БИЛАСИЗМИ…

0

 

 

ВАМПИРЛАР ҲАҚИДА АЙРИМ ҲАҚИҚАТЛАР

(Юраги заифлар ўқимасин)

 

Вампир атамаси қадим замонларга бориб тақалади. Ҳозирги кунда улар деярли афсонага айланиб улгурган бўлса-да, аслида қачонлардир мавжуд бўлгани ҳақида тарихий манбаларда алоҳида тўхталиб ўтилган. Уларда айтиладики, вампир — бу ўлиб ўлмайдиган, тириклар қонини ичиш орқали ўзининг абадий ҳаётлигини таъминловчи жонзот ҳиобланган. Айтишларича, вампирнинг мурдаси ярим кечаси ўрнидан туриб, қабрдан чиқаркан-у, биринчи дуч келган одамнинг қонини ичаркан. У яна тунда қабрига қайтиши шарт экан. Агар эрталабгача қолиб кетса, қуёш тиғи уни ростакамига ўлдираркан.

Қадимда вампир ҳужумидан сақланиш учун турли усуллардан фойдаланишган. Вампирни ўлдириш учун юрагига ари нишини санчиш кифоя қилган. Кейин эса мурдани оловда ёқиб, ҳокини қайта дафн этишган. Яна бир вампир ҳақидаги фактга назар ташлаймиз. Руминияда вампирни ўлдириш учун қизиб турган печдан фойдаланишган. Вампирнинг мурдаси шу печда куйдирилган. Шарқий Европада яшайдиганлар эса вампирни саримсоқдан қўрқади деб ҳисоблашган. Шунинг учун уйлар эшиги тепасига доимо саримсоқ илиб қўйишган. Кимга саримсоқ ҳиди ёқмаса, уни вампир гумон қилишган ва ўлдириб юборишган. Айримлар қабристонга наша сепиб чиққан. Ишонишганки, вампир кечаси ўрнидан тургач, бу ўсимлик ҳидини димоғида туяди ва шу билан овора бўлиб қуёш чиққунча ташқарида қолиб кетади. Қуёш тиғи эса уни куйдириб кул қилади. Вампирлар яна кумуш ва кўзгуни ёмон кўрган. Шу сабабли одамлар уйлар, деразалар тепасига кўзгу ва кумушдан ясалган идишларни илишга одатланишган.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади