Зеленский Тимошенко билан келишган ҳолда сайловларда иштирок этдими?..

0

 

Яқинда Мустафо Найем исмли журналист ўзининг телеграмм каналида Украина президентлигига номзод ва биринчи турда ғолиб бўлган шоумен Владимир Зеленский Юлия Тимошенко билан ўзаро келишган ҳолда сайловларда иштирок этгани ҳақида ёзганди. Яна ғолиб бўлса, Тимошенкога мамлакат бош вазири лавозимини ҳадя этишга ваъда берганини таъкидлаганди. Зеленский штабидагилар дарҳол бу тахминларга ойдинлик киритди.

— Зеленский Тимошенко билан гапни битта қилмаган, — деди штаб спикери Дмитрий Размуков. — Ҳеч ким бу аёлга бош вазирликни ҳам ваъда қилмаган. Бош вазир лавозими эгаси Зеленский ғолиб бўлган тақдирда ҳам Олий Рада депутатлари орасида овоз бериш йўли билан аниқланади.

Эслатиб ўтамиз, Украинада ўтган президентлик сайловларининг биринчи турида Зеленский 30, 35 фоиз овоз билан ғолиб бўлди. Амалдаги президент Петр Порошенко эса 16, 02 фоиз овоз тўплаб, иккинчи турда Зеленский билан ўзаро беллашадиган бўлди. Президентлик сайловларининг иккинчи тури шу йил 21 апрел куни бўлиб ўтади.