Ўзбекистон ҳудудидаги қизларнинг илк Ислом Академияси ҳақида биласизми?

0

Қирққиз қалъаси – эрамизнинг 9-10 асрларига оид Сурхондарё вилоятидаги меъморий ёдгорлик  бўлиб, Термиз туманида вайрона ҳолида сақланиб қолган. Иншоот қандай мақсадда қурилганлиги (қалъа, сарой, хонақоҳ, карвонсарой) ҳақида расмий далил, маълумот йўқ.

У дунё томонларига мослаб қатъий мужассамотда, яъни Ғарб ва Шарқ бурчакларини аниқ ҳисобга олиб бунёд этилган. Қалъа тўртбурчак тарҳли (53,3×54,8 м), 1 қаватли, фақат йўлаклар умумий баландликда 2 қаватли бўлиб, хом ғишт (30x30x5 — 5,5 см)лардан қурилган, тоқ ва равоқларида шу ўлчамдаги пишиқ ғиштлар ҳам ишлатилган; қалин девор билан ўралган (ташқи девор қалинлиги 2—2,5 м).

Қалъанинг барча хоналари ва марказдаги саҳн (11,5×11,5 м) ўзаро йўлаклар билан боғланган; марказий саҳн ҳовли ёки гумбазли зал бўлган деб тахмин қилинади. Айвон ва йўлаклар бинони 4 қисмга бўлган. Булар: 2та бир хил тузилган (5 хона ва 3 томонидан ўралган йўлак, эни 2,1 м) шимолий-ғарбий ва шимолий-шарқий ҳамда 2та жанубий-ғарбий (2та йўлакча билан боғланган 5 та хона) ва жанубий-шарқий (йўлакча билан боғланган 2та хона ва 3 устунли катта меҳмонхона) қисмлардир.

Йўлаклар ва хоналар девордаги туйнуклар орқали ёритилган. Қирққиз қалъаси ёпмасида балхи ҳамда кесишган гумбазсимон тоқлар, бошқа турлардаги гумбазлар, тоқлар ва равоқлар қўлланилган.

Қорақалпоқ халқининг «Қирққиз» достонида баён этилган маълумотларга кўра, душманлар ҳужумини қайтара олган қаҳрамон қиз Гулойим ва унинг 40 дугонаси айнан шу ерда яшаган. Маҳаллий аҳоли қалъа минтақадаги илк қизлар академияси вазифасини ўтаганига ишонади.

«Сомонийлар ҳукмронлиги заифлашган, тахт учун янги курашлар бошланган бир пайтда Эски Термиз яқинида қалъа қурдирилади. Қалъа қизлар учун хос академия, илм-фан билан шуғулланиш учун ягона мактаб сифатида илк ўқувчиларини қабул қилган. Айтишларича, академиянинг биринчи тингловчилари юртнинг энг иқтидорли ва оқила 40 нафар қизи бўлган. Шу туфайли, қалъа номи аҳоли томонидан Қирққиз номини олади.

Қалъада яшаган қизлар Ислом дини, тиббиёт, ҳисоб-китоб, астрономия ва кимё, чорвачилик ва ҳарб ишидан пухта билим олган. Улар замондошларидан илғор, зеҳни ўткир олималар бўлишган.

Афсуски, улар Чингизхон истилоси пайти ҳалок бўлади. Ривоятларда айтилишича, мўғул аскарлари қалъа ҳимоячилари қизлар эканлигидан хабардор бўлмай, қамал учун катта куч ташлайди. Шунга қарамай, қизлар қалъани мардонавор ҳимоя қилиб, улар кучлар нотенглиги туфайли ҳалок бўлган. Энг сўнгги ҳимоячининг ниқоби очилиб, мўғул аскарларини эсанкиратиб қўяди», — дейди суҳбатдош.

Қалъа тарихдаги воҳа аҳлининг маданий турмуш ҳаёти ва ижтимоий воқеалардан дарак бериши тайин. Келгусида унинг тарихи илмий таҳлил этилишига умид боғлаймиз.

 

kun.uz