БИР КЕЧАЛИК КЕЛИНЧАК… (19-қисм. Учинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Нафиса уйга янада тушкун кайфиятда қайтди. Уни бир томондан тайёрга айёрлик қилишга уринган босқинчилар ташвишга солса, иккинчи томондан яхшими, ёмонми, баттолми, бағритошми, барибир падарининг юриш-туриши азобларди. Ич-ичидан номаълум ва ўта кучли фарёд отилиб нақ бўғзига тиқилаверарди. Бу фарёдни бўғзидан юлиб ташлашга уринарди. Аммо ҳадди сиғмасди. У гўёки отаси кўринишидаги фаришта-ю, оғзи орқали кириб бўғзида тиқилгандек туюлаверарди…

Онасига кўрсатган кунлари учун хаёлан бўлса-да, қарғашга, иймонсиздан олиб иймонсизга солишга шайланарди. Шу заҳоти шашти аллақаёқларга ғойиб бўларди-ю, бўшашганча қолаверарди…

Отасининг бир марта бўлсин чақалоқлигида қўлига олиб эркаламагани, эсини таниганда бир марта бўлсин узоқдан ҳам қўл силтаб саломлашмагани алам қиларди.

Кейин бирпас кўксидаги чўғ оловга айланарди-ю, дарров ўчарди…

Шундай ўйлар гирдобида уйга қандай етиб келганини ҳам пайқамабди.

Ҳовлидаги сўрида онаси йўлига кўз тикиб ўтирган экан. Нафиса машинасининг эшикларини ёпди-да, бир муддат Насибага — меҳрибон волидасига ўша ердан туриб тикилиб қолди.

Бечора аёлнинг сочлари пахтадек оқарибди. Ёши қирқдан ўтибоқ, юзларига ажин оралабди. Дунёнинг ташвишлари ҳам қуриб кетсин. Одам қачонгача қўрқиб-пусиб умр кечиради? Қачонгача қузғунларга ем бўлади. Қачон хотиржам тортади-ю, ўзи учун ҳам яшайди? Нега онамни худонинг берган куни шундай маъюс ҳолда кўравераман? Қачон юзларига, лабларига табассум югуради? Агар мен уни шу дардлардан, безовталик ва қўрқув, алам, армонлардан халос эта олмасам, нега дунёга келдим? Тайёрига айёр бўлиб яшаш учунми? Йўқ, бугундан эътиборан менинг онам етти қават кўрпача устида ўтириб, ҳаётнинг гаштини суради. Ойижонимнинг дардларини, ташвиш юкларини мен елкамга оламан. Тамом, вассалом!..

 

* * *

 

Нафиса оҳиста юриб келиб онанинг кўксига бош қўйди-да, бир муддат сукутга солди. Шу баҳонада онанинг юрак уришига қулоқ тутди. Унинг юраги ҳамон безовта урар, кўксининг аллақаерида безовталик ҳисси изғирди.

Вужудининг аллақаери билинар-билинмас титрарди.

— Ойижон, бугунам кафенгизга қора ниқоблилар бостириб кирди, — деди Нафиса шивирлаб. — Қўлларида узун пичоқлариям бор.

— Нима? Сен… Ўша ердамидинг? — Насиба бу хабарни эшитди-ю, турган ерида сапчиб кетди. — Нима қилди? У ярамаслар сенга ёмонлик қип қўйишмадими ишқилиб?..

— Вой ойижоним-эй, — деди онасининг оқарган сочларини силаб Нафиса. — Бошқа одам бўлса, дарров пулларини суриштирарди. Сиз эса барибир мени қайғурдингиз-а! Қайси сайёрадан тушгансиз ўзи, ойи? Нибируданми, Марсданми?..

— Гапира қолсанг-чи, — бу саволларга жавоб қайтариш ўрнига Насиба қизининг икки билагини сиқимлаб олди. — Бирор еринг лат емадими ишқилиб?

— Нега лат ейиши керак? — деди Нафиса. — Худди қизингизни билмайдигандай сўрайсиз-а! Уччала ярамасниям мелисага топширвордик. Пулларни эса кассага қайтардик. Хавотир олманг! Менга ҳеч ким жароҳат етказа олмайди. Ҳали унақаси онадан туғилган эмас.

— Сен барибир эҳтиёт бўлгин-да, қизалоғим, — деди Насиба йиғламсираб. — Ундайларга ишониб бўларканми?!. Орқадан келиб пичоқ тиқволса нима қиламан мен?..

— Хўп, манави ерга ўтирайлик, — сўрига ишора қилди Нафиса тоқати-тоқ бўлиб. — Қани, ўтирволинг-чи! Жуда яхши-и! Энди менинг гапларимга яхшилаб қулоқ солинг, ойи! Қулоқ соласизми?

Насиба фарзандининг бу қадар меҳрибонлигидан янада кўнгли бўшаб кўзлари ёшланди.

— Қулоқ соламан, — деди Нафисани бағрига босиб. — Нима гапинг бор? Айтавер, болам, айтавер!..

— Эртадан бошлаб ҳамма дўкон-у цехларни тунги клубгача менга ўтказиб берасиз. Ўзингиз ишга чиқмайсиз. Етар! Шунча ишладингиз, умрингиз иш, иш, ишминан ўтди. Хўш, нима топдингиз? Ҳеч нарса. Агар манави алмисоқдан қолган икки қаватли уйни айтмаса, ҳеч вақонгиз йўқ. Одамларга ўхшаб курортларга бормайсиз. Тоғларга чиқиб ҳаво алмаштирмайсиз. Мен ўтган ҳафтадагидай давлинангиз кўтарилиб азоб чекишингизни хоҳламайман.

Насиба қизининг бу гапларини жим тинглаб тургач, қалби янада кўпроқ фахр туйғусига тўлиб Нафисани қаттиқроқ қучиб олди. Лекин нимадир ёдига тушдими, дарров қўлларини тортиб олди ва шоша-пиша ўрнидан қўзғалиб, бир қадам ортга тисланди.

— Бизнесни менинг номимга ўтказинг дегандай бўлдингми? — сўради у Нафисага аланг-жаланг боқиб. — Н-нега?

— Вой, ҳозиргина айтдим-ку негалигини! — тутоқиб кетди Нафиса. — Ҳалиям ишлашдан воз кеча олмаяпсизми? Шунга қўрқиб кетдингизми? Барибир ишламайсиз, ойи-и, ишламайсиз! Агар мени севсангиз, ишламайсиз!.

— Ишламайман, қизим, ишламайман, — деди Насиба мажбуран кулимсираб. — Фақат… Бир воқеа эсимга тушиб кетди. Шунга…

— Қайси воқеа? Айтинг, ойи! Нима гап?..

Насиба гап бошлашга шошилмасди. «Айтсамми-айтмасамми?», деган ўй миясини кемира бошлаганди. Лекин бошлашга бошлаб қўйган. Нафиса барибир айтмаганига қўймайди.

— Қачонлардир анави гўрсўхта отангминан турмуш қурганимда, — деди Насиба лаблари титраб. — Тўйдан кейин ҳеч қанча ўтмай, уям бизнесимни номига ўтказиб беришимни сўраганди. Гўё менинг ортимдан ёмон одамлар соядек эргашиб юрганини баҳона қилганди. Ўшанда унга ишонгандим. Дарров ўтказиб бергандим. Шунга…

— Нима?.. — Онасининг бу гаплари кўксига тиғдек санчилиб, Насиба ранги оқаринқираган кўйи ўрнидан туриб кетди. — Ҳали… Сиз… Менгаям… Ўзингиз аччиқ тўлғоқ еб туққан, шу кунгача эркалаб, дунёларига ишонмай катта қилган қизингизгаям ишонмайсизми?..

— Йўқ, йўқ, асло ундаймас, — деди Насиба кулимсираб. — Шунчаки… Ўша ярамас отанг эсимга тушиб кетди холос. Сенга эса бизнес экани-у, жонимни сўрасангам кўксимдан суғуриб бераман, жоним. Сен бу алдоқчи, шафқатсиз, қонхўр ва йирингхўрлар макон тутган дунёда якка-ю, ёлғизимсан. Сенга ишонмасам, ернинг бетида нима қилиб сандирақлаб юрибман? Албатта ишонаман-да!..

— Унда эртагаёқ шу ишни тугатишимиз керак. Чўзиб бўлмайди. Ўша ифлослар менминан гаплашсин энди.

— Вой, қизим, тағин биронтасини ёмон уриб қўймагин! Билиб бўладими. Қаматворишданам тоймайди у қонхўрлар!

— Хавотир олманг, — деди Нафиса онасининг икки елкасидан тутиб. — Мени қаматадигани ҳали энасининг қорнидаям йўқ.

— Бўпти, эртага сен айтгандай ҳамма ишимни хатлаб бераман. Ҳозир, юр, ош ланж бўп кетди. Биргалашиб ейлик!..

 

* * *

 

Сарвари оламга тун чўкди. Оймома замин узра сайр қилиб, зориққанларга ўз нурларини тарата бошлади. Шаффоф нурларини ҳеч кимдан, яхшидан, ёмондан, дилозордан, қотилдан, шоҳ-у гадодан ҳам дариғ тутиб ўтирмади. Барча-барчага ўзининг илиқ тафтини ҳадя этишда давом қилди.

Шу паллада Нафиса ҳашаматли ётоқнинг ҳашаматга бурканган каравотида деразадан оймомани жимгина томоша қиларди. Ҳадеганда кўзларига уйқу қўнавермаганидан, миясини турли ўйлар забтига ола борарди.

«Ана энди мен олчоқлар, порахўрлар, текинхўр ўғри-ю, босқинчиларга кўрсатиб қўяман, — ўйларди у. — Менинг онам не машаққатларда топган пулларни талон-тарож қилдириб қўймайман. Агар шу ишни қила олмасам, ўлиб кетаверганим яхши. Биргина онасининг оғирини енгил қила олмаган фарзанднинг яшашга ҳам ҳаққи йўқ.. Дарвоқе, кўзимни юмдим дегунча, ўша дилозор, шафқатсиз, тошюрак, баттол отамнинг сиймоси хаёлимда гавдалана бошлайди-я! Унга на ачинаман, на ғазабнокман. Кўнглимнинг туб-тубида милтиллаган чироқ ёниб тургандек бўлади. У мендан отамга яқин боришимни, унга ёрдам беришимни талаб қилаверади. Бошқа бир четида эса зулмат ҳукмрон. Зулмат мендан у одамни нари ҳайдаб солишни, гуноҳ бўлса-да, ўлдириб юборишни, онамнинг ўчини олишни талаб қилади. Нима қилай? Мени дунёга келтирган одамга қандай қўл кўтараман? Отам-ку! Ёрдам берсам, тағин ойижонимнинг кўнгли ўксимасмикан? Ҳилвирабгина қолган юраги ғам-андуҳга тўлиб азобланмасмикан? Менга бўлган ишончи ҳам сўниб қолмасмикан?.. Билмадим, худойим, билмадим… Ўзинг тўғри йўлга бошла, художон! Мендек ғариб бандангни ҳақ йўлига бошла!.. Эртадан бошлаб эса ойижоним ҳам бошқа бадавлатлар каби «особняк»ларда яшайди. Беш қаватли ҳашаматли ҳовлининг бекасига айланади. Худойим, ўзинг гувоҳсан! Менинг онажоним энди ҳеч қачон ғам, алам кўрмайди..»

 

* * *

 

Эрта тонгда Нафиса уйқудан тиниқиб уйғонди. Онасининг бизнесни номига ўтказишга розилик бергани, бундан буён озгина бўлса-да, волидасига ёрдами тегиши мумкинлигини ўйлаб вужуди фахр туйғусига тўлди. Шундай жўшқин кайфиятда кийиниб, ташқарига йўл олди.

Насиба ҳовлидаги сўрида ўтирганча негадир ўйга толганди. Қизининг ташқарига чиққанини кўрди-ю, шоша-пиша ўрнидан турди.

— Хайрият-эй, кийиниб олибсиз, ойи, — деди Нафиса онасини қучиб. — Хўш, кетдикми?

— Нонушта қилмайсанми? — сўради негадир ҳазин оҳангда Насиба. — Ҳарқалай…

— Йўқ, иштаҳам бўлмаяпти, — деди Нафиса бош чайқаб. — Кафеда кофе ичволарман.

— Менга қара, — деди Насиба отланишга шошилмай. — Ростданам бир қарорга келдингми ё шунчаки жаҳл устида гапирганмидинг?

— Ростдан қўлингиздан ишингизни олишга аҳд қилдим, — деди Нафиса тоқати тоқ бўлиб. — Кеча гаплашдик-ку! Тағин айниб қолдингизми?

— Нега айнийман? — деди Насиба кулимсираб. — Фақат ўқишинг бор, дарсларинг ўлда-жўлда қоп кетмасмикан деб қўрқаман-да! Ҳарқалай, буни университет деб қўйибди. Ўқишга кираётганингда олчоқ домлаларинг жонимни суғуриб олаёзган. Эсингдадир?

— Мен… Кетаман ўқишдан, — деди Нафиса ер чизиб. — Керакмас. Ана, ўқиганларни кўряпман. Бола-чақасини боқолмасдан, арзимаган пулга эртадан кечгача тер тўкишади. Ҳеч ким ҳолинг қалай деб сўрамайди. Менам ўшаларнинг бири-да! Қуриб кетсин! Ундан кўра, сизни дам олдириб қўйсам, қўлингиздан ишингизни олсам, қариган чоғингизда чет элларга обориб айлантирсам, ўшанинг ўзи мен учун университетданам аъло!

— Бекор ўйлабсан-да шуни, — деди Насиба асабий лаб тишлаб. — Олий маълумотли дегани жа катта гап, болам. Бекор ўйлабсан. Аммо… Қайсарлигингни билганим учун индамайман. Майли, ўқимасанг ўқимабсан. Онангам ўқимаган. Билганингни қил. Менинг бахтимга тўрт мучанг саломат юрсанг бўлди. Илойим доғингни кўрсатмасин! Худойимнинг ўзи тўйингни кўрсатиб, невараларимни тиззамда эркалати-иб ўтирадиган кунларга етказсин!

— Ўтирасиз, ҳали эркалайвериб зерикасизам, ойи, — деди кулиб Нафиса ва онанинг қўлтиғидан олди. — Бўлди, кетдик энди! Тезроқ шу ишларни битирайлик!

 

* * *

 

Эртаси куни Нафиса илк бор бизнес эгаси сифатида кўчага чиқди.

Тун бўйи ўйланавериб, ўйларининг охирига ета олмай қийналганди.

Уйқусининг ҳам мазаси бўлмади. Бир ҳаяжонланди, бир қўрқди. Онасининг насиҳатлари, маслаҳатлари ёдига тушгач, сал бўшашиб, енгил тортди. Қоқинса, хатоликларга йўл қўйса, барибир онаси қараб турмаслигини билгани боис кўнгли кўтарилди…

У биринчи бўлиб ўзи доим кофе ичиб чиқиб кетадиган кафега кирди. Эрта тонг эканига қарамай, сийракроқ бўлса-да, хўрандалар кафега файз киритиб ўтиришарди. Бар стойкалари қаршисида ўн нафарга яқин эркак ичкилик майдалаш баҳонасида ўзаро суҳбатлашар, официанткаларнинг қўли-қўлига тегмасди.

Нафиса яна бир карра ичкарига ҳиссиз қараб турди-да, ўзи учун ажратилган хона томон юрди. Аммо дарров тўхтади. Устунлардан бирининг орқасини кўрмаган экан. Стол қаршисида Билол ўтирар, сигарет тутатганча бар тарафдан, офицанткалардан кўз узмасди. Ора-орада норози бош чайқаганча ер чиза бошларди.

Нафисанинг кўнгли ғашланиб, сўнгги бор у томон қараб олди-ю, хонага кириш ўрнига овқатлар пишириладиган бурчакка йўл олди.

Бош ошпаз Тўхтасин ака Нафисани кўрди дегунча чопа келиб икки қўли кўксида салом берди.

— Хўш, Тўхтасин амаки, ишлар бешми? — мажбуран бўлса-да, зўрма-зўраки жилмайиб сўради Нафиса. — Шикоят йўқми ишқилиб?

— Нафисахон қизим, бизнинг кафеда ҳаётда шикоят бўлмаган, — деди Тўхтасин ошпаз бош қашиб. — Мана, ўзингиз бош бўлибсиз, насиб бўлса, ишларимиз бунданам юришиб кетади энди!

— Худо хоҳласа, — деди Нафиса яна бир карра Билол ўтирган стол тарафга бош буриб. — Албатта юришади. Амаки, сизга бир топшириқ бор.

— Хўп бўлади, қизим! Биз хизматда! Янги келган товуқ гўшти бор, озгина жиз-биз қилворайми? Агар…

— Йўқ, шартмас, — деди Нафиса. — Ўша жиз-бизингизни қилинг-да, ҳов анави устун ёнидаги стол қаршисида ўтирган одамни кўряпсизми? Ўшанга обортириб беринг! Ҳа, кейин… Тўхтанг!..

Нафиса шоша-пиша сумкачасидан ручка-қоғоз олди-да, қоғозга «Ош бўлсин!» деган жумлани битиб, бош ошпазга узатди. — Мана шуни нон солинган идишга жойлаб қўясиз. Ҳа, ёнига бардан юз грамм ичкилик ҳам қўштиринг. Мен Тилаш акага тайинлаб қўяман!.. Мен… Ҳозир шошиб турибман. Дўконларни айланиб чиқишим керак. Тез обортиринг-да, натижасини тушдан кейин келганимда айтасиз!

— Х-хўп бўлади!

— Фақат пулини олманглар! Менинг номимга ёзиб қўйинг!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ