қўйинг! — деди келин кулиб. — Ҳа, бунча қовоғингизни уйдингиз, кўчиб кетяпмизми, берамиз.

Асқар қассоб қўлини докага артди: «Оббо, сал кам бўлди-да! Меҳмонга бораман, дедими? Ярим оқшом кимнинг кўзи учиб турибди. Доим шу, кеч тушгач келади…»

* * *

Муқаддас келин шошиб кетаркан, хаёлидан ўтказди; «Ҳам ошга, ҳам кўргалига камлик қилади-ёв! Юз грамм кўпроқ бўлганда, бола-чақанинг тилига таъм тегарди. Буни кимнинг оғзидан топаман, ҳайронман?!»

У йўлда тўхтаб, Шукур қассобнинг гўштхонаси томонга қадам ташлади-ю, тағин фикридан қайтди.

Дарвозадан ичкарига ҳатлаганида, тўнғичи Ойдин қозон бошида тимирскиланиб юрар, ўчоққа ўтин қалаб, аланглаб кўчага қараб қўярди.

Онасига кўзи тушгач, қизгина саллониб чопиб келди-да, деди:

— Сиз кетгач, у ёқдаям борми, йўқми деб, дугонамникига чиқувдим, топилди. Ўшани амаллаб пиширдим. Бобомникидан берган экан…

— Ҳа, ўтган сафар бизга берувди, бунисида дугонангга… Қишлоқда нечта уй бор, ўҳ-ҳў, унга ўнта қўчқор ҳам етмайди. Ҳа, барибир, ўзимизники-да. Қўрққанидан эмас, сийлаганидан беради, — деди Муқаддас қизига гўштни узатаркан ва тўсатдан хаёлига келган фикрдан қувонди. — Қассобникидан гўшт узилмайди. Укангга айт, хўрозни ушласин!

* * *

Қассобнинг хотини Ойсулув момо кун бўйи меҳмон кутди, кузатди. Энди каравотга кўрпа тўшаб, ётмоқчи эди, эрининг овози эшитилди:

— Дарров чўзилиб олибсан!

Момо эрини қаршилади.

— Келин тушириб, бемалол ўтираманми девдим, қаёқда!

— Тегирмон тош юргиздингми, кундаги меҳмонда! Кўрдингми, қўчқор семиз чиқди. Қолганини кўнгилетарларга тарқатдингми? Муқаддас келин гўшт излаб, тентираб юрувди, бергандирсан!

Момонинг лаблари учди:

— Туёғигача тарқатдим, бу сафар…

Унинг гапи тилида қолди.

— Яхши қипсан, қўни-қўшни қўй сўйибди, деб эшитса, томоғи тушади.

— Гап сўраб, охиригача эшитмайсиз. Муқаддас овсин қуруқ қолди.

Қассобнинг пешонаси тиришди:

— Оббо, аввал гўштни бўлиб, кейин тарқатмайсанми? Аёл зотига соч мўл бериб, ақлдан қисганда.

Момо тўнғиллади:

— Меҳмон келувди, нима, тишининг кавагини сўриб ўтирадими?

Асқар қассоб белбоғини ечиб, хотинига узатди.

Момони ўй тутди.

Бобо чарчаган эса-да, аллақандай ғайрат билан дарвоза томон юрди.

— Чой қайнатсин, келинга айт.

Шу пайт дарича ғийқиллаб, бир қора кўринди.

— Момоси оёқ узатиб ётибдими, дейман?

Муқаддас келин каравот томон келаверди: қўлида устма-уст қўйилган лаган.

— Нима ташвиш, келин? — сўради қассоб.

Муқаддас келин момо билан кўришди.

— Тўйга ҳормага келганим йўқ эди, шунга?

Қассобнинг негадир юзига иссиқ қон югурди. У секин изига қайтиб, пул тугулган белбоғни очиб, ип ўралган бир даста беш юз сўмликни олди-да, кўчага ошиқди.

— Товуқ шўрвадан ичиб кетинг, бобоси! Иссиғида яхши-да!

— Бу овқатинг совуса яхши-да, келин! Дарров қайтаман, кетмай тур!

Шундан сўнг қассоб тўғри нариги қассобхонага жўнади: ярим оқшомда бир амаллаб гўшт топиб келди, лекин ҳамма унинг гўшт излаб юрганига ҳайратланди. Яна денг, ўзи қассоб бўлса. Бу ёғи энди, ўзбекчилик-да, шундай қилмаса, бу урф — қассобнинг кўнгикетарларга илинадиган доимий ушури тугайдими?..

Олимжон ЖУМАБОЕВ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here