Халқ банки Учтепа филиалида замонавий банкомат ишга туширилди

0

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бугунги кунда Халқ банки Тошкент шаҳридаги филиалларида миллий ва хорижий валюталарни нақд кўринишда ечиш имкониятини берувчи 18 та банкомат ўрнатилган.

Энг муҳими, ушбу банкоматларнинг 7 таси 24/7 режимида, яъни куну тун мижозларга хизмат кўрсатиб келмокда.

Бугун банкнинг Учтепа филиалида яна 2 та замонавий “24/7 электрон офис”лар қуриб, фойдаланишга топширилди. Уларнинг бири филиал маъмурий биноси қошида иккинчиси эса Ўрикзор бозори ҳудудида ташкил этилди.

Энди ушбу электрон офислар ёрдамида фуқароларимиз  коммунал тўловлар, кредитларни сўндириш, картадан-картага ўтказмалар қилиш, пластик картадаги маблағларни чекловларсиз нақдлаштириш каби 30дан ортиқ турли хизматлар билан ҳафтасига етти кун, кечаю кундуз фойдаланишлари мумкин.

Маълумот учун айтиш лозимки, Халқ банки Тошкент шаҳар филиали томонидан жорий йил давомида яна 6 та шундай кечаю кундуз ишлайдиган электрон офисларни ташкил этиш режалаштирилган.

Эътиборлиси, ушбу офисларини асосан, аҳоли гавжум, банк филиалари йўқ жойларга ўрнатиш режалаштирилган. Бу эса мижозларга қўшимча қулайликлар яратилишини таъминлайди.

Банк ахборот хизмати