КУН КУЛГИСИ…

0

 

 

* * *

 

— Оғайни, болаликдаги орзуларингнинг биронтаси ушалдими?

— Ҳа, биттаси ушалди.

— Қайсиси?

— Болалигимда отам сочларимдан тортиб калтакласа, доимо кал бўлиб қолишни орзулардим.

 

* * *

 

Ҳарбийнинг хотини эридан сўради:

— Нега менга уйлангансиз?

— Сен бир пайтлар ўткир нигоҳларинг билан менга бир ўқ отгансан. Мен ана ўша ўқни қандай бўлмасин зарарсизлантириш пайига тушганман.

 

* * *

 

Пингвин боласи барга кириб сотувчидан сўради:

— Дадамни кўрмадингизми?

— Йўқ, кўриниши қанақайди?

 

* * *

 

Она кенгуру боласини уришяпти:

— Мен сенга каравотда овқатланишни кўрсатиб қўяман!

 

* * *

 

Қария қўшнисига ҳасрат қиляпти:

— Илгари эркаклар аёлни кўрса, бош кийимини ечарди. Энди бўлса, қулоғидан ашула эшитадиган симни ечадиган бўлишибди.

 

* * *

 

— Биласанми, мен «Москвич» энг садоқатли машина деб ҳисоблайман!

— Нега?

— Чунки, уни бир марта харид қиласан-у, умрингни охиригачаям бировга сота олмайсан.

 

* * *

 

— Менга қара, бизнинг энг фаол йўл патрул хизмати ходимимиз қани?

— Ишда ёниб кетибди?

— Қанақасига?

— Аждарнинг машинасини тўхтатиб, ичган-ичмаганини текшириш учун пуфлатган экан.

 

* * *

 

Сичқон инига ҳаммаёғи тирналган ҳолда кириб келди-да, қариндошларига деди:

— Қора мушукнинг бахтсизлик келтиришига мана энди ишондим.

 

* * *

 

— Айтишларича, филларни қўлга ўргатиш осонроқ экан. Қўлингга болға оласан-да, хартумига туширасан. Шу заҳоти ўтиради.

— Лекин цирк саҳнасида хартумига уриб бўлмайди-ку!

— Циркда секин қулоғига шивирласанг кифоя.

— Нима деб шивирлайман?

— «Хартумингга бир туширайми?..», дейсан.

 

* * *

 

Судья судланувчига деди:

— Сиз билан мана шу залда йигирма йилдан бери учрашганимиз учрашган. Шу йиллар орасида сиз аллақачон тузалишингиз мумкин эди.

— Ҳа, сиз ҳам шунча йил ичида ҳеч бўлмаганда суд раиси лавозимини эгаллашингиз мумкин эди.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади