ЗАҲРИ ҚОТИЛ… (10-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ҳали тонг отиб улгурмаганди. Йўлдош телефоннинг безовта жиринглашидан уйғониб кетди.

— Алло, ким бу?

— Бу мен, Семенман! — таниш овозни эшитиб Йўлдош ҳушёр тортди.

— Нима гап, Семен?

— Қувондиқ ҳозиргина самолётга ўтирибди! Нима қилайлик?

Йўлдош бир муддат ўйланиб турди-да, жавоб қилди.

— Аэропортда кутиб тургин! Самолётдан тушиши билан дарҳол қўлга олгин-да, менинг олдимга олиб кел! Қолган гапларни шу ерда гаплашамиз.

— Уйи-чи? Уйини нима қилайлик?

— Ҳозирча тегмай тур!

— Хўп.

Шу суҳбатдан сўнг орадан тахминан бир икки ярим соатлар ўтди. Йўлдош атайин байрам кийимларини кийиб тахт ўтирарди.

Кутилганидек, ичкари эшик тақиллаб, соқчи йигитлар қўллари орқасига қайириб боғлаб ташланган Қувондиқ акани хонага судраб киришди.

— Бу нима қилганларинг, аҳмоқлар? — Йўлдош юз тузилишини бирдан ўзгартирди-да, Семенни койий кетди. Ёрдамчи аввалига ҳайрон бўлганди. Аммо Йўлдошнинг билдирмайгина кўз қисиб қўйганини пайқагач, кулимсираганча бош чайқаб қўйди.

— Еч аканинг қўлларини! — соқчига бақирди Йўлдош. — Ким сенга ҳуқуқ берди бундай қилишга?.. Ҳали шошмай тургин! Шундай адабларингни берайки… Ярамаслар!..

— Мен… Тушунолмадим. — юмшоқ ўриндиққа оҳиста чўкиб норози сўз бошлади Қувондиқ ака. — Ким буйруқ берди бу итларингга? Қандай ҳаддилари сиғди менинг йўлимни тўсишга?

— Бир қошиқ қонидан кечасиз-да, ака! — ясама қовоқ уйиб Қувондиқ аканинг кўзларига тикилди Йўлдош. — Буларга қўйиб берса, дуч келганни қопаман дейди… Йўқ, йўқ, ҳали булар жазосини олишади. Сиз… Сиз фақат сиқилманг!.. Мени биласиз-ку!..

— Ҳа майли… Агар сен бўлмаганингда, ўзим билардим нима қилишни…

— Йўқолларинг! Бизни холи қўйиш!.. — йигитларга буюрди Йўлдош.

Шу ондаёқ Семен бошчилигидаги соқчилар хонани тарк этишди.

— Ватанга борганмидингиз? — икковлари ёлғиз қолишгач, оҳиста сўради Йўлдош.

— Ҳа… Биласан-ку, бир оёғим ўша ёқда.

— Тушунаман… Ахир, хизматчилик!.. Хўш, уёқларда нима гап экан?.. Тинчликми ишқилиб?..

— Тинчлик… Оиланг ҳақидаям баъзи маълумотларни олишга эришдим.

— Хўш, хўш?..

— Айтишларича, кимдир уни қаттиқ қўрқитганми, касалхонага тушиб қопти… Йўқ, сен хавотир олма, уч-тўрт соатгина касалхонада ётибди, холос!.. Ҳозир яхши экан…

Йўлдош бу нусханинг бошқа айёрликларини балки кечира оларди. Лекин ҳозирги ёлғонларини…

— Ифлос-ей, — кўнглидан ўтказди у Қувондиқ акага зимдан назар ташлаб оларкан. — кўзимга қараб туриб ёлғон гапиради-я!.. Наҳотки, бизнинг қандай ишлашимиздан хабардон бўлмаса?..

— Ака, илтимос, бошқа мавзуда гаплашайлик! — деди у ҳамон қовоғини уйиб. — Ўшани… Эслатманг!..

— Ниманиям гаплашардик… Тўғриси, итдай чарчаганман… Ҳозир уйга борсам-да, дам олсам… Айтганча, мен айтган нарсани ҳал қилдингми?..

— Нимани? — атайин сўради Йўлдош.

— Нимани бўларди?.. Улуш масаласини.

— Ҳа-я, сал бўлмаса, ёдимдан кўтарилаёзибди… Хўш, сизга қанча берай, ака? Ҳарқалай, акам деганман сизни. Қанча яхшиликлар қилдингиз. Пулни аярмидим сиздан…

— Ақлли йигит эканингга шубҳам йўқ. Биласан-ку, сенга ишонаман. Агар ишонмаганимда, сени шундай маъсулиятли ишларга жалб қилиб ўтирмаган бўлардим…

— Тўғри, ака, ҳаммасига фақат сиз туфайлигина эришдим. Шундай экан, оғзингизга сиққанини айтаверинг!.. Бир оғиз қарши гап айтган номард!..

Қувондиқ ака мамнун жилмайиб дераза томонга ишора қилди.

— Йигитларинг чаккимас. Менинг тансоқчиларим ҳам бас кела олишмади уларга.

— Ахир, ўзингиз айтгансиз-ку, ака!.. — кулди Йўлдош. — Ҳамма ернинг ҳам ўз бўрилари бўлади.

— Ҳа, тўғри… Шу гапим ўзимнинг ҳам эсимдан чиққан экан… Хуллас, сен менга ҳозир бошланишига икки милён кўкидан берворсанг, бўлди. Қолганини йўл-йўлакай гаплашаверамиз.

Бунча катта пулни эшитиб Йўлдош яна атайин тусини ўзгартирмади. Очиғи, душманининг қаршисида сир бой бергиси келмади. Аксинча, янада чеҳрасини очиб темир сандиқдан айтилган пулларни олди-да, дипломатга жойлаб Қувондиқ аканинг қўлига тутқазди.

— Марҳамат, бу ерда сиз айтгандан бир сўм ҳам кам эмас! Яхшиликка ишлатинг, ака!..

— Қойилман сенга! — Йўлдошнинг елкасига қоқди Қувондиқ ака. — Яхшиям сени — ватандошимни шу ерларга олиб келган эканман… Мана, режалар фойдасини бера бошлади. Худо хоҳласа, келгусида сенминан бунданам катта ишларга қўл урамиз!

— Айтганингиз келсин!..

— Энди менга рухсат!.. Бориб дам олмасам бўлмайди.

— Бирга нонушта қилардик!..

— Йўқ, бошқа сафар…

— Семен!.. — деразадан бошини чиқариб қичқирди Йўлдош.

— Лаббай, ака!

— Йигитларга айт, меҳмонни ҳурмат билан кузатиб қўйишсин! Ўзинг менинг олдимга кир!

— Хўп!..

Йўлдош ҳурмат юзасидан Қувондиқ акани дарвозагача кузатиб қўйгач, Семен ҳамроҳлигида ичкарига кирди-да, эшикни ёпди.

— Энди яхшилаб қулоқ сол, — деди Семенга. — ҳозир анави нусханинг ортидан изма-из борасанлар. Икки йигит олдинроқда борсин-да, уйини ёқиб жуфтакни ростласин. Сенга телефон орқали хабар беришлари билан йигитларингга буюрасан. Уни тўхтатиб қўлидаги дипломатни тортиб олишсин. Билиб қўй, дипломат албатта менинг қўлимга келиб тегиши керак!..

— Айтганингиздай бўлади!..

— Хўп, оқ йўл сизларга!..

 

* * *

 

— Бугун бир иш қиламиз. — деди Йўлдош Таняга. — Ҳозир қулай кийимларингизни кийиб машинага чиқинг!

— Хўп бўлади!..

Йўлдошнинг нияти Семенларнинг кетидан кузатиш ва қилинган ишни ўз кўзи билан кўриш эди.

Кўз очиб юмгунча улар кўзланган манзил томон жўнаб кетишди.

— Ишқилиб, ҳаммаси яхши бўлсин! — ўйларди Йўлдош узоқ-узоқлардан кўз узмай. — Икки милён қулоғини ушлаб кетмаса бўлди…

Чамаси, беш чақиримлар йўл юришганди. Кутилмаганда Йўлдошнинг қўл телефони жиринглаб қолди.

— Эшитаман! — деди у истар-истамас гўшакни қулоғига тутиб. — Ким у?..

— Танимадингми? — гўшакдан келаётган овоз Қувондиқ аканики эди. Бирдан Йўлдошнинг ранги ўзгарди.

— Ҳа, ака, тинчликми? — сўради у гўё ҳеч нарса бўлмагандай. — Бирор хизмат борми?..

— Хизматми?.. Йўқ… Лекин жуда муҳим гап бор, ука!..

— Қулоғим сизда.

— Қара, йигитларни жуда бўшаштириб юборибсан. Осонгина топшириқниям бажара олишмади хумпарлар.

— Тушунмадим. Нимани назарда тутаяпсиз?

— Ўзинг билмайсанми?

— Й-йўқ…

— Жуда айёрсан-да!.. Лекин айёрликни охиригача ўзлаштира олмабсан чоғи. Ана, йигитларинг мени портлата олишмади. Пуллар менинг қўлимда. Семенинг бўлса, аллақачон Гоганинг дала ҳовлисида ўтириб айш қилаяпти. Бунга нима дейсан?.. Ука, бир вақтлар сенга айтганман. Ҳамма жойниям ўз бўрилари бўлади деб! Сен бўлсанг қулоқ солмадинг…

— Нима?..

Йўлдош шу заҳоти телефонни ўчирди.

— Вой аблаҳ-ей! Сотқин!.. Ҳали кўрсатиб қўяман сен ярамасга!..

— Нима бўлди? — Таня ҳушёр тортиб Йўлдошга юзланди. — Бирор гап бўлдими?

— Йўқ, ҳаммаси жойида. Ҳозир уйга қайтамиз…

Бу ҳам етмагандек, йўл четида турган ДАН ходими улар ўтирган машина йўл четига чиқиб тўхташини талаб қилиб таёғини силкита бошлаганди.

— Тўхтат машинани! — ҳайдовчига буюрди Йўлдош. — Сен индамай ўтиравер, ўзим гаплашаман!..

Йўлдош шошилмасдан машинадан тушди-да, милиционер томон юрди. Бу маҳал ходим бошқа бир машинанинг капотига энгашганча нималарнидир ёзиш билан банд эди.

— Ҳой, оғайни, нима гап ўзи? — унга яқин келиб дўқ аралаш сўради Йўлдош. — Нега тўхтатишга тўхтатиб қўйиб тескари ўгирилволдинг?..

ДАН ходими жаҳл билан бошини кўтарди-ю…

Бир муддат Йўлдошга тикилиб қолди…

Шу онларда Йўлдошнинг ўзи ҳам негадир тош қотиб қолганди.

— Вей, сен Рустаммисан? — ниҳоят ўзига келиб милиционернинг елкасидан тутди Йўлдош. — Айт, ўша ўзимизнинг Рустаммисан?..

— Ҳа… Сен-чи?.. Тўхта, ўзим топаман!.. Йўлдошсан, шундайми?..

— Топдинг!..

— Оббо оғайни-ей!.. — Улар бир неча ҳайдовчиларни ҳайрон қолдириб бир-бирларини маҳкам қучоқлаб олишди.

— Қара, учрашган жойимизни қара! — дерди Рустам Йўлдошнинг елкасига шапатилаб. — Вақт ўтавераркан-да!..

— Сен бу ерга қачон кеп қўя қолдинг? — кулиб сўради Йўлдош. — Адашмасам, бўлимда ишлардинг шекилли?

— Ҳа, пича ишлаган бўлдим, оғайни. Лекин… Кўнглим тўлмади. Шу ёқларга келдим-у, бир амаллаб ишга жойлашдим. Ўзинг-чи? Ўзинг нима қилиб юрибсан?

— Мен ҳақимда кейин гаплашамиз. — деди Йўлдош. — Ойликдан гапир! Топиш-тутишинг қалай?

— Оддий милиционернинг топгани нима бўларди? Худди билмагандай сўрайсан-а!..

— Менга қара, ҳозир ишингни йиғиштирасан-да, менминан юрасан. Сени бир меҳмон қилай бугун!

— Й-йўғ-э, — бош қашиб қўйди Рустам. — ўзи ҳозиргина келдим. Бироз турмасам бўлмайди!

— Э, йиғиштирсанг-чи!.. Кейин хурсанд бўласан. Юр, машинага ўтир!..

— Ҳеч бўлмаса, манавиларни ҳал қилиб юборай.

— Йўқ, ҳаммасини жўнатвор! Бугун сен билан биз бирга ўқиган пайтларимизни эслаб бир отамлашмасак бўлмайди… Бунинг устига шу тобда жуда дилим хуфтон бўлиб турганди. Учраганинг яхши бўлди. Бир дардлашайлик!..

 

* * *

 

Семен ҳақиқатан йўлга чиқибоқ йигитларни орқага қайтариб юборган-у, ўзи таксига ўтириб тўппа-тўғри Гоганинг дала ҳовлисига жўнаб кетганди…

Кутилганидек, уни дала ҳовлида шахсан Гоганинг ўзи қарши олди.

— Қани, юр, сени бир грузин шаробига тўйдирай! — деди у ишрат учун мўлжаллаб алоҳида ясатилган ертўладаги «қароргоҳ»ига бошларкан. — Сендай мард йигитлар дунёда камдан-кам бўлади. Юравер, қўрқма!..

Бундай вақтларда юраги иккита одам ҳам барибир ҳайиқади. Ахир, душманнинг хонадонига кириб боришнинг ўзи бўлмайди!..

Семен эҳтиёткорлик билан ертўлага кириб келаркан, атрофидаги соқчи йигитлардан кўз узмасди.

— Сен йигитларимиздан қўрқма! — унинг фикрини англагандек жимликни бузди Гога. — Бу йигитлар жуда олижаноб. Яқин дўстларни ҳурмат қилишади. Тўғрими, Вано?..

Гоганинг ёнбош томонига келиб ўтирган мўйловдор йигит маъқул ишорасини қилди.

— Ана, кўр, бизнинг шароблардан татиб кўрсанг, оддий ароқларга қарамай қўясан!.. Ич, дўстим, Семен, ичавер! Бугун иккаламиз айш қиламиз. Истасанг, қизларнинг кетворганларидан олиб келтирай! Нима дейсан?

— Й-йў-ўқ!.. — норози бош чайқаб қўйди Семен қўлидаги шаробни бир кўтаришда симириб қадаҳни жойига қўяркан. — Қизларга унчалик ҳушим йўқ…

Гога бу сотқин йигитнинг кайфи ошиб қолишини эринмасдан кутди.

У ишонарди. Грузин шаробини кўп ичиб бўлмайди.

Ўйлаганидек, Семен иккинчи қадаҳни кўтариб ичгандан сўнг ғўлдирай бошлади.

— Хўш, энди гапир-чи! — мақсадга ўтди Гога. — Қайси шамоллар учирди биз томонларга?

— Анави келгинди жонимга тегиб кетди. — Арзини бошлади Семен. — Номард экан.

— Ринадни айтаяпсанми? Нима ёмонлик қилди у сенга?

— Э, қариянинг бутун бойликларига эгалик қилиб ётибди. Ахир, биз ҳам ўша чолга узоқ йиллар хизмат қилганмиз. Маълум қисмини бизгаям бериши керак эди…

— Шунақа дегин?..

Гога қаршисида ўтирган Семенга ер остидан тикилиб қаради.

— Қара-я, сенларни қуруқ қолдириб ҳаммасини ўзиники қилиб олибди-да!.. Хўш, энди нима қилмоқчисан?

— Билмадим… Лекин унинг қўлида ортиқ ишлашни истамайман.

— Агар Ринадни ўлдир десам, ўлдира оласанми?

Семен беихтиёр бошини кўтариб Гоганинг кўзларига боқди.

— Керак бўлса, ҳозироқ калласини сапчадай узиб ташлашга тайёрман!..

— Зўрсан-ку!.. Ха-ха-ха-ха-ха!..

Гоганинг кулгисига қолганлар ҳам жўр бўлишди.

— Қани, кейинги қадаҳни сенинг омадинг учун оламиз!..

Семен ҳеч кимга қараб ўтирмай, навбатдаги қадаҳни симириб ташлади…

Буниси энди умуман ортиқча эди.

Сотқин ўтирган ерида чайқала бошлади.

— Сенга ўхшаганлар бир кун келиб мениям сотиши мумкин. — Гога ўрнидан туриб Семеннинг тепасига келди. — Эшитишимча, ўша акахонинг сени хос ёрдамчи қилиб олган экан. Демак, ҳурматинг ёмон эмасди… Сен бўлсанг, менинг ҳузуримга келиб уялмасдан уни ёмонлаб ўтирибсан. Истайсанми, ҳозир йигитларга айтаман-у, улар сени Ринаднинг қўлига олиб бориб топширишади. Биласанми, унда сен қандай ўлим топасан?

Семен бу гапни эшитгач, қўрқувдан дағ-дағ титраб ўзини Гоганинг оёқлари остига ташлади.

— Жон ака, ундай қилманг! Ўла-ўлгунимча хизматингизни қиламан!.. Ишонинг, сизга садоқат билан хизмат қиламан! Фақат мени унинг қўлига топширманг!..

Гога худди ёш болалардек йиғлаб ялинаётган Семенни тепиб юборди.

— Хотинчалиш! — деди у товонини Семеннинг юзларига босиб. — Сен хизмат қиласанми садоқат билан? Сен-а?.. Э, йўқ, сен ҳатто итликкаям ярамайсан. Итликка яраганингдаям майлийди. Ҳов анави бурчакка бойлаб қўярдим. Ўша ерда акиллаб ётардинг. Тур ўрнингдан!.. Эркак киши бу тахлит ётса уят бўлади!.. Ана, йигитлар сени кузатиб қўйишади…

Семен ишониб-ишонмай бир-бир йигитларга қараб олди-да, ташқарига қараб юрди. Гога эса, йигитлардан бирининг биқинига туртиб ўнг кафтини томоғига ишқалаб қўйди. Бу ишора «Йўқ қил!» деган маънони англатарди.

 

* * *

 

— Хўш, Вано, анави Ринад томонда нима гаплар? — Семен чиқиб кетгач, сўради Гога кулимсираб. — Йигитлари айтганини қилмай қўйишдими дейман?

— Ака, бу йигит илгариям қарияни бир неча марта бизга сотганди, эсингиздами?

— Ҳа, эсимда. Лекин ўшанда бизнинг фойдамизга анча иш қилиб берган.

— Шундай-ку-я, лекин бундайлардан эҳтиёт бўлиш керак. Сотқин бюарибир сотқин-да!..

— Тўғри айтасан. Шунинг учун ҳам йўқ қилишга буйруқ бердим. Битта сотқин камроқ. Сен бу гапларни қўйиб тур. Асосийсидан гапир!

— Эшитишимча, Ринад кетворган бир қизни ўзига котиба қилиб олганмиш.

— Йўғ-э, — тўсатдан кулиб юборди Гога. — айш қилгиси кепти-да хунасанинг!..

— Нимасини айтасиз… Аммо ҳақиқатан кетворган экан. Йигитлар айтди менга.

— Унда севиб ҳам қолгандир?

— Бир кўришда тош бўп қўлибди. Ишонаверинг!..

— У ҳолда бундай қиламиз…

Гога ташқари эшикка назар ташлаб қўйди-да, давом этди.

— Биласанми, биз барибир курашни сусайтирмаслигимиз керак. Фақат… Бекитиқчасига… Очиқдан-очиқ ҳужумга ўтсак, яхши бўлмайди. Шунинг учун… Сен-чи, ўша қанжиқни қандай бўлмасин жиннихонага тиқишинг керак.

— Нега?

— Ие, ўзинг ҳозиргина айтдинг-ку!.. Агар у қиз ростданам Ринаднинг юрагидан урган бўлса, оёғи куйган товуқдай типирчилаб қолади. Биз бўлсак, бир четдан тури-иб мириқиб томоша кўраверамиз… Эсингда бўлсин, бу курашнинг бошланиши холос…

— Жа айёрсиз-да, ака, айёрсиз!.. — тиржайиб Гоганинг билагидан ушлади Вано. — Сидақасини ҳали кўрмаганман.

— Ялтоқланишни бас қил! Ундан кўра, айт, қўлингдан келадими шу иш?

— Бўлмаса-чи?.. Мана кўрасиз, эртага эрталаб Таня деганлари бирданига жиннихонага тушиб қолади…

— Маладес, ўғил бола!.. Қани, шаробдан қуй, жиннихона учун ичайлик!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ