ШАЙТАНАТ… (4-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

 

Ҳамдамнинг таклифини ўйлаб кўришга улгурмай депара ички ишлар бўлими бошлиғи капитан Мирсултонов кириб келди:

— От айланиб қозиғини топаркан. Биздан қутулиб бўпсиз! — у шундай деб Зоҳид билан қўшқўллаб кўришди. — Яхши, яхши. Ишни ўзимиздан бошлаганингиз, яхши бўлибди. Қийналмайсиз. Мана, бу ёқда биз бор. Бориб кўргандирсиз? Нима қилмоқчисиз?

— Ҳали тайин бир хулосага келганим йўқ.

— Бу кўп ўйлайдиган иш эмас. Қамоққа олиш ҳақида санктсия бераверинг.

Зоҳид ўзини қувноқ тутишга уринаётган капитанга қараб ажабланди. «Намозовни қамоққа олишимга бунча қизиқиб қолди? Яна эски ҳаммом, эски тос десангчи? Ашёвий далил бор, сохта гувоҳлар бор. Мен қамоққа оламан, у ёқда ҳакамлар енг шимариб шай туришибди. Неча йилга ҳукм қилишни яхши билишади. Ресторанда машшоқларга уч сўм бериб истаган куйни чалдиргани каби пул ташлаб истаган одамни истаган муддатга қаматиш чўт бўлмай қолди. Мен адолат қиламан, десам, булар «овора бўлма, қўлингдан келмайди. Сен уч сўмлик ресторан машшоқисан», дейишмоқчими?» Зоҳид хаёлидан шуларни ўтказиб, асабийлашди. Ҳамдамдан сигарет сўраб олиб тутатди. Бошлиқ столни ноғорадай чертиб, жавоб кутарди.

— Тўғри айтасиз, — деди Зоҳид, унга синовчан тикилиб, — қамоққа олиш керак. Аммо бу ерда эмас, шаҳар турмасида ўтира туради. Ҳалиги иккита гувоҳ ҳам уч-тўрт кун қамоқда ўтирса, анча ўзига келиб қолади.

«Ҳалиги иккита гувоҳ» деган гапни эшитиб, Мирсултонов сергакланди:

— Гувоҳларни… мажбурий даволанишга юбориш керак, — деди у Зоҳидга.

— У ёққа юбориш вақти ҳам келади. Аввал терговни тугатиб олайлик.

Бошлиқ Зоҳиддан тайинли гап ололмаслигини билиб, Ҳамдамга савол назари билан қаради.

— Гувоҳлар сохтага ўхшайди, — деди Ҳамдам бошлиғига. Кейин Зоҳидга юзланди. — Менга қара, прокурор, мижғовлик қилмай тўғрисини айтиб қўя қолмайсанми, — у яна бошлиғига қаради. — Бу бола винзаводни ҳам кавлаштирмоқчига ўхшайди. Феълини биласиз-ку?

Мирсултонов яна столни чертди.

— Яхши, яхши, — деди у Зоҳидга қарамай. — Феълини биламан, бу ўжарнинг. Аввал гапирсам, инсофга чақирсам амалидан ажрашдан қўрқади, дерди. Энди амалидан кўрқадиган бошлиғи бошқа, — у бошини кўтариб Зоҳидга қаради. — Букирни гўр тўғирларкан. Сен кўзингни очиб юр. Букир бўлсанг ҳам шу ёруғ дунёда юравер. У ёққа шошилма. Сенга «Чоқсунла»ни айтиб берибмидим? — бошлиқ кулимсираган бўлди. — Бир тажанг уйғур йигит сочини устарада қирдириб яйраб келаётган экан, қаёқданам ари учиб келибдию нақ бошини чақибди. Йигит арининг изидан югурибди. Етиб, қараса, эски пахса девор ёриғида отнинг калласидай келадиган ин бормиш. У шартта чўп олиб арининг инини обдан кавлабди, ари роса тўзигандан кейин ёриққа бошини тутиб, «Чоқсунла эмди, одаш!» деган экан.

Одатда бошлиқ буни латифа оҳангида айтиб, мириқиб куларди. Бу сафар хазил аралаштирмай, жиддий туриб айтди.

— Сен ўша «Чоқсунла»га ўхшайсан. Лекин сен арининг эмас, нақ ўлимнинг уясини кавлашни ният қилибсан. Жонинг текинга келган бўлса ҳам қадамингни ўйлаб бос. Бола-чақанг борлигини эсдан чиқарма. Мени қандай тушунсанг тушунавер. Қўрқоқ дейсанми, олчоқ дейсанми — нима десанг деявер. Мен осмондаги ҳақиқатдан ердаги жонимни азизроқ биламан. Ҳар куни ҳақиқат, адолат деб жавраётганларга ҳам жон ширин. Сен уларнинг гапларига учма. У ҳақиқат деб бошимизни айлантириб, бизни кушхонага бошлайди. Ўзи қўнғироқли серка сингари ўтиб кетади. Пичоққа сенга ўхшаган лақмалар дуч келади.

Зоҳид собиқ бошлиғининг гапларини тоқат билан эшитди. Авваллари бирон масала хусусида гап талашгудай бўлса, бошлиқ қўрс муомала қилар, силтаб-силтаб ташларди. Ҳозирги муомаласи, синиқроқ оҳангда, насиҳат тарзида гапириши Зоҳид учун янгилик эди. Бошлиқнинг асл қиёфаси қайси — ҳозир жонли одамдай куйиб гапиришими ё аввалги темир одамдай терслигими — Зоҳид фарқламай қолди. У собиқ бошлиғига «ҳа» ҳам, «йўқ» ҳам демади. Қишлоққа ҳар борганида онаси ҳам шундай гапларни кўп айтарди. Ўзингни ўққа-чўққа ураверма, деб илтижо қиларди. Онаси-ку унга куйганидан айтарди. Бошлиқ-чи? Наҳот, Зоҳиднинг тақдирига у ҳам куйинса?

Зоҳид сиз билан биз каби дунёдан адолат изларди, ҳақиқат топмоқ истарди. Унинг назарида ҳақиқат қаердадир кул остида ёки бир уюм ахлат остида ётган ҳайкалу уни топиб, тозалаб, тиклаб қўйса олам гулистон бўлади. Мана шу кучли истак уни ён атрофидаги одамлардан руҳан узоқлаштирарди. «Излаб овора бўлма», деганлар у учун ожиз махлуққа айланарди. Бу одамлардан фазилат излашга ҳаракат қилмаёқ қўйган. Собиқ бошлиқни ҳам шулар қаторига қўшган эди. Бошлиқнинг ҳам одам эканини, озгина бўлса-да, инсоний фазилатлардан баҳраманд эканини ўйламасди. Собиқ бошлиқ уни ёмон кўргани билан тақдирига бефарқ қараёлмас эди. Мана, ўзингиз тасаввур қилиб кўринг: сиз ҳам кимнидир ёмон кўрасиз. Ҳа, ҳа, яширмай бўйнингизга олаверинг. Барчани бирдай яхши кўриш мумкин эмас. Хуллас, сиз ҳам кимнидир ёмон кўрасиз. Лекин ўша одамни ўлдириб кетишса ачинмайсизми? Ачинасиз. Ҳатто уни ёмон кўриб юрганингиз учун, саломига алик олмай қўйганингиз учун ўзингизни лаънатлайсиз. Агарчи бу фожиадан қувонсангиз, «ўлдириб кетишгани яхши бўлибди», десангиз, у ҳолда сиз одам эмассиз. Шу ўринда «одам эмассиз, ҳайвонсиз», десам қўполлигим учун ранжийсиз. Аммо бошқа бир сабаб билан «ҳайвон» дея олмайман. Буни айтсам, ўша бегуноҳ жониворларни ҳақоратлаган, балчиққа булғаган бўламан.

Чекинишни бас қилиб, яна депара ички ишлар бўлимига қайтайлик. Энди сизга Зоҳиднинг туйғуси қисман маълум. Собиқ бошлиғининг гаплари у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқмайди. Бу гапларни сўнгги нафасда, жон таслим қилаётганида ҳали эслайди…

 

 

***

 

 

Зоҳид эрталаб идорасига кирмай Шариф Намозов билан гаплашиш учун шаҳар турмасига келди. Темир тўсиқлардан ўтиб, тергов хонасига кирди. Беш-ўн дақиқадан сўнг эшик очилиб, соқчи кўринди-да, маҳбус олиб келинганини маълум қилди. Сўнг қўлларини орқасига қилиб олган Намозов кирди. Унинг оёқларига кишан урилмаган, лекин қадам босиши занжирбанд маҳбусларникидай оғир эди. Озғин, сийрак сочлари тўзғиган бу одамнинг думалоқ кўзлари ич-ичига ботган, қарашларида эса кишининг раҳмини уйғотувчи илтижо зоҳир эди. Елкасидаги дунё юки оғирлик қилаётгандай бир оз букчайган. У ерга маҳкамланган қаттиқ курсига ўтириб, бошини хам қилди.

Зоҳид чекмаса ҳам ёнида сигарет олиб юрарди. Маҳбусга бир неча нафас тикилиб тургач, чўнтагидан сигарет чиқариб, унга узатди.

— Чекинг.

Шариф индамай қўл узатиб, титроқ бармоқлари билан қутидан битта сигаретни ажратиб олди. Зоҳид унга гугурт узатди. Шариф аввал гугуртга, кейин Зоҳидга қаради. Сўнг сигаретни стол устига қўйди.

— Узр, чекмайман.

Чиндан ҳам Шариф чекмас эди. Ҳозир нима учун сигаретни олганини ўзи ҳам билмади. Кайфи тарқаган бўлса ҳам у ҳануз карахт эди. Турмага қандай қилиб тушиб қолганига хайрон, хаёл уни турли кўчаларга ҳайдарди. Берк кўчаларнинг бирига кириб, тентираб, ундан чиқарди-да, сўнг яна бошқа берк кўчага рўпара бўларди. Унинг эсида қолгани — бошқонга шартта-шартта гапиргани, «фош қилиш қўлимдан келади!» деб катта кетгани. Бошқон «осмон қўлингда бўлса ташлаб юборавер», деди. Шариф «енди бошқон билан юз кўрмас бўлдим», деб ўтирганида, пешинга яқин хонасига кириб келди. Бошқон иши бўлса уни хонасига чақиртирарди. Шариф унинг кириб келганини кўриб «гапим жонидан ўтибди-да», деб ўйлади. Лекин бошқон, уни ҳайрон қолдириб, бир соат илгари бўлиб ўтган нохуш суҳбатни эсламади. Ё «сиздан ўтганини мен кечирдим, мендан ўтганини сиз кечиринг» демади. Кирдию:

— Юринг, кетдик, — деди.

— Қаёққа? — деб ажабланди Шариф.

— Сатторникига, бугун отасининг йигирмаси.

Шариф бир баҳона топиб, тўйга бормаса бормасди, аммо маъракалардан қолиб бўладими? Шу боис индамай туриб, бошқонга эргашди. Бошқоннинг машинасига яна идоранинг икки ходими ўтириб, тўртовлон йўлга чиқишди. Маърака бўлаётган кўчани тўпланиб турган беҳисоб машиналардан ҳам билса бўларди. Одамлар ҳам қатор тизилишиб, ичкари кириб ош еб чиқиш учун навбатда туришарди. Тўғри, уларнинг мақсади қоринни тўқлаб кетиш эмас. Ният — марҳум руҳини эслаш, хонадон эгаларига ҳамдардлик билдириш. Шундай бўлса-да, Шарифга навбатда туриш малол келарди. У ўзича «оббо», ярим соат турарканмизда», деб қўйиб машинадан тушди-да, одамлар қаторида туриб четга чиқмоқчи эди, бошқон «бу ёққа юраверинг», деб ҳеч қаёққа қарамай тўғрига йўл олди. Саттор уларни кўрибоқ пешвоз чиқиб, қўшқўллаб сўрашди-да, уйга бошлади. Катта ҳовлидаги барча ўринлар банд. Хизматдагиларнинг қўли қўлига тегмайди. Бошқон билан келганларни алоҳида иззат билан ичкарига, уйга бошлашди. Кенг, нақшинкор уйга зиёфатлардагидай дастурхон ясатиғлиқ, ташқаридан эшитилиб турган тиловат овозлари демаса, зиёфатга келдик, деб ўйлаш ҳам мумкин эди. Бошқоннинг ўзи, Шарифни ҳайрон қолдириб, қироат билан қуръон тиловат қилди. Чой кирди, нон синдирилди. Шариф «енди ош кирар», деб ўйлади. Аммо яна чой кирди. Иккала чойнакни олган идора ходими бошқонга қаради:

— Оқиданми ё қизилиданми, хўжайин?

— Ўлдирса ҳам қизили ўлдирсин.

Шариф «маъракаларда ичиляпти», деган гапни эшитган, аммо ўзи бунга ҳали гувоҳ бўлмаганди. Унга ҳам қуйиб узатишгач, бир ижирғанди-ю, олмади. У художўй эмасди. Бошқон каби тиловат қилиш ҳам қўлидан келмас эди. Аммо бундай маросимда ичишдан ҳазар қиларди. Кўкрагида уйғонган бир ҳис нафрат уйғотар эди. Ҳозир шу нафрат билан бошқонга қаради:

— Бу ёғи ўрисча бўп кетди-ку? — деди.

— Олаверинг, гуноҳи менинг бўйнимга, — деди бошқон. Кейин қўшиб қўйди: — Ният билан олса гуноҳи йўқ. Бунинг кайфи ҳаром, ўзи ҳалол. Узумнинг сувини шу пайтгача биров ҳаром демаган. Саттор «отамнинг жойи жаннатда бўлсин», деб ният қилиб дастурхон ёзган. Кимда-ким шу ниятига етмасин деса, майли, олмасин.

Шариф шу гапдан кейин ҳам ичмади. Кейин шунга ўхшаган гап яна қайтарилгач, уни ҳам шайтон йўлдан урди. Гўё унинг айби билан марҳум дўзах оловида қовурилаётгандек туюлиб, бир-икки хўплам ичди. Кейин эса… Сўнг бу «маърака»дан чиқиб, кимникигадир зиёфатга киришди. Гапдан гап чиқди. Бошқонга нимадир отгани эсида. Кейин… ўзини қамоқда кўриб «битта-яримтани ўлдириб қўймадимми», деб ҳам ўйлади.

Ҳозир терговчи узатган сигаретни олганида шу даҳшат исканжасида ўтирган эди. Шу талвасага банди бўлиб, сигаретга қўл узатганини ўзи ҳам сезмади

— Мен Зоҳид Шариповман. Шаҳар прокуратурасининг терговчисиман. Айбингизни биласизми? — деди Зоҳид унга тикилиб.

— Йў-ўқ… — Шариф Намозов ўзининг овозини ўзи базўр эшитди.

— Сиз қорадорифурушликда айбланяпсиз. Уйингиздан катта миқдорда қорадори кукуни топилган. Портфелингиздан ҳам. Халтачаларда бармоқ изларингиз бор.

— Нима дедингиз? Қорадори… фурушлик? Менинг уйимдан… Портфелимдан… — Намозов Зоҳиддан «адашибман, гуноҳингиз бошқа» деган гапни кутиб, илинж билан тикилди. — Сиз… адашмаяпсизми? Гуноҳим бошқадир?

— Яна қандай гуноҳингиз бўлиши мумкин?

— Гуноҳимми? — Намозов дафъатан жавоб беролмай чайналди. — Масалан… бировни ургандирман… Кайфда бўлади-ку?

— Бировни урган бўлсангиз, бу иш билан шаҳар прокуратураси шуғулланмас эди. Адашганимиз йўқ.

Намозов енгил тин олди. Елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Зоҳид ундаги ўзгаришни сезди. У Намозов айбномани дарров рад этади, исбот талаб қилади, деб ўйлаган эди. Индамай ўтиришига қараб, «бўйнига олдими», деб таажжубланди.

— Нимага индамаяпсиз?

— Мен… очиғини айтсам, одам ўлдириб қўйибманми, деб қўрқувдим.

— Қорадорифурушликни енгилроқ жиноят деб ўйлаяпсизми?

— Сизнинг тилингизда енгилми ё оғирми, билмайман. Балки униси учун ҳам, буниси учун ҳам отарсизлар. Лекин мен учун одам ўлдириб отилди, деган номус ёмон.

— Қорадори ўнлаб ёш жонларни ҳалок қилади. Бунисига нима дейсиз?

— Нима дердим, бунга қорадори сотадиганлар жавоб бераверсин.

— Сиз-чи?

— Умримда қилмаганман бунақа ишни.

— Ўзингиз ҳам истеъмол қилмаганмисиз?

— Нимани? Қорадориними? — Намозов бош чайқади.

— Қонингиз текширилганда таркибида қорадори топилган. Сиз фақат ароқдан эмас, қорадоридан ҳам маст эдингиз.

— Ёлғон.

— Сизга судмедекспертиза хулосасини кўрсатамиз. Ҳозир эса… билагингизга қаранг.

Намозов шошилиб пиджагини ечди-да, енгини шимариб билагига қаради. Йўғон томир устида билинар-билинмас игна изини кўриб, Зоҳидга даҳшат назари билан қаради. Унинг юмалоқ кўзлари янада катталашгандай бўлди.

— Тамом! — деди у титроқ овозда.

— Нима тамом! — деди Зоҳид тушунмаган одамдай.

Намозов бошини эгиб, худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандай деди:

— Мен ажал билан ўйнашган эканман… — у бошини кўтариб Зоҳидга қаради. — Менинг бўларим бўпти. Бола-чақам омонми, фақат тўғрисини айтинг.

— Хотинингизни кўрдим. Болаларингизни…

— Болаларим ойимникида эди.

— Сиз кимдан қўрқяпсиз?

— Кимдан қўрқяпсиз? Мен қўрқмайман. Қўрққанимда бу ерда ўтирмас эдим…

Зоҳид қалин дафтар очиб, таомилга кўра Намозовни сўроқ қила бошлади. Исм-шарифини, туғилган йили, кунини сўради. Намозов саволларга қисқа, совуқ оҳангда жавоб берар эди.

— Қорадорини сизга ким етказиб берар эди? — деб сўради Зоҳид асосий мақсадга кўчиб.

— Танимайман, — деди Намозов гап оҳангини ўзгартирмай. У қамоққа кимнинг истаги билан келиб қолганини англаган, пухта ўйланган тузоққа тушганини фаҳмлаган эди. Тузоқдан қандай қутулишни билмас эди. Терговчи ҳам балки уларнинг одамидир, деган ўй уни ночор аҳволга солиб қўйган, на очиқ гаплашишни, на ўзини гўлликка солишни биларди. Қисқа муддат ичида танланиши мумкин бўлган ягона йўл — «билмайман» деб туриш. Зоҳид унинг тутган йўлини кўра билди. Шунинг учун арқонни узун ташлаб, сўроқни давом эттирди:

— Мижозларингизни айтинг?

— Танимайман.

— Қанчадан олиб, қанчадан пуллардингиз?

— Килосиними?

— Айтайлик, килосини?

Намозов ўйланди. Ўзича чамалади.

— Минг сўмдан олиб, бир ярим мингдан сотардим.

— Демак, килосидан беш юздан қоларкан-да?

— Ҳа, шунақа.

— Кўпдан бери сотармидингиз?

— Кўпдан… уч-тўрт йил бўлди.

— Пулни нима қилардингиз?

— Пулними? Еб-ичиб…

— Мени лақиллатмоқчимисиз?

— Саволларингизга тўғри жавоб беряпман-ку?

— Қорадорининг килоси минг сўм эканми? Қайси аҳмоқ ишонади бу гапга? Сиз илмдан бошқа нарсаларга ҳам ҳеч аралашганмисиз?

Намозов «илм» деган сўзни эшитиб, худди «дафтарим уйда қолибди», деб ёлғон гапириб қўйиб уялган боладек бошини эгди.

— Ёлғонни эплаган одам гапириши керак, — деди Зоҳид аччиқланиб.

«Тўғри, — деб ўйлади Намозов, — бунга ҳам истеъдод лозим. Мен ҳатто оддий ёлғонни ҳам эплай олмайман. Ёлғондан қуллуқ қилсам, ёлғондан жилмайиб қўйсам… аллақачон академик бўлиб кетармидим… Насиба «бунчаям ношудсиз-а», деб тўғри айтади…»

— Менга тўғри гапни айтинг. Мен қорадорифурушлигингизга ишонмайман. Агар «йўқ, чиндан ҳам қорадори сотардим», десангиз, қани, мени ишонтиринг-чи?

Шариф қотмадан келган, қорача бу йигитга ажабланиб қараб, базўр кулимсиради.

— Ишонтиринг, дейсизми? Мен жиноятчи эканимга сизни ишонтиришим керакми? Қизиқ-ку?

— Ҳа, қизиқ. Аслида мен сизни ишонтириб, айбингизни бўйнингизга қўйиб, қаматишим керак.

— Айблайверинг. Мен тонмайман. Бошга тушганни кўз кўрар экан. Бир-икки йил ўтади-кетади. У дунёдан ҳали ҳеч ким қайтмаган. Қамоқдан эса эсон-омон қутулиб чиқиш мумкин.

— Бир-икки йил денг?.. — Зоҳид ўрнидан турди-да, столни айланиб ўтиб, маҳбуснинг қаршисида тўхтади. Намозов «урмоқчими?» деган хавотир билан қараб, турмоқчи бўлди. Зоҳид уни елкасига қўлини қўйиб, «жилманг» деган ишора қилди. — Бир-икки йил эмас, сайру саёҳат узоқроқ давом этса керак.

— Ўн йил бўлмайдими, менга деса.

Зоҳид аччиқланиб, маҳбусни икки елкасидан маҳкам ушлаб бир-икки силтади.

— Сиз мен билан олди-сотти қилманг. Бўладиган гапни айтинг, кимдан қўрқяпсиз?

Шариф унинг кўзига қараб олди. Яқиндагина мулойим боқиб турган, ишонч уйғотиши мумкин бўлган нигоҳда жаҳл учқунларини кўриб «Энди дўппослайди», деб ўйлади. Бошини эгиб, гарданига мушт тушишини кутди. Ҳатто гардани тошдай қотиб, зириллай бошлади. Мушт тушса, оғриқ тарқаб, енгил тортадигандай туюлиб, «урса урақолмайдими» деб ўйлади. «Кейин калтакдан одам ўлмайди. Одам қаторига кириб калтак есам ебман-да. Бола бўлиб биров билан муштлашмабман, бировдан тузукроқ калтак емабман. Ана энди, донғим чет элга чиқиб турганида бир бефаросат саваласа. Лиссабонда ҳозир менинг таърифимни келтириб мақташаётгандир. Бу ерда калтак еяётганимни тасаввур ҳам қилишмаса керак…»

Шариф кутгандай мушт тушмади. Зоҳид уни қўйиб юбориб, жойига қайтди.

— Сиз олим одам экансиз. Агар заводда оддий хизматчи ёки оддий ишчи бўлсангиз, нимадан қўрқаётганингизга тушуниб етардим. Бирга ўғирлик қилган шерикларидан чўчияпти, дердим. Ҳозир жойингизга қайтиб, ўйланг.

Эшик очилиб, соқчи кирди. Маҳбус томон икки қадам қўйди.

— Тур, — деди совуқ оҳангда. Шариф турди. — Қўлингни орқага қил.

Шариф итоат этиб, буйруқни бажарди.

«Жойингизга бориб, ўйланг» эмиш, — деб фикр қилди у, қамоқхонанинг узун даҳлизидан борар

екан. — Энди бу ер менинг жойим бўлиб қолдими? Менинг жойим… Ёмон эмас. Лаҳадга нисбатан шу ер тузук. Болаларим омон бўлса бас. «Катта миқдорда қорадори топилди», дейди. Катта миқдори қанча? Ўн минг сўмликми? Ё кўпроқми? Шунча қорадорини уйимга ташлаб қўйган бўлса, бу терговчиларига ҳам сарф-харажат қилишгандир? Агар бу болага ҳам беш-ўн минг сўм берилган бўлса, умумий ҳисобда… нархим чакки эмас экан-да? Ўн беш, йигирма минг сўмлик одам эканман-да? Баъзи бировларни сариқ чақага ҳам олишмайди. Менга шунча пул сарфлашибди. Бойваччалар бировни қамоқдан чиқариш учун пул сочишарди. Менга келганда қамоққа тиқиш учун сарфлашди. Ўн беш, йигирма минг уларга пулми? Бир кунда чиқариб олишади. Мен уларга ёқмай қолган эканман, шунча овора бўлиб, найранг ишлатиб, пул кетказиб юрмай, шартта ўлдириб юбора қолишса яхши эмасмиди?

Ё ўлдириш қимматроқ тушармиди? Бе, уч-тўрт юз сўм билан тинчитишарди. Битта алкашни ёки гиёҳвандни ишга солишса тамом-да. Лекин қон тўккилари келмабди. Нимага? Инсоф қилишдими? Инсофни қаёқдан олишди? Ё қўрқишдими? Келиб-келиб мендан қўрқишадими? Ё менинг бурнимни ерга ишқаб, мулла қилишмоқчи бўлишдими? «Мулла» бўлган тақдиримда улар нима наф кўришади? Барибир энди ўша заводга қайтиб бормайман-ку?»

— Тўхта, деворга юзланиб тур.

То шу буйруқ янграгунча, камера эшиги тарақлаб очилгунча мана шу хаёллар Шарифга ҳамроҳ бўлди.

 

***

 

Зоҳид маҳбус чиқиб кетганидан кейин ҳам бир неча фурсат ўрнидан қўзғалмади. Прокуратура терговчиси билан жиноят қидирув инспекторининг ишида катта фарқ борлигини мана шу биринчи қадамидаёқ аниқ ҳис қилди. Унинг назарида прокуратурадаги иш осонроқ туюларди. Прокуратура ходимлари унинг кўзига лоқайд тўралар сифатида кўринарди. Унинг аввалги иши жиноят изига тушиш, жиноятчини ушлашдан иборат эди. Қолганини жиноятнинг катта-кичигига қараб ё шаҳар, ё депара прокуратурасига ўтказиларди. Терговчилар савол-жавоб қилиб ишни судга оширишарди. Энди эса собиқ ҳамкасби — жиноят қидирув инспектори ушлаб берган жиноятчининг тақдири унинг қўлида. Биринчи жиноятчи — олим. Яқиндагина олимлик шоҳсупаси томон дадил бораётган, акаси ўлимидан сўнг шартта бурилиб, бошқа йўлга ўтган, дам-бадам олимлик кўчаларида хаёлан сарсари кезувчи йигит янги ишда илм одамига йўлиқиб турса! Тақдир уни синамоқчими?

Зоҳид юраги сиқилиб, дафтарга формулаларни беихтиёр ёза бошлади. Унинг одати шу — юраги сиқилса, калаванинг учини йўқотиб, гаранг бўлса, беихтиёр равишда формулалар ёзиб, ечиб чиқара бошларди. Ёд бўлиб кетган Эйнштейн назариялари ёки ҳисоб оламининг ечими мушкул рақамлари дафтар саҳифаларини тўлдирарди.

У ҳуқуқ соҳасига буюк умид билан ўтган эди. Адолат тикламоқни истаб эди. Бир деҳқоннинг боласига ҳаётда нима керак? Кунда бир коса овқатга қорни тўйган, овқат бўлмаган тақдирда нон-чойга қаноат қилган, эгнидаги кийимининг енги то тирсагига келиб, калта бўлиб қолгунича янгисини кўрмай ўсган бола подшолик тахтини талаб қилармиди? Отасининг ёнида кетмонига сиғиниб яшаган, раис бува марҳамат этган дамда мактабда ўқиб, бошқа пайт далада кесак ялаган бола дунёга танилувчи олим бўлиш орзусида юрармиди? Қарангки, шундай бўлиши мумкин экан. Акаси шаҳардаги олий ўқишга кирганида Зоҳид тўққизинчи синфда эди. Бир томондан акасига ҳавас қилиб, яна бир томондан риёзиёт муаллими қизиқтириб ўқишлари бирмунча яхшиланиб, оқибатда олтин нишонга даъвогар бўлиб қолди. Дунёнинг ажабтовурлигини қаранг-ки, сувчининг ўғли шундай эътиборга, яъни, даъвогарликка лойиқ экан. Аммо паловнинг масаллиғи билан шавла пишириш мумкин бўлганидек, аълочи бола олтин нишон олавермайди. Паловни дамлаётганда бир пиёла сувни меъёридан кўпроқ қуйиб юборсангиз, қўлбола шавла ейсиз, ўқув давомида мингта «беш» олиб, биттагина «тўрт»га илинсангиз, олтин нишонни тушингизда кўриб, аълочи бола сифатида мактабдан учирма бўласиз. Албатта, билим берган муаллимларингизга мингдан-минг раҳматлар айтишни унутмайсиз.

Сизни билмайман-у, аммо Зоҳиднинг бошига шундай савдо тушган. Пешонасига «жамиятшунослик» деган фандан битта «тўрт» олиш ёзилган экан, нима қилсин бечора. Риёзиёт муаллими бир ёндан, акаси бир ёндан тарғиб қилиб, уни Масковдаги олий ўқишга боришга кўндиришди. Шу муносабат билан отаси битта сигирни сотадиган бўлди. «Иккита сигирни боқиш азобидан қутуламан. Бир оилага битта сигир етади-да, кузга бориб туғиб берса, яна иккита-да…» деди отаси. Отаси кўп аломат одам-да. Худо уни яратишга яратиб, сўнг унутиб қўйганми, ҳар ҳолда шундайгина яралганича қолаверган — устомонлик, ҳийла, макр, ёлғон деган неъматлардан бебаҳра юраверган. Йўқса, битта сигирнинг пули билан ўғлим катта ўқишга кириб, катта одам бўлиб кетади, деб ўйлармиди. Телевизорни дастлаб кўрган маҳалда ғунча лабли қизга кўз қисиб, имлаб қўйиб бир ҳафта ўзича хурсанд бўлиб юрган одамнинг ўғли вояга етиб Масковдай жойда ўқир экану сигирдан воз кечиши нима экан?..

Ҳам тижорат, ҳам саёҳат деганларидай, риёзиёт муаллими ҳам борган эди Масковга. Ёзма имтиҳондан «уч» олгач, тарвузлари қўлтиқларидан тушди. Зоҳид масалани ёд қилиб олган эди, муаллимига ёзиб кўрсатди — тўғри чиқди. Муаллим имтиҳон олувчилар билан баҳслашди. Фойда бермади. Оғзаки имтиҳонни «тўрт» баҳога топшириб, рус тилидан «икки» олдию «сигирнинг жони шуларга худойи бўлди-да», деб қайтишди. Улар «Тошкент ўқишхоналарида порахўрлик кучли, Масковда инсоф бор», деган умидни, ўйни ўша ёқнинг ўзига кўмиб келаверишди. Зоҳид кетмонни елкасига ташлаб, отаси билан далага чиқди.

Колхозда ўн беш кун озодлик эълон қилиниб, кунига тўрт-бештадан тўй ўтаётган кунларда қишлоққа тепакал бир ўрис жингалак сочлари оқариб кетган бир ўзбек билан бирга келиб, Зоҳидни суриштирди. Зоҳид уни таниди: Масковда оғзаки имтиҳонни шу одамга топширган эди. Унинг муаллим эканини биларди, бироқ, риёзиёт бўйича етук мутахассис эканидан бехабар эди. Жингалак сочлари оқарган ўзбекни эса Зоҳид танимади.

— Ёзма имтиҳондаги масалани мен тузган эдим. Унинг иккита ечими бор эди. Сен ечимнинг учинчи йўлини топган экансан. Кейин фикрласам, сен топган йўл маъқулроқ экан. Сен келгуси йили Москвага албатта боришинг керак. Мана, Ҳабиб Сатторович сендан хабар олиб турадилар. Бу киши менинг шогирдим. Сен менга кенжа шогирд бўласан.

Зоҳид бундан беҳад хурсанд эди. Гўё олий билимгоҳни битириб келгандай қувонганди. Бироқ, муаллими тушмагур ишни бузди.

— Зоҳид энди Масковга бормайди, ўртоқ профессор. Билимгоҳингизда Ўзбекистон учун нечта ўрин ажратилган? — деб сўради. — Биттами? Бу йил ким кирди? Сизга ёлғон, менга чин — министрнинг ўғли кирди. Карра жадвални биладими ё йўқми, менга қоронғи. Лекин у имтиҳонларни «беш»га топширди. Сиз тузган масалани ҳам зўр қилиб ечиб бергандир. Ўзбекистонда министр деганлари кўп, уларнинг болалари кўп. Ҳар йили биттадан сигир сотишга бизнинг қурбимиз етмайди. Камбағалнинг боласи қадимда ҳам ўқиёлмаган, ҳозир ҳам ўқиёлмайди. Катта олимлар, катта одамлар таржимаи ҳолида камбағалдан чиққанман, етимхонада ўсганман, деб ёзишади. Бари ёлғон! Ҳаммаси бойнинг болалари. Ҳаммаси отасининг олтинлари туфайли ўқиб одам бўлган!

Муаллимнинг бу гаплари Зоҳиднинг отасига маъқул келиб, «ўғлим Масковда ўқисин» деган умидидан воз кечди.

Кетмонини тинчгина чопиб юрганида, келгуси ёз бошларида Ҳабиб Сатторович деган одам яна келиб, эски гапни қўзғади. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг томонлар сулҳга келишдилар — Зоҳид Масковда эмас, Тошкентда ўқишга рози бўлди. «Майли, олий маълумотни Тошкентда олсин, бироқ, аспирантурани албатта Москвада ўқийди», деди Ҳабиб Сатторович. Ўқишнинг иккинчи йилиёқ, Зоҳид олимлар назарига тушди. Унинг имкониятлари, келажаги ҳақида умидли гаплар бошланганди. Бироқ, акасининг ўлими, терговчилар, ҳакамларнинг номардлиги барча имконияту умидни парчалаб ташлади. Зоҳиднинг елкасига бир шайтон миниб олиб «бу ўқишни ташлайсан, ҳуқуқ илмини оласан, бу аблаҳларга қарши курашасан, адолатни тиклайсан, бечораларга суянчиқ бўласан», деб минғирлайверди. Зоҳид бу гапларга кўнди. Тўнғич ўғли дардида қадди букилган отага ҳам шу фикр маъқул келди.

Мана, орадан йиллар ўтиб, риёзиётчилар умид билан қараган йигит шаҳар турмасининг сўроқхонасида ёлғиз ўтириб, рақамларга рақамлар улаяпти: қўшув, бўлув, олув, сўнг илдиз остидаги рақамлар… Буларни ечиш унга чўт эмас. Аммо адолат формуласига тиши ўтмаяпти. Не-не алломаю донишмандлар еча олмаган масалага унинг қурби етармикин?

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК