МОСКВАЛИК МАУГЛИ… (ёки нега аёл болаларини маҳлуқларга тенг кўрди?)

0

 

Москва вилоятида жойлашган Мытищи шаҳарчасидаги квартиралардан бирида тўрт нафар гўдак истиқомат қиларди. Аммо улар оддий болалар эмас. Замонавий Мауглилар десак тўғрироқ бўлади. Сабаби, тўрт боланинг биронтаси одам тилида гапира олмасди. Фақат маҳлуқлар каби турли беўхшов овозлар чиқарарди. Одамларни кўрса, қоча бошларди.

 

КВАРТИРА ЧАНГАЛЗОР ЭМАС

 

12 қаватли уйнинг ўша болалар яшайдиган подъезди сираям чангалзорга ўхшамайди. Чунки бу подъездда Мауглилардан ташқари оддий одамлар ҳам яшашади. Аммо болалар яшайдиган квартира ичкарисига қадам қўйсангиз, росмана чангалзордан ҳам баттарроқ хилқатга рўбарў бўласиз. Квартира ичкариси ахлат уюмига тўла. Ахлатлар орасида эса уч ўғил ва бир қиз яшамоқда. Қиз уларнинг тўнғичи. Исми Софья экан. Одамларни кўрди дегунча бўривачча каби ув торта бошлайди. Лекин жаҳлдор эмас. Ёввойилашган холос. Кейингиси олти ёшли Артур, тўрт яшар Марк ноутбукни ҳеч қачон кўрмаган, фломастер нелигини билмайди. Кенжа Маугли бир ярим яшар. Ҳали ундан арзигулик бирор жиҳатни аниқлаш мушкул. Фақат у ваннахонага олиб киришга тутинсангиз, ҳаммаёғингизни тишлаб ташлайди. Негадир сувдан қўрқаркан. Шуларнинг барчасини врачлар деформация деб аташди, тамом, вассалом. Олдинига болаларнинг барчаси асаб тизими параличига учраган бўлса керак деб гумон қилишди. Текшириб кўришганди, ундай бўлиб чиқмади…

Қўшниларнинг гапига кўра, бу Мауглилар болалар боғчаси нелигини ҳам билишмайди. Биронтаям поликлиникага рўйхатга қўйилмаган. Одам тилида деярли гапиришмайди. Фақат беўхшов товушлар чиқаришади холос. Шўрлик гўдаклар ўзлари яшайдиган квартирадан ҳовлига чиқиб ҳам кўрмаган. Овқатни бувиси олиб келиб ахлат уюмлари орасига ирғитарди-ю, ўзи дарров жуфтакни ростлаб қоларди. Онаси эса уларни қур-қур кузатган бўларди.

Қаранг, ташқарида XXI аср. Интернет, жамоат транспорти, одамлар ресторанларга овқат учун буюртма беришади. Махсус курьерлар овқатни олиб келиб беришади. Телефонига пул ташлаш учун ҳам ҳозир ҳеч ким ташқарига чиқиб ўтириши шарт эмас. Интернет бор-ку, бўлди-да! Шундай замонда бу қадар ёввойилик қаердан ва қандай пайдо бўла қолди?

Шу йил 13 март куни квартирага полициячилар киришганди. Даҳшатдан тош қотиб қолишди. Квартира ичкариси росмана ғорни эслатарди. Ахлат уюмлари, кир-чир идишлар сочилиб ётибди. Деворларга қараб бўлмайди. Ичкаридан таралаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмайди. Ҳаммаёқда антисанитария ҳолати ҳукмрон. Каравотларда на чойшаб, на тузук-қуруқ ёстиқ бор. Болаларнинг ўсиқ сочлари патаклашиб кетган, ҳаммаёғи кир-чир. Улардан ҳам бадбўй ҳид таралмоқда. Ичкарида сувараклар кезмоқда. На чироқ, на сув бор. Бадбўй ҳид подъездгача чиқиб кетгани учун қўшнилар полиция чақиришганди.

— Бу болалар, — дейди қўшни аёл. — Идиш-товоқларни деразадан пастга ирғитади. Қандайдир ёввойилашган улар. Коммунал хизмат учун тўланмаган қарзлари 200 минг рублдан ошиб кетган. Менингча, онаси бу ёввойиларни ҳар хил эркаклардан туққан бўлса керак. Аёл жудаям дангаса. Болаларини тақдирнинг ҳукмига топшириб қўйган. Ўзи қаерда нима қанд еб юради, худо билади…

 

ОНА НИМА ДЕЙДИ?

 

Тўрт Мауглининг онаси Инесса Кузнецова деган аёл экан. Кийинишига гап йўқ. Кўчада кўрган одам уни камида йирик бир компанияда ишлайди деб ўйлаши тайин. Биргина исмининг ўзи ҳам одамни хижолатга солади. Ёши ҳам у қадар улуғ эмас, 32 да экан.

— Менинг болаларим жуда эркатой, — деди у ҳеч нарса бўлмагандек. — Нима ейишни исташса, ўшани олиб бераман…

Аёл квартирадаги аҳволга ҳам қўл силтабгина «бир-икки кундан бери йиғиштирилмаган, нмиа бўпти?» деб қўя қолди.

— Тўрталасини ҳам уйда туққанман, — давом этди она. — Туғруқхонада туғишга қўрқаман. У ерда болангизни дарров қўлингизга тутқазиб қўйишмайди. Мен эса болаларимдан бир сония ҳам айро бўлишни хоҳламайман. Тўғри, болаларни бувиси тарбия қилган. Боғчага боришмаган, поликлиникага рўйхатга қўйилмаган. Нима бўпти? Вақт бўлмаган.

Мауглиларнинг бувиси 66 ёшли Галина Кузнецова экан. Ранги оқаринқираган, озғин, узун тунги кўйлакда худди эртаклардаги жодугар кампирни эслатиб юборади.

— Биз квартирани таъмирлашга ҳозирлик кўряпмиз, — дея ўзини оқлай кетди Галина хола. — Шунинг учун чироқ ҳам узиб қўйилган…

 

ОДАМЛАР САРИ ОЛҒА!!!

 

Ким ҳам бу жодугарсифат буви, кўчадагина маликаларни эслатувчи онанинг гапларига қулоқ тутиб ўтирарди. Шундоқ ҳам ҳаммаси равшан эди. Болаларни реабилитация марказига олиб кетишди. Бугунги кунда Артур ва Маркни яхши одамлар асраб олишган. У Светлана Шакурова. Аёлнинг ўз болалари бор, аммо икки ўғил болани ёқтириб қолиб, асраб ола қолибди.

— Бу болалар бир-биридан яхши, — дейди Светлана. — Фақат ёввойилашиб кетган. Олдинига бир неча марта бориб икковлари билан бирга сайр қилдим, танишдик, бир-биримизга анча ўргангач, уйга олиб келдим. Улар гапиришни ўрганишяпти. Ҳозирнинг ўзидаёқ мени ойи деб чақира бошлашди. Жуда ақлли. Бир ҳафтада ноутбук нелигини англаб етишди. Агар имкон беришса, уларнинг опаси Софьяни ҳам асраб олсам дейман…

— Агар Мауглиларнинг онаси тузалиш палласига кирса, — деди Москва вилояти бўйича болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти вакиласи Ксения Мишонова. — Биз гўдакларни ўзига қайтарамиз албатта. Аммо тузалмаса, болалардан умид қилмасин. Вақти етганда уни оналик ҳуқуқидан ҳам маҳрум этишимиз мумкин.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади