ШИҚИР… (18-қисм)

3

 

 

* * *

 

Дилзода юзига бекаму кўст оро берган, кўкрагигача очиқ кофтаси баданига ёпишиб турибди. Шими ўзига ярашган. Туфлиси билан елкасига илиб олган сумкачаси бир хил рангда. У қизлик даврида шунақа кийинишни орзу қиларди. Кўча-кўйда мана шунақа ўзига оро берганларга кўзи тушганда, ичи куйиб кетарди. «Қачон мен ҳам улардай кийинарканман?» деб хаёл қиларди. Мана, орзусига етди. Энди унга бошқалар суқланиб қарашади.

Муҳиддиннинг димоғига хушбўй атир ҳиди урилди. У илкис бошини кўтарди.

— Дилзодахон, — деди у, — сизни кўришни жудаям хоҳлайман.

Дилзода эшик олдида туфлисини кийишга чоғланаётганди. Эрининг гапидан кейин тўхтаб, Муҳиддинга юзланди. Мийиғида кулди. Сўнг юзи жиддийлашиб, бир-бир қадам босганча эрининг ёнига келди. Муҳиддин унинг ёнида эканлигини сезди. Чунки атир ҳиди шундоққина қўл чўзса етадиган жойдан таралаётган эди.

— Бир куни кўриб қоларсиз, — дея Дилзода эрининг сочини силади, — бир куни… Ҳозир эса одобли бола бўлиб, яхшилаб овқатланиб олинг. Кейин хонага киришни биласиз. Ўргатишнинг ҳожати йўқ. Стол устини келганимдан кейин йиғиштириб оламан. Тағин кечагидай ҳамма ёқ ағдар-тўнтар бўп кетмасин-а?

— Хавотир олманг, хоним, — дея илжайди Муҳиддин, — анча малакам ошиб қолди.

— Шундоқ бўлсин.

Писанда билан айтилган гап эрнинг юрагигача етиб борди. Пешонаси тиришиб, лаблари қалтираб кетди.

— Ишингизга боринг, хоним. Ҳар дақиқангиз ғанимат, — деди.

Дилзода чиқиб кетди. Бир пайтлар каталакдай бўлган, энди ҳайҳотдай туйилаётган уйда Муҳиддин ёлғиз қолди. Аввалига алам устида нимаики егулик бўлса, ҳаммасини паққос туширди. Сўнг столни ағдариб ташламоқчи бўлди-ю, дарров шаштидан қайтди. Ўрнидан туриб, деворга суянганча ётоғига кетди.

Кунлар шу тариқа бир-бирини қувиб ўтаверди. Бора-бора Муҳиддин ҳамма нарсага кўникиб кетди. Дуёнинг зимистонлигигаям, хотинининг ғашни келтирувчи гапларигаям. Унинг учун муҳими овқат. Стол устида егулик турса бўлгани. Уни биров қўлидан етакламасаям, ўзи бемалол бориб, ниманинг қаерда жойлашганини топа олади. Қўллари шунақанги сезгир бўлиб кетганки, бирон нарсага тегинар-тегинмас, нима эканлигини дарров фаҳмлаб олади.

Ҳаш-паш дегунча уч ой ўтиб кетди. Дилзода баъзи кунлари уйига келмайдиган ҳам бўлди. Қўнғироқ қилади. «Жоним, яхши ўтирибсизми? Менсиз зерикиб қолмадингизми? Бугун ишларим жудаям кўпайиб кетди. Дўкондаги моллар дарров тугаб қолаяпти. Клиентлар бир кун қидирган нарсасини тополмаса, кейин қайтиб келмаслиги мумкин. Эсингиздами, ўзингиз шунақа деб ўргатгандингиз. Шунинг учун ойимникида қолаяпман. Ўғлингизни бемаҳалда кўтариб юрмайин, дедим-да. Холодильникни очсангиз, ҳамма нарса бор. Нон билан еб олинг. Ширин тушлар кўринг, хайр! Сизни ўпиб қоламан!» дейди. Муҳиддин секин гўшакни қўяди. Сўнг деворга суянади.

Бир куни у хотинидан ароқ ҳиди келаётганини сезиб қолди. Эҳтимол, Дилзода уни ўпиб қўймаганида, сезмасди.

— Базми жамшид қилдингизми, хоним?! — деди жаҳли чиқиб.

— Қанақа базму жамшид?! — деди эрига жавобан Дилзода қовоғини уйиб.

— Ароқ ҳиди келаяпти-ку сиздан, — мумкин қадар ўзини босишга урина бошлади Муҳиддин.

— Мен сиздан тер ҳидини, яна аллақандай одамнинг кўнглини айнитадиган ҳид келаётганини гапирганим йўқ-ку. Ароқ иси келаётган бўлса… Тўғри, озгина ичдим. Шундаям, чарчаб, дармоним қуриб қолганидан кейин, озгина бўлсаям куч йиғишга, сизнинг хизматингизни қилишга мадорим бўлсин, деган мақсадда ичдим.

— Менгаям опкелмабсиз-да. Мен ҳам сиз билан бирга ичардим. Йўқ, яхшиси, ёлғиз ўзим ичардим… Дарвоқе, опкелишнинг ҳожатиям йўқ. Холодильникда бор. Ваннада ичаман. Алдадим, ошхонада ичаман. Закускасига сассиқ исимни ҳидлайман.

— Билганингизни қилинг. Ҳам зўрлик, ҳам пешкирлик экан-да. Лекин икки соатдан кейин ётоқда бўлинг. Тўртта дугонамни меҳмонга айтганман. Одамга ўхшаб, сал кўнгилхушлик қилайин-да мен ҳам. Қул эмасман-ку.

Муҳиддин ғинг деёлмай қолди. Пайпаслаб бориб, музлаткични очди-да, ароқ шишасини олди. Ўша ерда сирка ҳам бор эди. Муҳиддин адашиб, ўшани олиб қўйиши мумкинлигини Дилзода яхши биларди. Бироқ у индамади. Бахтидан кўрсин, деди. Сирка ичса, балки ҳамма, ҳатто ўзиям бу азоблардан қутулар, деган хаёлга борди.

Муҳиддин пиёлани қийналмай топди. Тушлик пайти чой ичиб бўлгач, стол устига қўйганди.

Икки пиёла ароқ унинг бошини яхшигина қиздирди. Шундай эса-да, учинчисиниям ичди. Кейин ювиниш хонасига бориб, устидан қулфлаб олди-да, нақ бир соат чўмилди. Йиғлаб-йиғлаб, аламидан сувни муштлаб-муштлаб чўмилди. Фақат чиқаётганида, бадан сочиғини тополмади. Юз сочиққа бутун танасини артишга мажбур бўлди.

У ювиниш хонасидан то ётоққача бўлган масофани деворни пайпасламай босиб ўтди. Хаёлан юрди ва манзилга бехато етиб борди. Ортидан дарров Дилзода кирди.

— Сиз яна кўраяпсизми?! — сўради ажабланиб.

— Ҳа, — жавоб берди Муҳиддин, — фақат юрагим билан, кўнглим билан кўраяпман. Нечта дугонангиз келади?

— Айтдим, шекилли. Бир хурсанд бўлгандим, шу хурсандчиликниям ерга тиқдингиз. Бўпти, кўнгли билан кўрадиган одам, жойингизда қимирламай ўтиринг. Ҳа, шалварни тўғри кийишга кўнглингиз ожизлик қип қопти-да. Эътиборлироқ бўлиш керак эди.

— Комронни қачон уйга олиб келасиз? Ҳозир вақтингиз бор, таксига ўтириб, ойингизникига ғиз этиб ўтиб келсангиз, ёмон бўлмасди.

— Хавотир олманг. Синглимга тайинлаб қўйганман. Ундан кейин нима қиламан, таксима-такси югуриб? Худога шукур, машинам бор…

— Тушунмадим.

— Нимани тушунмайсиз? Сиз бунақа ётганингиздан кейин машинани гаражда чиритиб юбормайман-ку, ҳайдашни ўрганиб олдим. Правам бор.

— Нега мен билмайман?

— Сюрприз қилмоқчи бўлдим-да. Ҳар қалай, машина ҳайдашимга қаршилик қилмассиз.

— Қайтага, ўзим айтмоқчи бўп юрувдим. Ҳа, ароқдан қолдими?

— Вой, — дея жилмайди Дилзода, — ўзингиз биласиз, мен қарамабман ҳам. Бўпти, қолган бўлса, опкелиб бераман. Закускаям керакдир.

Муҳиддин ҳеч нима демай, ўзини каравотга ташлади. «Менга нима бўлаяпти ўзи? Гап кўтаролмайдиган бўп қоляпман. Дилзода ақлли иш қилаяпти-ку. Ана энди таксичилардан рашк қилиб ўтирмайдиган бўпман… Етар, бундан кейин хотинимнинг кўнглини оғритмайман. Дугоналарини кузатиб олсин, сўнг ётоққа чақириб, яхшилаб эркалайман. Насиб этса, у менга яна туғиб беради. Комронни ойисиникида қолдиргани бир ҳисобдан яхши бўпти. Бу ерда ким унга қарайди? Лекин Дилзода чиройига мос ақллиям-да. Танлашда адашмаган эканман. Худо кўрсатмасин, Раънога уйланганимда борми, ҳозир бошимда ёнғоқ чақаётган бўларди. Бунинг устига, қандай аҳволга тушганимни Абдуғулом билан сариққа айтар, улар эса устимдан маза қилиб кулишган бўларди… Шалварингизни тескари кийибсиз, дедими? Ҳозир тўғрилаймиз-да», дея ўйлаган Муҳиддин ўрнидан турди.

Шу пайт эшик қўнғироғи чалинди. Дилзода югуриб бориб, эшикни очди. Қиз-жувонларнинг шўх кулгиси эшитилди. Уй бекаси айланиб-ўргилиб, дугоналарини меҳмонхонага олиб кирди. Қийқириқ ва кулги авжга чиқди. Мусиқа янграб, қадаҳларнинг жаранг-журунги унга қўшилиб кетди. Базму жамшид бошланди. Хотинларнинг шовқинидан Муҳиддиннинг боши ғовлаб кетди. «Секинроқ қўйишса бўлмайдими?» хаёлидан ўтказди у ва Дилзодани чақирди. Аммо қўлидаги қадаҳ тўла коньякни дугоналариники билан тўқиштираётган хотини ҳозир бирон нима эшитадиган аҳволда эмасди.

— Шошманглар! Шошманглар! — дея бақирди шу пайт дугоналардан бири. — Магнитофонни пасайтиринглар, мен қадаҳ сўзи айтмоқчиман. Шунчаки тўқиштириб ичаверамизми? Бирон нима дейлик!

Унинг гапи ҳаммага маъқул тушди. Дилзода ўрнидан чаққон туриб, шўх қўшиқ таратаётган матоҳнинг товушини пасайтирди.

— Қизлар! Менга қаранглар! — деди у дугоналарига қараб. — Бундоқ қарасам, ҳаммаларинг ўраниб-чирманиб олибсизлар. Кўкракларингни озгина очинглар, шамол тегсин!

Дугоналар қийқириб кулишди.

— Уйингда эринг бор-ку, одамни ноқулай аҳволга солмагин, Диля, — дея эътироз билдирди қадаҳ сўзи айтмоқчи бўлган дугона хандон отиб куларкан.

— Эрим… — Дилзода мийиғида кулиб, эшик томонга қараб қўйди, — у шиқир. Ҳеч балони кўрмайди. Яланғоч юрсанг ҳам бўлаверади.

— Нима деганинг у? Шиқир деган гапни ҳеч эшитмаган эканман.

— Мен ҳам аввал эшитмагандим. Бир куни дўконимизга иккитаси кириб қолди. Вилоятликлар. Биттаси қидирган нарсасини тополмади. Иккинчиси: «Шиқирмисан? Ана, растада турибди-ку», деди шеригига. Шунда мен сўқир, кўрни улар шиқир дейишларини билиб олдим, — дея жавоб берди Дилзода дугонасига.

Меҳмонлар бирдан жиддий тортиб қолишди. Сўнг бир-бирларига сирли нигоҳ ташлашди.

— Диля, — деди тўрда ўтирган Камола исмли қиз. У бошқаларга нисбатан анча очиқ кийинган, юзию кўзига бўёқни аямаган эди. — Ҳар қалай, эринг. Унақа демагин. Гап бўп кетади.

Дилзода бепарво қўл силтади.

— Менинг ўрнимда бўлганингда, бундан баттариниям айтардинг. Бўлди, шу гап шу ерда қолсин… Ҳа, Гул, сен қадаҳ сўзи айтмоқчийдинг.

Дугонаси юзида табассум билан дик этиб ўрнидан турди.

 

***

 

Эшикларнинг ҳаммаси очиқ эди. Мусиқа овози тингандан кейин секин айтилган гап ҳам бошқа хоналарга бемалол эшитиларди. Айниқса, Муҳиддин сўнгги пайтларда тиқ этган товушни ҳам бошқаларга нисбатан яхшироқ эшитарди. Ҳозир у музлагандай қотиб қолган, бир туки қилт этмасди. Сўқир кўзидан эса ёш оқарди. «Шунчалик қийналиб кетган экансан, кўзи ожизлар орасига қўшиб келмайсанми? Шуларнинг орасида бир кунимни кўрардим…» дея хаёлидан ўтказди йигит пешонасига муштлаб.

Дилзоданинг дугоналари уй-уйларига кетгунича Муҳиддин хаёлан минг бир кўчага кириб чиқди. Ҳар кўчада хотинининг хиёнатига дуч келди ва ҳар сафар ич-ичидан қон йиғлади. Бироқ энди сўқир кўзлар намланмай қолганди. Устига-устак, Муҳиддиннинг қорни очди. Ана шу очлик хаёлларини давом этказишига йўл қўймади. Шундай эса-да, ўтирган жойидан қимирламади.

Дилзоданинг кайфи ошган, кайфиятиям яхши эди. Дугоналари ҳам роса яйрашди. Уларнинг хуш кайфиятини кўриб, Дилзода терисига сиғмай қувониб кетди. Неча йилки, дугоналари билан бунчалик мириқиб ўтирмаганди. Ичи гапга тўлиб кетган эканми, қурмагурларнинг сира жағи тинмади. Учтаси эридан қўрққанидан кетаманга тушди, бўлмаса, уларнинг суҳбати ҳализамон адо бўладиган эмасди. Дилзода секин зеҳн солиб қараса, ҳаммасидан ўзи бой экан, нимани истаса, бемалол сотиб олиши мумкин. Мана, яқинда билагузукли бўлди. Биров бир нарса дегани йўқ. Шиқир дея лақаб қўйган эри ҳеч вақони кўрмайди. Унинг учун қорин тўйғазиш ва ухлаш ҳаёт мазмунига айланган. Кўр одам бошқа нимани ҳам орзу қилиши мумкин? Қолаверса, соғлигидаям хотинининг раъйини қайтармасди. Асли қўли очиқ одам-да… Лекин дугоналарининг ҳаммаси бахтли. Эрлари бақувват, соғлом. «Гули кетар чоғида нима деди? — ўйлади Дилзода. — «Истасанг, оёғингнинг тагига ҳар қандай йигит ўзини ташлайди», дедими? Нимага шама қилди? «Кўр эрни томоша қилиб ўтираверасанми? Топ ўзингга бошқасини, бой бўлсанг, нимага қўлингни узатсанг, етса, айшу ишратингни суриб яша!» демоқчимиди? Агар шу ниятда айтган бўлса, мени соддага чиқарган. Ўзинг гўлсан, дугонажон, сен ўйлаган нарсаларни мен аллақачон амалга оширишгаям улгурдим».

Дилзоданинг хаёлида аввал автомактабдаги ўқитувчи гавдаланди. Бошда кўз уриштириб юрган ўқитувчи машина ҳайдашни машқ қилгани чиққанларида, билиб-билмай Дилзоданинг қўли устига қўлини қўйди. Жувон ўзини сезмаганга олди. Йўлдан кўз узмай, уловни бошқаришда давом этди.

— Яхши ҳайдаяпсиз, зийрак экансиз, — деди бундан руҳланган ўқитувчи.

— Отақул ака, қўлингизни олмасангиз, бирорта машинани уриб юбораман, — дея мийиғида кулди Дилзода.

«Ҳозир ўрни эмас, бошқа пайтда шунақа қилиқ қилсангиз, маъқул келарди» қабилидаги тушунча ўқитувчининг миясига урилди. У истар-истамай қўлини оларкан:

— Қизиқиш устида ушлаб олибман. Хафа бўлманг, — деб қўйди.

Одатда, у ҳар уч ойда алмашиб турадиган ўқувчилари орасидан энг чиройлисини кўзининг остига олар, кейин мана шундай машқ пайтида қўйнига қўл солиб кўрарди. Қизда ҳам озгина мойиллик сезса, уни аврашга тушарди. Мана шунинг натижасида икки марта, сал бўлмаса, қамалиб кетаёзди. Минг хил баҳоналар билан қизларни Чилонзордаги квартирасига олиб борди. Эшикни қулфлаб, энди ҳужумга ўтмоқчи бўлганида, қиз бирдан бақиришга тушди. «Эшикни очиб қўйинг. Акам прокурор, айтиб қаматиб юбораман», деди. Отақул қараса, аҳвол чатоқ. Дарров ялинишга тушди. Шайтон йўлдан урганлигини баҳона қилди.

Иккинчисидаям деярли шундай ҳодиса рўй берди. Бечора Отақул эндигина билагидан ушлаган эди ҳамки, қиз бир силтанишда унинг қўлидан чиқиб кетди ва деразани очиб ўзини ташлаб юборишини айтиб қўрқитди. Ялиниб-ёлвориб, бир амаллаб қизни жўнатиб юборди. Ҳаммадан қизиғи эртасига бошланди, қиз қандайдир қариндошини етаклаб келди. Қариндошки, бурнидан эшакқурт ёғилади. Отақулнинг дўппайган қорнига муштумини ботириб: «Умрингни қамоқда чиритаман», деб пўписа қилди у. Отақул кўзига ёш олди. Бошқа бунақанги номаъқулчилик қилмаслигини, шайтоннинг йўлига билмай кириб қолганлигини айтиб, ёлворди ва бу сафар ҳам хавфдан омон-эсон чиқиб кетди. Бироқ тарки одат — амри маҳол экан, қилғиликни ҳаял ўтмай, яна бошлаб юборди. Фақат энди ақллироқ иш тутди. Икки-уч марта шунинг орқасидан ниятига ҳам етди. Мана энди Дилзодага кўз ташлаган.

Аммо бу сафар ҳам омади юришмади. Жувоннинг кўнглида аввалига озгина мойиллик бор эди. Кейин у ўйлаб қолди. «Бўладиган бўлса, ёшроқ бўлсин, чўнтагиям пулга тўла бўлсин, токи мен сумкамни ковлаб юрмайин», деган қарорга келди. Қўлини ушлатди, кўзини қисиб қўйди, гоҳида бехосдан урилиб кетди-ю, шундан нарига ўтмади. Амаллаб уч ойни ўтказди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлига олгандан кейин эса Отақулга шунақа ўқрайиб қарадики, бечора ўқитувчининг дами ичига тушиб кетди.

Дўконда сотиладиган моли камайиб, Дилзода укаси билан хорижга қатнайдиган тадбиркорнинг фирмасига борди. Шунда у ўзи қидирган йигитга рўпара келди. Келишган, сочлари силлиқ таралган, кўзидан ўт чақнайдиган йигит бир қарашдаёқ жувоннинг ҳушини олди. Ҳатто бир муддат нима мақсадда келганини ҳам унутди. Агар ўшанда укаси бўлмаганда, биринчи учрашувдаёқ инон-ихтиёрини топшириб қўйган бўларди.

Ўша куни у уйига келмаганди. Онасиникида қолди. Чунки ўй-хаёли ўша тадбиркор йигитда эди. Шу аҳволда эрини кўришни сира истамасди. Ойиси: «Бор, эрингдан хабар ол. Бечора бир ўзи нима қиларини билмай, очдан-оч ўтиргандир сени кутиб», дейишига қарамасдан, уйига боргиси келмади. Баҳона топди.

— Ҳаммасини ёнидаги столга қўйиб қўйганман. Шундоқ қўлини узатса етади. Бошқа нарсаларга бориб келишни ўрганиб олган, менсиз ҳам эплайди, — деди.

Онаси унга эътироз билдира олмади. Чунки уни қизи боқаяпти, уй-жойини ўзгартириб берди. Энди қандай қилиб унинг хоҳишига қарши борсин?

— Майли, қолақол, чарчагансан, озгина мириқиб дам ол, болангга ўзим қараб тураман, — деди.

Дилзода шу заҳоти ётоққа кириб, ўзини каравотга ташлаганча шифтга термилиб, ўша бир қарашдаёқ уни мафтун этган йигит тўғрисида ўйлаб ётди. Бундай хоҳиш тезда мевасини берди. Орадан икки кун ҳам ўтмай, Дилзода ўша тадбиркорнинг тўшагида меҳмон бўлди. Кейин… кейин бир ҳафта ўзига келолмади. «Нега шу ишга қўл урдим? Ахир кўзи ожиз бўлсаям, бошимда эрим бор-ку, ўша бола қилган ишни, гарчи ногирон эса-да, эрим ҳам эплайди-ку. Бундан бу ёғига қандай яшайман?» деб қийналиб юрди. Сўнг виждон азоби ўрнини тағин тадбиркор йигитга бўлган интилиш эгаллаб олди.

Мана шунгаям бир ойдан ошиқроқ вақт ўтди. Дилзода энди ўша йигитни кўрмаса туролмайди. Ҳар куни учрашади. Учрашмаган куни камида беш-олти марта телефон орқали гаплашади. Ҳатто ўша тадбиркорга қўнғироқ қилса, телефонининг экранида «жоним» деган ёзув пайдо бўлади.

Дилзодага ўзининг ўйи нашъа қилиб, мийиғида кулди.

— Гули, — деди пичирлаб, — наҳотки мени шунчалар гўл деб ўйласанг?

У тебранганча ётоққа кирди. Эри икки кишилик юмшоққина каравотда қимир этмай ўтирибди. «Тавба, бу ўтириб ухлабдими?» кўнглидан ўтказди Дилзода ва устидаги кийимларини еча бошлади.

— Кўрлар жамиятига борсам, нима дейсан? — деди илк маротаба хотинини сенсираган Муҳиддин.

Дилзода қотиб қолди. Қулоқларига ишонгиси келмади. Кейин секин эри томонга ўгирилди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

3 ФИКРЛАР

  1. Тушинмадим….. Нега Шикир ва Бир кечалик келин жудям кизикарли каналда чикмади нега бугун чикмади деб16 кисимни такрор укидим ва ухшаш маколалар да 17 ва 18кисимлари турибди илтимос изох берсаларингиз

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here