ОЛЛОҲНИНГ КАРОМАТИ… (ёхуд америкалик аёл қўлидаги 30 та лотереянинг ҳаммасига пул ютиб олди)

0

 

Американинг Виржиния штатига қарашли Ричмонд шаҳрида яшовчи Дебора Браун деган аёл кейинги пайтларда хаёлида 1, 0, 3, 1 рақамлари ҳадеганда айланаверишидан ҳайратга тушарди. Бу ҳодиса якун топа қолмагач, дафъатан шаҳардаги лотерея ўйини эсига тушиб қолди. Лотереяда пул ютиш учун 4 рақамни тўғри белгилаш талаб этиларди. Дебора Браун хаёлига ёпишиб олган рақамларни худонинг каромати деб билди ва шоша-пиша 30 дона лотерея чиптаси сотиб олиб, барчасида 1, 0, 3, 1 рақамларини белгилади. Нима деб ўйлайсиз? 30 та чиптанинг барчаси ютуқли чиқди. Ютуқнинг энг катта миқдори 5 минг долларга тенг бўлди. Умумий ютуқ эса 150 минг долларни ташкил этди.

— Мен 30 та лотерея чиптасини 30 доллар эвазига сотиб олгандим, — дейди Дебора Браун. — Аввалида ўйлаганимдек, бу худойимнинг кароматилиги рост экан. Худойим менинг раҳмимни еди. Минг шукр!..

Лотерея ўйини ташкилотчилари ҳам аёлдан кам ҳайратланишмади. Уларнинг айтишича, бу ўйинда 10 минг кишидан фақат бир киши ютуқ эгаси бўла оларкан.