«Ёрдамга шай» ёрдамчилар

0

Бугун юртимизда кенг ислоҳатлар бошланган. Айниқса, пойтахтимиздаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари авж паллада. Шунинг учун ҳам дунё нигоҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ Ўзбекистонга қаратилган. Улар бизга ҳар ишда кўмакчи бўлиш истагида. Лекин…

Яқинда турли ОАВларда Тошкент шаҳрида бўлаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳар хил маълумотлар тарқалди. Кимдир Тошкент шаҳри ҳокимини масъулиятсизлик ва аҳоли муаммоларига эътиборсизликда айбласа, яна кимдир қурилиш ташкилотлари ва бошқаларни қораламоқда. Шулар қаторида «Human Rights Watch» халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили ва айрим хориж матбуоти вакилларининг фикрлари ҳам кишини бироз ўйга толдиради.

Сабабики, юқорида номлари зикр этилганлар Тошкент шаҳридаги қурилиш ишларида ноҳақликлар бўлаётгани, уйлари бузилган аҳоли ҳамон уйсиз ва кўчада қолаётгани, уларга турли тазйиқлар кўрсатилаётгани, энг қизиғи,  бу ишларнинг ҳал этилишида ёрдам бермоқчиликлари ҳақида ўз фикрларини билдиришмоқда. Ёрдам бериш ва муаммоларни бартараф этиш борасидаги таклифлар ўринлидир, эҳтимол. Аммо шаҳар ҳокими пойтахтликларнинг муаммосини шундай қолдириш ниятида эмасдирки, ҳар бир фуқаронинг мурожаатини ўрганишга ва уларни ижобий ҳал қилишга уринмоқда.

Ўрни келганда шуни ҳам эслатиб ўтишимиз жоизки, нафақат шаҳар ҳокими балки, давлат раҳбарининг ҳар бир иши ва ҳаракатида халқ дарди биринчи ўринга чиқарилган дамда бундай аралашувлар қанчалик керак?!

Ёрдам берамиз, дея бошланган бу каби тарғибот ишлари оловга ёғ сепиш билан баробар эмасми?

Айтинг-чи, ҳурматли ёрдамга шай инсонлар, халқ дарди ва муаммолари шунчалик эътиборсиз қолдирилаётган экан, нега унда бош вазир Сергели туманида бўлиб, аҳоли билан суҳбат ўтказди? Уларнинг мурожаатларини эшитиб, албатта, ҳал этилажагини таъкидлади? Ёки буни шунчаки, босди-босди қилиш деб ўйлаяпсизми?!

Балки, муаммолар ҳал бўлиши учун вақт керакдирки, уларнинг ечими бироз чўзилаётгандир. Лекин бир гуруҳ бўлиб ўтказган йиғилишингизга сиз таклиф қилган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева номига ёзилган таклифнома расмий йўл билан топширилган, аммо улардан бирор бир шаклда жавоб бўлмади, дея таъкидлашингиз вазиятни янада чигаллаштирмасмикин?

Халқнинг давлат раҳбарларига ишончи ортаётган вақтда нега бу каби ижтимоий муаммоларни бутун дунёга овоза қилишга шошиляпсиз? Балки, муаммонинг ижобий ечими учун вазият ўрганилиши керакдир?!

Унутмайлик, иш бор жойда камчилик бўлган ва буни ҳеч ким инкор  қилолмайди. Лекин бу дегани бир мамлакатнинг ички ишларига аралашиш керак дегани эмас ва бу қилаётган ишингиз қанчалик тўғри, «ёрдамга шай» ёрдамчилар?!