ҚАРИБ ҲАМ ҚУЮЛМАГАН ҚАЛЛОБ…

0

 

 

ҚАРЗНИ ТЎЛАБ ҚЎЙ, КАЛЛАКЕСАР!

 

 

Ёши олтмишдан ошаёзган Мўмин молфуруш таниш дарвозага яқин келиб уёқ-буёққа ўғринча қараб қўйди-да, серсоқол юзларини асабий силаб бир муддат жимиб қолди.

— Шу энағарникига келдим дегунча юрагим оғрий бошлайди-я! — ўйларди у кўк рангга бўяб қўйилган темир дарвозага алам билан боқиб. — Шунча қатнадим, бир сўм чиқаргиси келмайди. Қачон қараса, баҳона топади… Йўқ, бунақаси кетмайди. Бугун орани очиқ қилмасам отимни бошқа қўяман. Ҳали қараб турсин, Мўминнинг кимлигини билиб олади…

— Собир, ҳой Собир!.. — бақирди дарвозани оёғи билан қайта-қайта тепиб. — Оч эшигингни!.. Оч дедим!..

Орадан бир-икки дақиқа ўтиб ичкаридан эркак кишининг йўталгани эшитилди ва дарвоза очилиб, Мўминнинг рўпарасида Собир қассоб пайдо бўлди.

— Ҳа-а, сизмидингиз? Келинг, келинг, ака, қани, ичкарига!..

Мўмин истар-истамас уй эгасига қўл бериб кўришди-да, қовоғини уйганча ҳовлига қадам қўйди. Ичкарида Собир қассобнинг ўн еттига тўлиб-тўлмаган қизи Маъмура узун сочларини елкасига тушириб олганча ҳовли супурарди. Мўмин қизнинг бўлиқ гавдасига, қоп-қора сочларига, кафтлари тўсиб турган бўлса-да, ҳийла очилиб қолган сийналарига ҳирс билан қараб қўйди-да, мақсадга ўтди.

— Хўш, қассоб, қарзни тайёрлаб қўйдингми?

Собир қассоб бошини қашиб ерга боқди.

— Энди… Ака, ўзингиздан қолар гап йўқ. Бозорнинг мазаси бўлмаяпти. Буни ўзингизам кўриб юрибсиз…

— Нима қилай мазаси бўлмаса?.. Мен сендан бир миллион пулимни сўраб келдим. Қани пул?..

— Ҳали мундоқ йиғинолганим йўқ, ака! — деди Собир қассоб айбдорларча бош эгиб. — Келинингизнинг йилиниям… Кўрдингиз, амал-тақал ўтказдим.

— Вей, каллакесар, — бирдан ҳақоратга ўтди Мўмин. — Қассобман, мени ҳеч нарса қила олмайди деб ўйлаяпсанми? Вей, энангни учқўрғондан кўрсатиб қўяман, билдингми?! Бор пулни опчиқ!.. Э, кунига икки-учтадан мол сўясан йўқ деганда… Мени аҳмоқ деб ўйладингми? Бор дедим, нега қоққан қозиқдай серрайиб турибсан?..

Бу гап Собир қассобнинг нафсониятига тегди. Беихтиёр ранглари оқаринқираб (жаҳли чиқса, шундай ҳолатга тушарди) Мўминга ҳезланди.

— Ким каллакесар?.. Молфуруш, сен кўпам ҳаддингдан ошавермагин! Бераман ўша пулингни ўлмасам!..

— Ие, ҳали мени қўрқитмоқчи бўляпсанми-а?.. Мени-я?.. Ҳаддингдан ошмагин-да, пулни опчиқ!..

— Пулим йўқ ҳозир! Нимага тушунмайсиз?.. — яна ўзини босиб «сизлаш»га ўтди Собир қассоб. — Кап-катта одамсиз-ку!..

— Айт, сенинг олдингга нечанчи келишим-а? Нечанчи келишим, айт!..

— Ҳа… Олтинчиси…

— Кўрдингми? Одамда сал инсоф бўлиши керак… Ҳозирги замонда катта пул берганлар устига фоиз олишади. Мен сендан фоиз талаб қилганим йўқ-ку, ўзимнинг пулимни сўраяпман.

— Бўпти, ака, тушундим… Худо хоҳласа, бир ҳафта ичида қарзимни узаман.

— Йўқ, — деди Мўмин ҳовли супуриб бўлиб ичкарига кириб кетаётган қассобнинг қизига яна бир тикилиб оларкан. — Бугун кечқурун яна келаман. Агар тайёрлаб қўймасанг… Қизинг Маъмурани опкетаман… Ҳа энди, ўзинг биласан, уйда ёлғизман…

— Нима?.. Қизимга тил теккизма!.. Ҳозир…

— Вей, намунча ҳезланавермасанг? Мелисага бермаганимгаям шукр қил!

Собир қассоб кутилмаган ҳаракат билан Мўминнинг ёқасидан олди.

— Қизимга тил теккизма, ҳароми!..

— Торт қўлингни!.. Йўқса…

— Нима қиласан? Урасанми? Ур!..

Мўмин бир силтанишда қассобнинг қўлларидан чиқди-да, сал нари бориб қўлларини бигиз қилди.

— Мана кўрасан, кечқурун келганимда бир милёним тайёр бўлмасин… Мен айтганини қиладиган одамман…

— Мана сенга пул! Бир тийин ҳам бермайман.

— Кўрамиз.

Шу билан суҳбат якун топди. Мўмин қўлларини мушт қилганча, сўкина-сўкина қассобнинг ҳовлисини тарк этди.

 

 

БОСҚИН

 

 

Жазавага тушган Мўмин кечгача ўзига кела олмади. Ҳар эҳтимолга қарши йигирма беш ёшлардаги яқин улфати Маъруфни чақириб келди.

— Менга қара, бир иш бор. — деди у йигитга. — Агар қойиллатсанг, арра қиламиз.

— Нимани арра қиламиз, ака?

— Қизни, аҳмоқ, қизни!

— Ие, қанақа қиз?

— Собир қассобнинг қизини ўғирлаш керак.

Маъруф таниш исмни эшитиб орқага тисланди.

— Ўйлаб гапиряпсизми? Ахир…

— Нима? Қўрқиб кетдингми?.. Тўхта, сен машина олмоқчиман, озгина пул етмай турибди дегандинг-а?

— Ҳа. Икки минг кўкида етмай турибди.

— Ана, мабодо, ўша қизни ўғирлаб, ими-жимида менинг қўлимга топширсанг, икки минг қарзни ўзим бериб тураман…

— Тўғри-ку-я, — ўйчан жавоб қилди Маъруф. — Аммо… Қассобни яхши биламан-да!.. Битта-ю битта қизи… Э, ака, шайтон йўлдан оздирибди сизни. Бир маҳаллада яшаб туриб ҳам шундай қиладими одам?..

— Менга ақл ўргатма! Пул керак бўлса, мана сенга имконият.

— Йў-ўқ, қамалиб кетишни истамайман. Мени тинч қўйинг!

— Ўзингам қуёнюрак экансан. — қўл силтади Мўмин. — Бор, тошингни тер, сендақаларга битта гапни айтиб бўлмайди… Менга қара, агар бировга чурқ этсанг…

— Мен унақа одам эмасман. Хотиржам бўлинг, орамизда қолади…

Маъруф чиқиб кетгач, Мўмин кечгача кўчага чиқмай, турли режалар тузди. Маъмурани қандай қўлга тушириш-у, уйга олиб келиб қандай йўл билан «иш» битириш йўлларини излади…

Ниҳоят бир қарорга келди шекилли, қоронғи тушишини пойлаб соат тахминан кечки ўнлардан кейин дала йўл билан қассобнинг томорқаси орқали ҳовлига кириб борди. Бу вақтда қишлоқ одамларининг деярли барчаси ухлашга ётишади. Қассобнинг ҳам чироқлари ўчирилганди…

“Мен сенга кўрсатиб қўяман қарз узмаслик қанақа бўлишини. — кўнглидан ўтказди Мўмин Маъмура ётадиган хонанинг деразаси остига яқинлашиб. — Жонингни суғуриб олганимда биласан пулнинг қанчалик ширинлигини…”

У қулоқларини дераза ойнасига тираб қизнинг ухлаган-ухламаганини текшириб кўрган бўлди. Хона ичи жим-житлигига амин бўлгач, аста нари бориб Собирнинг хонасини ҳам шу тахлит текширди. Бу хонада ҳам сукунат ҳукмрон.

— Ўла, — дея пичирлади Мўмин. — Ўликдай қотиб бўпсан-ку!.. Қўлидан ҳеч вақо келмайди деб ўйлагансан-да!.. Мишиқи-ей, қассобман, мени ҳеч ким чув туширолмайди деб хаёл қилсанг, адашасан. Чунки, сен шохида юрсанг, биз баргида юрамиз… Эҳ, ўзи анчадан бери шу дўмбоқ қизи тинчимни ўғирлаганди… Хотинсизлик қурсин…

Шу тобда кутилмаган ҳодиса содир бўлди. Мўминнинг елкасига кимдир қўлини қўйди-ю, ўзига қаратди.

— Соби-ир!..

— Сен ярамас, барибир итлигингча қолибсан-да-а?.. — бу қассоб эди. Бир қўлида мол сўядиган пичоқ, иккинчи қўли эса, Мўминнинг томоғидан бўғди. — Ҳозир сени чавақлаб ташлайман-да, кейин ўзим мелисага бораман… Ҳали-чи, қизимга манаман деганиям кўз олайтира олмаган… Энди сен қари тулкига тушиб қолибдими?!.

— Қўйвор, — хириллаб қассобнинг қўлидан чиқишга уринарди Мўмин. — Ўлдириб қўясан, хунаса!.. Қўйвор!..

Собир қассоб уни судраклаб бир четга олиб ўтди-да, бир зарб билан ерга ётқизиб, устидан оёқлари билан босиб олди.

— Калимангни келтиравер, молфуруш! — деди хотиржамлик билан пичоқнинг учини унинг қорнига тираб. — Бировнинг гулдай қизига кўз олайтириш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман сенга!..

— Пулни берр!.. — ҳануз хирилларди Мўмин. — Пулимни бер дедим!..

— Пулингни қиёматда оласан энди… Одамга ўхшаб гапимга қулоқ солганингда олардинг. Энди бўлса…

— Йўқ, ўлдирма, қассоб!.. Жон ука, бу шаштингдан қайт!.. Бир умр хизматингни қилай!.. Майли, ўша ярамас пулдан ҳам кечдим…

Собир қассоб негадир бўшашиб Мўминни қўйиб юборди. Ялинишлари кўнглини бўшатиб юборди чамаси.

— Бор уйингга, даф бўл! — деди секин. — Иккинчи қорангни кўрмай!..

— Раҳмат сенга, ука, раҳмат!.. Кечир!..

Қўрқиб кетган Мўмин қандай томорқа тарафга югуриб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди…

Собир қассоб бирпас унинг кетидан тикилиб турди. Молфуруш ҳамон қоронғиликда ҳарсиллаганча чопиб борарди…

 

 

ШАЙТОН ЙЎЛДАН УРГАНДА…

 

 

Афсуски, қассобнинг кечирганидан керакли хулоса чиқариб олмаган Мўмин эртасига куппа-кундуз куни дўкондан келаётган Маъмуранинг йўлини тўсди…

Қишлоққа кираверишда ҳеч зоғ кўринмасди. Йўлнинг икки чети дала. Мўмин атрофда ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, қизнинг йўлига кўндаланг бўлди.

— Оҳ, она қиз, мен сени эрталабдан бери кутаман-а! — дея Маъмуранинг қўлларидан ушлашга чоғланди у. — Жуда гўзалсан-да!..

— Қочинг, йўлимни тўсманг! — Мўминни четлаб ўтишга уринди қиз. — Дадамга айтиб бераман… Кап-катта одам уялмайсизми?..

— Ие, шундай қизни кўрган эркакда уят нима қилсин?.. Қани, қучоғимга киргин-чи!..

Мўмин кутилмаганда Маъмурани қучоқлаб тутлар ораси оша бедазорга олиб ўтди ва таппа ерга босди. — Ҳозир ўзим сени…

Маъмура жонҳолатда бақирар, типирчилаб Мўминнинг қучоғидан чиқиб кетишга уринар, аммо кучи етмасди…

Орадан беш дақиқалар ўтиб…

Мўмин Барибир мақсадига етолмади. Қиз ўзини қурби етганича ҳимоя қилди. Бироздан сўнг эса, Мўминнинг чотига кучи борича тепиб жонҳолатда уйи томон чопиб кетди…

Маъмура йўл-йўлакай қон йиғлаб қарғанар, нима деётганини ўзи билмасди…

Шу тобда қишлоқ тарафдан қўшнилари Мерган муаллимнинг машинаси келиб қолди. Маъмура икки қўлини кўтариб машинани тўхтатди…

— Сенга нима бўлди, қизим? — Мерган муаллим бир қочиб бораётган Мўмин томонга, бир Маъмурага тикилиб сўради.

— Анави… Анави пес мени…

— Нима?.. — Муаллим ҳаммасини тушуниб етганди. Ҳеч нарса демай Маъмурани машинасига ўтқазди-ю, Мўминнинг ортидан қувлади…

Қолган воқеалар худди ўқувчи ўйлаганидек якун топди албатта…

Яъни, ўша куниёқ қишлоқда «Собир аввал Мўминни, кейин ўзини сўйиб ташлабди» деган хабар тарқалди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here