БАҲОРИЙ СЕВГИ ИЗҲОРИ…

0

 

Мен сени кўзимда ёш билан севдим,

Минг пора кўксимда тош билан севдим.

Ҳажру армонларинг муборак менга,

Дол қаддим, эгилган бош билан севдим.

 

Гулим, ифорингдан ўргилгим келар,

Бўйнингга чирмашиб бўғилгим келар.

Сен баҳорнинг қизи, ою юлдузи,

Пойингга шабнамдек тўкилгим келар.

 

Шунда ёруғ дунё гулга тўларди,

Кўнглимнинг кўчаси нурга тўларди.

Олтин дарвозали кўшку саройинг,

Мен каби яна бир қулга тўларди.

Олимжон ҲАЙИТ