Изтиробда қолган ота: «Қизларим ва аёлим диндан чиққан!..»

3

Шукрки, бугун замонамиз тинч, одамлар Ислом динига бўлган эҳтиёжларини қондиришлари учун юртимизда булоқлар талайгина. Аммо баъзи нотўғри, айтиш мумкинки, мутлоқ бегона ва кераксиз ғоялар, оқимлар ҳам йўқ эмас. Тўғри, улар доим орамизда ёввойи ўсимлик ва ажриқ каби ғира-шира кўриниб турган. Бироқ бугун бундай ярамас оқимларга йўл очиб бериладиган давр эмас. Бироқ қаҳрамонимиз…

Нуриддин ака. Ўрта Чирчиқ туманида туғилган, бугун Олмалиқ шаҳридаги мусиқа мактабларининг бирида меҳнат қилади. Бу одамнинг кўзларида аллақандай изтироб ёниб турибди. Бу шундай изтиробки, болаларинг кўз ўнгингда нобуд бўлаётгани билан баробар. Бир тарафдан эса мусулмон оиласида дунёга келган қизларнинг диндан чиқиши нобуд бўлишдан-да аянчлироқ. У шундай азобки, қалбини ётларга сотган жигаргўшалари билан яшаш азоби…

«Энг бошида қизларимнинг бу йўлга кирганини тушунмаганман. Биз тинчгина яшаб юрган, аҳил-иноқ оила эдик. Ҳаммаси, аслида, бундан 15-20 йиллар аввал бошланган. Менинг икки қизим ва бир ўғлим бор. Рафиқам билан иккимиз ҳам ўқитувчимиз. Кўп йиллардан буён болаларга мусиқадан дарс бераман. Бошимга тушган бу кўргилик, яъни қизларимнинг диндан чиқиши, бемаъни оқим — «Иегова шоҳидлари» сектасига аъзо бўлиши ва уларни ҳамон бу йўлдан қайтара олмаганим қалбимни вайрон қилмоқда.

Анча йиллар илгари қизларимнинг қандайдир гуруҳга аъзо бўлганини оилавий суҳбатларимизнинг бирида билиб қолгандим, аммо сира динсизларнинг оқимига қўшилиб қолиши хаёлимга келган эмас.

Катта қизим Ирода Оҳангарондаги коллежларнинг бирида таҳсил оларди. Дарсларга қатнаш қийинлиги учун ўша туманда яшайдиган холасиникида турарди. Холасига ишонганим учун қизимни тергамадим. Аммо бу аёл оиламни барбод қилди. Кейин билсам, у қизимдек шикаста қалб эгаларини ўз тўрига илинтириб, секта аъзоларининг сафини кенгайтириш билан шуғулланар экан. Ҳа-ҳа, у асосан, жимжимадор шиорлар ва «хайрия» тадбирлари остида турли ёшдаги аёллар, нафақахўрлар, ҳали бутун ҳаёти олдинда бўлган ёш қизларни бирлаштириб, «Иегова шоҳидлари» ташкилотига аъзоликка чорлар экан. Улар ўз ғоялари билан йўғрилган китоблар асосида йиғилишлар ўтказиб, дин ниқоби остида самовий динларнинг барчасига зид бўлган ғояларни ёйиш, инсон қалби ва онгини забт этишга, ўз динидан воз кечишга қаратилаётган миссионерлик ҳаракатлари билан оиламни пароканда қилишди…

Иродани бошқача яхши кўрардим, чунки болалигидан жуда кўп азоб тортди. Нутқида туғма нуқсони бўлгани учунми, ёшлигидан бироз тортинчоқ ва шикаста табиатли бўлиб улғайди. Қизим чучукланиб сўзлаганда қалбим ларзага келарди, энди эса кўзларимда беихтиёр ёш, қўлларим мушт бўлиб тугилади. Аммо уларни жазолай олмайман…

Катта қизимнинг ортидан кичик қизим ҳам «Опамдек бўламан!» дея ният қилди ва опаси ўқиган коллежга ўқишга кирди. Энг ёмони, холаси катта қизимнинг қалбини динсизлар сектасига арзон гаровга пуллаб, ўқиш вақтида йўлдан адашган Иродамнинг кетидан синглисини ҳам тортибди. Мен буларни жуда кеч билдим…

Қизларим ўқишдан келганда уйимизда байрам бўларди. Аммо йўлдан адашгач, бу ҳолат ўзгарди. Энди улар фақат қандайдир нарсалар ҳақида суҳбатлашар, бунга онасини ҳам жуда қизиқтириб қўйган эди. Гоҳида суҳбатларига қулоқ солиб, тушунмаганимда уларни ёлғиз қолдирардим. Лекин шу жойида жуда катта хатога йўл қўйган эканман… Тасаввур қилинг, оилангиздан уч киши яширин равишда турли дарслар ва мажлисларга қатнаса, муртадликдан сабоқ олаётган бўлса… Бундай даҳшатни душманимга ҳам раво кўрмасдим.

Баъзида қизларим менга нималардир мароқ билан гапириб беришарди. Мен эса уларнинг одамгарчилик ҳақидаги ибратли ҳикояларни ўрганаётганидан хурсанд бўлардим… Аммо кунлардан бир кун улар тўлдириб юрган дафтар қўлимга тушиб қолди. У дафтарда Худо ҳақида, бошқа дин ҳақида аллақандай қўрқинчли, бемаъни қарашлар ёзилган эди. Қизларимга ойдинлик киритишларини сўраб юзлансам, «Иегова шоҳидлари» сектасига аъзо бўлдик, биз энди Худони танияпмиз», дейишди. Ана ўша дам менинг юрагим қай аҳволга тушганини биласизми?! Ахир бу мусулмоннинг муртадга айланиши, диндан чиқиши-ку?!

Шунда мен ўзимни босишга уриниб, уларга хотиржам тушунтирдим. «Юртимизда бундай китобларга рухсат йўқ, булар ғирт бемаъни, кераксиз китоблар. Истасанглар, мусулмонлар идораси рухсатидан ўтган диний адабиётларни ўқинглар, менга ҳам олиб келинглар, бирга ўқиймиз», дедим. Аммо улар гапларимга кўнгандай бўлишарди-ю, барибир, ўша аҳмоқона дарсларга қатнашда давом этаверишарди.

Мен улардаги бу ҳолатни кўриб, ортиқ чидай олмадим. Энди қатъий чора кўришга киришмасам бўлмасди. Шу сабабдан ўша жойга, дарсларга бормасликларини дўқ билан ҳам тушунтирдим ва тақиқланган китобларни олиб ҳовлининг ўртасида ёқиб юбордим.

Ҳаттоки қизларимга қўл кўтаришгача бориб етдим. Бу эса ота учун нақадар оғир эканини билмайсиз…

Қизларим гўё программалаштирилган роботдай бўлмағур сафсаталарни гапиришар, ўзларини оқлашар, назаримда, нима деяётганларига ўзлари ҳам тушунмас эди. Бир куни менинг қўлимга ҳам «Инжил»ни беришди, кейин турли мақолалар, расмли китоблар уйимизда тез-тез сочилиб ётадиган бўлди. Ўша манбаларда бизнинг динга оид бирор нарса йўқ, бари ёт тушунчалар эди…

Аввалига бу ҳолатдан жуда қаттиқ сиқилдим. Тушкунликка тушиб қолдим. Сабаби, одамлар орасидан ҳам кимлардир қизларимнинг бу ишини юзимга солди, ҳаттоки раҳматли тоғам ҳам мени ёнларига чақириб бу ҳақда сўраганларида бошим хам бўлди. Энг ёмони, бу тарғиботчилар туфайли менинг болаларим эрта-индин халқдан, маҳалла-кўйдан ажралиб қолишади…»

Отанинг бу изтироби ҳақиқатан ўринли. Ёш қизлар билан бўлган бу воқеа чиндан ҳам ҳақиқий фожиа. Ҳозир Нуриддин ака болаларининг халқ ичига қўшила олмаслигидан, улардан узилганидан куюнмоқда. Бу, албатта, ҳақли азоб. Аммо энг катта азоб болаларнинг муртадга айлангани, охиратини куйдиргани эмасмикин?!

Таассуф, ҳамма ҳавас қиладиган бир оиланинг икки қизи ва хотини бугун «Иегова шоҳидлари» оқимининг фаол аъзолари. Аммо… ота буларни била туриб ҳеч нарса қилолмаяпти. Хуллас, бир оила кўз ўнгимизда пароканда бўляпти.

Нуриддин аканинг сўнгги сўз ўрнида айтган гаплари ҳамон қулоқларимиз остида жарангламоқда. «Қизларимни урдим, сўкдим, хуллас, қўлдан келганча бу йўлдан қайтаришга уриндим. Аммо қайтаролмагач, бош олиб аллақаёқларга чиқиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Лекин ҳар сафар оталик меҳрим, бурчим сабаб қалбимда ягона илинж билан «Оиламни муқаддас Ислом динимизга қайтармагунча уларни ташлаб кетишга ҳақим йўқ!» деб ўзимга сўз бердим. Тақдирнинг менга аталган бу ўйинида енгилишни истамадим… Аёлим «Иегова шоҳидлари» оқимидан бугун бўлмаса, эртага, албатта, қайтишига ишонаман. Бироқ қизларим учун ҳали кўп вақт керак бўладими деб қўрқаман…»

Қаранг, устомон оқим эгалари тўрига илинган фарзандларини уларнинг чангалидан қутқаришни ўйлаб эзилаётган бечора отанинг сўзларини. Падари бузруквор кўзларида ёш билан сизга, бизга, ҳаммага савол билан боқяптики, унда: «Бу изтироб домидан гулғунчаларимни, оиламни қутқара оламанми?» деган нидо бордек, назаримизда…

Ҳа, азизлар, бу бир отанинг эмас, балки бутун бир жамиятнинг нидосига айланмаслиги учун кўзимизни каттароқ очайлик, ҳар қандай оқим ва миссионерларнинг алдов сўзларига учиб, ўзимизни, яқинларимизнинг бошини хам қилмайлик. Зеро, Ислом дини покликдан, муҳаббатдан иборат дин. Уни қандайдир худосизларнинг сўзларига алмаштирмайлик.

Унутманг, «Иегова»чилар яккахудоликни инкор этмаган ҳолда, бахтга муштоқ инсоннинг маҳзун кайфиятидан фойдаланишади. «Сен бахтли бўласан, сенинг камчилигинг эътиқодингда ва сен уни ўзгартир, сен бизга қўшил!» каби даъватлар ва баландпарвоз ваъзлар инсон қалбини ўзига ром қилмай қўймайди. Айниқса, эътиқоди суст инсонларни.

Биз Ислом нури ёйилган мамлакатда, шариат ҳукмлари тарғиб қилинадиган диёрда яшаяпмиз. Шундай экан, болаларга ёшлик чоғиданоқ асл Исломни тушунтирайлик. Жилла қурса, дуо қилишни, дуонинг аҳамиятини англатайлик. Шунда фарзандларимиз йўлидан чиққан шайтоний малайларнинг ифлос ўйинларига, бемаъни ақидаларга алданиб қолмайди ва бунга ўз мустаҳкам эътиқоди билан муносиб жавоб бера олади.

Юлдуз ИСОҚОВА

3 ФИКРЛАР

  1. «»ШАРИАТ ХУКМЛАРИ ТАРГИБ КИЛИНАДИГАН ДИЁРДДА ЯШАЯПМИЗ»-САЛГИНА МУБОЛАГА БУЛИБДИ.
    БУ ВОКЕА ВА ШУНГА УХШАШ ВОКЕАЛАР,БИЗДАГИ ДИНИЙ БУШЛИКНИ ОКИБАТИ.
    БИЗЛАР ИСЛОМ ДИНИ ДЕБ МАРОСИМ УТКАЗИШНИ,ПАЙШАНБА,КИРК,ЭЛЛИК ИККИ,ЁКИ КАЧОН РЕЖАБ,ХАЙИТ БУЛСА «»ПАТАХОНЛИК»»,МАШИНАСИ БУЗИЛИБ КОЛСА ХОЛВАТАР КИЛИБ ЧАЛПАК БИЛАН ТАРКАТИШ,МУШКУЛКУШОД БИБИСЕШАНБА КИЛИБ МАЙИЗ,ЯНА БИРНАРСАЛАРГА ДАМ СОЛИБ ТАРКАТИШ,КУЙИНКИ ШУ ВА ШУНГА УХШАШ БИДЪАТЛАРНИ ИСЛОМ ДЕБ КАБУЛ КИЛИБ ОЛГАНМИЗ.АЛЛОХ САКЛАСИН.

  2. Конституциямизда белгилаб куйилган дин эркинлиги кани? Христиан динини кабул килибди буни нимаси вохима, бизни юртни булганишу конун бн хаетимиз бирхилмас конунни езиб утип кеиаверишади амал килиш йук

  3. Конституциямизда белгилаб куйилган дин эркинлиги кани? Христиан динини кабул килибди буни нимаси вохима, бизни юртни булганишу конун бн хаетимиз бирхилмас конунни езиб утип кетаверишади амал килиш йук

Comments are closed.