Яна уй-жой можароси: «Сергелидаги янги қурилган уйларнинг нархи чиндан ҳам ошдими?»

0

Серфарзанд халқмиз. Шунинг учун ҳам юртимизда уй-жойга эҳтиёж катта. Бу эса давлатимиз раҳбари эътиборидан четда қолмаган. Шу мақсадда Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва тегишли қарорлари билан республикамизнинг барча ҳудудларида арзон уй-жойлар қурилаётгани аҳолининг уй-жойга муҳтож қатламининг мушкулини осон қилмоқда. Мазкур ишлар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг чексиз қувончига сабаб бўлди, десак адашмаймиз. Ахир неча-нечалаб оилаларнинг йиллик орзуси рўёбга чиқиб, улар бошпанали бўлишяпти.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2021 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, пойтахтимизнинг ҳар бир туманида 20 тадан, жами 200 дан ортиқ 7 ва 9 қаватли кўп хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Бу мавзелар барча ижтимоий объектлар билан таъминланиб, муҳандислик тармоқларига уланиши, уйлар атрофи ободонлаштирилиши белгиланган.

Ушбу эзгу ишлар натижасида пойтахтимизнинг Сергели туманида қисқа вақтда янги массив пайдо бўлди. Айни пайтда бу ерда кўплаб уйлар қуриб битказилди ва ўз эгаларига топширилди. 1, 2 ва 3 хонали уйлар аҳолига имтиёзли кредит асосида берилди ва ҳамон топширилмоқда. Қувонарлиси, уйлар атрофида мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, оилавий поликлиникалар барпо этилди. Албатта, бундай имкониятлардан, давлат кўрсатаётган ғамхўрликдан янги уй эгаларининг боши осмонга етгани аниқ. Бироқ танганинг иккинчи томонидаги ҳолат кўнгилни хира қилмай қолмайди.

Айни кунларда Сергели туманида янги қурилган уйларнинг нархи ошгани ва бу шу ерлик аҳолининг норозилигига сабаб бўлгани ҳақида турли хабар ҳамда видеолар тарқалди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган автобусдаги аёлларнинг дод-войи ва арзи кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Биз ҳам мавзуни ўрганиш мақсадида Сергели туманига йўл олдик ва чиндан ҳам норози аҳоли янги қурилган уйлари олдида мутасаддилардан жавоб ва изоҳлар талаб қилаётган ҳолат устидан чиқдик. Бунда кўп қаватли турар-жой эгалари ипотека тўловидан норози бўлиб, кредит тўлови миқдори ошиб кетгани учун «Ўзшаҳарқурилишинвест» МЧЖ ИК билан асосий шартномани имзолашдан бош тортишмоқда.

Энг қизиғи, мурожаатчилар ўз муаммосини айтиш билан кифояланмоқда. Жавобга келганда эса эшитиш деган сўзни унутиб қўйишмоқда.

Албатта, бу каби ҳолатлар муаммоларнинг ечимига хизмат қилмаслигини барчамиз яхши биламиз, лекин айни дамда уйларининг нархи ошганидан норози аҳоли бу тушунчадан бироз йироқдек туйилди бизга.

Аҳолини саволга тутганимизда эса ҳаммаси нарх ошганидан норози экани, хонадонларда яшаб келаётганлар асосий шартнома узоқ муддатга тузилмагани, эндиликда айнан оширилган нархлар билан уни имзолаш таклиф этилаётганини айтишди.  Мутасаддилар эса бу гапларга аниқ жавоб бермай, масъулиятни бир-бирига ағдаришмоқда.

Шу ўринда бир нарсани унутмаслигимиз керак, ҳар доим муаммонинг ечими маданиятли инсонлардек саволга жавобни эшитишдир. Лекин кўриб турган ҳолатимиз бунинг акси эди.

Тўғри, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларнинг орзуси улашиш арафасида уй-жой нархининг бундай ошиши уларни ғазаблантирган, бироқ вазият… Балки, аҳоли ўз вақтила огоҳлантирилганда, шу каби тушунмовчиликлар юзага келмасмиди?..

МУТАСАДДИЛАР НИМА ДЕЙДИ?

10 апрель куни ваколатли ташкилотлар мутахассис ва раҳбарлари ҳамда уй-жой эгалари учрашуви бўлиб ўтди. Унда Сергели туманида қурилган ва 2018 йилдан буён фойдаланишда бўлган хонадонлар тақдири борасида фикр алмашилди. Хусусан, аҳоли уй-жойни сотиб олиш бўйича асосий шартнома нега оширилган нархда тақдим этилаётгани ҳақида сўради.

«Ўзшаҳарқурилишинвест» МЧЖ ИК маълумотига кўра, Президент қарори билан Тошкент шаҳрида 5940 та хонадонга мўлжалланган 150 та кўп квартирали уй қуриш белгиланган. Шундан 229,5 миллиард сўм пул маблағлари фуқароларнинг бошланғич бадал пуллари эвазига шакллантирилиши назарда тутилган.

Лойиҳа ҳужжатларига асосан, квартиранинг майдонига нисбатан бир квадрат метрнинг тахминий баҳоси 2841170 сўм этиб белгиланган.

«Ипотека» АТБ ипотека кредитлари бошқармаси бошлиғи Бобур Нурмуҳаммедовнинг айтишича, кредит шартномаси бўйича талаб ва шартлар ўзгаришсиз қолади. Талабгорлар учун бошланғич бадал тўлови пасайтирилган, шу туфайли бошланғич бадал учун қўшимча пул тўланиши талаб этилмайди. Фақат 7-қаватдаги уйларда бироз ўзгариш бўлиши мумкин.

Тошкент шаҳар ҳокимияти аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб, қонун доирасида ушбу ҳолатни ижобий ҳал этиш мақсадида тезкор ишчи гуруҳ тузганини маълум қилди. Ишчи гуруҳ таркибига Тошкент шаҳар ҳокимияти, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қурилиш вазирлиги, банклар ҳамда «Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компанияси ва бошқа тегишли ташкилотлардан мансабдор шахслар киритилган.

Бу борада юзага келган саволларга, хусусан, уй-жой нархининг ошишига таъсир қилган хом ашё ҳамда унга белгиланган солиқ имтиёзларидан самарали фойдаланиш бўйича «Ўзшаҳарқурилишинвест»гина аниқ маълумот бера олиши мумкин.

Демак, кутамиз…