ШИҚИР… (4-қисм)

0

 

 

* * *

 

Муҳиддин йўлакка чиққач, секин сонини чимчилаб қўйди. Агар шундай қилмаганда, хохолаб кулиб юбориши, муҳаррир билан Абдувалини лақиллатганини ошкор қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо, барибир, пиқиллаб кулишдан ўзини тутолмади ва дарров кафти билан оғзини ёпди. Ана шу маҳал хонасининг рўпарасида турган Ўжарқул отага кўзи тушди. Хурсандчилиги икки ҳисса ошиб, кўнгли ёришди. Тез-тез одимлаб, отанинг ёнига бориб салом берди.

— Журналист халқи бир жойда ўтирадими, йўқми? — деди чол у билан кўришаркан. — Икки кундан бери келаман. Сени тополмайман.

— Озгина мазам бўлмаганди, шунга келолмадим, — деб баҳона қилди Муҳиддин жилмайиб.

— Ҳозир тузукмисан?

— Худога шукур.

— Унда юр, сенга зарур иш бор. Ҳа, айтганча, вақтинг қандай?

— Бугундан бошлаб отпускага чиқдим, ота. Энди бир ой ғирт бекорчиман.

— Боплабсан. Какраз, сенга отпускага чиқишинг кераклигини айтмоқчийдим.

— Қаерга борамиз, ота? — сўради Муҳиддин Ўжарқул отага тикилиб.

— Ҳар қалай, сени жаҳаннамга обормайман. Дўконимни кўрсатаман.

— Унда жон-жон деб бораман, — деб жилмайди Муҳиддин.

Ўжарқул отанинг қоп-қора «Мерседес»да келиши Муҳиддиннинг тушига ҳам кирмаган эди. Албатта, унинг пиёда келмаганлигини биларди. Ҳар қалай, шунча дўкони бор одам ўзини бунчалик хафа қилиб қўймас, бирор уловда юрар…

Муҳиддин Ўжарқул ота билан кўчага чиққанда, ҳаво иссиқ бўлишига қарамай, костюм-шим кийган йигит чаққон ҳаракат қилиб машинанинг орқа эшигини очди. Журналист йигит унга ҳавас билан қараб қўяркан, ёнидан шунчаки ўтиб кетмоқчи эди, кутилмаганда Ўжар-қул ота тўхтаб, «Мерс»нинг орқа ўриндиғига ўтира бошлади. Муҳиддин аввал машинага, кейин эшикни очиб турган қорувли йигитга, ундан сўнг Ўжарқул отага бир-бир назар ташлади. Кейин бошқаларнинг эътиборини тортмаслик учун, машинани айланиб ўтиб, нариги томондан орқа эшикни очди-да, Ўжарқул отанинг ёнига ўтириб олди.

«Мерс» одамга ўзгача завқ бағишлар экан. Юрганини сезмайсан ҳам. Машиналар ўз-ўзидан ортда қолиб кетаётганга ўхшайди. «Шунақа зўр машинада кетаётганимни анави иккала тирриқ кўрмади-да, кўрганда борми, ҳасаддан куйиб ёнишарди… Минг долларим бор, деганимда, қандай ўзгаришди-ю… Лекин қойил. Одам дегани об-ҳаводан ҳам баттар бўларкан. Аммо боплаб лақиллатдим. Баттар бўлсин. Энди, бундан бу ёғига ҳамиша шунақа қилиб оғзидан сувини оқизаман», дея хаёлидан ўтказди Муҳиддин.

— Умрингда бирон нима сотиб кўрганмисан? — сўраб қолди бир маҳал Ўжарқул ота журналист йигитдан.

— Ҳа-а, — деб кулди Муҳиддин, — лекин энг кўп сотганим гап бўлади.

Ўжарқул ота ҳиринглаб кулиб, Муҳиддиннинг елкасига қоқиб қўйди:

— Худо билади шу гапни сотганингниям… Менимча, текин улашгансан. Афти-ангоринг айтиб турибди буни. Лекин бизнесда бунақа текин улашиш кетмайди. Ҳар битта нарса қадр-қиммати даражасида сотилиши керак. Биз жуда кўп нарсаларни пул билан ўлчаймиз. Аммо баҳоси йўқ нарсалар ҳам бор. Уларни бирма-бир айтиб, каллангни қотирмоқчимасман. Ўзинг билиб олганинг яхши, шунда қадрлироқ бўлади, — деб хўрсиниб қўйди.

— Ота, — деб бошини қашлади Муҳиддин, — анави кунги айтган гапингиз жиддийми?

— Мен ҳеч қачон ҳазил гап гапирмайман. Нимаики айтган бўлсам, демак, шундай.

— Қандай қилиб…

— Қўй шу гапни. Дўконга борайлик. Вақт ўтсин, ўзинг ҳамма нарсани тушуниб олаверасан.

Муҳиддин қариядан яна бир нималарни сўрамоқчи бўлиб турувди, аммо тилини тийишга мажбур бўлди. Ўйлаб қараса, уни қизиқтираётган саволларнинг асосийсига Ўжарқул ота билан илк маротаба кўришганларидаёқ жавоб олиб бўлган экан. Фақат бир нарсани: қария бутун бошли дўконини беш-бегона йигитга нима сабабдан ҳадя қилиб юбораётганини ҳалигача тушунолмасди.

Тахминан йигирма дақиқалардан сўнг машина пештоқига «Минимаркет» деб ёзилган ихчамгина дўкон ёнида тўхтади. Ҳайдовчи йигит чаққонлик билан машинадан тушиб, тағин орқа эшикни очди.

«Мерс»дан тушган Ўжарқул ота бир муддат дўконга термилиб турди, пастки лабини тишлади. Муҳиддин ёнига келганидан кейин:

— Бу дўкон ташқаридан қараганда кичкина кўринади, лекин ичи кенг, атайлаб шундай қурдирганман, токи бемазаларнинг назарига тушмасин, қани, юр, — деди ва бир қўли билан Муҳиддиннинг тирсагидан ушлаб олди.

Шу туришда улар ота-болага ўхшашар, ташқаридан қараган одам бу йигит дўконини кўрсатиш учун отасини етаклаб келаётган бўлса керак, деб ўйларди.

Улар дўкон ичкарисига киришлари билан сотувчилар бирин-кетин салом бера бошлашди, Ўжарқул ота бош ирғаб алик олди-да, тўғрига ўтиб, балдоғи мисдан, ранги қизғиш эшикни очиб ичкарига кирди. Муҳиддин унинг изидан борди.

— Дўкон бошлиғи шу ерда ўтиради, — деди қария бироз ичкарилагач тўхтаб, — диван бор чарчаганда дам олиш учун. Стол-стул бор. Анави девордаги шер расмини кўраяпсанми?

— Ҳа, — деди хонани кўздан кечираётган Муҳиддин қария кўрсатган томонга ўгирилиб.

— Шу картинани чет элдан олиб келганман. Бир дайдидан юз эллик долларга сотволганман. Ўшанда шерикларим каминани аҳмоққа чиқариб қўйишганди. Одам шунақа нарсаларниям юз эллик долларга сотиб оладими, дейишганди улар. Аслида эса, уларнинг ўзи ҳеч нимани тушунишмаган. Бу картинада одамнинг диққатини тортадиган нимадир бор. Бир қарашда буни илғаёлмайсан. Қайта-қайта тикилишинг керак бунга. Биринчи марта кўрганимда, мен ҳам ёнидан ўтиб кетаётувдим. Шунда яна бир қарагим кеп қолди. Ҳайрон бўлдим. Мен илғаган нарсани тил билан изоҳлаб бўлмайди… Хуллас, айтмоқчи бўлганим, ҳар нима бўлсаям, шу картинани асраш керак… Хўш, қани, диванга ўтир-чи.

Муҳиддин Ўжарқул отадан аввал ўтиришга истиҳола қилиб, тараддудланди.

— Қани, марҳамат, ўзингиз… — деди у қўлини кўксига қўйиб.

— Мен бунақа жойларга ўтиролмайман. Оёғим яхши қайрилмайди, — деб Ўжарқул ота стулни ўзига ўнғайлаб ўтирди. Шу пайт нозик, кўҳликкина бир қиз кириб келди-да:

— Ҳар доимгидай кўк чой олиб келайинми? — деб сўради.

— Ҳа, олиб келавер, қизим, — жавоб қилди Ўжарқул ота.

Қиз чиқиб кетгач, костюмининг ички чўнтагидан бежиримгина қутича олиб, ичини очди-да, думалоқ дорини оғзига ташлади, сўнг стол устидаги графиндан стаканга сув қуйиб ичди. Ҳўл бўлган лабини артди.

— Энди, болам, — деб Муҳиддинга қаради у: — мана шу дўконни сенга атадим.

Муҳиддин ноқулай аҳволга тушиб қизарди. Қария унинг узоқроқ қариндоши бўлгандаям, бу ҳадяни бехижолат қабул қилиб оларди. Улар бор-йўғи иккинчи марта учрашиб туришибди. Шу икки учрашувдаёқ Муҳиддинга бутун бошли дўконни тутқазиб қўяётгани ғалати-да.

— Нима ҳақда ўйлаётганингни билиб ўтирибман, — деди қария Муҳиддинга синчков тикилиб. — Биламан, дабдурустдан бегона одамнинг бутун бошли дўконини қабул қилиш сени ноқулай аҳволга солди. Аммо бунинг сабабини аввал кўришганимизда сенга айтгандим. Шунинг учун ҳозир такрорлаб ўтирмайман. Лекин бирданига дўконга эга чиқишни хаёлинггаям келтирма. Хоҳлайсанми, йўқми, мен дўконни кимга қолдириб кетаётганимни билишим учун аввал сени обдан синаб кўраман. Агар синовимдан ўтсанг, шунча бойликка эга чиқасан. Ҳужжатларни расмийлаштириб, расман номингга ўтказиб берганимдан кейин бу дўконга қайрилиб ҳам қарамайман.

— Лекин… ота, барибир… қандай қилиб, ҳе йўқ, бе йўқ, дўконингизни оламан ахир?

— Бўлди, эзмалик қилма. Ундан кўра, шундай эшикдан чиққин-да, Ботир деган болани чақириб кел. У кассада ўтирибди. Ташқари эшикни ёпиб, ҳамма ходимларни бу ёққа чақириб келсин, — деди Ўжарқул ота ва иккала қўлини стол устига қўйди.

Муҳиддин дарров ўрнидан туриб, унинг айтганини бажариб келди. Ҳаял ўтмасдан, дўкон бошлиғининг хонасида тўрт қиз ва бир йигит пайдо бўлди. Ўжарқул ота гапиришдан аввал уларнинг ҳар бирига кўз ташлаб олди. Сўнг кўзини юмиб очди, шу билан гўё қилаётган ишидан ички бир қониқиш ҳосил қилди.

— Бугундан бошлаб манави йигит, — деб йиғилганларга юзланиб, Муҳиддинга ишора қилди у. — Сизларга бошлиқ бўлади. Агар аввалги бошлиқларингга ўхшайдиган бўлса, икки кунгаям бормайди. Одамга ўхшаб ишласа, ҳали кў-ў-п бирга ишлайсизлар. Ботир, — деб, қўлини кўкрагига чалиштириб турган йигитга қаради қария, — сен бунга ҳамма нарсани кўрсатиб чиқасан.

— Хўп, — деб бош ирғади Ботир деганлари.

Шундан сўнг Ўжарқул ота қизларга юзланди.

— Сизлар айтганидан чиқмайсизлар. Бу гапни мен айтяпман, нимани сўраса, топиб берасизлар. Хўш, айтмоқчи бўлганларим ҳозирча шу. Тушундингларми?

Ҳамма бараварига бош ирғаб, тасдиқ ишорасини қилди.

— Бўлмаса, мен кетдим. Муҳиддин, сен қол. Аввал булар билан танишиб чиқ. Кейин ишга кириш. Фақат айтганларимни тезроқ бажар, шошилмасанг бўлмайди, вақт жуда оз қоляпти. Менинг ҳали улгуришим керак бўлган ишларим анчагина.

Ўжарқул ота бир қўли билан столга суяниб ўрнидан турди-ю, кўзини чирт юмиб очди. Шунда Муҳиддин унинг ичида қандайдир оғир дарди борлигини илғаб қолди. Қўлтиғига кириб машинагача кузатиб қўймоқчи бўлди. Лекин Ўжарқул ота ўжарлик қилди.

— Ўзим кетавераман. Сен айтганларимни бажаришга кириш, — деди у.

 

***

 

Дўконнинг ҳақиқий эгаси машинага ўтириб, жўнаб кетди. Қизлар жойларини эгаллашди. Ботир кассага ўтирди. Муҳиддиннинг эса боши қотган эди. У ўзига ажратилган хонага кирди. Нима қиларини билмай, бир муддат каловланиб туриб қолди. Сўнг хонанинг у бошидан бу бошига бориб кела бошлади. Шу вақт ичида бир дона сигарета чекди. Сўнг чуқур хўрсиниб қўйди-да, савдо бўлимига ўтиб, ҳали чой дамлаб келган қизнинг ёнига борди.

— Дўкондаги моллар рўйхатини берсангиз, — деди.

— Хўп, — деди қиз майин табассум қилиб, — ҳозир хонангизга обораман.

— Умуман, ҳужжатлар кимда туради?

— Бухгалтерияда.

— Унда сиз бухгалтерга айтинг, ҳамма ҳужжатларни олиб, менинг хонамга кирсин.

— Хўп бўлади, — деб қиз дўконнинг сўл тарафига юрди.

Кўп ўтмай, тўладан келган, сочини сариққа бўяган, кўзлари катта-катта, хийла очиқроқ кийинган ўттиз беш-қирқ ёшлардаги аёл эшикни тақиллатмай, ичкарига кириб келди.

— Сиз кимсиз? — сўради ундан Муҳиддин.

— Фотимаман, бухгалтерман, — жавоб берди аёл.

— Мени шу ерга бошлиқ қилиб тайинлаб кетишди. Исмим Муҳиддин, — деди журналист йигит ўтирган жойида қаддини ростлаб, — бундан кейин бу ерга киришдан аввал эшикни тақиллатишингизни илтимос қиламан.

— Вой, кечирасиз, билмай… Бошқа такрорланмайди, — деди аёл хижолатли кулимсираб.

— Яхши, унда иккаламиз ҳамма ҳужжатларни бирма-бир кўриб чиқамиз, — деб Муҳиддин аёлга ўтириши учун жой кўрсатди.

Шу куни ярим кечгача у тиним билмади. Ҳатто кечки овқат ҳам эсидан чиқиб кетди. Дўконда сотилаётган, сақланаётган молларнинг ҳар бирини келтирилган санасидан тортиб, қанчаси сотилганигача эътибор берди. Кейин дўкондаги барча маҳсулотлар рўйхатини алоҳида дафтарга ёзиб олди… Соат саккизларга яқинлашиб қолганида, бухгалтерга жавоб бериб юбориб, ўзи яна қоғозлар ичига шўнғиди.

Эртасига ходимлари келишгач, дўконни ёпиб:

— Мен молларнинг рўйхатини номма-ном айтаман, сизлар қайси мол қаердалигини менга кўрсатасизлар. Қисқаси, биргалашиб тафтиш қиламиз, — деди у.

Ходимлар қарашса, бу сафарги раҳбар бошқачароқ, демак, бундай пайтда тезроқ обрў топиш лозим. Бунинг учун, албатта, яхши муомала, юзда табассум билан мумкин қадар юмшоқроқ оҳангда гапириш кераклигини улар яхши билишарди. Шу боисдан Муҳиддиннинг атрофида гирдикапалак бўлишди.

Иш кечгача чўзилди. Камомад нақд уч юз минг чиқди. Муҳиддиннинг боши қотди. Хонасига кириб, кетма-кет тамаки тутатди. «Кичкина сумма эмас. Ўжарқул отага айтмасам бўлмайди. Одамларимдан шубҳаланаяпсанми ҳали, деб олдига солиб ҳайдасаям майли», деб ўйлаб, стол устидаги телефондан рақам тера бошлади.

Қария дарров гўшакни кўтарди.

— Эртага телефон қилсанг керак, деб ўйлагандим, — деди Муҳиддиннинг овозини эшитганидан сўнг.

— Ишларимнинг бир қисмини тугатдим. Шунга ҳисобот бериб қўйсам, дегандим, — деди Муҳиддин бир нуқтага термилиб.

— Менга натижани айтсанг бўлди, — дея гапни қисқа қилишга ундади Ўжарқул ота.

— Уч юз минг камомад чиқди, — деди Муҳиддин истар-истамай.

Бу хабарни эшитган Ўжарқул ота бир муддат жим тургач:

— Қизлар тоза ишлайди. Лекин Ботирнинг қўли сал эгрилигини аввал ҳам сезгандим. Унга айт, эртадан бошлаб ишга келмасин. Пешинга яқин ўтаман, — деб гўшакни қўйди.

Муҳиддин савдо бўлимига ўтди.

— Исмингиз нимайди? — деб сўради кеча чой дамлаган қиздан.

— Дилором, — деди у жилмайиб.

— Яхши, Дилоромхон, сиз эртага кассада ўтирасиз.

Қиз ҳайрон бўлиб киприкларини пирпиратди. Муҳиддин эса тушунтириш беришни истамай, оғир-оғир қадам ташлаб, Ботирнинг ёнига борди.

— Оғайни, — деди унинг елкасига қўлини ташлаб, — эртадан бошлаб дам олиб турасиз.

— Нега? — деди бирдан қизариб кетган Ботир.

— Камомад сабаб.

— Чолга сотибсиз-да, а? Майли, — деб ўрнидан турди Ботир ва шу аснода елкасидан Муҳиддиннинг қўлини олиб ташлади. — Мен бир йилдан бери шу ерда ишлайман. Кимлигимни ҳамма билади. Илгариям мени олиб ташламоқчи бўлишганди. Лекин ҳеч кимнинг қўлидан келмаган. Сиз бўлса… келганингизга икки кун ҳам бўлмай, геройлик қилгингиз кеп қопти, гап бўлиши мумкинмас. Аммо билиб қўйинг, мен сизга падаркамасман! Эртага бурнингиз ерга ишқаланганда, стукачлик қилганингиз учун афсусланасиз!

Ботирнинг гердайиши Муҳиддиннинг асабини ўйнатиб юборди. Аммо ўзини босди.

— Эшикнинг қаердалигини билсанг керак? — деди уни келгандан бери илк маротаба сенсираб.

Ботир қизариб бўзарди, қўллари мушт бўлиб тугилди. Бироқ у ҳам айни дамда ҳеч вақо қилолмади. Эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди. Муҳиддин эса ўзининг хонасига кирди. Унинг боши тинимсиз лўқилларди. «Падарингга лаънат, қаерга бормайин, битта ишкал чиқади. Редакцияда анави иккови асабимга тегарди. Бу ерга ҳали тузукроқ жойлашиб улгурмасимдан тағин бурнимни ерга ишқалайдигани чиқиб турибди», ўйлади у ва яна аламини сигаретдан олди.

Кечки пайт Ўжарқул ота келди. Унинг чиройи очиқ, юзида табассум бор эди. Муҳиддин уни кўриши билан ўрнидан туриб салом берди.

— Ишни йўлга қўйиб юборибсан-у, тағин савдони тушунмайман, дейсан, — деди қария Муҳиддиннинг қўлини сиқиб.

— Аслидаям билмайман. Лекин супермаркет тўғрисида мақола ёзганман. Ўшанда дўконга молларнинг келиш-кетишини билиб олганман. Бошқасига ўзингиз устозлик қилиб юборасиз, деб ўйлагандим, — дея жилмайди Муҳиддин. — Ўтиринг, ҳозир чой айтаман.

— Кўк чой олиб келсин, — деб Ўжарқул ота диванга ястаниб ўтирди. Кейин қўлларини чалкаштириб ўйга толди.

Муҳиддин савдо бўлимидаги қизлардан бирига чой буюриб қайтиб келганда, Ўжарқул ота хомуш ўтирарди.

— Тинчликми? — сўради у бўлажак устозининг рўпарасига стул қўйиб ўтираркан.

— Ҳа-а, ҳаммаси жойида. Одамнинг сира ўлгиси келмаскан. Айниқса, сенга ўхшаб ғайрати қайнаган болаларни кўрганда.

— Сиз ҳали-бери ўлмайсиз. Ўлимни ўйлашга сизга ҳали жуда эрта бўлса керак, — дея қариянинг кўнглини кўтаришга уринди Муҳиддин.

— Ўзимдан ўтганини ўзим биламан, сен бола ниманиям билардинг? Майли, бу гапларни қўй. Хўш, энди бундан бу ёғига нима қилмоқчисан?.. Шошма, гап бошлашингдан олдин битта камчилигингни айтиб қўяйин. Хонага қара, тутаб кетибди. Чекишни ташла, болам. Нима қиласан ёш танангни эрта қаритиб? — дея чол нигоҳини йигитга қаратди.

Муҳиддин бошини эгди, бир лаҳза жим бўлди. Сўнг:

— Уриниб кўрганман. Лекин сира қўлимдан келмаяпти. Иродам бўш бўлса керак, — деди.

— Одамнинг қўлидан келмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Бунинг учун қунт керак. Ташлаш қўлингдан келмаскан, офисда чекма. Ташқарига ўра қилдириб қўйганман. Ўша ерга бориб чек… Эҳ, умрим ўтиб қўйди-да, бўлмаса мен сизларга ишлаш қанақа бўлишини кўрсатиб қўярдим. Сенинг ёшингда одам еб тўймаслиги, ишлаб чарчамаслиги керак. Ҳали уйланаман, деб юрибсан. Бўпти, бу гапларни қўйиб турайлик. Менга нима қилмоқчилигингдан гапир. Ҳали яна қанча жойга боришимга тўғри келади.

— Шу атрофда бошқа озиқ-овқат дўконлари ҳам кўп экан, бориб улар қандай савдо қилаётганликларини кўрсамми, деб ўйлаб ўтиргандим, — деди Муҳиддин нотўғри гапириб қўймадимми, деган хаёлда хавотирланиб қарияга қараркан.

— Бу ишинг яхши, аниқлаштир, суриштир, бил, улар нимани қанчадан сотаётганини, кейин шунга қараб иш қил.

— Хўп, худди айтганингиздай қиламан.

— Менимча, яна уч-тўрт кундан кейин баъзи молларингнинг охири кўриниб қолса керак. Қаердан мол олишни биласанми?

— Йўқ.

— Майли, бунисини мен сенга айтаман. Оқшом ўнларда уйга борасан, манави менинг уй манзилим, — деб кичкинагина «визитка» берди Ўжарқул ота Муҳиддинга. — Лекин бир нарсани сенга айтиб қўяйин, мен ҳаммасининг адресини бераман, аммо қанақа қилиб улар билан келишасан, ихтиёринг. Мабодо, битта-яримта нарсани қимматроқ олиб қўйсанг, кейин қандай сотишниям ўйла.

— Мен ҳозир бутунлай кимсасиз оролга тушиб қолгандайман. Атрофимдагиларнинг ҳаммаси нотаниш.

— Жуда яхши-да. Ана энди ўзингга келдинг. Кимсасиз оролга тушган одам қандай қилиб яшаб қолиш тўғрисида бошини қотиради. Сен ҳам каллангни ишлат. Фақат тезроқ, вақт кетаяпти.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ