ҚАБРДАН КЕЛГАН ҚУТЛОВ… (ёхуд ўлаётиб ҳам боласи ҳақида қайғурган аёл)

0

 

Англиялик 42 ёшли Лена Присга дўхтирлар даҳшатли ташҳис қўйишди. Саратонга учрабди. Нари борса бир йилдан камроқ умри қолибди. Лекин аёл ўлишдан қўрққани йўқ. Қўрққани билан ажал чекинармиди. Беш яшар қизчаси Лексининг келажагини ўйлаб қайғуга ботди. Ахир, у ўлгач, қизалоғи нима қилади? Ёлғизланиб, онасини қидириб бағри хун бўлмайдими?..

Лена ўйлай-ўйлай, йўлини топди. Ҳа, қизининг ҳар бир туғилган куни билан табриклаб алоҳида-алоҳида открыткалар қолдиради. Лекси уларни ҳар ўқиганда, онасини кўргандек, у билан суҳбатлашгандек бўлади, кўнгли кўтарилади, қувонади.

Лена ҳамширалардан бирининг кўмагида қизига атаб қутловлар ёзишга тушди. Ҳар бир қутловни ўзгача меҳр, муҳаббат билан ёзди. Ҳар бири ўзига хос қутлов бўлди.

«Ўзимнинг 11 ёшга тўлган қизалоғим Лексига, — деган сатрлар битилганди открыткаларнинг бирида. — Бу йил бошланғич синфни тугатиб, юқори синфга ўтасан. Мен ҳамиша сен билан. Сени қучиб, ўпиб қоламан. Онанг…»

«Менинг 17 ёшни қаршилаган меҳрибоним Лексига, — деб ёзди бошқа открыткага. — Кап-катта бўп қолдинг, қизалоғим. Сени ўғил болалар ранжитмаяптими? Эҳтиёт бўлгин. Айтганча, ҳайдовчилик курсига ёзилгин. Ҳаётда сенга жуда асқотади. Сени севиб қолувчи, онанг!..»

Лена бор-йўғи 35 та қутлов ёзишга ўзида куч топа олди. Қолганига мадори етмади. Аммо танасида деярли қувват қолмаганига қарамай, қизалоғини хурсанд этиш илинжида у билан бир амаллаб Париждаги Диснейлендга ҳам бориб келди. Рождество байрами арафасида Лапландияга олиб борди. У боласига оғриқлар мерос бўлиб ўтмаслигини худодан сўрагани-сўраган…

Мана, Ленанинг умри тобора қисқариб бормоқда. Аммо анча хотиржам. Билади, ишонади, Лекси ҳаддан ташқари куйиниб, ўксинмайди. Қутловларни ҳар ўқиганда, онасини кўргандек, суҳбатлашгандек, меҳрига қонгандек бўлади. Бир онага бундан ҳам каттароқ бахт бормиди…