БИР ТУТАМ КУЛГИМ БОР, КУЛМАЙСИЗМИ?..

0

 

 

ҚОРА ҚЎЧҚОР

(ҳажвия)

 

Келинг, ҳасратлашийлу-у!!!

 

Бўйи эшакдан пастроқ бўлсаям, етти пуштим обрўли қўчқорлардан бўлган. Улар манаман деган казо-казоларнинг ҳовлисида азиз меҳмон бўлган. Ўша мақтанчоқ, қайсар эшакнинг елкаси яғирланиб хизмат қилишига гувоҳ бўлишган.

«Ҳа, намунча эшакнинг ғийбатини қилиб қолдинг?», демоқчимисиз? Ғирт овсар экан-ку баттол! Ҳуда-беҳуда ҳанграб асабни бузгани етмай, яқинда ёлғиз қўзимни тепмоқчи бўлибди. Буям майли, суюкли қўйвуччахонимга кўз сузиб, хушомад қилганига қандай чидай? Бечора юраги ёрилиб ўлаёзди-ку! Жонивор деганда мундоқ фаросат, култур-мултур бўлиши керак эмасми? Тўғри, бизам жа фариштамасмиз, тек турмаймиз. Локигин пайтини, жойини топиб маъраймиз. Хўжайин жуда фаҳмли одам. Саховатининг чеки йўқ. Бир-икки маъраб қўйсак бас, йўқсиллик чангалида қолганимизни дарров тушунади. Кейин-чи, биз қўчқорларда бир чимдим бўлсаям, култур-мултур бор. Биз эшак каби бировнинг жуфтига кўз сузмаймиз.

 

Менинг ўғлим баттолми?

 

Мениям ёнимдагисини ҳисобга олмаганда, тўрт яйлов нарида қўчқордай-қўчқордай ўғилларим бор. Лекин бемеҳр чиқиб қолди қурмағурлар. Анча олдин онасига эргашиб бошқа яйловга кетиб қолганини айтмай. Қорамас, бири оқ, бири ола-була қўчқор бўлиб туғилганига кўз юмай. Бир ариқ ҳатлаб отамдан хабар олай, соғмикан, тирикмикан, ёмонларга ем бўлмаганмикан, қуйруғи қалай экан дейишмаганига куяман. Қорасини кўрсатмайди баччағарлар. Қўчқор деганниям ёши ўтгани сайин эти мўртлашиб қоларкан. Гоҳ туёқ, гоҳ қулоқ оғриб қолади. Шу маҳал қўчқорбойларим эсимга тушади. Юрагим эзилгандан эзилади. Соғинаман, аламим ичимга сиғмай кетганда чўзиб-чўзиб маърайман. Икки кўзим мўлтираганча бошқа қўчқорларнинг қўзиларига ҳавас билан термиламан. Ёнимда астойдил ўтлаётган ёлғиз қўзичоғимга қарайман. Ҳа, унинг юнги қоп-қора. Худо хоҳласа, акаларига ўхшамайди. Ўзимга ўхшаган ҳақиқий қора қўчқор бўлади. Шуларни кўнглимдан ўтказаман-у, юрагим эзилиб серка ҳофизнинг бир қўшиғини эслайман.

Бошим тўнгакларга ботган кунларим,

Маъролмай бағрим хун ётган кунларим,

Танамда не дард бор тортган кунларим,

Мени ёлғиз қўйманг, қўзичоқларим.

 

Қўчқорга эт ярашади

 

Боя бекорга эшакни эсга олмадим. Бир пайтлар менгаям эт битган. Думбулдай диркиллаб, қуйруқларим селкиллаб, бурама шохларимни ҳаммага кўз-кўз қилганман. Ғайратим ичимга сиғмай, тўйгунча яйловни айланиб чопганман. Саттанг-а кетворган қўйхонимларни писанд қилмаганман. Ўшандаям худди шу эшак бор эди. Бурама шохларимга ер остидан қўрқа-писа қараб қўярди. Сал яқинига борсам, шаталоқ отиб қочарди. Энг серўт жойларни мен учун қолдиришга мажбур бўларди. Энди эса… Анча озиб қолдим. Қуйруқнинг ҳам кўзга яқинлик жойи қолмади. Одатда озиб кетган қўчқордан хўжайинлар қассобга топшириб қутулишади. Шунисидан қўрқардим. Ахир, мени қассобга топширишса, қўйхоним, қўзибойим сарсон бўлишади! Мен уларнинг аҳволини кўриб, чойхона паловхонтўрахўрларнинг қорнида тик тураман-ку!

Худога айтганим бор экан. Яқинда хўжайиннинг хотинига шипшитаётганини эшитиб қолдим.

— Бу қўчқорни қассобга топширмаймиз? — деди хўжайин. — Биласанми нега?

— Нега? — энсаси қотиб мен тарафга совуқ қараб қўйди янгам. — Суякдан бошқа нарсаси қолмаган қўчқорни бошингизга урасизми? Бекорга шунча ем увол бўлади-ку!

— Э, товуқмия, — қўл силтади хўжайин. — Бу қўчқор зотли. Ҳали кў-уп ўзига ўхшаган қора қўчқорларни дунёга келтиради. Унга… кўз теккан кўринади. Исриқ солвор!

— Ҳа-а, тўғри айтдингиз, — кўрсаткич бармоғини мен томонга ўқталиб сўз қотди янгам. — Анави Соттиниса қўшнимиз нуқул шу қўчқордан кўз узмасди. Кўзи бор у ярамаснинг! Ҳозироқ исриқ соламан! Ажабмас яна семирса, қуйруғи селкиллаб кетса-а?

— Ҳа, албатта семиради, — деди хўжайин жонланиб. — Емнинг зўридан опкелтираман. Мана кўрасан, бир ойда илгариги ҳолига келади…

Мана, шундан бери хўжайин емнинг зўрини опкелишини кутяпман. Ишонаман. Бизнинг хўжайин бир сўзли одам. Албатта зўр ем опкелиб олдимга ташлайди. Мен яна семираман. Эшакнинг кўзини куйдираман. У ҳасаддан ич этини ейди.

 

Қўйхонбегим

 

Менинг хотиним инастранка. Хотинимни эркалаб қўйхонбегим деб чақираман. Уни хўжайин ўттизта яйлов наридан опкелиб берган. Авваллари бир-биримизнинг тилимизни тушунмай қийналардик. Мен маъраб чақирсам, бўйнини қисиб тураверарди. Инастранкейди-да! Йўқ, вафодор чиқиб қолди қўйхонбегим. Менинг тилимни ўрганиб олди. Ем борми-йўқми, ортимдан қолмай эргашадиган бўлди. Бегона урғочиларни яқинимга йўлатмади. Ҳамиша ёнимда турди. Зериккан пайтларимизда маза қилиб маърашдик. Хурсанд бўлганим, у менга қўзибойимни туғиб берди. Очиғи бор-у, анави бемеҳр ўғилларимдан сал шубҳам бор. «Онаси бошқа қўчқорга кўз сузиб қўймаганмикан?» деб ўйлайман. Ахир, уларнинг ҳеч бири қора юнглимас-да! Ҳозирги ёлғиз қўзибойим қуйиб қўйгандек ўзимга ўхшайди. Унга қараб туриб онасига меҳрим ортаверади. Жўшиб кетганимда маъраб-маъраб қўйхонбегимни аста шохлаб қўяман. У эса бош силкитади-ю, тек туриб қолади. Хотин шундай итоаткор бўлса-да! Ҳар қандай қўчқорнинг бундай хотин билан яшаб кайфи чоғланади, семиради, янги авлодларни дунёга келтириш пайида бўлади.

 

Юрак касал

 

Ўтган куни ўтлоқда ўй суриб тургандим, катта кўчадан қориндор бир эркак озғин, серка ҳофизникига ўхшаш чўққисоқол шериги билан ўтиб қолди. Рўпарамга етганда, бирдан тўхтади-да, қўлини бигиз қилиб мени кўрсатганча шеригига сўз қотди.

— Мана шуларнинг дастидан юрак касал бўлдим, — деди қориндор хезланиб. — Менга қолса, шу қўчқорларнинг ҳаммасини қуритворардим!

Эркак деганиям шунчалик сурбет бўладими, ока? Азбаройи шохим қичишганидан маъравордим. Бу нусханинг тилида гапира олмаслигим алам қилди. Шундаям хаёлан зорландим.

«Ҳўв, ошна, — дедим бошимни ликиллатиб. — Бизларнинг қуйруқдан ош дамлаб егандан кейин аччиқ кўк чойдан кўпроқ ҳўплагин-да! Қолаверса, сенинг қозонингга тушган ўша қўчқорнинг яқинларидан эрта айрилиб, қорнингда тик туришиниям унутма!»

Ҳормасбой ТОЛМАСБОЕВ