Шеър: «Уйингизда бир “мужик“ йўқми? Мен мебелсиз хотин оламан!»

0

Орсизликми? ёки пасткашлик,
Ҳодисотга ҳайрон қоламан,
Сизда қандай фикр билмам, лек,
Мен мебелсиз хотин оламан.

Эмиш эпли келинлар сепли,
Мақолинга ўт тушсин, хўпми?
Уйингизда бир “мужик“ йўқми?
Мен мебелсиз хотин оламан.

Эркаклари бўлса зардали,
Аёллари бўлар пардали,
Ўзбекка ор, бу – урф шармандали,
Мен мебелсиз хотин оламан.

Қилган эмиш орзу-ҳаваслар,
Ўғлин сотиб қўйган нокаслар,
Бўлди қилинг, эй молпарастлар,
Мен мебелсиз хотин оламан.

Итальянча мебелдан кўра,
Кел зах ерда ётайлик , жўра,
Куёв салом қилгим йўқ сира,
Мен мебелсиз хотин оламан…

Мебель олиш кўрсанг гар лозим,
Шимни тез еч, кийиб ол лозим,
Сенга эмас шеърим, овозим,
Мен мебелсиз хотин оламан.

“Турецкий сарпо қимапти“,
Дебди “Эркак“ ва тўй тўхтапти,
Куёвчак бу ишинг бўмапти,
Мен мебелсиз хотин оламан.

Қиз ўстириб ва тарбиялаб,
Узатсинми сенга бож тўлаб?
Инсоф бергин ҳар кимга, ё Раб,
Мен мебелсиз хотин оламан.

Бир умр ит бўлгандан кўра,
Бир ой итдек ишлайман, жўра,
Ўзинг сотиб олсанг, “кайп“ бирам,
Мен мебелсиз хотин оламан .

Уйни кўрки парда, гиламмас,
Ёки қиммат мебель биланмас,
Хотин олинг иймон билан бас,
Мен мебелсиз хотин оламан.

Донолардан олдим ўгитни,
Манглайига берсин йигитни,
Нарсапараст йигит йигитми?
Мен мебелсиз хотин оламан.

“Повут“ бериб қўйсанг хотинга,
Бир кун келиб солса бетинга,
Юмшоқ мебель ботар “кетинга“,
Мен мебелсиз хотин оламан.

Қайнота, бир дуони қилинг,
Қизингизни сепсиз оламан,
Сарпосига иймонин беринг,
Мебелига виждонин беринг,
Мен мебелсиз хотин оламан.

Тингла, дўстим, мендаги оҳни,
Бу “урф“ларни юлиб отайлик,
Умматимиз Расулуллоҳни,
Кел, мебелсиз хотин олайлик.

Шеърни ўқиб қолсанг, эртага,
Кўрмасликка олма жўртага,
Духинг етса айтчи ҳаммага,
МEН қўй эмас, қўчқор боламан,
ВА МЕБЕЛЬСИЗ ХОТИН ОЛАМАН.

Мен #чалленжни бошладим мана,
Ҳўш? бўйдоқлар давом этинг қани?
Қайтарамиз ушбу жумлани:
Мен товуқмас , хўроз боламан,
ВА МЕБЕЛСИЗ ХОТИН ОЛАМАН.

Баҳодир Искандаров