Эрон АҚШнинг «бошига уриш» билан таҳдид қилди

0

АҚШ Форс кўрфазида фаол ҳаракатлар олиб борадиган бўлса, Эрон бунга зудлик билан бунга жавоб қайтаради. Бу ҳақда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бригада генерали Амир Али Ҳожизода маълум қилди, деб хабар берди Al Arabiya.

Ҳожизоданинг сўзларига кўра, илгари Форс кўрфазида АҚШ ҳарбийларининг бўлиши таҳдид эди, ҳозир эса бу «имконият»га айланган. У, шунингдек, агар америкаликлар тажовузкорона ҳаракатларни бошласа, Эрон «уларнинг калласига уриши»ни қўшимча қилган.

ИИҚК бош қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саломий АҚШ минтақада психологик уруш бошлаганини билдирган.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Жон Болтон Америка томони Эрон қирғоқларига «Авраам Линкольн» авиаташувчи кемаси ва бомбардимончи самолётлар гуруҳини юборишини айтган эди. Унинг қўшимча қилишича, бу Эроннинг АҚШ билан муносабатларни кескинлаштирувчи хавфли ҳаракатларига жавобдир.

АҚШ ва Эрон муносабатлари кескинлашувига Трампнинг 2018 йил май ойида 2015 йилги ядровий келишувдан бир томонлама чиқишини эълон қилгани ва Теҳронга қарши санкцияларни қайта тиклагани сабаб бўлган. Ушбу санкциялар ноябрь ойидан кучга кирган. Санкциялар нефть экспортини тақиқлашдан ташқари, саноат, савдо-сотиқ ва Эрон Марказий банкининг долларда амалга оширадиган операцияларига нисбатан ҳам жорий этилган.

 

daryo.uz