Германиядан келтирилган ток кўчатлари нега ёқиб йўқ қилинди?

0

Мамлакатимизга Германиядан олиб кирилаётган манзарали гул ва дарахт кўчатлари Тошкент шаҳар “Аркбулоқ” ўсимликлар карантини чегара маскани инспекторлари томонидан карантин кўригидан ўтказилганда улар орасида кўп миқдордаги ток кўчатлари борлиги аниқланди.

Импорт қилинаётган маҳсулотларга тегишли ҳужжатлар текширилганда мазкур ток кўчатлари учун карантин рухсатномаси ва фитосанитария сертификати йўқлиги аниқланди. Ушбу ҳолат, Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунига зид ҳисобланади.

Карантин рухсатномаси – карантин остидаги маҳсулотни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга ёки унинг ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтишга рухсат берилганлигини тасдиқлайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан бериладиган ҳужжатдир.

Фитосанитария сертификати – карантин остидаги маҳсулотда ўсимликлар карантини объектлари мавжуд эмаслигини тасдиқловчи экспортёр давлатнинг тегишли ўсимликлар карантини ташкилоти томонидан бериладиган халқаро намунадаги ҳужжат.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, аксар хориж мамлакатларида токнинг ашаддий зараркунандаси «филлоксера» (Dactylosphaera vitifoliae), бир неча турдаги бактерия, вирус ва бошқа касаллик қўзғатувчилари мавжуд. Уларнинг Ўзбекистонга кириб келиши маҳаллий токзорларга жиддий зарар етказиши мумкин. Филлоксера билан зарарланган ток кўчатлари ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади, ҳосилдорлиги пасаяди, бир неча йилдан кейин ток қуриб қолади.

Шунингдек, узум баргларида бўртмалар пайдо бўлиб, ёш ток кўчатлари ҳосилга кирмасдан нобуд бўлади. Ўзбекистон учун бу зараркунанда ташқи карантин объекти ҳисобланади.

Ушбу ҳолатлар бўйича белгиланган қонун талаблари ва республика фитосанитар тозалагини ҳисобга олиб, ноқонуний йўл билан Германиядан келтирилган ток кўчатлари ёқиш йўли билан йўқ қилинди.

Ўзбекистон Республикаси “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунининг тегишли моддасига асосан, мамлакатимизга карантин остидаги маҳсулотлар ҳамда ўсимликларнинг экиш материалларини (уруғлик, кўчат, туганак, пиёзбош ва бошқалар) олиб киришдан аввал “Ўздавкарантин” иснпекциясига мурожаат этиш мақсадга мувофиқдир.

 

А.Мусаев, ЎзА