БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК… (9-қисм. Иккинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Фурқатнинг дарди оғир эди. Қўлини қаерга узатса етар даражага етган бўлса-да, Насибанинг муштдеккина кўнгли барибир ожизлик қиларди. Йиллар, ойлар давомида тома-тома гўё катта кўлга айланган дардлар, аламлар кўксини силтаб юқорига интиларди. Муҳаббатнинг заҳарли нишидан абгор-у, нотавонга айланаёзган юраги потирлаб унга сира тинчлик бера қолмасди. Алам-у, нафрат ўтида куйиб жизғанаги чиқиб бўлган қиз хонаси эшикларини ичкаридан тамбалади-ю, ҳўнграб йиғлаб юборди. Йиғлагани сайин Фурқатнинг сиймоси кўз ўнгида ёрқинроқ намоён бўла бошлар, ўксик туйғулар жунбушга келиб йиғисига йиғи, ҳасратига ҳасрат қўшарди.

— Худойим, — дафъатан чўғдек қип-қизил гилам устига тиз чўкиб ёш тўла кўзларини шифтга тикди Насиба. — Нега мени бахтсиз қилиб қўйдинг? Сенга нима ёмонлик қилгандим? Ҳар куни ёдимдасан, кун-у тун ўзингга ёлвораман! Ўзингдан сўрайман. Икки маротаба бахт юбординг, аммо алдадинг! Мени шармандалар қилдинг, ўзим бир умр орзулаган бахтимдан мосуволар қилдинг! Нега? Наҳотки, менинг бир чимдигина ҳадянгга, иноятингга номуносиб бўлсам? Бор йўғи шуни сўрадим холос-ку!..

Афсуски, нолалари охирига етмай қолди. Хона эшиги безовта тақиллаб, ташқаридан Нафосат аянинг хавотирли товуши жаранглади.

— Аҳмоқ бўлма, қизим! Эшигингни оч! Мени адо қилма, жон бола-ам!..

Насиба кутилмаганда сакраб ўрнидан турди-да, шоша-пиша кўз ёшларини дастрўмолчасига артиб, кўзгуга боқди. Қовоқлари шишибди. Қўл силтаганча югуриб бориб эшикни очди. Очгани ҳамоно ичкарига Нафосат ая ҳовлиқиб кирди-ю, қизини маҳкам қучоқлаб олди.

— Мени қўрқитвординг-ку, аҳмоққина қизим, — деди у йиғи аралаш. — Ўзингни бир нарса қип қўясанми деб жон-поним чиқиб кетаёзди! Кел, юр, анави ерга ўтирайлик-чи! Юрақол, жоним!..

Насиба онанинг ёқимлидан-да ёқимлироқ, жуда ҳам қадрдон исини димоғида туйди дегунча кўнгли баттар бўшашиб кетганди. Лекин Нафосат аянинг дилига ортиқ озор етказгиси келмай, базўр ўзини йиғлашдан тийди ва мажбуран жилмайганча бориб диванга ўтирди.

— Жон қизим, — Нафосат ая бир неча дақиқа сукут сақлаб, қизи хўрсиниқлардан тийилгач, шошилмасдан сўз бошлади. — Ўша мараз Фурқатни энди унут! У сенинг тенгинг эмас! Мана, кўрдинг, синадинг, амин бўлдинг! Бир пулга қиммат йигит эканини ўз кўзларинг билан кўрдинг! У сенинг бир томчи кўз ёшингга арзимайди, қизи-им! Ҳали кўрасан, отаси оламдан ўтиб кетса-чи, итдай хор бўлади, ҳа! Кўзим тирик бўлса, ўша куни ўзингга кўрсатаман худо хохласа! Буёғига ишингни ўйла! Мени айтди дейсан, ҳали шундай бир йигит учрасинки, сенга, бир оғиз гапини сутга қўшиб ичадиган, изларини тавоб қиладиган бўлсин! Худойимнинг ўзи кўриб турибди. Минг шукр, оёққа турдинг, дўст-душманнинг олдида юзинг ёруғ, қўлингни қаерга узатсанг, етади. Бир кун бахтниям беради худойим. Қўй, эсдан чиқар ҳаммасини!..

 

* * *

 

Насиба эрта тонгда уйғониб, аста иккинчи қаватдаги балконга чиқди. Бу ердан шаҳар жуда яхши кўринарди. Қават-қават уйлар, бир-биридан бўйдор чинорлар, қайсидир кўчалар бўйлаб ғиз-ғиз қатнаётган машиналарга боқди. Бу ҳам одамга ўзгача роҳат бахш этаркан. Айниқса, тонг насимининг авайлабгина юзларига урилиб ўтиши Насибани янада сергаклантирди. Тунги тўлғонишлари, аламлари нари чекингандек бўлди. Ҳа, ҳаёт давом этмоқда. Демак, худонинг бандалари фақат олдинга интилиши керак. Шунда Яратган ризқдан, хотиржамликдан қисмайди.

Насиба биринчи бўлиб шаҳар марказидаги супермаркетларини айланмоқни, ишчилардан хабар олмоқни ихтиёр этди ва кўз очиб юмгунча машинасида биринчи супермаркетга етиб келди. Бу супермаркетга Ноилахон деган кўҳликкина аёлни бош қилиб қўйган. Жуда ҳалол, меҳнаткаш жувон экан. Ишни уддалаб кетди. Ҳатто қисқа фурсатда бошқа дўконларга нисбатан кўпроқ даромад қиладиган бўлди.

— Вой, Насибахон, кечиринг, — Ноилахон сал нарида ҳисобчи қизга нималарнидир уқтираётган экан. Насиба кириб келганини кўриб, пилдираганча қаршисида ҳозир бўлди. — Сизни пайқамай қолибман! Яхши келдингизми? Соғлиғингиз яхшими?

— Худога шукр, нолимайман, — деди Насиба ичкари тўла харидорларни кўргач, қалби қувончга тўлиб. — Харидор кўплигига қараганда, ишларингиз бешга ўхшайди!

— Шундайликка шундайку-я, — деди Ноилахон бирдан маҳзун тортиб. — Аммо сизга бир хунук хабарим бор.

— Хунук хабар? Нима бўлди?

— Анави ўзингиз билан тепакал солиқчи келди, — деди Ноилахон ер чизиб. — Ҳозир сизнинг кабинетингизга кирволиб ҳужжутларни текширяпти.

— Шунақами? Майда-чуйда бериб қорасини ўчирмабсиз-да! Бало бормикан менинг кабинетимда унга?

— Вой, дағдағасини кўрсангиз… Ҳаммамизнинг ўтакамизни ёрди у. Айтганча…

Ноилахон супермаркет остонасига қадам қўйган икки ажнабий аёлни кўрди-ю, қўрқа-писа Насибани туртди. — Анавиларни қаранг! Улар СЭС дан келди. Уларниям ўша тепакал чақиртирибди.

— Чақирган бўлса, уларниям кабинетимга таклиф қилинг! Ҳар ҳолда давлатнинг одамлари!

— Хўп бўлади!

Ҳаш-паш дегунча Насиба кабинетига кириб борди. Не кўз билан кўрсинки, худди ўша солиқчи, бир пайтлар унинг номусига кўз олайтирган, уни суюқоёқлар билан тенглаштирган, кўп бора бозордан қувиб солишга уринган тепакал эркак кабинетнинг тўрида оёқларини алмаштирганча керилиб ўтирарди. Насибани кўрди-ю, ўнғайсизландими, аста ўрнидан қўзғалиб, қаршисидаги қовоқлари уйилган, жиддий, нигоҳлари совуққон аёлга масхараомуз боқди.

— Хўш кептилар, солиқ ака, — деди Насиба ҳеч нарса бўлмагандек расмий оҳангда. — Айтмабсиз-да, кабобми, ишқилиб мазали таомлар билан сийлашарди хизматчиларим!

Ҳали солиқчи Насибага жавоб қайтариб улгурмай, эшик тақиллаб ичкарига СЭС да ишлайдиган икки ажнабий аёл кириб келишди. Насиба уларни стол қаршисига ўтқазиб, ўзи ҳам курсилардан бирига чўкди.

— Жа ишлар беш-ку, — деди солиқчи рўпарасидаги аёлларга кўз қисиб. — Шундай катта ишларга қўл урибсиз қўрқмай. Ростми, ё мен адашдимми?

— Сиз адашсангиз, қиёмат бўлади-ку, — деди Насиба совуқ жилмайиш қилиб. — Ҳеч қачон адашмагансиз. Ҳойнаҳой, бу опаларниям сиз чақиртирган бўлсангиз керак-а?

— Ҳа-да, — янада жонланди солиқчи. — Шундай катта дўконни ишга туширибсиз. Аммо орасталикка амал қилишни унутибсиз-да, яхши қиз!

— Биринчидан, — деди Насиба асабий лаб тишлаб. — Мен яхши қизмас, Насиба Туробовнаман! Илтимос, чегарадан чиқмасангиз! Иккинчидан, менинг дўконларимда ҳамиша орасталик. Истасалар, марҳамат, текшириб кўрсинлар!..

— Текшириб бўлганмиз, — дея Насибага юзланди ажнабий аёллардан бири. — Мана, бу ҳужжатда йўл қўйилган қоидабузарликлар кўрсатилган. Омборингиздан муддати ўтган сут ва гўшт маҳсулотлари топилди. Тўғри, улар кўп эмаскан, бироқ муддати ўтган. Худо кўрсатмасин, уларни харидор сотиб олса, заҳарланиб бир нарса бўлиб қолса, гуноҳи сизга бўлади, синглим! Ё гапим нотўғрими?

Насиба бу гапдан сўнг бошқарувчисига совуқ тикилди.

— Кечиринг, опа, — деди айбдорона бош эгиб бошқарувчи. — Шуни пайқамабман. Лекин омборчи жазосини олди!

— Сиз бошқарувчисиз-ку, — деди Насиба. — Нега ҳаммасини ипидан игнасигача текширмайсиз ҳар куни? Бас, кечириш йўқ, маошингизнинг ярми берилмайди. Агар яна бир марта шундай қўпол хатога йўл қўйсангиз, ишдан кетдим деяверинг! Боринг, ишни бошқаринг!

— Хўп бўлади!

Бошқарувчи йиғлагудек бўлиб ўтирганларга ер остидан билдирмайгина қараб олди-ю, чиқиб кетди.

— Хўш, иккинчи ҳужжатингизда нима ёзилган? — ажнабий аёлга юзланди Насиба. — Яна айбимиз бор эканми?

— Йўқ, — жавоб қилди аёл. — Бошқаси жойида. Бу ҳужжатга тўлашингиз керак бўлган жарима миқдори ёзилган. Марҳамат!

Насиба ҳужжатни қўлига олиб кўз югуртирди. Бир миллион сўм жарима ёзилибди. Дарҳол уни аёлга қайтариб берди.

— Хўш, нақд пулда тўлайсизми? — гапга аралашди солиқчи. — Ёки…

— Сиз, амаки, — дея даст ўрнидан турди Насиба. — СЭС нинг ишига аралашмасангиз яхши бўларди. Қолаверса, бизда ҳеч қачон нақд пул бўлмайди. Пулларимизни банкда сақлаймиз. Демак, жаримани ҳам пул ўтказиш йўли билан тўлаймиз! Агар менга бошқа саволлар бўлмаса, рухсат берасиз, ишим кўп!

Дўкон эгасидан бу қадар қўпол муомала кутмаган солиқчи ранги гезарганча истар-истамас ўрнидан турди. Аммо кетишга шошилмади.

— Солиқ ҳужжатларида жудаям қўпол хатоликлар бор экан, — деди у. — Сингил… Ҳа… Нимайди… Амаки дедингизми боя?.. Қизим, солиққаям анчагина жарима тўлашингизга тўғри келади.

— Тўлаш керак бўлса, хатога йўл қўйган бўлсак, тўлаймиз. Фақат бизнинг ишлашимизга халал бермасаларинг бас!..

— Вей, бойвучча, — энди солиқчи дафъатан Насибага яқин келиб баттар гезарди. — Сал пастроқ тушгин энди! Нима, пулинг кўп, қўша-қўша дўкон очиб ташлаган бўлсанг, биз қуллуқ қилишимиз керакми сенга? Вей, хоҳласам-чи, бир «пуф»лаб учирвораман сендақаларни!..

— Учирганингизда кўрамиз! — Насиба атайин хотиржамликка берилиб, мажбуран жилмайди. — Олдин учиринг, ана ундан кейин гапирсангиз ярашади.

— Ҳали шошмай тур!..

Солиқчи зарда аралаш столга бир муштлади-ю, чиқиб кетди. Ажнабий аёллар эса ҳарқалай хайр-маъзур қилгандан кейингина рухсат сўраган ҳолда, одоб билан узр сўрагачгина ташқарига чиқишди.

Насиба… Асаблари қақшаб, юраги сиқилиб, аъзойи бадани музлаган кўйи ўз курсисига бориб ўтирди-ю, икки кафти билан бошини чангаллаганча йиғлаб юборди.

 

* * *

 

Аммо кўз ёш, сиқилиш, ғам чекиш билан дардни аритиб бўлмайди. Насиба бунга кейинги йиллардаги ҳаёти давомида бир неча бор амин бўлди. Шу сабабли бир сесканиб ўрнидан турди-да, деразадан ташқарига боқди. Кеч туша бошлабди. Эшик ортида эса ҳар қачонгидек савдо қизигандан қизиганди.

— Шунча вақт ўтириб қолдимми? — деди ўзига ўзи шоша-пиша сочларини тўғриларкан. — Мараз солиқчининг гаплари асабимни бузди-да! Бу кунингдан баттар бўлгин, илойим!..

Насиба қўлига сумкачасини олиб секин кабинетдан чиқди. Кўз қири билан атрофни кузатиб, ходим ва ходималар ўз иши билан бандлигига гувоҳ бўлгач, ташқарига йўл олди. Шу орада иш юритувчи аёлга баъзи нарсаларни тайинлашни ҳам унутмади.

— Кеч кириб қолибди, — деди машинасига чиқиб ўтиргач. — Ҳадемай тун чўкади. Яна оғир, қўрқинчли, дардли ва аянчли лаҳзалар бошланади. Ойим ҳам анча қариб қолди. Мен билан узоқ гаплашиб ўтира олмайди. Телевизорни кўришга кўзим йўқ. Баттар асабим бузилади. Мақтовдан нарига ўтишмайди. Одамларнинг дардини сир тутишади. Йўқ, ҳозир уйга бормайман. Яхшиси, тунги клубимдан хабар оламан. Икки кундан бери қадам босмагандим. Кўрай-чи, ишлар қандай кетяпти экан!..

Насиба тахминан ярим соат деганда шаҳарнинг бошқа бир четидаги тунги клубга етиб келди. Ташқарида зулмат ҳукм сура бошлаган, аммо ой зулматга сира сўз бермай, оламни ёритишда давом этарди. Насиба шошилмасдан машинасини кўздан панароқ жойга қўйиб, хотиржамлик билан пастга тушди. Тушди-ю, даҳшатдан бақириб юбораёзди.

Тунги клубнинг кириш эшиги яқинида икки қўриқчи озғиндан келган йигитни тепкилар, йигит баланд овозда тўхташларини сўраб ёлворарди. Аммо қўриқчилар унинг илтижоларига қулоқ тута қолмасди.

— Ҳой, нима қилганларинг? — Насиба югуриб борди-да, қўриқчиларнинг олдини тўсди. — Ақлдан озганмисанлар? Нега уряпсан бу одамни? Жинни бўлдингми иккалангам? Ким ҳуқуқ берди сенларга?

Қўриқчилар Насибани кўрганданоқ бўшашиб қолишганди. Айбдорона ер чизган кўйи бир неча қадам ортга тисланишди. Насиба эса дарров ерда қонга беланиб ётган йигитга ўрнидан туришга ёрдамлашди-ю, қўриқчиларнинг бирига бақирди:

— Аъзам, нега қаққайиб турибсан? Тез ичкарига олиб кир, юз-қўлини юв! Кейин менинг кабинетимга опкирасан!

Қўриқчи йигитни етаклаганча клуб ичкарисига кириб кетгач, Насиба иккинчи қўриқчини сиқувга олди.

— Нега дўппосладиларинг уни? — сўради нафрат аралаш. — Бурнингни тортавермай, саволимга жавоб бер!

— Ҳалиги… — қўриқчи Насибага ер остидан қўрқа-писа қараб олди-да, жавоб беришга тутинди. — Т-талабайкан… Пули йўқлиги аниқ эди. Клубга кираман деяверди. Яхшиликча тушунтирсак…

— Нима? Талаба бўлса пулсиз юради деб ким айтди сенларга? Кучларинг шу йигитга етдими? Ташкилотингда шунақанги зўравонликка, шафқатсизликка ўргатишадими ҳали?

— Й-йўғ-э, опа, ундаймас… Ҳалиги…

— Сенларминан кейин гаплашаман! — гапни кесди Насиба. — Иккаланг ярим соатдан кейин кабинетимга кирасан.

— Хўп бўлади!..

 

* * *

 

 

Кабинетга кириб борганда, калтак еган талаба ва Аъзам деган қўриқчиси бир четдаги курсиларда ўтирганча ер чизарди.

— Сен бўшсан, — деди Насиба қўриқчига. — Ярим соатдан кейин шеригингминан олдимга кирасан.

— Бўпти.

— Чиқавер ишингга!

Қўриқчи чиқиб кетгач, Насиба талаба йигитга ачиниш аралаш зимдан тикилиб қаради. Унинг истараси иссиқ, кўз қарашлари самимий эди.

— Кечирасиз, ака дейми, уками, билолмадим. Майли, ука дея қолай! Нима бўлди? Бошидан гапиринг-чи! Айтганча, исмингиз нима?

— Билол, — деди йигит аста бош кўтариб. — Талабаман. Миллий университетда ўқийман.

— Жуда яхши, — деди Насиба. — Кўриниб турибди талабалигингиз. Нима бўлди, Билол? Нега қўриқчилар сизни дўппослашди?

— Жуда зўравон, қўрс экан қўриқчиларингиз! — Билол энди гап оҳанги совуқлашган кўйи жавоб қайтарди. — Ерга уриб ташлашди. «Талабайкансан, пишириб қўйибдими бу ерда?» деб нафсониятимга тегишди. Мен ўзимни босиб ичкарига кирмоқчи бўлдим. Улар эса… Кўрганингиздай…

— Қўриқчиларимни кечиринг, — деди Насиба асабий лаб тишлаб. — Иккаласиям ишдан ҳайдалади бугун… Биласизми, айбимизни ювиш учун нима қилишниям билмай бошим қотди. Ўзингиз айтинг, нима қилсам кечирасиз бизни? Истайсизми, дўконларимдан бирига борамиз-да, сизга бош-оёқ сарпо совға қиламан?!. Балки…

— Менга ҳеч нима керакмас, — деди Билол. — Елкамнинг чуқури кўрсин энди шу клубларингизни! Узр, кетишим керак. Имтиҳонга тайёрланишим зарур.

Шундай деб Билол даст ўрнидан турди. Унинг юзлари қонталаш, кўз остилари, томоқ остигача кўкариб кетганди. Оёғига ҳам қаттиқ тепишганми, бир-икки қадам юрганди, оқсаётгани сезилиб қолди.

— Йўқ, бунақаси кетмайди, — деди Насиба. — Ҳозироқ дўхтирга борамиз. Яраларингизга малҳам суришади, керак бўлса, укол қилишади. Мен сизни бу аҳволда қўйиб юбора олмайман! Нима бўлгандаям айб бизда. Айбимни ювмасам, ўзимни кечира олмайман!..

Билол қаршилик қилмади. Насибага итоат этган ҳолда қайтадан курсига чўкди.

Бир соатча вақт ўтиб улар илиқ хайрлашишди. Насиба талабанинг яраларига малҳам суриб, керакли уколлар олингач, уни талабалар шаҳарчасигача олиб бориб ҳам қўйди. Кетаётиб қайта-қайта узр сўради. Бемалол клубга бориб кўнгил ёзаверишини қайта-қайта тайинлади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ