МЕНГА ТЕГМАНГ…

0

 

 

***

 

Менга тегманг, ишқ ўтида куйволайин,

Жаҳаннамнинг азобига тўйволайин.

Жоним мени ташлаб кетса, зўрим йўқ-да,

Куйдиргичли кўзларимни ўйволайин.

 

***

 

Менга тегманг, азобимга юкинволай,

Дилим хаста, хасталикдан ўкинволай.

Зўр келганда зўрим бўлиб берганларни,

Зори бўлиб кетаяпман… Соғинволай.

 

***

 

Менга тегманг, қовоғимдан қорлар ёғсин,

Икки дунё орасинда хорлар ёғсин.

Ким қўйибди менга ишқу муҳаббатни,

Хун бағримни ўртаб-ўртаб зорлар ёғсин.

 

***

 

Менга тегманг, сиз турган боғ масканиммас,

Гар икки кўз кулиб турса, кулганиммас.

Мен дунёга қўл силтаган бандадурман,

Оҳ чекишлар хун бағримни тилганиммас

Менга тегманг!!!

Менга тегманг!!!

Менга тегманг!!!

 

ҲАВАС

 

* * *

 

Ожиз қолган онимда,

Тоғларга ҳавас қилдим.

Жабр туйсам жонимда,

Соғларга ҳавас қилдим…

 

* * *

 

Тоғлар қарамадилар,

Соғлар қарамадилар.

Оҳлар уриб малаг-у,

Моҳларга ҳавас қилдим…

 

* * *

 

Оҳлар оғули экан,

Моҳлар доғули экан.

«Борса келмас»лари бор,

Ёқларга ҳавас қилдим…

 

* * *

 

«Борса келмас» кўнмади,

Таҳқирлашдан тинмади.

Ичга ютиб дардимни,

Чоҳларга ҳавас қилдим…

 

* * *

 

Дардим билмади-я чоҳ,

Бағрин бермади-я чоҳ.

Хаста дилимни доғлаб,

Доғларга ҳавас қилдим…

 

* * *

 

Доғлар ёмон куйдирди,

Паймонамни тўлдирди…

Бир куйиб, ҳам бир ёниб,

Тавбалаблар, тўлғониб,

Бағрим тўла дардимни,

Худойимга солдим-у,

Кўнглимни кўтаргич гоҳ-

гоҳларга ҳавас қилдим.

 

Олимжон ҲАЙИТ