ЗАҲРИ ҚОТИЛ… (9-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ҳаш-паш дегунча кун ҳам кеч бўлди. Йўлдош қош қорайганда шаҳардаги қариядан мерос қолган ягона дўконга кириб ҳисоб-китоб ишларини ҳал қилгач, уйга қайтди. Хаёлида эса, Семен айланарди. Бу оқкўнгил йигитга қанчалар ишонмасин, барибир кўнгли ғаш. Юрагидаги шубҳа унга тинчлик бермасди…

Дарвозага яқинлашиб келиб ҳайрон бўлди. Негадир милиция машинаси пайдо бўлиб қолибди…

У ҳар эҳтимолга қарши ёнидаги наганни текшириб олди-да, соқчи йигитлардан бирини имлади.

— Бор, ичкарига кир-чи, нима гап экан!..

Соқчи кириб кетди. Лекин… Орадан беш дақиқа ўтди ҳамки, қайтиб чиқа қолмади.

— Ака, бу ерда бир гап борга ўхшайди. — деди Латта безовталаниб. — Эҳтиётимизни кўрмасак бўлмайди шекилли.

— Тўғри айтасан…

Йўлдош қўлига қуролини олиб Латта ва яна бир тансоқчиси ҳамроҳлигида ҳовлига қадам қўйди. Афсуски, дарвозадан ўтиб бир қадам юришга ҳам улгурмади. Кутилмаганда икки томонда беркиниб турган фуқаро кийимидаги қуролли кимсалар унга ташланиб қўлларини қайирганча ерга босишди.

— Овозингни чиқарма! — буюрди улардан бири Йўлдошнинг бошидан маҳкам босиб.

Сал нарида эса, полковник кийимидаги семиздан келган, совуқ башара бир милиция ходими тиржайиб турарди. Уни Йўлдош бошини сал кўтариб олдинга тикилгандагина кўрди.

— Оббо қаҳрамон-ей, — ҳиринглаб кулиб Йўлдошнинг тепасига келди полковник. — жуда айёр чиқиб қолдинг-ку-а!.. Қари одамни ўлдириб бемалол бойликларини ўмариб юрибман дегин?

— Оғзингга қараб гапир!.. — хириллаб жавоб қилди Йўлдош. — Ҳой Латта, Дима!.. Қаердасанлар? Итдай отиб ташламайсанларми манавиларни?!.

— Ха-ха-ха-ха-ха!.. — полковникнинг кулгиси бутун ҳовлини тутди. — Вой каллакесар-ей!.. Ҳали милицияни ўлдиришанам тоймасмидинг? Билмаган эканман… Ҳамтовоқларингга бир қара, қандай аҳволда қолишди!..

Йўлдошнинг бошини пича бўшатишди. У жаҳд билан ҳовлининг ўнг бурчагига қаради…

У ерда ўн чоғлиқ хизматчи йигитларнинг барчаси қўллари кишанланган ҳолда ётишарди.

— Ифлослар! — сўкинди Йўлдош. — Қайси айбимиз учун бизни кишанлаяпсанлар?

— Ана энди ўзингга келдинг. — деди полковник. — Буни биз бўлимга борганда айтамиз. Қани, йигитлар, анави югурдакларни қўйиб юборамиз. Қаҳрамонни эса, тўппа-тўғри камерага олиб бориб тиқинглар. Бу билан шахсан ўзим шуғулланаман!..

 

* * *

 

— Сен қарияни қасддан ўлдирганликда айбланасан. — камерага кириб келган полковник соқчини чиқариб юборди-да, эшикни ўз қўллари билан ёпиб Йўлдошга юзланди.

— Мен?.. Қаердан олдингиз бу гапларни?

— Далиллар етарли.

— Хўш, қандай далил экан?

— Масалан, сен олисдан бекорга бизнинг юртларга келмагансан. Валерий Михайловичнинг бойликларини қўлга киритиш илинжида унинг пинжига кириб олгансан. Бундай ишларда устаси фарангсан, ҳа!.. Бу санъатингга тан бермай иложим йўқ. Хўш, ниятингга маълум маънода эриша бошладинг ҳам. Афсуски, қария ҳаммасидан хабар топиб сени йўқ қилиш учун Червон лақабли хизматчисини ёллайди. Сен ҳам анқовмассан-ку, бу ишдан хабар топасан… Энди нима қилиш керак? Бунақанги ишларни кўравериб кўзи пишган Валерий Михайлович сенда шубҳани жа ошириб юбормаслик учун Червонни ўз қўллари билан ўлдиради. Кейингиси ўзинг эканини билардинг…

— Илтимос, қисқароқ қилсангиз!..

— Майли… Хуллас, сен уни заҳарлаб ўлдирасан-у, осонгина бойликларига эга чиқасан-қўясан…

— Туҳмат!.. Валера амакининг ўзи барча бойликларини менга хатлаб берган. Ана, уйда нотариуснинг қоғозлари турибди!.. Ёлғонни эплаган гапиради, полковник!..

— Сен-чи, бола, менга бу тахлит муомала қилма!.. Сени қаматиш учун барча исбот-далилларим етарли. Ҳужжатлар тахт. Қариянинг заҳарлаб ўлдирилгани ҳақида экспертиза хулосасиям темир сандиғимда турибди…

— Кечирасиз, айбларимни ювиш учун қанча беришим керак?..

— Ана энди ўзингга келдинг! — беихтиёр кулиб юборди полковник. — Гапни ана шундан бошлаш зарур эди… Агар жонинг ўзингга азиз бўлса, шу бугуноқ шахсан менинг қўлимга бир милён ўзимизникидан нақд санаб берасан. Мабодо, ўйин кўрсатишни хаёл қилсанг, ўзингга ёмон бўлади.

— Кафолоти-чи?

— Сен тадбиркор одамсан. Пулни берасан-у, ўз йўлингда кетаверасан…

Йўлдош бир муддат ўйланиб тургач, бошини кўтарди.

— Яхши, мен розиман.

— Маъқул. Ақлли одамларнинг садағаси кетсанг арзийди. Хўш, қачон топширасан айтилган пулларни?

— Менга қолса, ҳозир бирга борамиз-у, санаб берган бўлардим. Шу сассиқ камерангиздан тезроқ чиқиб кетсам бас!

— Муаммо йўқ. Кетдик, йигит!..

 

* * *

 

Йўлдош уйга ярим кечаси полковник ҳамроҳ этиб жўнатган милиционер билан биргаликда қайтиб келди. Соқчиларнинг барчасини ташқарида қолдирди-да, милиционерга ваъда қилинган пулларни топшириб кузатиб юборгач, Семенни ҳузурига чорлади.

— Анави Гога масаласини сал кейинроққа қолдириб турамиз. — деди унга. — Бошқа зарур ишлар чиқиб қолди.

Семен эса, унинг милиция бўлимидан бу қадар тез қайтганига ҳамон ишонгиси келмасди.

— Ака, тез қўйворишибдими итлар? — сўради Йўлдошнинг гапларига жавоб қилиш ўрнига. — Тинчликми ишқилиб?

— Э, уларга пулдан бўлак нимаям керак бўларди? — қўл силтаб қўйди Йўлдош. — Милёнга тушиб келаяпман.

— Оббо шўртумшуқлар-ей!.. Шу ниятлари боракан, итга ўхшаб бостириб кирмасдан яхшиликчасига сўрасалар ҳам бўларди. Бу ерда биз юрагимизни ҳовучлаб ўтиргандик.

— Соддасан-да, ука, соддасан! Улар, ахир, давлатнинг ишонган одамлари. Қандай қилиб яхшиликчасига пул сўрайди-а? Ўзларидан қўрқишади-да!.. Шунинг учун аввал бўйнингга бирор туҳматни илиб олишади-ю, ана ундан кейин бемалол истаганларини сўрайверишади. Бўпти, бу гапни қўйиб турайлик! Сен тушундингми нима деганимни?

— Ҳ-ҳа… Гога масаласини қўйиб турамиз дедингиз… Лекин… Ака, бу иш анави Қувондиқники бўлмасин тағин? Ўзингиз яқинда шипшитшандай бўлгандингиз.

— Ҳа-я… Тўхта-тўхта, гапинг рост. Ўша итдан тарқаган уюштирган бўлиши мумкин… Ҳозир…

Йўлдош шоша-пиша қўл телефонини олди-да, Қувондиқ аканинг рақамларини териб кўрди. Бахтга қарши ҳеч ким жавоб қилмади. Телефон негадир ўчириб қўйилганди…

— Атай ин телефонини ўчириб қўйган у. — деди Йўлдош асабий оҳангда. Майли, биз билан бекорга ҳазиллашаяпати бу нусха… Менга қара, мен тез Ўзбекистонга бориб келмасам бўлмайди. Зарур ишларим чиқиб қолди…

— Гап йўқ!.. Фақат… Тез қайтсангиз яхши бўларди…

— Хотиржам бўл, узоқ ушланиб қоладиган иш эмас. Бугун борсам, эртанги рейс билан орқага учаман… Сен унгача, ун заводидан хабар олиб қўй! Айтилган кундан уч кун ўтиб кетди. Агар яна гапни айлантирадиган бўлса, каттасини сира тап тортмасдан ертўлага қамаб қўй! Қайтганимдан кейин ўзим гаплашаман у савил билан! Кейин… Эртага тунда йигитлардан уч-тўрттасини олгин-да, Қувондиқни қидириб топ. Яхшилаб эсини киритиб қўйларинг!..

— Хўп бўлади!..

— Ҳа, яна бир гап. Янги офис битиб қолгандир?

— Албатта. Эртагами, индингами калитини топширишмоқчийди усталар.

— Сен ўзинг калитни қабул қилиб туравер! Кейин… Нима демоқчийдим-а?..

Йўлдош маъноли кулиб қўйди.

— Янги офисга бир котиба олсамми дегандим.

— Ў, зўр иш бўларди. Қидириб топайми? Э, сизгаям маъқул тушади топганим.

— Топгин. Бироқ саводсиз бўлмасин. Компьютерда ишлашни биладиган, ҳисоб-китобни қийиб ташлайдиганидан бўлсин!

— Хўп, сиз айтгандай бўлади ҳаммаси…

 

* * *

 

Кўзларига қора кўзойнак тақиб, ташқи кўринишини сезиларли даражада ўзгартириб олган Йўлдошни таниган-билганлар ҳам бир-икки қараганда дарров англаб ололмасди…

У ижарага олинган машинада ўзининг собиқ уйига етмасдан анча нарида тўхтатди. Ва таниш подьездга бир муддат тикилиб қолди…

Анчадан бери бу ерларга ташриф буюрмагани учунми, юраги қинидан чиққудек безовта урар, мана-мана ҳозир Мавжуда ташқарига чиқиб қолса, қай аҳволга тушишини ўйлаб ҳаяжонга туша бошлаганди…

Ким билсин? Худо йўлини ўнгладими, билмайди. Кутилганидек беш-олти дақиқалар ўтиб елкасига қора сумкача осган Мавжуда подьезддан чиқди…

Йўлдош шошиб қолди. Машинани юрғазсинми, ё пиёда пешвоз чиқсинми?.. Ҳа, сочларини бошқа рангга бўябди. Худди орус аёллариники каби сап-сариқ. Турмаклаши ҳам бўлакча. Наҳотки, янги эрнинг таъсири бўлса?..

Ҳарқалай, Йўлдош машинадан тушиб пиёда боришни маъқул топди…

Ана, ораларидаги масофа атиги ўн беш қадамгина қолди…

Йўлдош секин кўзидаги кўзойнакни ечди-да, Мавжуданинг йўлини тўсди…

Аёл…

Мавжуда бир муддат саросималаниб тургач, қўрқа-писа орқага тислана бошлади…

Йўлдош бўлса, орқага тобора тезроқ юриб бораётган Мавжудасини таъқиб қилиб борар, лекин етиб олишга, уни маҳкам қучиб ўзига тортишга негадир шошилмасди…

 

* * *

 

— Йўқолинг!.. Менга яқинлашманг!.. Ҳозир қўшниларни чақираман! Йўқолинг дедим!..

Мавжуда ранглари оқарган ҳолда тобора подьезд ичкарисига кириб борарди.

— Нега мени ҳайдайсан, Мавжу?.. — оҳиста шивирлаб унга яқинлашди Йўлдош. — Ахир, мен келдим-ку!.. Мен ёнингдаман-ку!..

— Йўқ, сиз… Сиз арвоҳсиз!.. Сиз ўлгансиз, билдингизми?!. Кетинг! Бизни безовта қилаверманг!.. Шундоғам ҳар куни қизингизминан қабрингизга қатнаймиз! Яна нима керак сизга?.. Яна нима қилайлик?..

— Нима?.. Қанақа қабр?.. Ҳа-я, ахир…

Йўлдош шундан кейингина Қувондиқ аканинг гапларини эслади:

— Биз сени ўлди деб эълон қиламиз!..

— Майли, майли, — деди у титраб-қақшаб турган Мавжудага ер остидан боқаркан. — мен ўлган бўлсам, ўлгандирман. Лекин… Сен нимага бошқасига тегиб олдинг? Мен шуни кўз олдимга келтирсам, куйиб кетаяпман. Мен эркак бўлиб сенга хиёнат қилмаганман-ку!.. Сен нега бундай йўл тутдинг?..

— Нима, очимиздан ўлиб кетишимиз керакмиди?.. Мавлуда ҳамма нарсани билиб қолган. Дадам қани деявериб юрагимни эзворди. Нима қилишим керак эди?..

— Яхши… Хўш, ўша текканинг менданам яхшироқмикан?..

— Сизга нима аҳамияти бор? Энг асосийси, Мавлудани бошида кўтаради. Менга шундан бўлак ҳеч нарса керакмас.

Йўлдош бошқа ҳеч нарса демади. Юраги музлаб кетганди. Шунча йиллар бир ёстиққа бош қўйган аёлдан бу гапларни эшитиш унга жуда оғирлик қиларди. Лекин… На илож?.. Қисмати шунақа бўлгандан кейин қочиб қаерга боради?..

— Йўқ, — деди қалби аламдан куйиб бораётган Йўлдош ташқарига чиққач, муштларини асабий тугиб. — мен чидай олмайман. Хўрликларга жимгина қараб тура олмайман. Мен… Ўч оламан!..

У панароқ ерга ўтиб Мавжуданинг ташқарига чиқишини кута бошлади.

— Қизимнинг боғчадалиги яхши иш бўлди. — кўнглидан ўтказди Йўлдош собиқ квартираси томондан кўз узолмай. — ҳарқалай, сезмай қолади… Қизгинам, аблаҳ дадангни кечир!.. Сени ватансиз қолдираяпти!.. Ахир, алам, рашк ўти шу ишга ундаётган бўлса, нима қилай, болажоним?..

Йўлдош икки соатлар беркиниб ўтиргач, ниҳоят Мавжуда ташқарига чиқди-да, қўлида сумка тўла буюмларни подьезд рўпарасидаги қизил «Жигули» юкхонасига жойлади. Шунда… Йўлдош ичкаридан чиқиб келган эркакни кўрди…

— Наҳотки?.. Наҳотки, бу ўша?..

Ҳамон унсиз титраб-қақшаб йиғлаётган Мавжудани қучганча машинага етаклаб бориб ўтқазган эркак… Бу Қувондиқ ака эди…

 

* * *

 

Йўлдош ортиқча ҳиссиётларга берилиб ўтирмади. Нияти ўзининг собиқ квартирасини ёқиб юбориш эди. Бу ниятидан ҳам қайтди. Аксинча, қўшниларга назар солган кўйи, уларнинг Мавжуда томон боқиб яширинча лаб буриб қўяётганларини кўргач, миясида бошқа бир мақсад учқунлари аланга олди-ю, секингина машинага ўтириб аэропортга йўл солди…

— Семен, бирор янгилик борми? — дарвозадан ўтибоқ пешвоз чиққан ёрдамчисига тикилиб сўради Йўлдош.

— Айтарли йўқ… Денис Абрамович сизни тинимсиз йўқлаяпти. Яқиндаям қўнғироқ қилиб сўраганди.

— Ҳа майли, қари тулкиям ўз нафсини ўйлайди. Кутиб турар… Сен буёққа юр, гап бор!..

Семен индамай Йўлдошнинг ортидан эргашиб ичкарига кирди.

— Менга қара, — шошилмасдан гап бошлади Йўлдош ҳар эҳтимолга қарши хона эшигини ичкаридан беркитиб. — ҳозирча яна Гога масаласини сал орқага суришга тўғри келади.

— Ака, у тиш-тирноғи билан тайёргарлик кўриб ётибди-ку!.. Бирор кор-ҳол бўлса…

— Э, сен хавотир олма! — Семенни юпатган бўлди Йўлдош. — Гогадай қўрқоқ, хотинчалиш одамни сира кўрмаганман. Ҳали-вери юрак ютиб бу ишни қила олмайди. Яхшиси, менга қулоқ сол!

— Қулоғим сизда!

— Қувондиқни биласан-а?

— Ҳамюртингизними?

— Ҳа, ўша.

— Уни бутун шаҳар билади-ку, ака! Бирор ишкал иш чиқиб қолдими?

— Ақлингга қойилман! — унинг елкасига қоқиб қўйди Йўлдош. — Ишкал бўлгандаям жуда ёмон ишкал.

— Хўш?

— Ҳозир у Ўзбекистонда. Сенинг вазифанг қачон буёққа учишини аниқлаш. Аниқлаганингдан кейин уйига етиб келиб улгурмай, яшаб турган ҳовлисини ёқтириб юборасан. Ана ундан кеийнги вазифанг эса, ўзини қўл-оёғидан бойлаб менинг ҳузуримга олиб келиш. Уқдингми?

— Албатта.

— Йигитларнинг энг зўрларини олвол! Уям ҳарқалай хавфли шахс.

— Буни биламан.

— Бўпти, бориб тайёргарлигингни кўравер!..

Семен кетиш олдидан негадир иккиланган кўйи бир жойда туриб қолди.

— Нима, тағин гапин бормиди? — сўради Йўлдош унинг нимадир демоқчи эканини пайқагандай.

— Ҳа… Биласизми, Денис Абрамович… Яна бир қизни юборган экан.

— Нимага?

— Ишга олсаларинг деб илтимос қилди. Ўйлаб кўрсам, янги офисга ҳақиқатан бир котиба қиз керак.

— Шунақа дегин? — айёрона кулиб қўйди Йўлдош. — Жа айёрсан-а?

— Ака, бошқа хаёлга борманг-да!.. Мен нима қилсам, сизнинг фойдангизни деб қиламан.

— Бўпти, қаерда экан ўша қиз?

— Ҳализамон кеп қолса керак.

— Келса… Дарвозадаги соқчиларга тайинлаб қўй, менинг ҳузуримга олиб киришсин!

— Хўп бўлади!..

 

* * *

 

— Вафодор деган хотинимни, мана, кўриб қайтдим! — кўнглидан ўтказди Йўлдош остона ҳатлаб ичкарига кирган гўзал қизга кўзи тушгач. — Менинг душманимга айланган эркакка ўзини бағишлабди. Хўш, мен-чи? Қўл қовуштириб ўтишим керакми бир умр? Ахир, нима бўлгандаям эркакман!..

— Қани, ўтиринг! — мулойимлик билан қизни хона тўрига таклиф этди Йўлдош. — Қулоғим сизда!

Қиз узун сочларини елкаси оша орқага оширган бўлди-да, ердан кўзини узмай мақсадга ўтди.

— Мени… Денис Абрамович юборгандилар.

— Яхши. Жуда хурсандман. Исмингиз?

— Татьяна.

— Ажойиб исм экан. — кулиб қўйди Йўлдош қизнинг калта юбка остидан лопиллаб турган сонларига, ярим очиқ сийналарига ғринча назар ташлаб оларкан. — Хўш: биздан нима хизмат?

— Денис Абрамович… Иш масаласида…

— Ҳа, буни биламан. — Танянинг сўзини бўлди Йўлдош. — Қўлингиздан нима келади?

— Ҳамма нарса. — майин жилмайиб қўйди Таня.

— Компьютерда ишлашни биласизми?

— Ҳа.

— Бундан ташқари, бизнинг алоҳида шартларимиз ҳам бор. Чидай олармикансиз?

— Денис Абрамович тушунтирганлар.

— Турмушга чиққанмисиз?

— Ажрашганман.

— Бу бизга тўғри келади. — деди Йўлдош. — Унда эртадан бошлаб янги офисимизда котиба бўлиб ишлай бошлайсиз. Маъқулми?

— Маъқул.

— Унутманг, мен айтган ишларни бажарасиз!.. Хуллас, иш юзасидан офиснинг ўзида гаплашганимиз маъқул… Ҳозир эса… Агар қарши бўлмасангиз, иккаламиз бирга ресторанга борсак… Нима дейсиз?..

— Сиз нима десангиз шу!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here