МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (41-қисм. Иккинчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Ички ишлар бўлимидан тайинли жавоб ололмаган Насиманинг баттар жазаваси тутди. У қизариб-бўзариб, машинага минди-да:

— Ҳайда! — дея Фахриддинга бақирди. — Тез ҳайда! Тегирмонқўрғонга ҳайда!

Орқа ўриндиқда ухлаётган Саид чўчиб уйғониб кетди. Унинг мастлиги ҳали тарқамаганди. Шу боис атрофига карахтланиб қаради-да, яна ўзини ташлаб юборди ва ярим кечагача уйғонмади. Тегирмонқўрғон шимолидаги сув омборининг сўл тарафидаги мажнунтол остига қурилган мўъжазгина қаҳвахонага Насима Фахриддин билан бирга кирди. Бу атрофда ҳеч ким яшамасди. Айтишларича, бундан қарийб чорак аср муқаддам Бердиқул Эломонов исмли райком ўзи учун шу қаҳвахонани қурдирган экан. Бироқ унга бир марта ҳам келиб дам олиб кетиш насиб қилмаган. Республика марказига катта йиғинга бориб қайтаётганида, самолётда фалокатга учраб, оламдан ўтган. Шундан кейин бу қаҳвахона ҳаммага хизмат қиладиган бўлиб кетди. Аввалига районнинг катталари келиб дам олишди, чарчоқ ёзишди. Сўнгроқ уларнинг сафига бир-иккита амалдорлар қўшилди. Аста-секин улар «тунги капалаклар»ни олиб кела бошлашди ва охири шунга бориб етдики, «Мажнунтол» қаланғи-қасанғилардан бўшамайдиган бўлиб қолди. Насима Тегирмонқўрғонда шунақанги жой борлигини билмасди. Фахриддин шу томонга машинани ҳайдади. «Барибир, қуруқ туҳматга қоладиганга ўхшайман, ундан кўра, уларнинг кўнгилларидаги ишни қилайин, кейин алам қилмайди» деган хаёлга борган эди у.

Куз остонаси бўлганлиги боис «Мажнунтол»да одам кам экан, қарийб умрининг ярмини шу ерда ўтказиб, кўпчиликнинг ҳожатини чиқариб юрган қаҳвахоначининг юзи совуқдан-совуқ эди. Насима уни кўриши билан бошқача бўлиб кетди. Дарров кўзини олиб қочди.

— Зиёд ака, бизга жой борми? — сўради Фахриддин қаҳвахоначи билан қадрдонлардай сўрашгач.

— Зўри бор. Энг чеккадаги. Биров бормайди, маза қилиб ўтирасан, — дея тиржайди Зиёд.

— О-о-о, бўлганман у ёқда! Бўлганман. Бизга ўн сих кабоб билан иккита ароқ, газагига шу ўзингиз билганингиздай, келишдикми, ака?

— Сен боравер, у ёғини ўзим боплаб ташлайман.

Уларнинг ўзаро гапи Насимани анча чўчитди. Шунга қарамасдан, у илдам юрди. Ўша энг чеккадаги хонага дарров кириб олди-ю, Фахриддинга ўгирилиб, деди:

— Бу ерга икковимиздан бошқа ҳеч ким кирмасин. Анави турқи совуқни бўлса умуман кўришга тоқатим йўқ.

— Ҳеч нарсадан хавотир олманг, ҳаммаси чики-чики бўлади. Бу ёғи юракдан дам оласиз, — деди унга жавобан Фахриддин ва аёлнинг юзидан чимдиб қўйди.

Егулик-ичгулик қарийб икки соатдан кўпга чўзилди. Шу вақт оралиғида Насима эридан обдан нолиди. Дунёдан ҳеч бир роҳат-фароғат кўрмай ўтиб кетаётганини айтди ва эвазига ҳамсуҳбатидан кўнгил юпатувчи гаплар эшитди. Эркаланди.

 

* * *

 

Маъруфнинг хаёли Паризодни эртароқ топиш билан банд бўлганлиги боис у ғор ичкарисига мутлақо эътибор бермади. Индамай кириб борди ва қўлларини боши остига қўйганча пишиллабгина ухлаётган қизни кўрди. Паризод шунақанги беозор ухлардики, ёнига ўтириб, маза қилиб томоша қилсанг бўларди. Маъруфнинг юраги гупиллаб уриб кетди.

— Қалай? — деди унинг ортидан кириб келган Ўктам. — Боплаб ташлабманми?!

Маъруф бирдан ортига ўгирилди. Тишларини бир-бирига босиб ғичирлатди.

— Нима қилдинг?! — деди ғазаб билан.

— Эй, энангни эмгурнинг боласи, ҳали сен мени сенсирайдиган бўлдингми? Сен жинқарча-я! — дея бирдан дағдағага ўтди Ўктам.

Ташқарида Маъруф Ўктамни бир марта сўкканди. Лекин у эътибор бермаган эди. Ҳозир эса сенсираганига шунча дағдаға.

— Нима қилдинг, деб сўраяпман?!

— Кўрмаяпсанми нима қилганимни, ит?! — дея Ўктам милтиқнинг қўндоғи билан аямасдан йигитнинг қорнига туширди.

Маъруф икки букилганча инграб юборди. Худди шу пайт унинг белига ҳам зарба келиб тушди. Бу сафар Мудар ҳам кучини кўрсатиб қўйиш, ҳам Ўктамга яхши кўриниш мақсадида урган эди. Маъруф Паризоднинг ёнгинасига қулади ва кўзини юмди.

Ўктам ортига бурилиб, Абдусатторга қаради.

— Сен ҳайвонни нима қилсам бўлади? — деди ўқрайиб.

— Маъруф чўзилиб қолди. Шундай бола ағанаганидан кейин мен нима қилардим?

— Жуда юмшоқ эдинг, мени кўришинг билан оёғим остига пояндоз бўлишга тайёрдай жилпанглардинг, дарров ўзгариб қолибсанми, эшак?

— Эшак эшак билан гаплашаётганини биринчи марта кўришим, — дея жилмайди Абдусаттор чўпон.

— Эшак сен бўладиган бўлсанг, сен билан гаплашаётган мен ҳам эшак эканман-да. Ҳали сенинг бўйнинг шунақанги йўғонмиди? — деди пешонасини тириштирган Ўктам.

Ўктам уни уришга милтиқ ишлатмади, балки тепди. Чўпон ундан ҳар қандай зарбани кутганди. Шу боис ўзини орқага олди ва Мудар билан тўқнашиб кетди. Ана шундан кейин ур калтак-сур калтак бошланди. Шўрлик Абдусатторни сира аяшмади. Оғзидан қони келиб, ҳушидан кетиб қолгунича зўравонларнинг бири қўйиб, иккинчиси ураверди. Қий-чув, бақир-чақир Паризодни кўзини очишга мажбур қилди. У олдинига нима бўлаётганини тушунолмай, ёнгинасида ётган йигитнинг кимлигини аниқлаёлмади. Сўнг бошини кўтарди. Кўзини ишқалади.

— Нима бўляпти? — сўради хирилдоқ овозда.

Ўктам терлаб кетган, ҳансираб нафас олаётган эди. Қизга ўгирилиб қаради-да:

— Томоша бўляпти. Цирк бўляпти. Сен бўлсанг шундай нарсани кўрмай, қотиб ётибсан, — дея бурнини тортиб қўйди.

— Бечора, — деди Паризод Абдусатторга ачиниб қараркан, — нима гуноҳи бориди?

— Гуноҳ? Бунда гуноҳ нима қилади? Бу оппоқ, худди она сутидай оппоқ. Гуноҳнинг ҳаммаси менда. Манави гўрсўхта Мударда гуноҳ. Чўпон зоти қўй боқиб гуноҳга ботарканми? Ҳечам-да. Улар ювош, бировларнинг ҳожатини чиқарадиган бўлишади. Лекин бир хил пайтлари билмасдан кўлмакни босиб олиб, балога қолишади.

Паризоднинг кайфи тўла тарқамаганди. Яна оғзи қуруқлашаётганди. Шу боис Ўктамнинг гапларига унчалик эътибор бермай, ерда чўзилиб ётган иккинчи одамга қаради. Унинг кўзига йигит танишдай туйилди.

— Манавинисини илгари бир жойда кўргандайман… Кўргандайман-у, лекин қаердалигини билмайман. Вой, бошим лўқиллаб кетяпти, — дея у ҳовузча бўйига тиззалаб ўтирди-да, энгашиб қўлини муздай сувга тиқди.

Кафтини тўлдириб сув олиб ичди. Юзини ювди ва кутилмаганда бирдан тетиклашиб, кайфи тарқади. Ўрнидан турди. Ана ундан кейин Маъруфни таниди.

— Нима қилдинглар бунга?! — дея бақириб юборди.

— Нима қилардик, пачоғини чиқардик-да. Бизнинг кайфиятимизни бузганлар мана шу ҳолга тушади. Сен ҳам кўриб қўй, — ғўдайди Ўктам.

— Одаммас экансиз. Мен сизни бошқача деб ўйловдим. Лекин санғи кучукдан бир тукингиз фарқ қилмаскан.

— Нима дединг?! — дея Паризодни уриш учун қўлидаги милтиқни кўтарди Ўктам.

Худди шу пайт Маъруф йўталди. Бели қақшаб ингради ва шу билан қизни калтакланишдан сақлаб қолди.

— Мудар, буларнинг қўл-оёқларини боғлаб ташла, — деб Ўктам Маъруф билан Абдусатторни кўрсатди.

— Манавинисига ҳожат йўқ. Ўладиган бўлиб қолди ўзи.

— Ўлса, яна яхши. Чўлдаги бўрилар анчадан бери одам гўшти емай қўйишганди. Бир маза қилишади.

— Тўхтанг, ана шу қашқирлардаям сал инсоф бор. Бечора сизга нима қилдики, шунча?..

— Ҳов! — дея Ўктам Паризоднинг гапини бўлди. — Мен сенга айтдим нима қилганини, бошқа сўрама!

У ҳалидан бери калтакловчи ва калтакланаётганларни кузатиб турган Хонбибига юзланди:

— Ҳамма нарса бир тийин бўлди. Қуруғидан опчиқ, ўзимга келмасам бўлмайди. Ундан кейин манави икки молни бир ёқли қиламан. Кайфда азоб бериш зўр-да…

 

* * *

 

Парда аввалига «Мени қутқариб олишса керак» деб ўйлаганди. Ахир унча-мунча зўравонлар билан таниш. Бир-икки марта уларнинг ҳожатини чиқарган. «Акаларим эшитишлари билан етиб келади» деб ўйлаган эди. Аммо ишонганларидан биронтаси қорасини кўрсатмади. Бунинг ўрнига уни ушлаб келганлар қаёқдаги айбларни бўйнига юклашди: турмадан қочган, зўравонлик ва наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган… «Жинни бўп қолдиларингми? Нималар деяпсизлар? Қачон турмадан қочибман? Кимнинг бурнини қонатибман? Наша деган нарсани умримда кўрмаганман!» дея у жони борича бақирди. Бироқ унинг гапига биров қулоқ солмади. Тергов жараёнидаги бақир-чақирлари ва ҳурматсизлиги ҳақини темир панжара ортига ўтқизишганидан кейин беришди. Айниқса, шишага сув тўлдириб, нозик жо- йига илиб қўйишганида, Парданинг кўзига дунё қоронғи кўриниб кетди. У ўтирган жойида «Мен қилувдим! Мен қочувдим!» дея бақираверди ва бўйнига қандай айб қўйишган бўлса, ҳаммасини тасдиқлаб, қоғознинг кўрсатилган жойларига қўл қўйди.

Шунда ҳам қарийб уч кун уни бошқа шаҳарга қамоқхонага олиб кетишмади. Ёвғон шўрва билан сийлашди.

У машинага чиққанидан сўнг йиғлаб юборди. «Бундан бу ёғига бунақанги жойларда ким нима деса, ҳаммасига рози бўламан» дея онт ичди.

Парда йигирма кишилик, атрофи бетон девор билан ўралган, икки қаватли каравотлар қўйилган, зах ҳиди уфуриб турган хонага кириши билан бўйи атиги бир ярим метр келадиган, сўхтаси совуқ кал бош бир одам:

— Чўтир ушланиб қолдими? — дея сўради.

Парда бирдан иржайди. Чунки у давра кўрган-да. Зўравонлар билан қандай муомала қилишни озми-кўпми билади.

— Минг бор узр. Терговчини қанча тезлатсам ҳам, имиллайвериб вақтни ўтказди, бўлмаса, қанот чиқариб учгудай эдим, — деди Парда каравотда ётган кал бошнинг ёнида турганларга бир-бир қараб чиқиб.

— Йўғ-э, сен ҳали учишниям биласанми?! — дея кесатди Нўғай.

— Ака, — дея қулт этказиб тупугини ютди Парда, — сиз ёки бу ердаги бошқа акалар «уч» дейишса, учаман-да. Ҳеч бўлмаса, каравотнинг устидан ўзимни отарман.

— Буқа, бунинг учишига ўзинг қарашиб юбор, — деб мийиғида кулди Нўғай.

— Хўп бўлади.

Орқароқда турган хум калла, ҳар елкасида икки челак сув бемалол турадиган жундор нусха кўкрагига қўлини қўйиб, «Хўп бўлади», дейиши Пардага ғалати туйилди.

— Акажон, шарт эмас, ўзим бемалол учавераман.

Парданинг аъзойи бадани дағ-дағ қалтирар, у қандай бўлмасин, вазиятдан чиқиб кетиш йўлини ахтарар, аммо хаёлига тузукроқ гап келмасди.

— Аввал биз учирамиз, кейин ўзинг қанот қоқасан, қушча!

Кал бошнинг гапига ҳамма бараварига хохолаб кулиб юборди. «Буқа» лақабли тутқун кўзи олайиб, Пардага яқинлашар, Парда шўрлик гоҳ бошқа аристонларга, гоҳ рўпарасидаги кал бошлига умид билан боқарди. Мана, тўрт… уч қадам қолди. Энди барзанги тутқун икки қанотидан ушлаб, улоқтиради ёки бир бало қилади.

— Ўктам ака! — бақириб юборди у кутилмаганда.

Барзанги юришдан тўхтаб, орқасига ўгирилиб, Нўғайга қаради. Шу заҳоти кал бошнинг юзидан ранг қочди.

— Нима? Ўктам… Буқа, шошмай тур, — деб кал бош Парданинг ёнига келди, — Кимни айтдинг? — сўради.

— Сизга Ўктам акамдан, подачидан салом олиб келгандим.

— Сен уни қаердан танийсан?

— Олди-бердимиз бор.

— Шунақа дегин?

— Ҳа.

Кал бош атрофидаги тутқунларга олайиб қаради. Шу заҳоти улар тарқалди.

Нўғайнинг каравоти тўрда эди. Унинг тепасида ҳеч ким ётмасди. Умуман олганда, кал бош бу ерда тунамасди. Каравоти хўжакўрсинга эди. Унга ҳамма шароитлар муҳайё бўлган алоҳида хона ажратилган эдики, озодликда юрганлар ҳам бунақанги имкониятларга эга хонани ҳатто тушларида кўрмаган.

— Сен Чўтирга айланишинг керак, — деди Нўғай улар каравотга ёнма-ён ўтирганларидан кейин.

— Керак бўлса, айланаман. Лекин менинг бўйнимга яхшигина юк илишди. Биров аралашмади. Акаларга хабар беришимга имкон бўлмади. Сабабини тушунмадим.

— Бунисиям шундай бўлиши керак эди. Лекин, ростини айтайин, Ўктамга тегишли эканлигингни билмагандим. Бизга битта ёриқ керак, шуни акангга етказишинг зарур. У шу пайтгача анави итнинг ялоғи билан ишлаб келяпти. Чўпоннинг бу иши ичкаридагиларга маъқул тушмаяпти.

— Мен бир нарса деёлмайман. Бунинг устига, ҳозир қорним оч. Ўн кундан бери тортмаганман ҳам, суякларим қақшаб кетяпти.

— Буни қара-я.

Нўғай мийиғида кулди ва бошини кўтарди. Шу заҳоти нарироқдаги каравотда ўтириб, у билан ҳамсуҳбатини кузатаётган икки тутқун ўрнидан турди.

— Опкел, — деб қўйди кал бош ва чўнтагидан сарғайган қоғоз парчасини олди-да, унга махорка солиб, ўрай бошлади.

Парда унинг қилаётган ишини кўриб, қотиб қолди. Ахир кимсан турмани зир титратувчи, қамоқхонадан ташқарига ҳам бемалол қўли етадиган одам газета парчасига махорка ўраб чекса-я.

Парданинг дарров кайфи ошиб қолди. У худди учиб кетаётганга ўхшарди. Шу боис ҳам ўзи ўтирган каравотни маҳкам ушлаб олди. «Қўйворсам, шифтга тегаман, кейин аста учиб бориб деразадан… Лекин ҳамма ёқ панжара… Бу баччағар, билагимга куч бағишлайдиганидан ҳам топиб бермасмикан, шунда деразадаги темир панжарани бир зарбда бузардим-да, қамоқхонадан учиб чиқиб кетардим…» У хаёлини охирлатолмай, ёнбошлаб қолди. Ана шундан кейин Нўғай шотирларини чақирди ва:

— Бангини айтганимдай қилиб қўйинглар, — деди.

Шу заҳоти Парданинг оғзига латта тиқилди. Сўнг учи ўткир мих ишга тушди. Парда бақирай деса, овози чиқмайди. Бақирмай деса, оғриқ жон-жонидан ўтиб кетяпти. Ётган жойида типирчилайверди. Бироқ бу ҳам фойда бермади. Чунки икки елкасидан барзангилар босиб туришарди.

Ҳаш-паш дегунча Парданинг юзида соғ жой қолмади, ўзиям қонига беланиб кетди. «Сино» номли кескин таъсир этувчи чекимлик Пардани карахт қилиб қўйган эса-да, у оғриқни сезди ва ҳушидан кетиб қолди.

Пардани ўзига келтиришганида, юзи тандирга кириб чиққандай ловулларди.

— Нима қилдинглар?! — деди у йиғлаб.

— Мен сенга Чўтир бўлишинг керак, дегандим-ку. Чўтир бўлдинг, тамом-вассалом. Сенга «Қушча» деган лақаб қўймоқчийдим. Лекин қарасам, эркак экансан. Шунинг учун чўтирга айлантириб қўя қолдик.

Шу билан Нўғай ишини тугатди ва бориб эшикни тақиллатди-да, қоровулни чақирди.

У хонасига бориб эшитдики, Дамир ўлибди. Тўғрироғи, ўзини ўзи ўлдирибди. «Роса ишондим, одамини ишонтирдинглар. Ўзини ўзи ўлдирди, эмиш. Балки, ёрдамлашиб юборгандирсизлар. Озгина. Кейин шўринг қурғур жон бериб қўйган-да» кўнглидан ўтказди Нўғай ва аччиқ кулимсиради.

— Бир куни ҳаммамизниям тақдиримиз шу. Бизга ўхшаганлар ҳеч қачон ўз ажали билан ўлмайди, — деди овоз чиқариб ва бориб юмшоққина диваннинг бир четига ўтирди.

Қизғиш рангли «ака» хонтахта устидаги оппоқ чинни идишдаги келин бармоқ узумдан бир донасини оғзига солди. Узум карсиллаб кетди. Унинг иштаҳаси очилди. Бироқ иккинчи узумни олишга улгурмасидан эшик тақиллади.

— Кир, — деди у афтини бужмайтириб.

Икки нафар қиз кирди. Бирининг қўлида патнис, иккинчисиникида чойнак-пиёла.

— Тушлик вақтингиз бўлганди, — деди қизлардан бири жилмайиб.

— Тушлик?! Бунча тез? Майли, олиб келинглар. Лекин аввал бир-икки рюмка коньяк ичиб олишим керак.

Қизлар енгил қадам ташлаб, унинг ёнига келишди ва назокат билан патнисдаги яхна товуқ гўшти, сергўшт шўрва, салатлар ва бир шиша коньякни эҳтиёткорлик билан стол устига қўйишди.

Нўғай дарров шишани қўлига олди-да, қадаҳни тўлдирди. Одати бўйича, қизлардан бирига узатди. Қадаҳ яримлади. Қолганини иккинчи қиз ичди. Сўнг улар идишлардаги таомлардан бирма-бир татиб кўришди.

— Эшитдингларми, бугун Дамирни ўлдиришибди, — деди улардан кўзини узмай ўтирган кал бош.

Қизлар бир-бирларига кўз ташлаб қўйишди.

— Ким у Дамир? — сўради сариқ сочли қиз.

— Ҳе, сенлар ҳам турмадагиларга ўхшаб қолгансанлар. Лақабини айтмаса, танимайсанлар. Ишкалчи бор-ку, ўшани-да.

— Вой, бечора. У шўринг қурғур нима гуноҳ қилган экан? — дея узун киприкларини пирпиратди оппоқ юзли, қошлари ингичка, қоп-қора сочи елкасининг яланғоч жойини бекитиб турган қиз.

— Ҳи-и, ичинг ачиб кетди, ош-қатиқ бўлган жойинг борми? — деб кесатди Нўғай.

— Йўғ-э, менинг ёнимга сиздан бошқаси яқинлашмаган.

— Яқинлашиб кўрсин-чи, калласини сапчадай узаман! Агар шунчаки куюнаётган бўлсанг, бекор қиласан. Ахир дунёдаги зараркунандалардан бирининг йўқолиши байрам-ку, — деди Нўғай ва ҳиринглаб кулганча қадаҳни яна коньякка тўлдирди.

Бир кўтаришда ҳаммасини ичиб юборди-да, сариқ сочли қизнинг юзидан чимдиб қўйиб, кейин ўзининг бармоғини ўпди.

Орадан бир соатлар ўтиб, Нўғай айни «гулзор»нинг ўртасидалигида хабар келди, Парда жудаям ҳаддидан ошаётган эмиш.

— Парда, менга унинг ўлганини айтгандинглар-ку. Демак, ёлғон маълумот берган экансизлар-да. Куппа-кундузи алдашяпти ярамаслар. Бунга қандай чидайман, қандай? — деб у ўрнидан туриб, ювиниш, тозаланиш кераклигини хаёлининг бир четига ҳам келтирмай (аслида, уни сув ҳам тоза қилолмас эди), қолган-қутган коньякни ҳам ичди. Бу пайтда хабарчи чиқиб кетган эди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ