ЙИҒЛАМОҚ ОСОНМАС БЕУНДАН-БЕУН…

0

 

 

КЕШ ДАЛАСИ

(Амир Темур хотирасига)

 

Кеш даласи-қонли дала.

Бузрукворнинг нидосидек шошқингина янтоқзор.

Туш эмасми?

Бир лаҳзада макр-у фитна қон бағирда тимдаланиб тинганди.

Эгик бошлар узра бадавий тиғ сермаланиб синганди…

Ахир… Ахир…

Жуда узо-оқ таланди-ку бу улус,

Ўз қонига ўзгинаси беланди-ку бу улус.

Осойишнинг узун-узун йўлларига кўз тикиб,

Олис-олис амирларнинг юпқагина ниқобига ўранди-ку бу улус…

Йўқ… Барибир бир бурчакда ёв элига топинмайди хаёллар.

Мардларини йўқотса-да, тўзон сабаб, хун сабаб,

Шукр, чиркин истибдодга бека бўлиб тутинмайди аёллар.

Тундлик йўқсил… Сўнгги чора…

Бир фурсатга ёвсирайди ёв бўлиб,

Ранж-у кулфат, маломат-у додсирайди дод бўлиб.

Хилватдаги ажабтовур ваҳшатлар-да кўп фоний,

Аммо… Нечук токи ҳануз соҳибқирон от устида ётсирайди ёт бўлиб?..

Афсус… Шўрлик пешонанинг ёзуғида осий онлар кир қоғозкан, кир қоғоз…

Уф-ф-ф…

На илож…

Битмадики кўнгил дарзи, юз алам,

Кеш даласи қонли дала,

Бузрукворнинг нидосидек шошқингина янтоқзор.

 

 

***

 

 

Тубанлик қутурган. Садпоралик кўп,

Дунё, этагингга қўлим етмайди.

Кўрган-кечирганга эврилган заҳминг,

Жоним азобидан ҳануз ортмайди.

 

Кўмилиб қолди-ку қўйнимга фасод,

Вужуд-вужудимни тимдалар, тилар.

Ёраб, қаршимдаги дайди илон ҳам,

Нақ менинг тилимда эркалик қилар.

 

Каззоб етаклайди қўлимдан… Қўймас,

Арзонгаров эмас, ахир зўр титроқ.

Қай бир дашномларга тутай ёқамни,

Ҳали кир имконлар уйғоқ-ку, уйғоқ.

 

Англаб бўламикан миннат дарсини,

Жирканч заққумлар-да топинчга маҳтал.

Ёвқурга йўйсалар кўнгил дарзини,

Оёқлар остида ўқилса дафтар.

 

Бирам мотамсаро, куюк журъатим,

Толеим занжирбанд, дард ҳам бир тугун.

Йиғламоқ осонмас хилватда туриб,

Узундан-узун-у, беундан-беун.

Олимжон ҲАЙИТ