АРТИСТ… (12-қисм)

0

 

 

* * *

 

Машинасининг моторини ўт олдирган Аҳмадни бирдан шайтоний ҳислар эгаллаб олди. «Тоғда. Дала ҳовлида. Бир ўзи. Аввал индамаган бўлсам ҳам, энди сени ўзимники қилиб оламан!» деган ўй ўтди унинг хаёлидан.

У машинасини ҳали жойидан қимирлатмасидан қўнғироқ бўлди. Аҳмад: «Бўлди, мен бугун Нозимадан бошқа ҳеч ким билан гаплашмайман», деган хаёлда телефонини ўчирмоқчи бўлиб қўлига олганида, экранга кўзи тушди. Қўнғироқни айнан Нозима қилаётган экан. «Бирон нима олиб келинг, деса керак», деган ўй хаёлидан яшин тезлигида ўтди-ю, илжайганча яшил тугмачани босди.

— Аҳмад ака, овора бўлманг, мен йўлга тушдим. Анча юриб қўйдим. Эртага гаплашамиз, — деди Нозима ва телефонини ўчирди.

Аҳмад сувга тушган мушукдай бўшашиб кетди. Ҳамма нарсадан бирдан кўнгли совиди. «Шуям ҳаётми, бир мартагина кўнглимдагидай яйрайман, дегандим, шуям насиб қилмади-я… Шошма, нималар деяпман? Мен бунақа чалғимаслигим керак. Ҳақиқий тадбиркорни ҳеч нима чалкаштирмаслиги лозим. Унинг бош вазифаси пул топиш. Мўл-мўл, қоп-қоп пул топиш!»

Аҳмад машинадан тушди. Уйига кирди. Хотинига «Сира оёғим тортмади. Хаёлимда йўлда биронта фалокат юз берадигандай туйилаверди. Шунинг учун бормадим. Қўнғироқ қилдим. Ўзинг кел, дедим. Бундай ўйлаб қарасам, жа-а талтайиб кетибди. Эртага гаплашиб, орани очиқ қиламан. Ё бор бўлсин, ё умуман кўзимга кўринмасин. Яхшликни билмаган ҳайвон», деди. Уни хотини дарров қўллаб-қувватлади: «Тўғри қиласиз, олдинроқдан жиловини тортиш керак эди. Пул қутуртирган-да».

Нозима эса Аҳмадни алдаганди. У йўлга чиқмаганди. Биринчидан, оқшом. Бундай пайтда дала ҳовлининг эгасини чақириб бўлмайди. Тўғри, чақирса келади. Лекин эркак киши-да. Бунинг устига, Нозима уни дугоналарим келади, деб алдаган. Қолишини Аҳмадга айтса, у пайдо бўлади ва гарчи шу пайтгача чегарадан ўтмаган эса-да, орада шайтон бор. Мана бунақанги жойда у билан ёлғиз қолиш… Худо кўрсатмасин.

Қиз тўшакда талай муддат у ёқдан-бу ёққа ағдарилиб ётди. Ўзиям минг марта Отабекнинг гаплари қулоғи остида жаранглади. Минг марта ундан жирканди ва охири ухлаб қолди. Тушига алмойи-алжойи нарсалар кириб, уйғониб кетганида кун ёйилиб кетган экан. Тургиси келмади. Бир муддат кўзини очиб бақрайганча ётди. Кейин бирдан кеча Аҳмадга эртага гаплашамиз, деган гапи хаёлига келиб, дарров ёстиқдан бошини кўтарди. Ювинди, кийинди. Нарсаларини машинага ортди. Дала ҳовлининг эгасини чақириб, калитни берди. Кейин жўнаб кетди.

Уйининг олдига етиб, машинасининг эшигини очаётганида Аҳмаднинг уловига кўзи тушди. Мийиғида кулди. «Ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим. Битта ёлғоним очиладиган бўлди. Лекин нима қилибди? Бу шунчаки яхши ёлғон эди. Агар ўша ёлғоним бўлмаганида, ҳозир энди нима қиламан, деб бошимни чангаллаб ўтирган ва ҳеч шубҳа йўқки, онамнинг тақдири бирма-бир кўз ўнгимдан ўтаётган бўларди», дея ўйлади қиз.

У шошилмай юкхонадан нарсаларни олди. Шошилмасдан эшикни қулфлади ва шошилмасдан уйига кетаётганида Аҳмад эшигини очди. Тушди. Нозимага яқинлашиб кела бошлади. Гарчи қизнинг айтадиган гапи кўнглида эса-да, юзи қизарди. Ўзини безовта ҳис этди.

— Уйга кириб гаплашамизми ёки шу ернинг ўзидаёқ ҳал қилиб қўя қоламизми? — деди Аҳмад Нозиманинг саломига зўрға алик олиб.

— Нима десангиз шу? — дея жилмайди Нозима.

— Унда кирайлик. Ҳар қалай, қўни-қўшниларингиз бор…

— Бу билан нима демоқчисиз? — сўради Нозима шу заҳоти юзи жиддий тус олиб.

— Гапларимиз нозикроқ бўлади-да.

— Майли, унда юринг.

У Аҳмадни ошхонада қолдириб, ўзи кийимларини алмаштириб чиқди. Кейин чой қўйди. Сўнгра келиб Аҳмаднинг қаршисига ўтирди.

— Чиқимни баравар кўтарамиз, — деди Аҳмад унга тикилиб.

— Қанақа чиқим?

— Тўйга буюртма олиб қўйгандик. Лекин бормадик. Эвазига уларнинг закладини қайтариб бериш керак.

— Ҳамма пул ўзингизда-ку, бераверинг, — деди Нозима пинагини ҳам бузмасдан.

— Шундай қилардим, агар улар ўн баробар қилиб қайтарасан, дейишмаганида, — деди Аҳмад кўзини олайтириб.

— Хўп, ўн баробари қанча бўларкин? — дея Нозима бармоқларини қисирлата бошлади.

— Биттасиники минг. Умуман, уч минг.

— Дунё эмаскан-ку. Бир ярим бераман, кўнглингиз хотиржам бўлсин. Бу биринчиси. Иккинчиси, менга кўзингизни олайтирманг. Хотинингиз эмасман. Кейин ҳеч нимани ўз-ўзимдан қилганим йўқ. Агар ҳар қадамимни пойлашмаганида, бўлар-бўлмас нарсаларни суратга олаверишмаганида, тинчгина яшашимга ҳадеб ҳар томондан халақит бераверишмаганида, ҳеч қаёққа кетмаган, одамлардан безмаган бўлардим.

— Менга осон деб ўйладингизми? Ёки сизга қилишганини менга қилишмади, дейсизми?

— Сиз эркаксиз, ўзингиз билан мени тенглаштирманг! — бақириб юборди Нозима.

— Шунинг учун ҳам чидаяпман. Менинг ўрнимда бошқа бўлганида аллақачон орани очиқ қилиб ташларди. Ўзи охирги пайтларда ёмон ўзгариб кетгансиз… Ҳамма нарсани устимга ағдаришингиз камлик қилгандай, миқ этмасдан бир гўрларга йўқолиб қоляпсиз!

— Шунақа денг. Жуда яхши, — дея Нозима шартта ўрнидан турди-да, ётоқхонасига югурди. Сейфдан бир ярим минг доллар олди. Ортига худди шундай югуриб келди ва қўлидаги пулни Аҳмаднинг олдига ташлади.

— Мана, олинг. Орамиз очиқ!

— Йўқ. Битта нарсага келишиб оламиз.

— Нима яна?!

— Менинг ҳомийлигимда яратилган қўшиқларнинг бирортасини ҳам айтмайсиз! Уларнинг ҳаммаси менинг мулким!

— Мулким? — дея жилмайди Нозима. — Наҳотки? Шунақа деб қаерга ёзиб қўйилган экан?

— Ёзилмаган бўлса ҳам, мен пул тўлаганман.

— Ва қайтариб олгансиз. Камида ўн баробар қилиб. Бошида уч минг тиккандингиз, қолган пулларнинг ҳаммасини ишлаб топилганларидан тўладингиз. Ўзи олдинги сафар шунақанги майнавозчилик қилганингизда йиғиштиришим керак эди. Айтиб қўяй, бу сафар Лайло ҳам ёрдам беролмайди! Кетинг энди!

Аҳмад пулни олди-ю, ўрнидан турди. Ўтирган стулини бир тепиб ағдарди. Сўнг чиқиб кетди. Лекин эшикни шунақанги қарсиллатиб ёпдики, деворлар зириллади.

— Сендақа пулпарастлар билан ишлагандан кўра, уйим мана шундай зириллагани минг марта афзал! — деди Нозима ва эшикни қулфлади.

 

 

***

 

 

У қаҳва дамлаб ичди. Нонушта қилди. Ётоғига кириб, шифтга термулганча каравотида ётди. Мияси бўм-бўш. На бирон нима ўйлайди ва на ухлай олади. Рост, у биринчи марта бундай аҳволга тушмаяпти. Тез-тез, айниқса, охирги пайтларда жудаям тез содир бўляпти.

Беш, ўн, йигирма дақиқача шу зайлда ётгач, ўрнидан сапчиб турди. «Куй басталашни биламан-ку! Институтда ҳаммадан зўр басталаган пайтларим бўлган. Ҳозир шундай қиламан!» дея ўйлади.

Нозима шоша-пиша жавонда қатор терилиб турган китобларни бирма-бир қўлига олиб, варақлаб кўрди. Ҳаммаси шеърий тўпламлар. Энди пайдо бўлганларидан тортиб классикларгача.

— Козим Олғир, — дея пичирлади у, — илгари иккита шеърини қўшиқ қилганман. Зўр чиққан. Яна пичоққа илинадигани бормикин? Мана, ўша шеъри. Ҳозирги руҳиятимга мос тушади. Буни шундай қўшиққа айлантирайки, эшитган дод деб юборсин!

Юрагим, юрагим, юрагим…

Бесабр, бетуйғу, бемажол.

Шодлик қувғинидаги,

Қайғу чангалидаги

Бечорагина

Менинг юрагим!..

Унинг юзида табассум пайдо бўлди. «Мусиқа тайёр!» — шундай деб меҳмонхонага кирди, пианино қаршисига ўтирди ва кўзини юмганча секин куй чала бошлади… У чалаётганини илгари қаердадир эшитгандай бўлди. «Демак, бор», деди ўзига ўзи. «Бошқача бўлиши керак, бошқача», деган хаёлда яна шеърга кўз югуртирди. Бир, икки… Беш марта ўқиди, кейин пианинони бошқатдан чалди. Куй ўзгарди. Маҳзун куй. Яна озгина жило бериш керак. Демак, бошқа мусиқа асбоблари қўшилади. Ана ундан кейин бошқача жаранглайди…

Қиз ишига берилиб кетди. Соат миллари қимирлаяпти, вақт ўтяпти. Бир маҳал эшик қўнғироғи жиринглади. Нозима чўчиб тушди. Сўнг жаҳли чиқиб: «Ким экан бевақт безовта қилган ярамас?!» дея кўнглидан ўтказди. Қўнғироқ яна жиринглади.

— Уфф, ҳозир мендан оладиганини олади, — деб ўрнидан турди-да, шахдам қадам босиб эшик ёнига борди. — Ким?!

— Мен Лайломан, Нози, — деган овоз келди эшик ортидан.

Нозиманинг юзи ёришди.

— Айни вақтида келдинг, — дея калитни икки марта шарақ-шуруқ қилиб буради-да, эшикни очди.

— Ўртоқжон, ҳозир мен сени еб қўяман! — деди Лайло унинг бўйнига осилиб.

Улар ачомлашиб кўришишди.

— Уйга кир, — деди Нозима дугонасининг қўлидан тортиб. — Зўр нарса топиб қўйдим. Худо хоҳласа, унча-мунчасини синдириб ташлайман! Шунақанги зўр мусиқа, қўшиқки! — деди Нозима Лайло оёқ кийимини ечишга улгурмасидан.

— Йўғ-э, ҳиндларникими ё туркларники? — сўради Лайло кипригини пирпиратиб.

— Қанақа ҳинд, қанақа турк, ўзим ёздим, ўртоқжон, ўзим! Ҳали фақатгина менинг миямда, бунча имилладинг, тезроқ еч туфлингни!

— Ҳозир, ҳозир…

Нозима уни меҳмонхонага бошлаб кирди-да, пианино қаршисига ўтирди ва сокин куй чаларкан, ҳозиргина ёд олган шеърини хиргойи қила бошлади. Лайло унга тикилиб тураркан секин бошини чайқаганча Нозимани маҳкам қучоқлаб, иккала юзидан чўлпиллатиб ўпди.

— Зўрсан, даҳшатсан! Бўларкан-ку! Сен ҳаммадан ўтиб кетасан! Сени кўролмаганлар оёғинг тагига ўзларини ташлашади.

— Раҳмат, ўртоқжон! Бу ҳали ҳаммаси эмас, мусиқа аранжировкадан чиққанидан кейин бир эшитсанг, жудаям бошқача бўлади.

— Қойил! Қачон улгура қолдинг? Мен сени абгор бир аҳволда йиғлаб ётган бўлсанг керак, деб ўйлагандим.

— Аслида ҳам шундай эди, — деди бирдан хомуш тортиб қолган Нозима. — Юр, ошхонага кирайлик. Қаҳва ичамиз.

— Нози, анавининг жонимга тегиб кетди. Кеча эрталабдан уйимга борибди, — деди Лайло дугонаси гугурт чақиб газни ёқаётганида.

— Қайси анавиним? — дея унга юзланди Нозима.

— Аҳмад аканг…

— Қўй, ўшанинг исмини тилингга олма. Расво одам экан. Бўлди, у билан бошқа ишламайман.

— Тўғри қиласан. Ҳамма меҳнат сенинг бўйнингда, лекин у қўлини совуқ сувга урмасдан пулнинг катта қисмини чўнтагига уриб юрибди. Ҳалиям компьютерни зўр биладиган танишимнинг борлиги, бўлмаса, дабдаласи чиқиб кетарди унинг, — деб Лайло оёқларини чалиштириб олди-да, юбкасининг этагини бироз тортиб қўйди.

— Қанақа танишинг, нима қилдинг? — деди ҳайрон бўлган Нозима.

— Интернетдаги расмларни танишим йўқ қилиб берди-да. Аҳмад билан тушган расмларингни айтяпман. Менга қара, ўпишга бошқа одам қуриганмиди сенга? — дея Лайло ликобчадаги узумдан бир донасини оғзига солди.

— Бу сен ўйлаган нарса эмас. Шунчаки ўринсиз гапириб қўйгандим. Баъзан шунақа бўлиб қолади-ку. Ўшани кечиримига ўпиб қўювдим. Ҳайронман, ҳаммаёқ қоп-қоронғи эди. Уйим ёнида. Симёғочдаги чироқнинг куйганига анча бўлган. Шундоқ ўпиб қўйиб, машинадан тушдим. Ўшани қандай суратга олган, ким олган, сира ақлимбовар қилмаяпти. Тавба, одамларнинг бошқа қиладиган иши йўқми, нима бало?! Хуллас, ҳаммасини унут. Тамом. Мен Аҳмад билан орани очиқ қилдим. Энди у менинг продюсерим эмас. Ўзига бошқасини топиб олсин, — дея Нозима Лайлога тикилди.

 

***

 

 

Лайло унинг нигоҳига дош беролмай кўзини олиб қочди, «Мендан шубҳаланяпти», деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди унинг.

— Ҳа, нима бўлди? Нега тикилиб қолдинг?

— Хаёлимга битта фикр келди. Бирга ишласак, нима дейсан?

Лайлонинг ичида шу заҳоти аланга пайдо бўлди. Аммо у усталик билан буни яшириб:

— Тушунмадим, қандай қилиб мен сен билан ишлайман? Санъатни тушунмасам… яна қайдам, — деди.

— Тушуниб кетасан. Бунинг унақанги мураккаб томони йўқ. Қолаверса, сен асосан олди-берди ишлари билан шуғулланасан. Бунинг санъатга алоқаси йўқ. Хуллас, нима дейсан?

— Ўйлаб кўришим керак.

— Ўйлашга вақт йўқ. Тамом-вассалом.

— Сен шундай дер экансан, қолаверса, бундай ўйлаб қарасам, бир-биримизни яхши тушунамиз. Менимча, ёмон бўлмаса керак. Майли, бу ёғи таваккал. Энди айт, нимадан бошлаймиз ишни?

Нозима бирдан жавоб бермади. Қаҳва дамлади. Ўзи ва дугонасининг чашкасига шакар солди. Пешонасини тириштириб ўйлади: «Нимадан бошлайман? Нимадан? Нимадан бошласам, ишларим тез ривожланиб кетади?»

Саволларнинг охири кўринмас, Нозима эса бирортасига ҳам жавоб тополмасди.

— Топдим! — дея ҳайқирди, ниҳоят, қаҳвадан бир ҳўплагач. — Топдим, энг аввал Нодира опамга қўнғироқ қиламан.

— Ким у Нодира опанг? — сўради Лайло киприкларини пирпиратиб.

— Маънавий устозим. У киши мени танимайди. Лекин ёшлигимда унинг қўшиқларини эшитиб, албатта, худди ўшандай қўшиқ айтаман, деб орзу қилгандим. Қара, ёмон номардман-да. Улғайдим, институтни битирдим, озми-кўпми элга танилдим, лекин ёнига бирор марта ҳам бормадим. Энди бораман, дуосини оламан. Ана ундан кейин иш бошлайман.

— Яхши, — деди Лайло энсасини қотириб, — дуосини олдинг, ундан кейин нима қиласан?

— Имижимни ўзгартираман.

Лайлонинг юзи шу заҳоти ёришди.

— Мана буниси бошқа гап! Сен дуо деб калламни қотирасан. Имижни ўзгартириб туриш омад калити, мен сенга айтсам, ўртоқжон. Хўш, аввало, сочдан бошлаймиз. Ҳозир сочинг сариқ. Ҳамманинг кўзига сариқ сочли бўлиб қолгансан, энди қора рангга бўясанг…

— Йўқ, — деди бирдан Нозима, — менга қора соч умуман ярашмайди. Яхшиси, оч шоколад рангига бўяйман. Илгаридан буни режалаштириб қўйганман.

— Кел, ундан кўра мода журналини кўрайлик, ўзингга мос келадиганини топамиз. Сен баданингнинг рангиниям эсингдан чиқармаслигинг керак. Оппоқ одамга оч шоколад ранг мос келадими-йўқми? Биринчи муаммо шунда. Кейинги ишимиз лабингни шишириш бўлади.

Нозима ялт этиб Лайлога қаради. Лабини тишлади. Жилмайди.

— Менинг лабим шунчалик ҳам ингичками? — деди ҳайрон бўлиб.

— Бе, лабинг зўр. Лекин сен бутунлай ўзгаришинг керак. Тушуняпсанми? Одамлар бутунлай бошқача хонандани кўришлари керак. Ундан кейин лаб шишириш мода бўлган. Ана, нечтаси телевизорга чиқяпти. Менимча, ёмонмас.

— Сенга ёмонмасдир, лекин менга умуман ёқмайди. Тавба қилдим, битта-иккитасиники шунақанги беўхшов чиққанки, кўриб, юмшоқ қилиб айтганда, энсанг қотади.

— Юмшатмай айтсанг-чи?

— Эй-й, гапирма, иштаҳам бўғилади… Шошма, ундай қилайлик, бундай қилайлик билан вақтни ўтказиб юборяпмиз, — дея Нозима телефонини олиб рақам терди. Бирпасдан сўнг: — Озодахон, ассалом алайкум, ҳимм, мен Нозимаман. Мен қўнғироқ қилмасам, хонимчанинг хаёлига ҳам келмайди, тўғрими? — деб телефонда гаплаша кетди.

—…

— Ҳаҳ-ҳаҳ-ҳа! Қўйсангиз-чи, хоним. Мана, эслаб турибман. Азбаройи иш учун эмас, — деди Нозима Лайлога кўзини қисиб қўйиб. — Соғлиғингни билиш, ҳол сўраш учун қўнғироқ қиляпман.

—…

— Нима? Ҳа… Ўргилай кўзларингдан! Болаларинг катта бўляптими?

—…

— Ўзиям асал болалар туққансан-да. Насиб бўлса, албатта, бораман яқин кунларда. Айтганча, Озода, Нодира опанинг телефон рақамини билардинг, а? Нима, ўзгариб кетгандир? Уй телефони камдан-кам ўзгаради.

Шундай деб Нозима лабини тишлаганча бир муддат жим турди. Кейин «Ёзяпман, ёзяпман», деди. Рақамларни айтиб турди. Лайло телефонига ёзди.

— Ҳали яна қўнғироқ қиламан. Роса соғинганман. Бирорта қаҳвахонада ўтириб гаплашамиз. Болаларингни менинг номимдан ўпиб қўй, бўпти, жоним, яхши ўтир. Йўқ-йўқ, иш билан эмас, ҳол сўраш учун қўнғироқ қилгандим. Хўп, хайр.

Нозима телефонини ўчирди. Кейин Лайлога қараб жилмаяркан:

— Барибир, сезди. Лекин унинг аразлаганича ҳам бор. Менимча, тўйида уни кўргандим. Бойвачча йигитни топиб тегволди. Шу-шу институтда ўқигани ҳам бир пул бўлди. Бўлмаса, яхшигина овози бор эди, — деди-да, дугонасидан Нодира опанинг телефон рақамини кўчириб ёзиб олди. Сўнг қўнғироқ қилди. Бахтига, рақами ўзгармаган экан. Бунинг устига, нариги томондан гўшак тезда кўтарилди. Жавоб бергувчининг овозини эшитишингиз билан ёшгина ўсмир қиз кўз ўнгизга келади.

— Нодирахон опамнинг уйими? — сўради ундан Нозима киприкларини пирпиратиб.

— Худди шундай. Ким қўнғироқ қилаётганди? — деди нозик овоз эгасининг товуши салгина қалинлашиб.

— Мен Нозимаман. Хонанда. Шогирдлари бўламан.

— Қайси Нозима?

Овоз янаям йўғонлашди.

— Тижорат каналида ҳар куни клипим айланяпти. Агар Нодирахон опам уйда бўлса…

— Мен Нодирахон бўламан.

Нозима Лайлога қаради. Сўнг лабини тишлади.

— Ия, — деди кейин бирдан, — танимабман, Нодира опа. Мен сизга ўзингизни кўрмасдан шогирд бўлиб юрибман.

— Имм, шунақами? Шогирдларим кўп, Худога шукр. Бирон гапингиз бормиди, Нозимахон?

— Ёнингизга бориб, дуонгизни олсам дегандим.

— Майли-ку-я, мен эртага чет элга учиб кетаётгандим-да. Бир ойлардан кейин кўришсак бўладими?

— Ҳа, хўп. Сиз нима десангиз шу…

Нозима шундай дейиши билан алоқа узилди. У қулт этиб ютинди. «Наҳотки мен сиғинар даражада ҳурмат қиладиган, ҳар сафар қўшиқларини эшитганимда қотиб қоладиган аёл шу бўлса?!» дея кўнглидан ўтказди.

— Ҳа, нима бўлди? Нима деди? — дея унга тикилди Лайло.

— Ғалати гаплашди. Мен сенга кундошингмидим? Ёки ҳақингни едимми, совуқдан совуқ гапирасан? Олдинига кичкина қизчаларнинг овозида…

— Эркаклар қўнғироқ қиляпти, деб ўйлаган бўлса керак, — дея Лайло қиқирлаб кулди, кейин қўлини ҳавода силкитди. — Биринчиси расво бўлди!

Лайло маза қилиб кулди. Нозиманинг жаҳли чиқди. Шунинг билан бирга тишини тишига босди. Лайлога бирон нима деб юборишдан қўрқиб:

— Битта овқат қилайлик. Қорним очди, — деди.

Бу ҳам тилни боғлашнинг бир йўли. Кейин дарров ишга киришди. Пиёз, картошка арчди. Қозонни газ пилитага қўйди ва энди музлаткичдан гўштни олганди, кутилмаганда телефони жиринглаб қолди. Экранга қарамасдан ёқиб, қулоғига тутди.

— Сен Нозимамисан? — деди эркак киши.

— Ҳа, мен. Кечирасиз, ўзингиз ким бўласиз?

— Ҳар қалай, ҳозирча онангга ҳам, сенга ҳам бегонаман. Расво! Нега менинг тўйимнинг пачағини чиқардинг?! Мен уйингнинг ёнида турибман. Туш пастга! Бўл тез!

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ