Бухорода 4 киши Қрим-Конго касаллигига чалинганмиди?

0

Республика Давлат санитария эпидемиология назорат маркази ижтимоий тармоқларда “Бухорода тўрт киши Қрим-Конго касаллигига чалинганлиги” тўғрисида берилаётган хабарларга аниқлик киритди.

Давлат санитария эпидемиология назорати республика марказининг Kun.uz’га хабар беришича, ҳар йили баҳор ва ёз мавсумида кўплаб мамлакатларда бўлгани каби Марказий Осиё минтақаси давлатларда ҳам Қрим-Конго гемморагик иситма касаллиги қайд этилиши кузатиб турилади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Жондор туманларида 4 нафар киши ушбу касалликка чалингани гумон қилиниб, юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Касалликни келиб чиқиши сабаблари ўрганилганда, беморларнинг барчаси чўл ҳудудларида чорва молларини боқиш ва уларни парвариши билан шуғулланиб келган фуқаролар эканлиги маълум бўлган. Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги уларга кана чақиши, канани ҳимояланмаган қўллар билан чорва молларидан олиб, эзиб ўлдирилиши ва қўй қирқим вақтида кана чақиши орқали юққанлиги аниқланган.

Ушбу касаллик билан хасталанган беморлар вилоятдаги юқумли касалликлар шифохоналарига ётқизилиб, барча зарурий даво муолажалари ўтказилган. Беморлар қисқа вақт ичида бутунлай соғайиб, яхши аҳволда шифохонадан уйига жавоб берилган.

Касаллик ўчоқларида санитария-эпидемиология ва ветеринария хизматлари мутахассислари томонидан эпидемияга ва эпизоотияга қарши чора-тадбирлар ўтказилган. Натижада одамлар ўртасида касалликни тарқалиб кетишига йўл қўйилмаган. Мамлакатда одамлар ўртасида Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигини олдини олиш бўйича самарали профилактик чора-тадбирлар амалга оширилиб, бу тадбирлар қатъий назоратга олинган, дейилади хабарда.

ЎзА