Олимлар ўлган чўчқаларнинг миясини жонлантиришга муваффақ бўлди. Одамларда умид пайдо бўлди

0

Олимлар ўлганига 4 соат бўлган чўчқаларнинг миясида модда алмашинуви ва айрим қисмларини қайта фаоллаштира олган. Улар мияни тўлиқ жонлантира олмаган бўлса ҳам, шунинг ўзи катта ютуқ эканини айтишмоқда. Мия ҳужайралари ўлишини тўхтатиш, улар ўртасидаги тўхтаб қолган сигналларни тиклаш мумкинлигини кўрсатаётган бу тадқиқот инсульт каби сабаблар деб одам миясидаги ўлган ёки зарарланган ҳужайраларни қайта тиклашга умид бермоқда.

Чўчқа мияси устидаги тадқиқотлардан одамларга нима наф: чўчқа миясининг морфологик хусусиятлари инсонникига ўхшаб кетади – хийла каттароқ, туғилгандаёқ кортикал нейронлари ривожланган бўлади.

Мия ҳужайраларининг зарарланиши оқибатида одамлар бир умрга ногирон бўлиб қолиши, ақлий салоҳияти заифлашиши мумкин.

Тадқиқотчилар инсульт ёки бошқа бир касаллик сабабли одам миясидаги ўлган ёки зарарланган ҳужайраларни қайта тиклашга умид қилишмоқа. “Nature” журналида эълон қилинган тадқиқот ҳисоботида кўрсатилган усул бунга имкон бериши мумкин.

Ушбу тадқиқот хулосаси Алцгеймер каби касалликларни ўрганаётган олимлар учун қўл келиши мумкин.

Тадқиқот қандай ўтказилган: Йел университетида тадқиқотчилар чўчқа мияларини махсус ясалган қурилмага улашган. Таркибида кислород ва мия ҳужайралари ўлишини секинлатувчи моддалар бўлган синтетик қон қурилма орқали мияга юборилган. Мия олти соат давомида синтетик қон билан таъминлаб турилган.

Ушбу жараёнда мия ҳужайраларининг ўлиши камайган, қон томирлари ва миянинг баъзи қисмлари фаолияти тикланган. Тадқиқотчилар мия ҳужайралари ўртасидаги алоқа боғламлари – синапларнинг ишлаётганини қайд этишган. Бу миялар тирик мия истеъмол қиладиган миқдордаги кислородни қабул қилган. Буларнинг ҳаммаси миялар чўчқалар танасидан ажратилгандан 10 соат ўтиб кузатилган.

Аммо бу ҳолат мия тўлиқ тирилганини англатмайди. Бутун мия бўйлаб электрик активлик қайд этилмаган.

Кислород бўлмаганда миянинг тезда ўлиши ва қайта тикланмаслиги ҳақидаги тушунчани ушбу тадқиқот савол остига олади.

“Мияда ҳужайраларнинг ўлиши кутганимиздан узоқроқ давом этади. Биз ҳужайранинг ўлиш жараёни босқичма-босқич, секин кечишини кўрсатиб бердик. Айрим жараёнларни секинлатиш, тўхтатиш, ҳатто қайтариш мумкин”, – дейди Йел университетидан нейролог профессор Недан Сестан.
Шунга қарамай, инсон миясидаги ўлган, зарарланган ҳужайраларни тўлиқ тиклаш мумкинми, йўқми, бу ҳақда ишонч билан гапиришга ҳали эрта.

 

minbar.uz