Юртимизда Ҳаж ва Умра зиёратчилари учун қандай шароитлар яратилади?

0

Миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари томонидан “Ҳаж ва Умра зиёратини самарали ташкил этиш” мавзусида брифинг ташкил этилди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан томонидан маълумот берилишича, зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида 5 юлдузли «Зам-зам Пулман» ва Макка шаҳридаги 4 юлдузли «Аброжул Кисва» меҳмонхонасида истиқомат қилади. Улар саломатлигини доимий назорат қилиш мақсадида 24 соат давомида бепул тиббий хизмат йўлга қўйилган.

Маълумот берилишича, юртимиз зиёратчилари учун Мадинадаги Уҳуд тоғи, Икки қиблали масжид, Қубо масжиди ва Маккадаги Савр ва Нур тоғлари, Арофат майдони, Мино, Муздалифа водийсига саёҳатлар уйиштирилмоқда. Малакали гуруҳ раҳбарлари мазкур зиёратгоҳларнинг ислом тарихидаги аҳамояти, у ерларда содир бўлган муҳим жараёнлар ҳақида маълумот бермоқда.

Брифингда мавзуга оид бир қатор муҳим янгиликлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Жумладан, ўтган йил 28 октабрдан ҳафтада 3 та авиақатнов амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг 31 март кунидан эътиборан ҳар куни биттадан авиапарвоз йўлга қўйилди. Олдинги йилларда бир йилда 10 минг нафар зиёратчи Умра сафарига борган бўлса, ҳозирда фақатгина бир ойда 7 минг нафар юртдошимиз муборак зиёратни адо этмоқда.

– Ўтган йилнинг 28 октабрь кунидан жорий йил 4 апрелига қадар 15 минг фуқаро Умра зиёратини адо этди – дейди Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Н.Абулҳасан. – Бундан кўзланган мақсад – ҳозирги кунда Умра сафарига бориш истагида бўлган фуқароларимизнинг кўп йиллик навбатни бартараф этишдир.

Брифинг сўнггида айтилишича, яқин кунларда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ахборот тақдим этилиб, унда Ҳаж мавсумида ҳожиларимиз учун яратилган имкониятлар, арзонлашган нархлар ва шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилади.

Инобат Аҳатова, ЎзА