“Ўзбеккино” Жаҳон бозорида… (+Фото)

0

Ҳар йили анъанавий тарзда айнан май ойида Франциянинг Канн шаҳридаги Лазур соҳиллари бўйида бўлиб ўтадиган ҳалқаро кинофестиваль дунёдаги энг нуфузли маросимлардан биридир. Бу йил у 72- бор дунёнинг тўрт бурчидан ташриф буюрадиган кино дунёси вакилларига мезбонлик қилади. Маълумингизким, шу йилнинг 14-25 май кунлари 72-Халқаро Канн кинофестивали бўлиб ўтиши режалаштирилган. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда “Республика кинопрокат маркази” бу йил илк марта ушбу кинофестиваль доирасида бўлиб ўтадиган “MARCHE DU FILM” кино бозорида 50 та турли йўналишдаги(бадиий, хужжатли , анимацион ҳамда “Зумраша “ киножурнали) фильм билан иштирок этади.


2017 йил 7 августда имзоланган “Миллий киноматографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг “Давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильмларни жаҳон бозорига олиб чиқиш ва фестивалларда намоий этиш учун чет тилларга субтитрлаштириш ва замонавий форматга ўтқазиш” деган 16-бандига асосан танлаб олинган 50 та фильм DCP форматга ўгирилиб, инглиз тилига субтитрлаштирилди. Фильмларнинг инглиз тилидаги каталоглари тайёрланди. Хуллас, “Республика кинопрокат маркази” дунё кино бозори талабларини ўрганиб чиқиб (марказ мутахассислари Февраль ойида Гонконгда бўлиб ўтган “FILM ART”кино бозорида ҳам муваффақиятли иштирок этиб қайтишган эди) , 14-25 май кунлари бўлиб ўтадиган мазкур тадбирга пухта ҳозирлик кўришди. 72- халқаро Канн кино фестивали доирасидаги “MARCHE DU FILM”кинобозоридаги ўзбек стенди тақдимотида 17-май куни кинорежиссёр Абдувоҳид Ғаниевнинг “ЭЛПАРВАР” бадиий фильми намойиш этилади. Шунингдек, кино бозор иштирокчилари эътиборига Зулфиқор Мусоқовнинг “Берлин-Оққўрғон”, Жаҳонгир Ахмедовнинг “Исломхўжа”, Рустам Саъдиевнинг “Барон”, Умид Ҳамдамовнинг “Иссиқ нон”, Сарвар Каримовнинг “Сарвқомат дилбарим” каби фильмлари ҳам ҳавола этилади.
Мақсад, дунё кинобозорларини забт этиб, келгусида муносиб фильмларимиз билан дунё тан олган нуфузли кинофестивалларнинг конкурсларида ҳам иштирок этиш. Бу йўлда кино ижодкорларимизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.