БОЛАЖОНЛИКДА МАҲЛУҚЧАЛИК ҲАМ БЎЛА ОЛМАС АЁЛ…

0

 

Россиянинг Липецк шаҳрида яшовчи аёл икки гўдагини квартирасидаги маст-аласт улфат эркакларга қолдириб, ўзи изсиз ғойиб бўлганди. Қўшнилар гўдакларнинг тинимсиз йиғлайверишидан безор бўлиб прокуратурага арз қилишган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари етиб келиб ичкарига киришганда, даҳшатли манзарага гувоҳ бўлишди. Бири икки, иккинчиси тўрт яшар бола оч-наҳорликда йиғлар, деярли ҳолсизланиб бўлганди. Квартира ичкарисига эса қараб бўлмасди. Ҳаммаёқда ахлат қолдиқлари, электр симлари узилиб, осилиб қолган, агар болалар тегиб кетса, ток уриб ўлиши тайин эди. Икки гўдак каравот, кўрпача йўқлигидан кир-чир полда ухлашга маҳкум эди. Устига устак болаларнинг бири ногирон ҳам экан.

Айтишларича, бу болаларнинг онаси икки йил олдин оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Аммо йиғлаб-сиқтаб ялинавергани учун суд ҳукмни бекор қилганди. Прокуратура ходимлари бу аёлни оналик ҳуқуқидан маҳрум этишни сўраб судга қайтадан мурожаат этишди. Икки гўдак эса касалхонага ётқизилди. Кейинчалик уларни болалар уйига жойлаштиришади.