Мутахассис жавоби: Кўкрак саратони билан оғриган аёл келгусида фарзанд кўриши мумкинми?

0

Кўпчилик аёлларни кўкрак соҳасидаги ўзгаришлар, сут безларидаги оғриқ ваҳимага туширади. Аммо ўз вақтида керакли маълумотга эга бўлиш турли хил ўй-фикрлардан холи бўлишга ёрдам бериб, муаммолардан муҳофаза этади. Муштарийларнинг таҳририятимизга йўллаган мурожаатлари асосида аёлларни қизиқтирган ва энг кўп сўралган саволларга тиббиёт фанлари номзоди Нигора Маҳмудова жавоб беради.

— Боламни эмизишдан чиқарганимга ярим йилдан ошса ҳам кўкрагимдан оз-моз суюқлик (ажралма) келиб туради. Дугоналарим бундай вақтда гормонал препаратлар ичиш керак, дейишяпти. Сиз нимани маслаҳат берасиз?

… 32-82 абоненти

— Кўкракдан ажралмалар келишида, албатта, эндокринолог кўригидан ўтиб, гормонларга қон таҳлили топширишингиз зарур. Шунингдек, гипофиз фунциясининг ҳолати ҳам текширилиб, натижасига кўра керакли муолажа буюрилади. Эндокринолог муолажасидан кейинги ўзгаришга қараб маммолог кўригидан ўтишингиз мумкин. Агар бу гормонлар фаолияти билан боғлиқ ҳолат бўлмаса, маммография орқали кўкраклар функцияси текширилиб, зарур муолажа тури тайинланади.

— Бир неча ҳафтадан бери чап кўкрагимнинг учи кечга бориб, ачишиб безовта қилади. Оғриқни қолдирувчи суртмалардан фойдалансам ўтиб кетади. Аммо эртасига яна қайталанади. Бу бирор касалликнинг белгисимикин?

НОЗИМА

— Кўкрак учининг ачишиб оғриши кўп ҳолларда невролгия, яъни нерв чигаллари, умуртқа поғонаси касалликлари ёки нервга яқин жойлашган тўқималар ва аъзолардаги паталогик жараёнлар, шамоллаш, шикастланиш ҳолатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Баъзида умуртқа поғонасига оғирлик тушиб, сут безларида оғриқ юзага келади ва ўз навбатида сўрғичларга таъсир этади. Ёки синтетик матодан ишланган ич кийимлар ҳам шунга ўхшаш ҳолатларни келтириб чиқаради. Агар оғриқ зўрайиб, давомий тусга кирса, шифокор терапевтга учраб, зарур муоалажаларни олинг.

— Даволовчи шифокорим тухумдонлардаги яллиғланишга қарши гормонал контрацептик препаратларни тавсия қилганди. Мана, икки йилдирки уларни қолдирмай қабул қиламан. Бу гормонал препаратлар сут безлари фаолиятига таъсир қилиши мумкинми?

… 89-99 абоненти

— Ҳа, гормонал препаратлар сут безлари фаолиятига таъсир қилиши мумкин. Организмнинг табиий муҳитида ишлаб чиқилаётган гормонларни доим назоратда ушлай олмайсиз-ку. Шу сабаб ортиқча муаммолар бўлмаслиги учун ҳозирда қабул қилаётган препаратингизни охирига етказиб, шифокорингиз билан бошқа контрацептик воситалардан фойдаланиш ҳақида маслаҳатлашинг.

Гормонал препаратни истаган вақт ташлаб бўлмайди. Шу сабаб муолажани охирига етказинг.

— Қизлигимдан бери чап кўкрагимнинг тагида холга ўхшаш қизил рангли ўсимта бор. Турмушга чиқиб, фарзандли бўлганимдан сўнг иккинчи кўкрагимда ҳам шунга ўхшаш қизил холча пайдо бўлди. Аммо безовта қилмайди. Бундай қизил холлар кўкраклар фаолиятидаги бузилишлардан юзага келиши мумкинми?

БАҲОРА

— Қизил холга ўхшаш ўсмалар кўпчиликда учрайдиган ҳолат. Аммо улар кўкрак ёки сут безлари билан боғлиқ эмас. Агар қизил холнинг шакли катталашса, ранги ўзгарса, кўпайса ёки юзаси қонаса, шифокорга учраш шарт.

Кўкрак қисмидаги холлар хусусида маммолог билан маслаҳатлашиш мумкин. Бироқ уларга тегиниш, юлиш ёки устини тирнаш асло мумкин эмас. Ножўя таъсири юзага келганда, онкологик турдаги касалликка айланиш хавфи йўқ эмас.

— Қизимнинг икки кўкрагининг ўртасида кичик қора холчаси бор эди. Балоғат ёшига етганидан сўнг хол катталашишни бошлади. Бу хавфли эмасмикин, дея хавотирдаман. Кейинчалик сут безларига тъсир қилмасмикин?

НОРГУЛ

— Йўқ, бундай холлар кўкраклар билан боғлиқ эмас. Бунинг учун холлар бўйича жарроҳ-шифокорга кўриниб, кўрикдан ўтишингиз керак. Холнинг кўриниши ва ҳолатига кўра зарур текширувлар ўтказилиб, муолажа тури танланади.

— Кўкрак саратони билан оғриган аёл келгусида фарзанд кўриши мумкинми?

ШАРИФА

— Касалликнинг даражаси, муоалажа натижалари асоратларини тўлиқ баҳолагачгина аниқ хулосани айтиш мумкин. Бундай ҳолатларда, албатта, даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиб иш кўриш керак. Агар аёлнинг организмида касалликнинг асоратлари қолмаса, насл қолдириш масаласини кўриб чиқиш лозим. Аммо олдиндан аниқ хулосани айтиб бўлмайди.

— Маммография қилдириш учун қайси кунларда мурожаат қилиш керак? УТТдан ташқари яна қандай таҳлиллар топширилади?

МАЪМУРА

— Ҳайз цикли якунлангач, 5-6 кундан сўнг маммолог кўригидан ўтиб, маммография қилдиришингиз мумкин. Зарур ҳолларда шифокор хулосасига кўра тухумдонлар, қалқонсимон без фаолияти ҳам текширилади. Масалан, фиброз ташхиси қўйилганида УТТнинг ўзи етарли бўлса, кўкракдаги қаттиқлашиш ҳолатида маммография, зарур ҳолларда биопсия тайинланиши мумкин.

— Кўкракнинг қўлтиқ ости соҳаси билан боғланган қисмидаги лимфа тугунларида шиш бўлса, нима қилиш керак?

… 75-57 абоненти

— Эҳтимол, лимфа тугунларидаги яллиғланиш (лимфоаденит) юзага келган бўлиши мумкин. Бу касаллик лимфа тугунлари ёки кўкракдаги яллиғланиш билан боғлиқ ҳолатда бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Баъзи вақтларда кўкракдаги яллиғланиш лимфа тугунларига ҳам таъсир этади. Маммолог кўригидан ўтиб, лимфа тугунларининг ҳолатини текширтиринг. Агар бу яллиғланиш бўлса, унга қарши препаратлар тайинланади. Аммо ўзингизча билиб-билмай даволаманг.

— Ҳомиладорлик ва эмизикли бўлган вақтим кўкракларим шишиб қоларди. Аммо эмизишдан чиқаришим билан бу ҳолат ўзгарди. Гоҳида кўкракларимни пайпаслаб кўрсам, тугунлар бордек туюлади…

… 11-21 абоненти

— Сут безлари фаол бўлган вақтда кўкраклар шиши табиий ҳол. Аммо тугунлар ҳосил бўлишига эътиборли бўлиш керак. Сут қотиб қолганда кўкракда тугунлар бордек туюлади. Тугунлар зичлашиб, қаттиқлашмаслиги учун тез-тез сутни соғиб туриш керак. Эмизишдан чиқаргандан кейин ҳам кўкракда сут безлари қаттиқлашиб қолмаслигига эътиборли бўлинг. Агар тугунлар тарқалиб, сўрилиб кетмаса, шифокорга мурожаат этиб, бир неча турдаги муолажалардан бирини қўллаш мумкин.

— Ёшим 22 да. Турмушга чиққанман. Чап кўкрагим ўнгидан кичикроқ. Фарқи шундоққина кўзга ташланади. Бундай икки хиллик хавфли эмасми? Шифокорга боришдан уяламан…

… 66-56 абоненти

— Йўқ, хавфли эмас. Кўкракларнинг бир-биридан
фарқланиши кўпчиликда кузатилади. Эҳтимол, бу туғма аномалиядир ёки сут безларининг бири яхши ривожланмаган бўлиши ҳам мумкин. Агар жиддий безовталик бўлмаса, ортиқча хавотирга ўрин йўқ.

КОМИЛА ёзиб олди.