Тергов қилинаётган Саид-Абдулазиз Юсуповнинг кутилмаган видеомурожаати

0

10 май куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси («Фирибгарлик») назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланиб, қўлга олинган  Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсуповнинг жамоатчиликка ошкор этилмаган видеомурожаати ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Видеомурожаат Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига йўлланган бўлиб, унда Саид-Абдулазиз Юсупов турли вазиятларда ўзини қандай тутгани ва бу учун хавфларга дуч келаётганини айтади.

«Агар сиз «Оқ ва Қора» кўрсатувининг ушбу сонини интернет орқали кўраётган бўлсангиз, демакки, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Афсуски, бу сабаблар — яхши сабаблар эмас. Бу кўрсатувимни Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга мурожаат сифатида ёзяпман», — дейди у.

2018 йили 25 сентябрда тасвирга олинган видеомурожаатни ижтимоий тармоққа юклаган укаси Муҳаммад Баҳоуддин Юсупов акаси ўша пайтда қандайдир туҳмат ва тазйиқлар исканжасида юрганини маълум қилди.

«Ўшанда жуда тошиб кетдилар. Кейин ҳар эҳтимолга қарши шу видеони ёзиб олдик. Мен акамнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевга қилган бу мурожаати жуда кўп нарсаларга ойдинлик киритишига ва  тез кунларда оиламиз бағрига қайтишига ишонаман»,  —  деб ёзади кичик Юсупов.

Саид-Абдулазиз Юсупов ўз сўзларида ҳар гал Президентнинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлаши, аммо бу ҳаракатлари учун босимда қолаётганини айтган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, ўзини ДХХ ходими сифатида таништириб, фирибгарлик йўли билан фуқаролардан 65 минг, 28 минг ва 15 минг АҚШ доллари олганликда гумон қилинаётган Юсупов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишдан айбланмоқда.

«С.Юсупов 2018 йили ҳам айнан шундай жиноятни содир этгани, ўзини сохта ходим қилиб кўрсатгани суд мажлисида исботини топганди. У етказилган зарарни қоплаб, тегишли тартибда жазо олганди», —  дейилади прокуратура ахборотида.

Юсупов ўз видеомурожаатида аввалги фирибгарлик бўйича жиноят иши сохталаштирилганини иддао қилган.

«Сизнинг (Ўзбекистон Президенти назарда тутилмоқда – таҳр.) имижингизга нисбатан бўлаётган турли хил тажовузларнинг олдини олишга қаратилган, йўқ жойдан душман яратиш каби номардона, ақлсиз ишларни тўхтатишга ҳаракат қилишим ортидан яна эски таъқиблар бошланди.

2018 йил ферваль ойида ИИВ тизими орқали менга нисбатан туҳматга асосланган иш очилди», —  дейди у.

Юсуповнинг қайд этишича, жиноятни содир этганини тан олишга мажбур қилган омил —  фарзандининг мактабда йўқолиб қолгани эди.

«Бутун сиёсий важлар, дунёни бир томонга қўйинг, болангизнинг битта табассуми учун дунёни беришга тайёр ота-она, ўзбек, жумладан мен ҳам боламнинг товонига тикан киришидан асраш учун ҳамма нарсадан кечишга тайёрман», — дейди Саид-Абдулазиз Юсупов видеомурожаатида.

Саид-Абдулазиз Юсупов ижтимоий тармоқлардаги кескин баёнот ва туркум кўрсатувлари билан машҳур бўлганди. Унинг муаллифлигида эълон қилинган «Оқ ва Қора» туркум кўрсатувида мамлакат раҳбари сиёсатини қўллаб-қувватлашга чорлов бўлиши билан бирга, ислоҳотларнинг самарали олиб борилишига халақит қилувчи камчиликлар эътироф этилган. Шунингдек, Юсупов бир қатор таҳлилий ва танқидий мақолалар билан ОАВда чиқишлар қилиб келади.