КЕЧА ВА КУНДУЗ… (16-қисм)

0

 

 

* * *

 

Кенгаш мажлисини ўтказгандан кейин мингбоши дарҳол ўзига йигит тўплашга киришди. Етти киши ўрнига йигирма-ўттиз талабгор бир қишлоқнинг ўзидан чиқди.

Ҳакимжон муни мингбошига арз қилиб туриб, деди:

— Ишлар яхши, тақсир, еттита десак, ўттизтаси келиб ўтирипти.

Ҳакимжоннинг биринчи жумласида сезиларлик даражада очиқ бир пичинг бор эди. Лекин у пичингни мингбоши додҳо пайқаёлмади.

— Бекорчи кўп қишлоқда, бекорчи! — деди мингбоши.

— Йўқ, хўжайин. Мен гаплашиб кўрдим. Ҳаммаси чорикор болалар. «Жонимиздан тўйдик, бола-чақамиз оч…», дейди.

Мингбоши бирданига қўпол бир овоз билан кулиб юборди. Ҳакимжон бу ногаҳон кулишнинг сабабини билолмай ҳайрон эди. Кейин мингбоши ўзи англатди:

— Жонидан тўйган бўлса яхши! — деди у. — Жонидан тўйганлар яхши сўқишади. Оқ подшо «вайна»да15 қийналиб қолса, қишлоқнинг ҳаммасини йиғиб жўнатаман! Иш йирик, мирза.

Яна ўша хунук овоз билан кула-кула ичкарига кириб кетди.

Ҳали қоронғи тушиб, паловга дастурхон ёзилган йўқ эдики, ташқарига бир меҳмон кириб келди. Ҳакимжон уни кулар юз билан, севиниб қарши олди. Бир оз кейин ичкаридан чиққан мингбоши ҳам унга нисбатан бир қадар мулозимат билан муомила қилди. Лекин бу мулозиматнинг ясамалиги шу қадар очиқ эдики, меҳмоннинг кўзлари Ҳакимжоннинг кўзларини тўғри келтириб туриб, у тўғрида бир ҳимо қилиб ўтди. Ҳакимжон ҳам кўз қораси билан меҳмондан узр сўради.

Меҳмон эса «мунинг ўзи нима-ю, муомиласи нима бўларди?» деган маънода кулиб қўйди, холос.

Палов ейилиб бўлгач, кўк чойни ичиб ўтириб, улар учови суҳбатга тушдилар. Меҳмон Ҳасанов деган бир татар йигити бўлиб, қишлоқ қарз ширкатларининг инс-пектори эди,

— Урушдан гапиринг, абзий! Уруш нима бўляпти?

— Урушни сиз биласиз, мингбоши. Сиздан эшитайлик, — деди Ҳасанов.

— Мен урушни қайдан билай? Газит ўқимасам? — Сиз, ахир, бир бўлуснинг каттасисиз.

— Э, катталиги қурсин! Керак бўлса, олинг шу катталикни!

Мингбоши бу сўзларни жиддият билан айтарди. Меҳмон кулди:

— Зерикдингизми, хўжайин? Дарҳақиқат, бу нозик замонда катта амал ҳам зериктиради.

Ҳакимжон ўз хўжайинининг таъби бир оз олинганини пайқади шекилли, унинг ёрдамига етишмоқчи бўлди:

— Чинакам, — деди у, — шу замонда амалдор одамга жуда қийин… Сиз билмайсиз. Мен, мана, доим хўжайиннинг қўлтиғидаман. Яхши биламан. Жуда қийин…

— Биламан, жуда яхши биламан, — деди Ҳасанов. — Албатта, осон эмас.

Мингбоши ҳали жим эди. У қўлидаги бўш пиёлани айлантириб ўйнарди. Ҳакимжон давом этди:

— Замон нозик бўлмаса, мингбошиларнинг йигитлари ортдирилармиди?

— Шундай гап борми? — деб сўради Ҳасанов.

— Гап бор эмас. Буйруқ бор. Биз одам чақирдик. Учта йигитимизга еттита қўшилади…

Мана шу жойда мингбоши ҳам бирдан гапга аралашди:

— Ҳаммасига солдат бешотари бермоқчи… Солдатликка машқ қилдирмоқчи… Мунга нима дейсан?

— Жуда соз! — деди Ҳасанов. Папиросини узун сўриб тортган ҳолда ўйлаб кетди.

— Нимаси соз? — деди мингбоши қўпол бир хитоб билан.

— Жуда соз, мингбоши афанди. Фақат… мен ишонмайман мунга…

— Нимасига ишонмайсан? — деди мингбоши яна ўша қўполлик билан.

— Бизнинг мусулмон-турк йигитларининг қўлига рус ҳукумати бешотар милтиқ бериб қўярмиди? Ҳукуматнинг эси бор.

Мингбоши ҳайрон бўлиб қолди. Бу етти ухлаб бир тушига кирмаган фикр эди. Кўзини кенг-кенг очиб, меҳмонга қаради. Бу қарашда ҳам ҳайрат бор эди, ҳам қўрқув…

— Нега бермасин? Ўзи буюриб ўтирипти-ку?

— Битта-яримта эси пастроғи буюргандир, тақсир. Эси борлари мунга йўл қўймайди!

Мингбоши индамади. Ҳакимжон бутун борлиғи бир диққатга айланиб, икки кўзини меҳмонга тиккан эди. Меҳмон давом этди:

— Мусулмоннинг қўлига яроқ бермайди бу ҳукумат. Биз, мусулмонлар, турк болалари, ўзимиз яроқ олмасак, душманларимиз ўзи ўз қўли билан бермайди.

— Ким душман? — деди мингбоши.

Бу саволда энди пўписа асари бориди. Меҳмон сира шошмасдан, бемалол жавоб берди:

— Сизнинг душманингизни айтаётганим йўқ, додҳо афанди. Турк-ислом халқининг душманларини айтаман…

— Гермонни айтасанми?

Ҳакимжон бирданига кулиб юборишдан ўзини зўрға тўхтатиб қолди.

— Шундай, тақсир! Гермонни айтаман. Турк миллатига яроғ бериб қўймайди у! У, турк миллатларининг жон ва қон душмани!

— Ундай бўлса… бутун қишлоқни йиғиб, қўлига бешотар бериб, Гермон билан урушгани жўнатмоқчи бўлганимга нима дейсан?

Мингбоши бу сўзларни ғурур билан кулиб туриб сўзларди.

— Нима дердим? Ундай қилсангиз, сизни «ғозий», дердим… Ислом миллати сизнинг бу хизматингизни ҳеч бир унутмас эди…

— Миллатинг билан ишим йўқ. Туркингни ҳам билмайман мен. Мана бу мирза айтадики, қишлоқда жонидан тўйган кўп. Шуларнинг ҳаммасини Гермон урушига жўнатсам — оқ подшонинг қўли юқори келади, бу қишлоқлар ялангоёқ, безориларнинг касофатидан қутулади!

— Ҳай, ҳай! — деди меҳмон. — Мунинг савобига ким етсин!

Жуда зўр хизмат қиласиз, додҳо! Фавқулолда буюк хизмат!..

Шу суҳбатдан кейин Ҳакимжонда мингбошига нисбатан бир қараш туғилди. У қарашда ихлос ва ҳурматдан бошқа ҳамма нарса бориди. Бу қарашни ўша кечаси мингбоши ётгани кириб кетгандан кейин Ҳакимжон меҳмоннинг ўзига ҳам бир оз изҳор қилди. Меҳмон Ҳакимжоннинг эътирофини эшитгандан кейин жуда ўт олиб, қизиб гапирди:

— Бизнинг бутун фожиамиз шундаки, — деди у, — дўстимиз билан душманимизни ажрата олмаймиз. Эшитдингизми унинг гапларини? Бизнинг диндошимиз, миллатдошимиз бўлган Туркия билан бир сафда урушаётган Германия бизга, биз Туркистон туркларига душман эмиш…

Меҳмон бир оз тўхтади. Папиросини қаттиқ-қаттиқ тортиб, оғир-оғир бош тебратди.

— Булар барчаси илмсизлик касофати, Ҳакимжон! Нодонлик меваси. Бу йўғон саллали, бўш каллали ҳайвонлар, Бухорои шарифни спекуляция қилиб, ислом миллатини заҳарловчи микроблар бизни шу ҳолга келтирдилар… Эҳ… эҳ… эҳ!..

Астойдил куйиб гапираётган меҳмон Ҳакимжоннинг кўзи уйқуга кетгандан кейингина сўздан тўхтади.

Иккаласи сўрига жой қилиб узалган вақтларида, Ҳакимжоннинг яна уйқуси қочган, биринчи хўрозлар унда-мунда қичқира бошлаган эдилар.

Булар иккаласи кўрпага узалгандан кейин ҳам анчагина гаплашиб, мингбошидан, умуман замоннинг ҳамма амалдорлари, ҳукумат ва идора усулларидан шикоят қилишдилар. Меҳмон бир вақтлар нойиб тўранинг Мирёқубга айтган гапларини яна кўпроқ тафсилот билан Ҳакимжонга айтиб берди. Ўз мингбошисининг ишларига қараб ҳамма мингбошилар ва умуман шу замон ҳокимияти тўғрисида кўп ҳам яхши фикрда бўлмаган Ҳакимжон шу суҳбатдан сўнг ўзининг хом ва чувалашган фикрларини пишитди, бир орага йиғди, бошидаги фикрлар бир тартиб доирасига тушиб, янги-янги пардаларни унинг миясидан сидира бошлагач, ўзида аллақандай бир ўзгариш бўлаётганини ўзи ҳам сезди: ўша қундан бошлаб унинг ҳамма нарсага қараши бошқа бўлди! Мингбоши — бурунги мингбоши эмас, фарсахларча йироқларда. Яқинлашиб келганда ҳам худди буни ўлдиргани келаётгандай… Мирёқуб, унинг ишбилармонлиги, эпчиллиги, зийраклиги… «У агар ҳақ йўлни топса, борми, ноёб одам бўлади». Ҳар бир катта саллалик домла — беморга заҳар бераётган табиб… Ҳар бир бошини қуйи солган эшон — одамларнинг киссаларига яширинча қўл узатган кисаввур… Абдисамат мингбоши, — уни ўйлаганда, Ҳакимжонга жон киради! «Уни кўрса тикилиб, кўзини олмай, узоқ-узоқ қараб турса, зиёрат қилиб қўлини ўпса, нима буюрса, шуни қилса!..»

Ҳасановнинг фикрлари, айниқса янги олинадиган йигитлар тўғрисидаги фикри мингбошига ҳам таъсирсиз қолмаган эди.

Мингбоши, Ҳасановдан бир оз қўрққан ва шу учун унга совуқ қараган бўлса-да, унинг ўша йигитлар тўғрисидаги фикрига қарши келмасди.

У ҳам ичкарига кириб, жойига чўзилгач, у тўғрида анчагина ўйлаб ётди.

«Бу баччағарнинг гапи қурсин! Нимага бўлсайкин, унинг гапларини эшитганда одам чўчиб тушади. Худди… оқ подшони сўкиб юборадигандай? Худди унинг сўкканини биров эшитиб қолиб, Ёдгор эчки ё Умарали пучуққа етказадигандай? Улар бўлса, оқизмай-томизмай, ҳоким тўрага чақадигандай? Боз устига улар — «оқ подшони сўкиб турган вақтида Акабарали мингбоши «ҳа, ҳа» деб турган эди!» дейишдан ҳам тоймайдигандай! Сўнгра ҳоким тўра чақириб олиб, ғазабига ола-дигандай! Мингбошиликни тортиб олиб, эл кўзида тамом шарманда қиладигандай! Абдисамат билан Ёдгор эчки, Умарали пучуклар яна қўш карнайи билан жар соладигандай!»

— «Лекин, баччағар кофир, бир нарсани билмасдан айтмайди.

Нимага десангиз, у «закон» китобини кўп ўқиган, ҳамма вақт ўриснинг ичида қайнайди, ўрис тилини сув қилиб ичиб юборган…

Катталаримиз ўрус-да, ахир! Ўрис бўлганидан кейин мусулмонга ён босмайди. Бу рост! Шу ерда Ҳасан абзий билиб айтади!

Мусулмоннинг қўлига яхши бешотарни бериб қўярмиди? Йўқ! Агар мен ўрус бўлсам (астоғфурулло!), мусулмоннинг қўлига асло яроғ бермасидим! Асло! Абзий рост айтади. Абзий, абзий, абзий!..

Мана шундай ўйлар билан мингбоши зўрға ухлаб кетди.

Эрта билан уйқудан уйғонгач, яна ўша — йигит масаласини ўйлади. Йигитларнинг учта ё ўнта бўлиши мингбоши учун баробар эди. «Кўп бўлса, ғалваси ҳам кўпроқ бўлади», деб ўйларди у. Фақат… фақат…

— Ўнта яхши йигитга яхши от, яхши сарпо, яхши яроғ-аслаҳа бериб, ўз маҳкумимни бир айлансам, иложи бўлса, Абдисамат турадиган қишлоқдан бир от чоптириб ўтиб қўйсам… бас! Шундан кейин катталар уч йигитни биттага қолдирсалар ҳам майли эди!..

Бу ўйнинг натижаси шу бўлдики, эртаси куниёқ қишлоқдан одам ола бошлаб 2 — 3 кунда еттита навқирон йигитни чертиб-чертиб миршабликка қабул қилди. Ундан-бундан сўраб, сўратиб, иложи бўлмаганда… тортиб олиб бўлса-да, ҳаммасини яхши отга миндирди, аллақайлардан ов милтиқлари топиб, ўновини яроқлантирди, уст-бошларини текислади, ўзи ҳам энг яхши зар чопонини кийиб, тилла камарини боғлаб, узун қиличини осиб, саман йўрғани миниб, йўлга чиқди.

Икки кун бурун Қумариқ қишлоғига еттита йигити билан мингбоши келиб кетган эди. Унинг бу келиши қизиқ бўлди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан, тўппа-тўғри мачитга тушиб, домлани йўқлатди. Ўзлари хабар топиб мачитга келган амин ва элликбошилар ҳайрон бўлдилар. «Нимага бизга ҳеч нарса демайди мингбоши додҳо?» деб бир-бирларидан сўрашдилар.

Элликбошилардан бири югурганича бориб домла-имомга хабар берди. Домла-имом яқиндагина уйланган ёшроқ бир муллавачча бўлганлигидан «Мингбоши чақираётир», дегач, анча ташвишга тушди. Салла-чопонини кийиб, мачитга томон бораркан, ўйлади: «Нима учун йўқлатган бўлса?»

Мингбошининг уни излатишга зоҳирий бир сабаб йўқ эди. Шунинг учун турли хаёлларга бориб кўрди:

«Тунов кун, шаҳарга тушганимда, мударрис домланинг ўғилларига қаттиқроқ тегишиб қўювдим… Ўзи ҳам, баччағар, ипак саллани чамбарак қилиб ўраб, ёмон кўзга илашадиган бўпти-да! Устимдан арз қилган бўл-са-я, ҳаромибачча?»

«Ё… бурунги имомат қилган жойимда ваҳий16 ерни Садриддин бой билан чиқишиб, икки-уч йил ўзим ёлғиз тасарруф қилиб эдим. Маҳалладан битта-яримтаси шуни қўзғадимикин».

«Ё бўлмаса, ўтган ҳафта қовун сайилида янгича мактаб очган тошкентлик нўғой домлага йўлиқиб қолиб, анча қаттиқ сўкиб эдим.

Унинг мактабини Абдисамат мингбоши очиб берган экан, мен уни билмабман… Бу бизнинг мингбошига Абдисамат мингбоши итоб қилиб ёздимикин? Кейин мактабнинг асл соҳиби Абдисамат мингбоши эканини билиб, ҳалиги нўғой домла билан муросага ҳам бордимку-я… Ҳар қалай, бошда аҳволдан бехабар, қаттиқ гапириб қўйиб эдим… Аттанг! Шу ташвишларга Абдураҳмон понсод сабаб бўлди, баччағар! Ноинсоф! Бўлмаса, жимгина ўтириб эдим. Кейин нўғой домланинг олдида одамларга бир-икки оғиз ваъз қилиб, лаънати жадиднинг кўнглини кўтариб қўйдимку-я…». Албатта, дедим, нўғой ҳам — мусулмон, аҳли суннат, тошкентлик ҳам — мусулмон, аҳли суннат… Ҳаммамиз бир одам. Дунёвий илмларни ўқиш ҳам шариатимизда бор, чунончи, жаноби ҳасти пайғамбаримиз «утлубу- дилму валавкана бисси», яъни «Чин мулкида, яъни Хитойда бўлса ҳам илм талабида бўлғил», деганлар. «Бу «ҳадиси саҳиҳ», дедим. Жадид домла хурсанд бўлиб кетди: «Шундай ҳақиқий уламолар бўлса, миллат тараққий қилади», деди. Шу «Миллат» деган сўз туфайлидан яна жиндик мунозара қилиб олишдик. Абдураҳмон понсод ноғой домладан «Миллатингиз нима?» деб сўраб қолди, нўғой домла аввал «Ислом миллати», деди, ундан кейин негадир «Ислом ва турк миллати», деб «турк» деган тоифани ҳам қўшиб қўйди. Мен чидаёлмадим: «Йўқ, дедим, мусулмон одамдан «миллатинг нима?» деб сўралса, «Миллатим Иброҳим Ҳалиллулло» деб жавоб бериши вожиб. Динимиз — ислом, миллатимиз — миллати Иброҳим Ҳалиллулло. «Турк» деган тоифа Ўзган тарафларида бор, ўзлари элатиядан, бизнинг сартиядек касирул-адад17 эмас, унинг миллатга ҳеч бир даҳли йўқ!» дедим. Ундан кейин ҳасти Иброҳим Ҳалиллулло тўғрисида хасти Сўфи Оллоёрдан далил келтирдим:

Ҳалиллулло учун ёндирдилар нор,

Қадам қўймай ўшал ўт бўлди гулзор.

Жадид домла туриб «Иброҳим пайғамбар — яҳудийлар пайғамбари, ҳатто тўрт китобдан бирига ҳам эга бўлган эмас», деди.

«Тавба, де, эшак!» деб бақирдим. Ортиқча қизиб кетибман. Кейин пушаймон бўлдим ку-я… Энди фойдаси йўқ. Афсус! Афсус!»

Имом домла келгандан сўнг, кўп ўтмасдан, мингбоши мачитдан чиқди. Отига отланиб туриб, элликбоши билан бир-икки оғиз гаплашди. Аминга ва бошқа эл-ликбошиларга сипо қараши билан бир қараб қўйиб, яна дарҳол йўлга тушди. Гузарда ўтирган беш-олти киши ҳайрон бўлишиб, бир-бирларига қарашдилар. «Нимага келди-ю, нимага дарров жўнаб қолди?» деган саволга жавоб ахтардилар.

— Нимага аминни чақиртирмасдан, имом домлани чақиртиради? — Нимага имом домла келар-келмас, жўнаб қолади?

— Нимага бу сафар йигити кўп?

— Нимага қишлоғига қайтиб кетмасдан, дарё томонга ўтди? — Нимага гузарда ўтирганларга ҳеч нарса демай ўтди?

— Нимага? Нимага?.. Нимага?..

Дув-дув гап кетди. Ҳар ким ҳар тордан ҳар хил овоз чиқарди, лекин ҳеч бир овоз қулоққа ёқмади, «соз тушмади». Мачит томонда имом кўринди. Унинг юзига тикилдилар.

— Ҳой, кал, сарасон солдингми? Ҳали ўтганида, имом домланинг қош-қовоғи солиқ эди. Энди очила тушибди. Хайрият бўлса керак.

— Сўраймиз қўямиз-да, жинни, — деди кал.

— Сен сўра, тилла бош, сенга айтади.

— Сўрайман, қовоқ бош. Сўрайман, нима?

Имом домла секин-секин, лекин ишончли ва хотиржам оёқ ташлаб, гузар ўртасига келди. Икки томондан саломлар кўтарилди.

— Тақсир, чой бор экан! — деди кал. — Бир пиёла тутайлик.

— Қуллуқ! — деди домла, тўхтади. — Уйга борай…

— Биламиз, тақсир, янги уйланган одамди гапга тутиб бўлмайди: мингбоши додҳо нима хабар олиб келган экан, деб сўрамоқчи эдик.

Имом домла кулди.

— Уйлангандан эмас, Ҳасанбой, — деди. — Бошинглар қичимаганда, тилинглар қичиб турмаса бўлмайди-да, а?

Гузардан кулги кўтарилди.

— Қичиғини босиб ўтинг, деймиз-да, домла! — деди кал Ҳасан. Яна кулдилар. Домла кип-қизариб кетди.

— Мингбоши додҳо юртнинг омон-эсонлигини сўраб ўтдилар, холос. Бошқа гап айтмадилар. Хўш, менга жавоб энди!

Домла яна йўлига тушди. Гузар одамлари унинг гапига ишониб етмадилар, Ҳасан кал деди:

— Биздек фуқаро ёлғон айтганда, ишонмаган одам бир-икки марта зўраки йўталиб қўйсин. Амалдор билан домла-имом ё обрўйи катта бойлар ёлғон айтса, ишонмаган одам кавишини қўлга олиб турсин: «Ўғри кетди» бўлмай иложи йўқ!

Яна кулдилар.

Нарида кўприк бошида домлага Умаралибой дуч келди. — Ҳа, домла, Акбарали нима деди?

— Мингбоши додҳо ҳеч нарса деганлари йўқ. «Жамоатнинг намозга юриши қалай?» деб сўради. «Маъниси йўқ», дедим. «Элликбошига айтаман, кўпроқ ҳайдаб беради». Шу холос.

Умарали қаҳқаҳа солиб кулди.

— Умрида бир марта пешонаси сажда кўрганмикин, сўрамадингизми?

— Катта одам. Мен нима деёламан.

— Хайр, домла! — деди бой. Йўлга тушди. Кейин орқасига қайрилиб кулди ва деди: — Замонанинг охир бўлгани шу-да, тақсир. Бенамоз раис бўлиб, намоздан қолганни тергайди!

Уч кундан кейин жума намозига жуда кўп одам йиғилди. Умуман, мачит билан ҳеч бир алоқаси бўлмаган кишилар ҳам қоқ ерга белбоғларини ёзиб, фақат пешоналарига яраша жойни тўшадилар, имомдан бурун бош кўтардилар, имом «оллоҳу-акбар» деб саждага эгилганда, булар қиёмга кўтарилдилар… Сафларда пих-пих кулишлар кетди. Салом берилар-берилмас, йўталга зўр бериб ўринларидан турган «намозхонлар»ни сўфининг, ёғланмаган араваники сингари, ингичка ва ғашга тегадиган овози тўхтатди:

— Халойиқ! Яқин-яқин келиб, имом домланинг ваъзига қулоқ солинглар!

Халқ орасида ўтирган амин ва элликбошилар ҳам уларнинг белгилаб қўйилган кишилар сўфининг сўзла-рини илиб олдилар:

— Ҳа, жамоат! Домланинг сўзларини эшитиш зарур!

Юқорида айвоннинг ичкарисида ўтирган домла саф оралаб ташқарига чиқди. Панжара эшик олдида тўхтаб, гап бошлади.

Мингбоши ўша кунги келишида, шаҳардан берилган таълимотга мувофиқ, ҳамма мачитларда тўхталган, жумадан сўнг одамларга ваъз айтиб, «уларни тинч ти-риклик билан шуғулланишга ва ҳар хил фитна-фасодларга берилмасликка» чақириш вазифасини мачит имомлари зиммасига юклаб кетган эди. Бизнинг дом-ла, сўз тополмасдан тутилиброқ ва қийналиброқ бошласа-да, кейинча жўнашиб кетди, қавмининг ҳаммаси деярлик саводсиз қишлоқ одамларидан иборат бўлганига қарамасдан, «балоғати араб ва фасовати форс»ни мумкин қадар кўп ишлатди, эшон Сўфига жуда мухлис бўлганлигидан унинг маънилик байтларидан анчасини ҳар ер-ҳар ерга кистириб ўтди. Бир қанча вақт зўр бериб, шаҳардаги ҳоким тўраларни, ўзимизнинг «Мулла Акбарали додҳо»ни, шулар қаторида гарчи бошқа маҳкумнинг улуғи бўлса-да — «фаросатлик, ҳушёр, донишманд, сахий ва мурувватманд» ҳукуматдорлардан мулла

Абдисамат мингбошини мақтаб ўтди. «Нўғой домла эшитсин», деб янги замон мактабларидан, унда Қуръоннинг тажвид билан махражига тўғрилаб ўқитилишидан, у мактабда ўқиган болаларнинг «Шариату имон»ни катталардан яхшироқ билганларидан, озод бўлишига яқин Миср оҳангида саловат ўқиганларидан, уни эшитган одам йиғламай ўтолмаганидан, ҳатто… ҳатто гарчи у мактабнинг домласи болаларга «Ер мудаввар, яъни бамисоли соққа ёки ёнғоқ ва

ёки тарвуз — думалоқ», деган бўлса ҳам, бу даъвонинг шариати Мустафога унча хилоф келмаганидан, яъни, эшон Сўфи Оллоёр, Амир Навоий, Мавлоно Фузулий, эшони Ҳазиний абъётларида фалакнинг гардиши, яъни айланиши хусусида кўп сўзлаганидан гапирди. Бош қизиб, гап қозони қайнагандан сўнг домламиз алжий бошладилар.

Гаплар пойма-пой кела бошлади. Ундан кейин қавмнинг намозга кам юрганига, бойларнинг закот ва садақа хусусида шариат амридан четлашганларига, қишлоқ одамлари орасида «хамр», яъни ароқ ичадиганларнинг қўпайганига ўтди… Ҳеч кимни қолдирмай, сўка бошлади. Энди бу руҳоний грамофонни тўхтатиш қийин эди. Домла койиса ёнидагиси, албатта, хурсанд бўларди. Домланинг ўткир тилларидан фақат элликбошилар билан аминларгина қутулиб қолдилар.

Домла сўзни тамом қилгандан кейин одамлар яна ўринларидан тура бошлаган эдиларки, айвоннинг ичидан Умаралибойнинг хирқироқ овози кўтарилди.

— Домла яхши айтдилар! Балли домлага! — деди бой. —

Бенамозларнинг касофатидан ҳаммаёқ қимматчилик бўлиб кетаётир!

— Хотинбознинг касофатидан-чи, хотинбознинг? — деди биров пастдан.

— Бойбува ўз қилмишларидан ҳам гапирсин жиндак! Эшитайлик! — деди яна биров.

Бой аччиғланди. Саф оралаб айвон қирғоғига келди.

— Ким у менга таъна қилган? Қайси бенамоз? — деди у.

Ўзи қалтирарди. Жавоб бўлмади.

— Имом домланинг қўлларига дарра олиб берамиз энди, бенамозларнинг жазосини беради! — деди ичкаридан ташқарига чиқаётган Ёдгорхўжа.

— Судхўрдан гап эшитинг! Судхўрдан! — деди пастдагилардан бири.

— Пул меники! Кимга қандай шарт билан берсам — ихтиёр ўзимда! Сенга нима, ўғри? — деди Ёдгорхўжа.

— Ўзинг ўғри, ҳаммани ўғри деб биласан! — Нима, нима?

— Ҳовлиқма!

— Биласизми, тақсир, — деди Умаралибой, — ҳамма бало амалдорларимизнинг ёмонлигида. — Мингбошимиз Акабарали бўлса, пешонасини бир умр сажда кўрган бўлмаса, хотинлари бузуқ бўлса, ўзи пияниста, бузуқ одам бўлса! Бошқалардан койиб бўладими?

— Ҳай, Умаралибой, ундай деманг! — деди имом. — Мулла Акбарали додҳога тил тегизманг. У кишидан фуқаро ҳеч қандай бир ёмонлик кўрган эмас. Унча-мунча чакки юришлари бўлса, амалдор ҳам подшодай гап, подшоларга буюради ўзи…

— Мен мулла Абдисаматга ҳеч нарса демайман, — деди Умаралибой.

— Мулла Абдисамат бўлса ҳамма жон дейди! — деди Ёдгорхўжа.

— Мулла Абдисаматдек амалдор йўқ! — деб давом этди Умаралибой. — Акбарали одамми? Сипоми? Амалдорми? Унинг ўрнида мен бўлсам, гузардаги самоварларни тақа-тақ беркитдирардим. Ҳамма бенамоз шу ерга йиғилади. Намоз ўқимаганни ёзда дарралатардим, қишда — муз тешиб, сувга пишардим.

— Шунинг учун худо сенга амал бермайди-да! — деди биров пастдан.

— Туяга қанот берса, қайси иморат соғ қолади? — деди кал Ҳасан.

Ҳамма кулиб юборди. Умаралибой яна давом қилди:

— Мен амалдор бўлсам, шу қишлоқдан беш-тўртта ялангоёқни Сибирга ҳайдатардим.

— Ҳаббаракалла! — деди Ёдгорхўжа.

— Биз Сибирга кетардик, сенлар қолиб — биттанг қишлоқда соғ хотин қолдирмасидинг, биттанг — юзни мингга берардинг!

— Юрт обод бўларди!

— Биттанг Қумариқнинг сувини ўз ерингдан чиқармасдинг. Биттанг Катта ариқдан қишлоқ одамларига бир томчи ҳам сув бермасидинг. Хайрият, амалдор эмассан!

— Бўламан амалдор!

— Кўрамиз!

— Кўрамиз!! Умаралибай қизиб кетди:

— Кўрасан! Кўрсатаман сен хотин талоқларга! Пастдагиларнинг ҳаммаси деярлик наъра солди:

— Ким хотин талоқ?!!

Ўнлаб киши муштини тугумлаб айвонга югурди. Бақиришлар, дод-войлар, фарёдлар кўтарилди. Оғир муштларнинг оғир зарбалари эшитилди. Бутун қавм бир-бирига киришиб кетди… Амин осмонга қаратиб бир-икки марта тўппончадан ўқ чиқарди. Унга қараган ва аҳамият берган бўлмади. Бир йигит роса мўлжаллаб туриб, аминнинг қўлига муштлаган эди, тўппончаси қўлидан тушди. Уни бошқа бир йигит олиб ёнига солди, ёнидагиларга қараб мағрур-мағрур… кулди.

Муни кўрган икки элликбоши ўзини дарвозага уриб қочди. Мачит айвони олдидаги эски чирик панжаранинг шарақ-шуруқ синиши кўчанинг у юзида чўзиқ бир акси садо берди.

Бир оздан сўнг бутун қишлоқ исён ҳолатида эди.

(давоми бор)

Абдулҳамид ЧЎЛПОН