АЖАЛ СЎҚМОҒИ… (6-қисм)

0

 

 

* * *

 

Орадан бир ой ўтиб мен ўқишни тамомладим. Тантанали йиғилиш, битирув кечаси, табриклашлар содир бўлмади. Бу ҳам майли. Ҳатто, диплом ҳам беришмади. Шу ҳақда сўраганимда инструктор мени уришиб ҳам ташлади.

— Нима деб ўйловдинг? Бизнинг ташкилот қандайдир ўқув юрти эмас. Биз ҳеч қанақанги диплом бермаймиз. Биз аслида йўқмиз.

— Энди нима қиламан? — сўрадим ундан.

— Аҳмоқона саволлар беришни бас қил! Кутасан!

 

УЧИНЧИ ЁЗУВ

БИРИНЧИ ИШ

 

***

 

Мени ҳудудлараро статистика ва аналитик бўлимига йўллашди.

— Ташкилотнинг номини ўқиб ҳайрон бўлманг. — деди бўлим бошлиғи. — Биз ички разведкачилар ҳисобланамиз.

— Разведка чет элларда бўлмайдими? — сўрадим қизиқишим ортиб.

— Ҳа-а, сиз чет элларга чиқишни истаб қолдингизми? Тушунаман сизни. Чет элларда хизмат қиладиган разведкачилар бизга нисбатан машҳурроқ, имкониятлари кенгроқ деб биласиз. Лекин ўзимизда ҳам разведкачи бажарадиган ишлар қалашиб ётибди.

— Масалан, қандай иш?

— Олиб қарайлик. Марказдан анча олисда бўлган туман бирдан мафиячиларнинг қўлига ўтиб қолади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш, хавфсизлик хизмати идораларига ҳам мафиячилар ўз одамларини ўтқазиб ташлашади. Марказдан келадиган ҳар қандай текшириш ҳам олдиндан режалаштириб олинади. Ёқмаган ходимлар бир зумда йўқ қилиб юборилаверади. Ахир, уларга қарши ким юрак ютиб кураша олади? Ҳеч ким. Ана шундай вазиятларда биз керак бўламиз. Бизнинг кучимиз ҳам, фожиамиз ҳам ана шунда. Ишонамизки, сиз бизнинг ишончимизни оқлайсиз.

Мен ўша кундан бошлаб аналитик ходимга айландим. Лекин ишга бормасдим. Ташкилотимиз ажратиб берган кичкина хонада ётганча ўй сурардим. Керак бўлганимда ё ҳарбий комиссариат, ё суд чақирув қоғозлари орқали чақиришарди. Ана шу йўл билан мен биринчи топшириқни олдим.

Топшириқ қуйидагича эди. Мен жанубий чегаралардан бирига бориб ўзимга нотаниш одамдан бир сумкани қабул қилиб олиб буёққа келтиришим зарур эди. Сумкада эса, бор йўғи тасма, ёки шунга ўхшаш махфий сирларни ўзида жо қилган қоғоз бўлиши мумкин холос.

— Нима, шунча йил жонимни қийнаб тайёрланганим атиги қаёқдаги контейнерларни ташиб келтиришгамиди? — энсам қотиб сўрадим раҳбарлардан ҳали ишнинг моҳиятини тўлиқ тушунмай.

— Топшириқ жуда жиддий. — тушунтиришди менга. — Катта масъулият билан ёндошишингизга тўғри келади.

Барибир тайёргарлик кўрдим. Бир-икки ҳафта давомида грим, қайтиш йўллари ҳақида бош қотирдим.

Айтилган манзилга поездда етиб олгач, меҳмонхонага бормай, оддий коммунал квартирани ижарага олдим. Поездда танишлар орттиргандим. Улар билан бирга ичиб, лаққиллашгандик. Ўшаларни топиб икки-уч кунимни ишсиз ўтказишга тўғри келди.

Сўнгра менга айтилган нотанишни учратиш йўлларини қидирдим. Беҳуда йигирма соатлаб экранлар қаршисида ўтирмаганман-ку! Катта кўчага чиқиб автомобилларни, ўткинчи йўловчиларни кузата бошладим. Агар ўша нотаниш кимса шу ерларда бўлса, бир кунмас бир кун уни албатта учратишим аниқ.

Шу билан бирга жуда эҳтиёткор эдим. Кимлардир орқамдан кузатаётгандек туюларди.

Ниҳоят белгиланган кун етиб келди. Соат роппа роса ўн бирдан етти дақиқа ўтганда мен нотаниш резидент (Биз разведкачиларда раҳбар шахсларни шундай аташади) билан боғланишим керак эди. Бунинг учун балиқ овига бордим. Йўқ, мақсадим балиқ овлаш эмас. Аксинча, ахборот овлаш. Бу кўлнинг қайсидир соҳилида менга нотаниш бўлган ҳамкасбим ўтиради. Ўнинг қўлида ҳам қармоқ бўлади. Бироқ бу ҳақиқий қармоқ эмас. Ахборот жўнатувчи, меники эса, ахборот қабул қилувчи мослама. Сув остида бу иш амалга оширилгач, ўзимизга маълум бўлган сигнал эшитилади…

Ана ўша сигнал эшитилди ҳам. Демак, ахборот узатилди, ахборот қабул қилинди. Тасмада нотаниш ҳамкасбим, у танлаган ҳақидаги маълумотларгина бор эди.

Уйга қайтиб тасмани эшитиб кўрдим ва барча сирли паролларни, нотаниш одамнинг юз тузилиши, жойлашган манзили ҳақидаги маълумотларни ўчириб ташладим.

Кўзланган вақт етиб келгач, ташқи кўринишимни ўзгартирдим-да, йўлга отландим.

Сирли жойни нотаниш ҳамкасбим танлаганди. Шаҳар ўртасидаги қуриб битказилмаган бино. Бу ерда уёқдан буёққа ўтиб турувчилар жуда кўп эди. Сабр косам тўлиб бетон плиталар оралаб кўздан панароқ бурчакка ўтдим. Ана, раҳбарлар айтган нарса сассиқ гўнглар билан кераксиз ғоғозлар оралиғида ўлик мушук кўринишида ётибди. Эҳ, биз шўрликлардан бўлак ким ҳам бу тахлит ёқимсиз ҳидларни ҳидлаб изғийди. Худди шунга ўхшаш ўлик мушук менинг сумкамда ҳам ётибди.

Аста ўтирдим-да, мушукларни алмаштирдим. Шартта бориб тик турган кўйи ҳам алмаштириб кетсам бўларди. Лекин мен жуда эҳтиёткорман.

Иш тугади. Мен негадир безовта эдим. Адаштириб қўймадиммикан?..

Қайтадан ўтириб мушукни текшириб кўрдим. Йўқ, худди менинг сумкамдагидек. Демак, адашмабман…

 

* * *

 

Ижара уйга келиб эшикларни ичкаридан тамбаладим-да, мушукнинг қорин қисми тикилган ипларни узиб олдим. Ана, кичкинагина цилиндрча. Мана шу нарсани деб мен олис йўлдан келгандим. Муҳрни текшириб кўрдим. Ҳаммаси жойида. Жомадонларни йиғиштириб йўлга тушсам ҳам бўлади. Шу тобда нотаниш ҳамкасбимнинг ёзма илтимоси эсимга тушди. У цилиндрнинг ичини лупа орқали бир маротаба кўздан кечиришимни сўраганди. Илтимосни ерда қолдиргим келмади. Лупани қўлимга олдим. Ҳеч бир ўзгариш сезмадим. Муҳр ҳам…

Тўхта, негадир қопқоқчадаги нуқтачалардан бири сал ёйилиб кетгандек. Бу нимаси?.. Ҳамкасбим эътиборсизлик қилиб қўйдимикан? Наҳотки, бу ишда яна учинчи одамнинг ҳам қўли бўлса? Бу даҳшат!..

Муҳрни яна бир бор текширган бўлдим. Кўринишидан ҳаммаси жойидадек. Фақат ўша нуқтачанинг қопқоққа ёйилиб тушганини ҳисобга олмаса.

Наҳотки, бу ерлик ярамаслар бизчалик чуқур билимга эга бўлишса бу ишда?..

Мени нуқталарнинг бир-бирига мос келмагани учун жазолашлари тайин. Йўқ, мен яна ўша жойга бораман. Қайтадан ўрганиб чиқаман.

Етиб боргач, бетонлар орасига кириб ўтирмадим. Турган еримдан ҳам ҳаммаси ойнадек кўриниб турарди. Хў-ўш, мушук негадир жойидан силжиб қолибди. Буни оддий одам кўрса, пайқамаслиги мумкин. Аммо мен пайқадим. Бу ҳақиқий профессионалнинг иши.

Мен ҳаракатнинг иккинчи қисми ҳақида бош қотира бошладим.

Эртаси куни маҳаллий газеталардан бирида қуйидагича эълон пайдо бўлди:

— Ит йўқолиб қолди… Ёши… Зоти… Илтимос,… манзилга хабар қилинг!..

Бу бизнинг разведкачилар тилига ўгирилганда, мени нотаниш ҳамкасбим режадан ташқари алоқага таклиф этгани эди.

Икки кундан сўнг заҳирадаги алоқа қутичасини очдим. У ерда учрашув жойимиз кўрсатилганди. Белгиланган соатда етиб бордим. Қайсидир ўн беш сониялар ичида у пайдо бўлиши лозим.

Шу тобда кутилмаган ҳодиса содир бўлди. Мен чорраҳа яқинида тургандим. Ён кўчадан «Волга» катта тезликда чиқиб келди. Билмадим, ё ҳайдовчи эътиборсиз, ё бошқа сабаб. Ишқилиб, қизил чироқдан ўтмоқчи бўлганди. Тўсатдан машина мен томонга бурилди-да, ўнг эшиги оёғимга урилди. Йиқилдим…

Йиқилаётиб ҳам бир нарса ҳақида бош қотирардим. Нима ўзи бу? Кўп нарса билиб юбордим-у, йўқотмоқчи бўлишдими? Ҳа, агар шундай бўлса, ҳимояга шай туришим зарур. Чунки, ҳозир машина тўхтайди-да, ичидан чиқиб келганлар менинг оёқ-қўлимни бойлаб олиб кетишади…

Йўқ, бу гал ҳам адашибман. Ранглари оқариб кетган ёшгина ҳайдовчи тепамда пайдо бўлиб ялина бошлади:

— Кечиринг!.. Билмай қолдим! Қаттиқ оғрияптими?..

Унга қулоқ солмадим. Сабаби, нотаниш ҳамкасб билан учрашишимга бир неча сониялар қолганди. Секин ўрнимдан турдим-у, оломон орасига кириб уни қидира бошладим. Қани? Ким ўзи у? Кўриниши қанақа? Ҳов анави спортчиларга ўхшаган йигитми? Ё сумка кўтарган манави аёлми?

— Қаттиқ оғримаяптими? — ҳамон атрофимда гирдикапалак бўлиб айланарди ҳайдовчи.

— Оғригани йўқ, раҳмат! — жавоб қилдим мен.

— Балки, сизни касалхонага олиб боришим керакдир?

— Керакмас.

— Йўқ, келинг, яхшиси касалхонага борайлик!.. Худо билади оёғингизга нима бўлган…

Мен ҳаммасини тушундим. У ўша ўзим кутган нотаниш ҳамкасб эди.

Оқсоқланганча унинг ортидан эргашиб машинанинг орқа ўриндиғига ўзимни ташладим.

— Травмпунктгача тўрт, тўрт ярим дақиқа бор. — деди у менга. — Ҳозирча мени эшит.

Ҳайратдан ёқа ушладим. Қаранг, бу резидентнинг ўзи!.. Мен — курьер билан очиқдан очиқ гаплашиб олмоқчи. Бу тушга ўхшайди! Мен аҳмоқ бу одамни ўзимга душман деб юрсам, аслида раҳбарим вазифасини ўтаркан. Душман эса, Худо билади ким. Буни келажак кўрсатади…

— Ҳадеб бош қотираверма! — хаёлимни бўлди у. — Ҳали у сенга кўп керак бўлади. Ана, энг яқин ёрдамчим ўтган ҳафтада, бошқаси икки ҳафта олдин ўлди. Ишни эплай олишмагандан кейин шунақа бўлади. Ҳозир бўлса, бутун умид сендан. Қўлингда харита бор. Фақат сенигина номаълум душманимиз танимайди.

Тушунмадим. Нега энди ўзининг бошқа ходимларини аяйди-ю, мени худди бир бўлак гўшт каби душманга қарши қўяди?.. Нега юзини кўрсатди? Душман мени ҳам таниб қолиши ва ҳалок бўлишим учунми?..

— Топшириқни эшит. — тағин хаёлимни бўлди у қўлимга бир қути сигарет тутқазаркан. — Бу ерда қўшимча ахборот бор. Манави ерида манзил. Сен уни кузатиш давом этаяптими-йўқми, аниқлайсан. Агар лозим бўлиб қолса, уни ҳимоя қиласан.

— Ҳа, — кўнглимдан ўтказдим мен. — айтишига қараганда, мен борадиган ерда муштлашув ҳам бўлиши муқаррар. Бундан чиқди, мени ҳам аллақачон тириклар рўйхатидан ўчиришган. Э, ҳозирча тирикман-у! Нимага тушкунликка тушиб қолдим?..

— Тушунарлими? — сўради у мендан.

— Тушунарли.

— Ўша ўзинг кўрган ташландиқ бино ичидаги бетонлар ораси бизнинг алоқа қиладиган жойимиз бўлади.

Машина касалхона рўпарасига келиб тўхтади. Резидент ташқарига чиқди-ю, бояги «ниқоб»ини кийди. Яъни, ўзини худди мени танимайдигандек, машинада уриб юборгани учун афсусланаётгандек тутиб қўлларимдан ушлаганча авайлаб машинадан туширди.

— Эҳ, кечиринг, оғайни!.. Билмай қолдим-да!.. Бундай бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз!..

Беш дақиқалар ичида оёғимни бойлаб қўйишди.

 

* * *

 

Эртаси куни мен учун ўзимга ёқадиган, «объект»ни кузатиш қулай бўлган жойдан квартира ажратиб беришди. Шундан кейин билдимки, мени фақатгина сирли цилиндрни олиб келиш учун эмас, балки, бошқа муҳим топшириқни адо этиш учун ҳам жўнатишган экан.

Йўқ, мен ойна олдида кун бўйи ташқарини кузатиш билан овора бўлмадим. Шунчаки, деворга кўзгу ўрнатиб қўйдим. Бу кўзгу орқали ўзимга керакли одамни бемалол ичкаридан туриб кузата оламан. Бу ҳам менинг хавфсизлигимни таъминлайдиган ҳимоялардан бири эди.

Орадан икки кун ўтиб бу уйда яшайдиган барча қўшниларни, шу жумладан, ўзим кузатаётган «объект»ни ҳам таниб олдим. У кўринишидан бошлиқларга ўхшаб кетарди-ю, ғамгин эди. Ҳар куни бир вақтда уйдан кетар, бир вақтда қайтарди. Ҳар куни кечқурун ахлат тўкиш ниятида ташқарига чиқарди. Соат роппа-роса кечки ўн яримда уйи чироғини ўчирарди.

Баъзан ҳовлига чиқардим-да, ўриндиқларда гап сотиб ўтирган кампирлар орасига қўшилганча, атрофни кузатардим. Бир неча маротаба «объект»ни хизматга, ёки сайрга ўзига билдирмаган ҳолда кузатиб ҳам қўйдим. Ҳеч қандай гумон қилса арзийдиган вазият кўзга ташланмади. Унинг ортидан ҳеч ким тушмаган!

Шу кўйи бир ҳафта ўтди. Ўзимни худди қоронғида қоп-қора мушукни тутмоқчи бўлаётган аҳмоққа ўхшата бошладим. Ишда натижа йўқ. Балки, резидент кузатмаса туролмайдиган касалга учрагандир? Нега мени аҳмоқ қилади унда? Ё ўзимда профессионаллик етишмаяптими?

Қарангки, кунларнинг бирида ўзим кузатаётган кимса кечки сайрга чиқмади. Мендан бошқа ҳеч ким бу ҳолатни пайқамасди ҳам. Ҳайрон бўлиб ҳовлига чиқдим. Кузатилаётган квартира чироқлари ўчирилганди. Подьездга қайтиб кириб унинг эшиги рўпарасига бордим. Ҳеч қандай товуш йўқ. Қулфлар жойида.

Бир неча соатдан сўнг санитарлар худди шу подьезддан унинг жасадини олиб чиқиб кетишди. Нима бўлганини юқори қаватда турадиган қўшнилар ўзаро муҳокама қилишарди.

— Эҳ, пешонаси шўр экан. — дейишарди кампирлар. — Ваннахонага чўмилгани кириб кутилмаганда тойиб кетибди-ю, боши билан урилиб, ҳушидан кетибди. Сув ютибди… Агар бир ўзи яшамаганда бақирганини бирга яшайдиган одам эшитарди. Ўлмасди. Ҳа, қачон, қандай ўлишини билмас экан-да одам!..

Мен бўлсам бунга ишонмасдим. Чунки, сабабинияхши билардим.

Яхшилаб ўйлайлик. Бу ҳақиқатнинг тагига етишда яна бир усул. Масалан, жиноятчи бу жиноятни амалга ошириши учун қанча вақт сарфлаши мумкин? Олайлик, подьездга қирқ сонияда кириб олади. Қулфни очиши учун ҳам шунча вақт кетади. Ҳақиқий устамонлар учун бу қулфларни очиш ҳеч гап эмас. Секин ичкарига киради-да, уй эгасини қандайдир товуш билан чалғитади. У товуш келган томонга ўгирилиб улгурмай, кучли зарба билан полга қулатади. Сўнгра ваннахонадаги кранларни очади. То сув тўлгунга қадар жабрланувчини ечинтиради…

Изларни йўқотиш учун ҳам кўп вақт кетмайди. Жами 11-12 дақиқа ичида ғойиб бўлади.

Хўш, подьездда ўша вақтда бегона одам бормиди? Ҳа, навбатчи слесарь. Лекин у кирибоқ еттинчи квартирага кириб кетган ва узоқ вақт темир-терсакларни ковлаштириш билан банд бўлган. Яна пенсия тарқатадиган почтачи. Кампирлар у ўн йилдан бери пенсия тарқатишини бараварига айтишди. Унга одам ўлдиришдан нима фойда?

Тўхта, оқ халатлилар орасида бўлмасин тағин қотил. Ҳа, оқ халат ҳар қандай қотилнинг башарасини беркита олади.

Тўғри, буни текшириб кўрмаса бўлмайди. Чунки, мурда ваннахонада ётганини ўзларича қаердан била қолишади?..

Бу фикримни ҳам кампирлар тасдиқлаб беришди.

— Сен ҳақсан, болам. — дейишди менга. — Поликлиникадагилар ҳам одаммас. Дори сўраб кўргин, шунақанги бақириб беришадики… Ўша «Тез ёрдам»да келганни бир кўрсайдинг. Худди мол дўхтирига ўхшайди башараси. Йўқ, жиноятчиларга кўпроқ ўхшайди. Ёнидаги шеригиям ундан кам эмас экан. Бизларни куракда турмайдиган гаплар билан сўкиб ҳақорат қилди ярамас…

Ие, дўхтир қани унда? Улар уч киши эди-ку! Нега кампирлар икки киши деб айтаяпти? Дўхтир қаерга ғойиб бўлди?

Мен кимлардир кўрсатган суратларни кўз олдимга келтирдим. Ҳа, семиздан келган, оғир-босиқ одамга ўхшарди. Ўша!.. Менинг душманим ўша! Уни топдим! Э, йў-ўқ, ташқи кўриниши билан мени алдаёлмайди.

У дўхтир эмас — Қотил!..

 

* * *

 

У профессионал Қотил эди. Бундан келиб чиқадики, одамларни шунчаки кўнгилхушлик учун эмас, пул учун ўлдириб келган. Бу унинг иши.

У шафқатсиз эмасди. Негаки, шафқатсизлик ишига халал беради. Қийноқларга чидолмаган ўлжа ортиқча шовқин кўтаради. Лекин меҳрибон ҳам эмасди. Агар буюртмачилар ундан қийнаб ўлдиришни талаб қилишса, инкор эта олмаган.

Қачонлардир болалигида муштлашишни, чумчуқларни рогаткадан отиб ўлдиришни хуш кўраркан. Кейинчалик рақс тушиладиган жойларга қатнаган. Атрофдаги қизларни мушт ёрдами билан ўзига бўйсундира бошлаган. Неча марталаб милицияга ҳам судраб келишган. Барибир қайтмаган. Ўн саккиз ёшида безорилиги учун қамалиш арафасида қолди. Шунда адвокати унга ҳарбий комиссариатга боришни ва икки йил интизом батальонига юборишларини сўрашга ундайди…

Уёқда қотилни югуришга, пол ювишга, кечалари ухламасликка мажбур қилишди. Худди бошқалар сингари. Бу қоидалар унга ёқмасди. Кунларнинг бирида сержантнинг башарасига тушириб қолди. Иккинчи зарбаси сержантнинг жағини синдирди. Уни суд қилишди. Яна уч йил қўшиб беришди. Бироқ кутилмаган ҳодиса юз берди. Камерага турма бошлиғи кириб келиб бир таклиф киритди.

— Агар махсус ҳарбий қисмда хизмат қилишни истасанг, бу ердан буткул озод бўласан. — деди у.

— Нимаси махсус?

— Қолганини борганингда биласан.

Ана шундай қилиб қотил, яъни, менинг душманим умрида биринчи маротаба қасам ичди:

— Ҳеч қачон давлат сирларини фош этмайман!

Ҳарбий қисмга келган куниёқ уни қаттиқ калтаклашди. Кучи етганича қаршилик кўрсатди. Лекин улар кўпчилик эди. Тепкилаб ташлашди. Қонга бўялиб кетган бўлса-да, барибир қаршилик кўрсатишда давом этарди. Тезда тиббий пунктга олиб боришди. Тушунтиришдики, бу имтиҳон. Душманим ўша имтиҳондан яхши ўтганди.

Кейин у ҳам бошқалар сингари виждон азобини бошдан кечирмасликка, раҳмдил бўлмасликка ўрганди. Аниқроғи, ўргатишди.

Хизмати давомида қўлда қурол билан ҳожатхона қолдиқлари орасидан нариги тарафга сузиб ўтишга, ўша нарсага бош суқиб қўйишга мажбурлашган. Тирик қолиш дарсларида у ҳам бошқалар каби қурбақа, илон, сасиб кетган от, сигир ўликларини ейишга мажбур бўлган. Агар кўнгли айниса, ёки ейишдан бош тортса, бу машғулотни қайта-қайта такрорлайверишган.

Бора-бора у кўникди. Қон, ўлик жонзот у қадар даҳшатли эмаслигига ўзини ўргатди.

Орадан маълум вақт ўтиб унинг ўзи шериклари билан бирга сигирларни ўлдирган, қайноқ қонини ичган, ички аъзоларини хомлигича еб қорин тўйдирган. Барибир ажал улардан юз ўгираверган.

Бу синовлардан ўтишгач, битталаб кинозалга олиб киришган-да, оёқ-қўлларини курсига маҳкам бойлашган. Қовоқларини кўз юмилмаслиги учун тепага қараб тортиб маҳкамлашган. Шундан сўнг электр аррада тирик одамни қандай арралаш кераклиги ҳақидаги фильмни намойиш эта бошлашган. Йўқ, бу ясама эмасди. Ҳарбий қарама-қаршиликлар пайтида амалга оширилган ишлар тасмага ёзилган ҳақиқий жонли фильмлар эди.

Ниҳоят ўқишни тамомлаб, у ҳақиқий профессионал қотилга айланди. У одамларни хоҳ қурол ёрдамида, хоҳ қўл ёрдамида бўлсин, сира сесканмасдан осонгина ўлдира оларди.

Йиллар ўтди. Охири чарчади. Одамлардан, хизматдаги дўстлардан, буйруқ берувчилардан чарчади. Қандай қутулиш йўлини ўйлай-ўйлай топди ҳам. Кунларнинг бирида бир неча шерикларини балиқ овига таклиф этди. Соҳилда денгизга қармоқ ташлаганча анча ўтириб қолишди. Балиқ илинавермади. У ўз мақсадига эришиш пайига тушди.

— Мен ҳозир бир ўзим ҳов анави тўлқинлар орасига қайиқда кириб бораман-да, бир дунё балиқ тутиб чиқаман. — деди шерикларига. Ишонишмади. Бир қути ароққа гаров ўйнашди. У қайиққа ўтирди-да, тўлқинлар орасига қараб сузиб кетди. Кучли тўлқин қайиқни домига тортиб кетди. Шериклари буткул умидларини узишганди. Чўкиб ҳалок бўлди деб ўйлашганди. У эса, нариги соҳилга ўтиб бир дайдини тутди-да, кийимларини алмаштириб, қайиққа маҳкам бойлаб қайтадан тўлқинлар орасига итқитди. Кўрибсизки, ҳаммасидан халос бўлди.

Уч ойдан сўнг унинг «жасади»ни топишди. Мурда ўз тусини аллақачон йўқотган, сира таниб бўлмайдиган ҳолатда эди. Уни дафн этишди. Ҳамма учун У ўлди. Ўзи бўлса, янги ҳаётни бошлаб улгурганди.

У жануб томонларга келиб ҳам ўз касбидан воз кечмади. Фақат энди қандайдир ташкилот учунмас, ёлғиз ўзи, ўз манфаати учун ишлади. Буюртмачи мижозларнинг топшириқларини бажариб катта пул ишлай бошлади.

Охирги буюртма жуда йирик эди. Бир неча эмас, бир гуруҳ одамни ўлдириш лозим эди. Бу ишни ёрдамчиларсиз бажариб бўлмасди. Топди ҳам. Шўрлик ёрдамчилар ишдан сўнг ўзлари ҳам нариги дунёга равона бўлишлари аниқлиги ҳақида билишмасди. Қотил бир ой иш билан яқиндан танишди. Шошилмади…

Ниҳоят иш бошланди. Бироқ ақл бу ерда асосий ролни ўйнарди. Қотил бараварига эмас, битталаб ўлдириш режасини ишлаб чиққанди. Масалан, биринчи жабрланувчи юқори қаватда яшарди. Хотини билан кўп жанжаллашаркан. Қотил уни юқори қаватдан пастга қулаб тушишини таъминлаб берди. Яъни, деразани очиб қўйиб парда илаётганди. Қотил эса, деразани ғиштдан кўчириб қўйганди. Бечора олтинчи қаватдан асфальтга қулади-ю, жон берди.

Иккинчи жабрланувчининг ёши улуғ, юрагининг мазаси йўқ эди. Қотил унинг ўн яшар неварасини зўрлади. Бу ҳақда қўшнилардан эшитган қария шу заҳоти юрагини чангаллаганча жон берди…

Милиция баённомаларида ҳам бир хил ёзув:

— Бахтсиз ҳодиса туфайли оламдан ўтди!..

Ҳеч ким жавобгар эмас. Қотил эса, бемалол ўз ишини бажариб юрибди.

Хўш, уни қандай тутаман?..

Турли йўлларини қидириб кўрдим. Ниҳоят топдим. Мен одамлар учун яхши бир иш қилишим керак. Ҳа, ўлган «объект» яшаган подьезд деворлари кўчиб кетибди. Шуни таъмирлаб қўйсам-чи?.. Ўшанда мақсадга эришишим осон кечса керак…

Йўқ, дабдурустдан подьездни таъмирлай бошласам, гумонсираб қолишади. Ахир, мени бу ерда ҳеч ким танимаса деярли!.. Яхшиси, бутун бошли уйни таъмирлаб бераман.

Бунинг учун ўзим ўқиш даврида ўрганган усул билан етарли пулларни топдим-да, уч қути ароқ эвазига қурилиш ташкилотидан барча буёқ, цемент, чўтка ва бошқа нарсаларни сотиб олдим. Бошқа қурилиш ташкилотидан бўёқчи йигитларни ёлладим.

Мақсадим битта. Ташқарида бу йигитлар тўполон билан иш бошлашади. Мен бўлсам, бир четда турганча Қотилни кутаман. Ҳа, у барибир келиши керак. Чунки, бу уйда ўзига тўқ, бадавлат хонадонлар кўп. Кўнглим сезиб турибди. Қотил албатта келади. Резидент беҳудага мени шу уйга жойлаштирмаган. У адашмайди.

Ўйлаганимдек, шомга яқин подьездлардан бирининг рўпарасига нотаниш машина келиб тўхтади. Ундан икки барваста йигит кимнингдир қўлтиғидан тутганча тушишди. Ўртадаги одамнинг қўл-оёқлари шалвираб қолганди. Йигитлардан бирини дарров танидим. Бу ўша куни «Тез ёрдам» машинасида келиб жасадни олиб кетган йигитларнинг бири эди. Ҳа-а, ҳозир бу одамни ичкарига олиб киришади-да, эшикни очиб бор буюмларини, пулларини шилиб олишади. Сўнгра…

— Оғайни, секин, эҳтиёт бўлинг! Мана, озгина қолди уйингизгача! — дея меҳрибонлик қилган бўлишарди унга…

Мен бўлсам, нуқул учинчи одамни қидира бошладим.

— Дўхтир!.. Ҳа, дўхтир — Қотил қани?!

Шунда машинада қолган ҳайдовчи эсимга тушиб кетди. Ахир, Дўхтир машинада қолган-ку!.. Вой ярамас, ҳайдовчи ниқобида бемалол келгани-чи!..

Йўқ, шошилмаслигим лозим. Очиқ муштлашувга ўтсам, бу йигитлар расвоимни чиқариб ташлашади. Яхшиси, шошилмайман. Ақл билан иш кўраман.

Ўйлай-ўйлай йўлини топдим. Ҳа, уй чироқларини марказий ток юбориладиган жойдан ўчириб қўяман-да, секин квартирамга кириб оламан. Ана шунда Қотил безовталаниб машинадан тушиб келади. Менинг эшигим очиқ турган бўлади. У секин ичкарига кириб келади-да, қоронғиликда мендан сўрайди:

— Сизда ҳам чироқ йўқми?

Ана шунда қўлга олиш осон кечади…

Ҳаммасини ўйлаганимдек қилдим. Уйдаги чироқлар ўчди. Баъзилар квартираларининг деразаларини очиб ташқарига мўралаган бўлишди.

Мен бўлсам, ташқари эшикни ланг очиб қўйиб бир бурчакда пусиб турардим. Мана, энди ўқиш даврида ўрганганларим иш бериши керак. Яъни, мен қоронғиликда ҳам ўз душманимни аниқ кўра билишим, танишим, сўнгра кўрсаткич бармоғим билан унга бир маротаба зарба беришим лозим. Шу зарба уни қулатса, демак, мен Алаба қиламан. Йўқса…

Шу тобда кимнингдир подьездга чопиб киргани ва зиналардан юқорига кўтарила бошлаганини эшитдим. Ҳушёр тортдим.

Ҳа, бу ўша! Қотилнинг ўзи!.. Уни тинчитишим, ташкилот олдимга қўйган илк топшириқни уддалашим жуда муҳим ҳозир…

— Қўшни, ҳов қўшни, чироқ нега ўчдийкин? Билмайсизми?..

Тахмин қилганимдек у эшикдан ҳийла мўралаб менга шивирлади. Аслида мени кўрмади. Шунчаки, таваккал сўради…

Мен уни аниқ кўриб турардим. Баланд бўйли, юз-кўзлари юмалоқдан келган, нигоҳлари ўткир ва совуқ…

Кўрсаткич бармоғим яшин тезлигида душманимнинг бўйнига санчилди.

— Иҳ!..

У бир силтаниб орқага қулади.

Мен Қотилни эпчиллик билан ичкарига судраб кирдим-да, эшикни ёпдим.

Қўлларимдан эса, қон оқиб тушарди.

Кейин билсам, унинг уйқу томирини суғуриб олган эканман…

Хайрият, топшириқ бажарилди. Душман йўқ қилинди.

Мен ғолиб бўлдим!

(давоми бор)

Андрей ИЛЬИН

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси