АРТИСТ… (13-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

Нозима титраб кетди. Дераза ёнига борди. Пастга қаради. Оппоқ «Nexia»га кўзи тушди. «Шунда бўлса керак бу ярамас», дея хаёлидан ўтказди ва:

— Ким бўлсанг ҳам машинангнинг рақамини кўрдим. Ҳозир милицияга хабар бераман. Ана ундан  кейин кўрасан пўписа қилиш қанақа бўлишини! — деди.

Мулойимлик билан юмшоқ овозда гапирди. Шу заҳоти осмондан келаётган одам телефонини ўчирди. Пастдаги машина жойидан қимирлади.

Нозима изига қайтиб келди.

— Лайло, бугуннинг ўзидаёқ бошқа телефон рақам олишим керак. Бу Аҳмад ҳали ҳар балоларни ўйлаб топади. Тинчгина яшашимга, ижод қилишимга қўймайди у! — деди ва стулга ўтирди-да, кафти билан юзини бекитди. Бошқа пайт бўлганда йиғларди. Аммо энди ўзига ўзи «Ҳар нарсага ҳам кўзимдан ёшимни оқизавермайман», деб ваъда бериб қўйган.

— Бугун алмаштирамиз, — деди унга тикилиб ўтирган Лайло.

Нозима кафтини юзидан олмай гапирди:

— Бугунмас, ҳозир, мана шу дақиқада.

— Бўлди, мен кетдим, — деб Лайло ўрнидан дик этиб турди ҳамда кўз очиб юмгунча ташқарига чиқиб кетди.

Лайло телефон рақамини олганидан кейин озгина юриб тўхтади. Аслида, ҳеч қанақанги рақам олгани йўқ. Ўзида бор эди. Ҳар эҳтимолга қарши олиб қўйганди. Мана, энди асқотиб турибди. Шунчаки машинасига Нозима кўрсин деб ўтирди. Нарироққа, кўздан нарига кетди, тўхтади. Машинадан тушди. «Ярамас, олифта, сен мени югурдагингга айлантириб олдингми?! Бекорларнинг бештасини айтибсан! Сен эмас, мен сени ноғорамга ўйнатаман!» дея хаёлидан ўтказди ва дарров Аҳмадга қўнғироқ қилди.

— Ҳа, нима гап? — деди Аҳмад дағал овозда.

— Вой, акагинам, дарров менга заҳрингизни сочманг. Ҳамма ҳам Нозима эмас. Сиз Нозимадан ололмаганингизни бошқалар бериши мумкин. Унинг телефон рақамини ёзиб олинг. Янгисини, акагинам, янгисини. Фақат бугунмас, эртагами, индингами қўнғироқ қиласиз, келишдикми?

У жуда тез гапирди. Аҳмадга сўзлаш имконини бермади ва тез телефонини ўчирди. Қилган иши ўзига ҳам ёқиб, турган жойида сакради ва машинаси томон югурди.

Нозима пианино қаршисида бир нуқтага термулгача қотиб ўтирарди. Лайло кетганида эшикни унинг ортидан қулфламаган эди. Яна қайтиб келганида безовта бўлмайин, хаёлим бўлинмасин, деди. Бироқ Лайло келди-ю, барибир, хаёли бўлинди.

— Кетворган, жанона рақам олдим. Охирги тўртта рақами бир. Яна-чи, арзимаган, йигирма беш кўкига беришди. Оператор «Ўзи шу нархда компаниядан олгандим. Чиройли бўлганингиз учун сизга олганимга беряпман», деди. Лекин-чи, Нози, ўша боланиям кўриниши ёмон эмас экан, — дея жилмайди Лайло.

— Кўринишини пишириб ейсанми? — деб Нозима дарров сим картасини алмаштириб, газетага қўнғироқ қилди.

— Меҳрихон, танимадингизми?

— Овозингизни танидим. Лекин телефон рақамингизни ўзгартирибсизми? — деди Меҳрихон салом берганидан кейин.

— Фақат телефон рақамни эмас, продюсерни ҳам. Битта интервью уюштирсак. Сизга айтадиган гапларим кўпайиб қолди.

— Тушириб кетдими?

— Фақат туширганда майли эди. Ҳозирча, Меҳрихон, анави шоу янгиликлари саҳифангиз бор-ку, ўшанга продюсерим ўзгарганини ёзсангиз. Умуман мен билан боғланмоқчи бўлганларга ўзингизнинг рақамингизни берсангиз. Майлими, жон ўртоқ?

— Бўлмасам-чи. Қачон келасиз?

— Ўзим қўнғироқ қиламан.

Шундай дегач Нозима телефонини ўчириб, Лайлога жилмайиб боқди:

— Ўзи ҳаммасини сотиб, шу қизга едириш керак. Виждонлилардан биттаси. Энди, ўртоқжон, сенга битта илтимос. «Нафис» фотостудиясига борсанг. Ўша ерда Баҳром исмли йигит ишлайди. Эртага ўндан иккигача буюртма олмай турса. Мен бораман.

Лайлонинг энсаси қотди. Жаҳли чиқиб: «Продюсер деганлари ғирт хизматкорнинг ўзи бўларкан-ку, уни қил, буни қил, фалонни олиб кел, пистончага айт… Нима, мен кўчада қолганманми?!» деди ичида. Аммо Нозимага юзланиб:

— Хоним, — деди зўрға аламини яшириб, — битта қаҳвага қалайсиз?

— Майли, ичамиз. Сен дамлаб тур, мен унгача мусиқамнинг қолганини ёзай. Мана, кўрасан, даҳшат чиқади.

Лайлонинг тепа сочи тикка бўлди. Аммо у заҳрини сочишга улгурмади. Энди оғиз жуфтлаганида Нозима ўрнидан сапчиб турди-да, меҳмонхонага югурди. Бирпасдан сўнг унинг пианино чалаётгани эшитилди.

— Заҳарни ич! — дея ўзига ўзи тўнғиллади Лайло. — Қаҳва эмиш. Падарқусур, олдин менга йигирма беш кўкини бер. Сўмда берсанг ҳам бўлаверади. Тўртта бир, а! Арзон айтиб қўйдим. Юз эллик минг десам ҳам бўлаверарди. Лекин, барибир, чиқариб оламан. Ҳеч бўлмаса сенинг уйингда овқатланиб.

У қаҳва дамлади. Фақат ўзи учун. Кейин ҳузур қилиб ичди-да, диванга узала тушиб ётганча мода журналини варақлади. Бир нималарни ўқиган киши бўлди. Кейин пешонасини тириштирди. «Одамлар қандай ўқиркан?» деди. Сўнг: «Ўқиш ҳолва бу нарсаларни, ёзиш ёмон азоб бўлса керак», деб қўйди.

Нозима қайтиб келганида дугонаси пишиллаб ухлаб ётарди. Пешонаси терлабди, оғзидан сўлаги оқибди. Нозима шунчаки кулиб қўйди. Қаҳвани эслади. «Лайло дамламоқчийди. Бечора, роса чарчаганга ўхшайди», деб ўйлади у ва ўзи бошқатдан чойнакни газга қўйди. Сув қайнагунча оловга термулиб турди. Кейин қаҳвасини кўтариб меҳмонхонага кириб кетди. Берилиб, тўкилиб, сел бўлиб ишлади. Мусиқа ҳам яхшигина сайқалланиб қолди. Овози ҳам мослашди. Назарида жонли ижрода бемалол айта оладигандай туйилди. Кейин: «Бирорта яхши қўшиқчининг ёнига бориб, ундан маслаҳат олишим, қўшиқни хиргойи қилиб беришим керак. Нодира опа сабил қолгурнинг ҳам кўришгиси келмади. Ўзича менсимади. Лекин ҳали шошмай турсин, чангимда қолдириб кетаман. Ундан кейин ўзи атрофимда гирдикапалак бўлиб қолади. Худди шундай бўлади. Бунинг учун мен жоним борича ишлайман!» дея ўйлаб, ўрнидан турди.

Нозима яхшилаб чўмилиб чиққанидан кейин қараса, Лайло уйғонган, аммо ўрнидан қимирламай ётибди.

— Калла пишдими? Энди, хоним, юринг, сочларимизни бўятиб келамиз. Турмагиниям ўзгартирамиз. Бир хил қилиб оламиз, — деди дугонасига қараб.

Улар йўлга отланишди. Негадир Лайлонинг сира қовоғи очилай демасди. Манзилга етиб боргунларича Нозима унинг чиройини очиш учун ҳаётида рўй берган қизиқ-қизиқ воқеаларни гапириб берди. Аммо, барибир, Лайло очилмади. Ҳаттоки сочини бўятишга бўятиб, турмаклашга қолганида кўнмади. «Мен ўзгартирмоқчимасман. Аввал қандай бўлса, шундайлигича қолсин. Энди иккаламиз инкубатордан чиққан жўжаларга ўхшаб юрмаслигимиз керак-ку», деди.

— Энди бозорга борамиз, — деди гўзаллик салонидан чиққанларидан сўнг Нозима. — Бугун сенга боплаб қўлбола ош дамлаб бермоқчиман, нима дейсан?

— Яхшиси, мен уйга кетаман. Бошим оғриб турибди. Боя бекор ухлаган эканман. Ўзи кундузи ухласам, ҳар доим шунақа аҳволга тушаман, — дея баҳона қилди Лайло.

У сир бой бермайдиган даражада пишиқ эмасди. Шу боис ёлғонларни тўқиб ташлаётганида юзи қизариб кетди.

— Тўғри айтасан. Кундузи ухлашнинг кўп хосияти йўқ-да ўзи. Ана, юзинг қизарди. Майли, ўртоқжон, хоҳласанг,

уйингга олиб бориб қўяман. Машинангни кейинроқ олиб кетарсан, — деди унга астойдил ичи ачиган Нозима.

— Ойимни биласан-ку, сал нарсадан шубҳа қилиб қолади. Машина қани, сен нимадир қилгансан, деб тинка-мадоримни қуритиб ташлайди. Оғриган бошимни баттар оғритади.

У машинасини миниб кетди. Газни босаётганида жилмайиб қўйди.

Нозима уни кузатиб, уйига киргач, роса ишламоқчи эди. Бўлмади. Турган жойида уй томонга кўз ташлади. Худди зиндонга ўхшаб кўринди уйи. «Бозорга бораман. Одамларни кўраман. Гаплашаман. Савдолашаман. Ундан кейин келиб ош қиламан. Лекин қилган ошимни ким ейди? Бир ўзим. Уфф, бўлмайди. Жонимга тегиб кетди ҳаммаси», — дея машинасига ўтирди. Ҳайдади. Қаерга кетаётганини билмайди. Шунчаки ҳайдаб кетяпти. Светофорларда тўхтаяпти. Бироқ тўхтаётганини ўзи билмайди. Бир маҳал ўлимни кўнгли тусаб қолди. «Энг тўғри йўл шуми дейман. Ўласан. Тамом-вассалом. Ҳеч нимага ҳожатинг бўлмайди. Емайсан, ичмайсан. Қоп-қора гўрда зах босиб ётасан… Шошма, эшитишимга қараганда, тана кийимдай бир гап экан. Ўлганингдан кейин ўша кийимингни ташлайсан-да, учиб кетасан. Бундан чиқди, қабрда сен ётмайсан, тана деб аталадиган кийиминг ётади… Эй-й, нималар деяпсан, Нози, ҳисоб-китоб, дўзах деган гаплар бор» У шундай хаёлга борганида олд томонида бир аёл кўрингандай бўлди. Бирдан тормозни босди. Машина ғилдираклари чийиллади. Унга қўшилиб Нозиманинг ўзи ҳам бақириб юборди. Ҳартугул аёлга етишига бир қарич қолганида улов тўхтади. Нозима машинадан шоша-пиша тушди. Ранги докадай оқарган, рўмол остидан оппоқ тўзиган сочлари кўриниб турган, қадди хийла букик бир аёл қалтираб турарди. Нозима оёғини зўрға судраб босиб, унинг ёнига борди. Тиз чўкди. Оёқларини қучоқлади, сўнг ҳўнграб йиғлаб юборди. Гапиролмайди. Тили калимага келмайди. Фақат ҳўнграйди.

 

 

***

 

 

Бирпасда «Lacetti»нинг орқа томони бошқа машиналар билан тўлди. Ҳамма бараварига сигнал чаларди. Кимлардир машинадан тушди. Олдинига бақиришди. «Ҳайдамайсанми?!» дейишди. Бир-иккита тил-жағига кучи етмаганлар Нозиманинг қариндош-уруғини эслашди.

— Онахон, — деди, ниҳоят, Нозима, — тегиб кетмадими?!

— Қизим, нима бўлди ўзи?! Мени уриб юборай дедингми?

Нозима қўллари қалтираб, секин бошини кўтарди ва кўрдики, аёл бутунлай бошқа томонга гапирар, киприги пирпирамас, кўз қорачиқлари қотиб қолгандай эди.

— Онахон, сиз мени кўрмадингизми? Машинани кўрмадингизми? — деди Нозима ундан нигоҳини узмай.

— Қизим, кўзим бўлса кўраман-да. Билмай йўл ўртасига чиқиб қўйибман-да. Бу қаерга кетаётганимни билмасам… Мени кечир, қизим!

Нозиманинг эти музлади. У ўрнидан турди-да, аёлни қучоқлади. Кейин:

— Қаерга десангиз, ўзим олиб бориб қўяман, — деди.

Кампир ўша пайтда карахт бир ҳолатда эдими, ҳартугул, индамай унга эргашди. Машинага қизнинг кўмагида ўтирди.

— Қаерга борамиз, онажон? — деди Нозима машинани жойидан қимирлатиб йўл чеккасига ўтказиб тўхтатгач, кампирга юзланаркан.

— Қаерга? Қаерга? — деб кампир бир-икки марта бурнини тортди.

У йиғлаётганди. Аммо кўзидан ёш оқмасди. Йиғлашидан фақат бурун тортиши далолат бериб турарди. Бироқ бундай манзарага илк бор дуч келиб турган Нозима унинг йиғлаётганини билмади.

— Уйингизнинг қаердалигини айтсангиз, олиб бориб қўяман, онахон, — деди ҳамон ундан кўзини узмай ўтирган Нозима.

— Уйим йўқ, болам, — жавоб берди кампир.

— Бирорта вилоятдан келганмисиз? Ким сизни олиб келган? — сўради Нозима ажабланиб.

— Мен асли шу ерликман. Лекин уйим йўқ. Битта бола… Унинг овози ингичкароқ эди, шунга бола бўлса керак, деб ўйлайман-да, чолим ўлиб, ёлғиз ўзим қолганимда қараб тураман сизга, деб меникида яшаб юрди. Уни мен кўрмаганман. Чолим ана ўламан-мана ўламан, деб мени кўр қилиб қўйди. Шўрликнинг ўлганини ҳам ҳаммаёққа ис тарқаб кетганидан кейин билганман… Хуллас, ўша бола олдинига нон-чойимдан хабар олиб турди. Овқат ҳам қилиб берди. Бунисини айтмасам, ёлғон гапирган бўламан. Кейин орадан бир йилча ўтиб, қандайдир қоғозларга қўл қўйдирди. Сўнг сизга бу ер бўлмайди, иссиқ-совуқ суви бор, ширкат иситадиган жойга олиб бораман, деди. Меники ҳовли эди-да.

Кампир сўзлашдан тўхтаб, чуқур-чуқур нафас ола бошлади. Лаби учди. Нозиманинг пешонаси тиришди. Энди у нафас олишга қийналарди.

— Мен у олиб борган жойда бир ой турдим. Шундай кунлар бўлдики, ейишга бир бурда нон тополмай қолдим. Кейин битта одам келиб: «Бу менинг уйим, нима қилиб бу ерда турибсиз, сизни бу ерга ким олиб келди?!» дея дағдаға қилди. Мен йиғлаб, унинг оёғи остига ўзимни ташладим. Барака топкур, яна бир-икки кун сабр қилиб туринг, Обид келса, мени бошқа жойга олиб бориб қўяди, ўз уйимга, дедим. Обид келди. Мени олиб кетди. Кейин «Сизнинг еб-ичишингизга пул тополмай қолдим. Пенсия пулингиз урвоқ ҳам бўлмаяпти, пул ишлаб топишингиз керак», деб йўл бўйига ўтқазиб қўйди. Мен ҳеч нимани кўрмайман, машиналар шовқинидан улар қайси томондан ўтаётганини биламан, шу томонга қўлимни чўзиб ўтираман. Барака топсин, одамлар пул бериб кетишади. Шундаям Обид қурмағур кам, дейди. Ҳаммаси майда пуллар, дейди. Мени уришади.

Кампир Нозимага юзланди. Унинг кўзлари бутунлай бошқа томонга қараб турарди.

— Қизим, илтимос, менинг гапларимни Обидга айтиб қўйманг. Ўзи сал овсарроқман-да, ким озгина яхши гапирса, ичимда борини тўкиб ташлайман.

Нозима кампирнинг қўлидан ушлади. Қизнинг юзини кўз ёшлари ювмоқда эди.

— Хавотир олманг. Ҳеч қачон ҳеч кимга чурқ этмайман.

— Ҳмм, — деб бошини қимирлатди кампир, — мен кейин кимки қўлимга пул тутқазса, каттароқ пул беринг, дейдиган бўлдим. Билмадим, бердими-бермадими? Лекин Обид, барибир, мени ҳар куни кечки пайт уришиб берарди. Шунга қараганда, одамлар оз пул берган бўлишса керак-да. Аммо барака топкур Обид нонимни, чойимни канда қилмай ҳар куни бериб туради. Бир хилда йўл бўйида роса очқаб кетаман. Билади-да у, билади. Қаердан бўлсаям етиб келади-да, овқат ташлаб кетади. Ҳа, гўштли пирожкалар ҳам берган пайтлари бўлган.

Нозима азбаройи бақириб юбормаслик учун тишини тишига маҳкам босди.

— Бўлди, — деди зўрға, — бўлди, онахон, бундан бу ёғига йўлда ўтирмайсиз. Менинг

уйимга борасиз. Ўзим сизга қарайман.

— Ундай дема, болам. Ундай дема. Обид мени уришади. Унинг айтишича, ерга кирсам ҳам топиб оларкан. Танишлари кўп экан. Кейин сенгаям юк бўламан-да, қизим.

— Йўқ! Мен ўзим ўша туллак Обиднинг терисини шилиб оламан. Ҳали уйингизни тортиб олгани, йўл бўйига чиқазиб қўйгани учун қаматиб юбораман у итни! — дея Нозима газни босди.

Кампирни уйига киргизди. Ечинтирди. Чўмилтирди. Ўзининг кийимларини кийгизди. Нозима нозик эди. Шунга қарамай унинг кийимлари кампирга катталик қилди. Кампир худди қоп ичида тургандай бўлиб қолди. «Одам ҳам шунчалик кичкина бўлиб қоладими?!» деб эзилди Нозима. Кейин тикувчисига қўнғироқ қилиб буюртма берди.

— Роса яхши атирнинг ҳиди келаркан

кийимларингдан, — деди кампир жилмайиб, — лекин мен…

— Сиз сира хавотир олманг. Менинг кийимларим жудаям кўп. Ҳали сиз билан она-бола бўлиб кетамиз. Энди овқат қиламиз. Сиз ўтириб гап бериб турасиз, мен дарров жиз-биз қилиб ташлайман.

Шундай ҳам қилди. Иккиси маза қилиб овқатланишди. Кейин Нозима бозорга бориб келишини, ошга масаллиқ зарурлигини айтди. «Қизим, мени деб куйинма, мен шу еган овқатим билан яна икки кун юроламан», деди. Нозима ичидан зил кетди. Ўша Обид деган ярамас одамни топгиси, бўғиб ўлдиргиси келди.

— Бундан бу ёғига ундай бўлмайди. Бундан бу ёғига ҳар куни энг ширин овқатларни едираман сизга, — деди қиз ва бозорга югурди.

У аравакаш йигитни мутлақо эсидан чиқариб юборганди. Эҳтимол, кампир бўлмаганида эсларди. Бироқ ҳозир эсига тушмади. Шоша-пиша бозорлик қилиб юрганида биров:

— Арава керакмасми? — деб сўраб қолди.

Овоз ниҳоятда таниш эди. Шу боис Нозима бирдан ортига ўгирилди. Дарров таниди. «Менинг азобли кунларимни бошлаб берган бола», деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди.

— Ия, сизмисиз? — деди йигит ҳам уни таниб. — Телефонда гаплашмаётганингиз учун орқангиздан танимабман. Кейин сочингизниям ўзгартириб олган экансиз.

— Шунга нима қилибди? Ўшанда маза қилиб устидан кулдим. Машинасининг ҳам пачағини чиқардим. Лекин у қасдини ололмади, деб терингизга сиғмай юрибсизми?! — деди Нозима қовоғини осилтириб.

— Йўқ, ундай демадим. Яна бир марта келиб қолса, маза қилиб уришардим, деб кутиб юргандим. Ҳар куни сизни излайман. Лекин сиз қайтиб қорангизни кўрсатмай кетдингиз.

Нозима аламидан кулди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ