Жаҳонгир Ортиқхўжаев қурилишлари бузилган инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев билан камералар қаршисида баҳслашди

0

27 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев ўртасида очиқ суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбатга оммавий ахборот воситаси вакиллари ҳам таклиф этилди.

Хабарингиз бор, 2018 йилнинг ноябрь ойида ижтимоий тармоқларда тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев мурожаати эълон қилинди. Унда тадбиркорнинг Мирзо Улуғбек тумани «Авайхон» маҳалласи ҳудудида қурилаётган 3 қаватли турар-жой биноси шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев назоратида бузиб ташлангани баён қилинганди.

Маълум муддат ўтгач, «снос» можароси чет эл оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритилди. Муҳаммадбобур Хўжаев Тошкент шаҳри ҳокимини шаҳардаги қурилиш бозорини «монополияга айлантириш»да, арзон уй қураётган тадбиркорни «қурилиш бозоридан сиқиб чиқариш»да айблаганди.

Жорий йилнинг 5 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлаётган муаммо юзасидан матбуот учун брифинг бўлиб ўтди ва унда танганинг иккинчи тарафи ҳам кўринди. Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев брифингда муаммо юзасидан фикрларини айтиб ўтди ва инвестор билан юзма-юз мулоқот ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.

«Тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаевни умримда кўрмаганман, гаплашмаганман ҳам. Мен тўғримда оммавий ахборот воситаларида ҳар хил фикрлар билдирмоқда. Тадбиркор билан алоҳида ҳам, оммавий ахборот воситалари олдида ҳам суҳбатлашишга тайёрман. Марҳамат, келсин», — деганди шаҳар ҳокими.

Шундан сўнг инвестор ҳам мулоқотга очиқ эканини билдирганди.

«Менда унга қарши далиллар бўлгани сабаб шундай фикрлар билдиришга мажбур бўлдим. Балки, унинг атрофидаги ёки менинг атрофимдагилар шундай низолардан манфаатдордир. Ҳар хил гаплар тарқалмоқда. Шуларнинг олдини олиш учун мени эшитишса, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан очиқ мулоқотга тайёрман», — дея жавоб қайтарганди инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев.

Қуйидаги видеода эса бу масалада ким ҳақ: тадбиркорми ёки ҳоким? Марҳамат, ўзингиз кўриб, билиб олинг.