Риштонда электр ўғриси фош этилди

0

 

 

Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида оммавий ахборот воситаларида ҳар куни эслатиб ўтилаётган, шу билан биргаликда уларни талон-торож қилган ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий ҳамда жиноий чоралар кўрилаётганлиги тез-тез таъкидланаётган бўлсада, айрим истеъмолчилар ҳамон электр энергиясидан “текин” фойдаланишни маъқул кўрмоқдалар.

Масалан, Риштон тумани, Жалаер маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Б.М. яшаш хонадонида “ПК электр-ҳисоб” дастурига киритилмаган электр ҳисоблагич орқали икки дона ёритиш чироғи, бир дона розетка, пахтани қайта тозалаш дастгохи ҳамда шолини қайта ишлаш учун мўлжалланган “Ойжовуз” тегирмонини ташкил этиб, уйи қишлоқнинг четроғида жойлашганлиги сабабли ҳеч ким кўрмайди қабилида иш тутиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланаётганлиги аниқланган.

Мажбурий ижро бюроси Риштон тумани бўлими тезкор ходимларининг саъй-харакатлари туфайли фуқаро Б.М.нинг қилмиши фош этилиб, электр энергиясидан ҳеч қандай рухсатсиз ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда фойдаланиб келаётганлиги исботлаб берилди.

Хусусан, фуқаро Б.М. яшаш хонадонида пахтани қайта тозалаш дастгохи ҳамда шолини қайта ишлаш учун тегирмон мавжудлиги аниқланиб, бунинг оқибатида туман электр таъминоти корхонаси манфаатларига жами 22 млн. 581 минг сўмлик моддий зарар етказилган.

Бюронинг Риштон туман бўлими томонидан фуқаро Б.М.га қонунда белгиланган бир ойлик ихтиёрий муддатда моддий зарарни тўлиқ қоплаган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилмаслиги тушунтирилган бўлсада, етказилган моддий зарар белгиланган муддатда тўлашдан бош тортган.

Шунга кўра, тўпланган ҳужжатлар юзасидан Б.М.га нисбатан                   02.04.2019 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 185-2-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.