ОЧЛ. Бугун «Локомотив» фақат ғалаба учун майдонга тушади (+фото)

0

Осиё чемпионлар лигасининг 5-тури доирасида Тошкентнинг «Локомотив» клуби мехмонда гуруҳ пешқадами «Ал-Ваҳда» жамоаси билан тўқнаш келади.

Улар ўртасидаги илк учрашувда «темирйўлчилар» Т.Абдуҳолиқов ҳамда И.Тўхтахўжаевнинг голлари эвазига зафар (2:0) қучганди.

Мазкур ўйинни худди ўтган йилгидек яна гонгонглик ҳакам Лиу Квок Ман бошқариб боради.

«Локомотив» ўтган йили ҳам «Ал Ваҳда» билан битта гуруҳдан ўрин олган ва сафарда кечган баҳсда рақибини 4:1 ҳисобида мағлуб этганди. “Zayed Sports City Stadium” стадионида кечган баҳсда Сардор Мирзаевнинг дубли, Санжар Шоаҳмедовнинг голи ҳамда мезбонлар футболчиси Рашиднинг автоголи «Локо»га ғалаба келтирганди.

Бўлажак учрашувда клублар қуйидаги либосларда ҳаракат қилади:

Эслатиб ўтамиз, Андрей Фёдоров шогирдлари ҳозирда «Б» квартетида 4 очко тўплаган ҳолда 3-ўринда бормоқда. Баҳс Тошкент вақти билан 23:00да бошланади.

Кеча, ўйиндан олдинги матбуот анжуманида «Локомотив» устози ва жамоа яримҳимоячиси Азиз Ҳайдаров қатнашди.

«Авваламбор барчани Рамазон ойи билан муборакбод этаман. Эртанги ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, биз ғалаба учун бор кучимизни берамиз. Турнир жадвалидан келиб чиққан ҳолда йўқотадиган ҳеч нарсамиз қолмади ва фақат ғалаба учун ўйнаймиз. Мен «Ал Ваҳда» бизга қарши қандай ўйин намойиш этиши ҳақида гапира олмайман, фақат ўз жамоам ҳақида фикр билдиришим мумкин. Рақиб гуруҳда биринчи ўринда кетяпти, бу эса уларнинг кучидан дарак беради. Лекин эртага биз ҳам уч очколи бўлишга ҳаракат қиламиз», – дея қайд этган мураббий.

«Яна БААда бўлиб турганимдан хурсандман. Ўз пайтида «Ал Ваҳда»га қарши кўплаб ўйинларда иштирок этганман ва бу жамоани жуда яхши биламан. Бу жамоага қарши Президент Кубоги, БАА Пролигаси доирасида ўйинлар ўтказганман. «Ал Ваҳда» доим кучли жамоа сифатида ҳаракат қилган, аммо биз ҳам эртага қараб турмаймиз. Худди Тошкентда бўлгани каби бу ерда ҳам рақибни мағлуб этишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун бизда имконият етарли деб ўйлайман», – деяди Ҳайдаров.

Гуруҳдаги иккинчи ўйинда эса «Ал-Раян» (Қатар) ўз уйида С.Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубини қабул қилади.