МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (44-қисм. Иккинчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Ҳайбатулло ярим тунгача бўшамади. Аввал ўзи айтгандай бригадаларни айланди. Сал кўкрак кериб, оғир-оғир қадам ташлаб, бригадирларга қовоғини уйиб, теримчиларга сал очилиб гапирди. Кейин пахта топшириш пунктига борди. У ердагилар билан тусини ўзгартирмай сўзлашди. Ана ундан сўнг райком идорасига бориб, мажлисда қатнашди. Чарчади. Шунда ҳам Саидни ўйлади. «Нима қилдийкан, бирон жойда гуллаб қўймадимикан? Пулга бало сотиб олмасам гўргайди. Балки, уни қайтариш керакдир. Бир ўнғай келганида, ўзим битта ҳаракат билан Толмасни орадан олиб ташлаганим яхшидир, — деб кўнглидан ўтказди, аммо яна иккиланди: — Эҳтимол, қўлга тушмас, балки, ҳаммаси силлиқ кечар. Саид ҳам пихини ёрганлардан. Ҳеч вақт ўзи бориб, Толмаснинг томоғидан олмайди. Ўзи айтгандай, орага одам аралаштиради. Демакки, менгача бўлган масофа янада узоқлашади… Уфф, жонимга тегиб кетди».

У машинага ўтирганидан кейин ҳам мана шундай ўйлар исканжасидан қутулолмади. Элёрга «Энди Шокирникига ҳайда. Озроқ чигал ёзди қиламиз», деди.

Шокир қўй сўйибди. Дастурхонга одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса қўйибди. Ароқ учун вилоят марказига бориб келибди. Нақ заводнинг ўзидан, лентадан келаётган ароқлардан териб-териб олибди. Кейин ўзи яшикка жойлабди. Машинага ортибди. Бирортаси синиб-нетиб қолмасин деб, машинани секин ҳайдабди. Уйига келибди-ю, хотинига бақирибди: «Қанақанги муаллимсан ўзи? Қанақанги шаҳар кўргансан?! Ҳе, маданиятингдан ўргилдим, ўласанми устингга тузукроқ кийим кийсанг? Бундай одам қараганда яйрайдиганидан кийсанг бўлмайдими?..» Хотин уйига шошиб кирибди. Елкаси очиқ кўйлагини кийиб чиқибди. Яна атир-упани ҳам аямасдан ишлатибди. Шундан кейин Шокир ўзи билан бирга юрган Абдухалилга хотинини кўрсатибди. «Қалай, ишқинг тушяптими?» дебди. Абдухалилнинг шундоғам оғзидан суви қочиб турган экан, иржайибди. «Бу аҳволда хотинингни бирортаси ўғирлаб кетади», дебди. Шундан кейингина Шокирнинг кўнгли жойига тушибди.

Бу гапларни у Ҳайбатулло уйига кириб ўтирганидан сўнг, ҳали ичишга улгурмасидан, тўлиб-тошиб гапириб берди. «Ўл-а, ҳезалак, даюс, одам ҳеч вақт хотининиям бировга кўз-кўз қиладими?» хаёлидан ўтказди Ҳайбатулло ва ўзини Шокирнинг гапларига эътибор бермаётгандай кўрсатиш мақсадида «Ароқдан қуй!» деб буюрди. Шокирнинг хотини овқат кўтариб келганидан сўнг кўрсаки, ажибгина хилқат. Шартта пешонасига урди: «Қаердаги пандавақиларга мана шунақанги санамлар учрайди. Эҳ! Шу томондан омадим келмаган-да. Лекин ҳечқиси йўқ, Шокирни у ёқ-бу ёққа сафарга жўнатиб туриш мумкин» ўйлади у ва мийиғида кулиб, аёлга еб қўйгудек тикилди.

 

* * *

 

Маъруф Паризоднинг кўзида бир олам қўрқув кўрди. Бундан қувониб жилмайди.

— Каттасики, оёғимиз остида ётибди, кичкиналари нима бўпти? — деди ва ўзини ботир кўрсатиш мақсадида илдам юриб, ташқарига чиқди.

Узоқдан келаётган иккита машинага кўзи тушди. Улар чанг-тўзон кўтариб, худди танкдай олдинга интилишарди. Маъруфнинг юраги гупиллаб уриб кетди. Бир зум бутун вужудини қўрқув эгаллади. Аммо у дарров ўзини қўлга олишга ҳаракат қилиб, «Буларни ажал етаклаб келяпти. Ажал! Бўлмаса, бунақа ҳовлиқишмасди, — дея кўнглидан ўтказди, аммо кўнгли кўтарилмади. — Ғордаги ҳовузнинг қандайдир хислати бор экан. Тинка-мадорим қуриб, ўлар аҳволга тушиб қолгандим, мана, кўз очиб юмгунча ўзимни тиклаб олдим. Фақат тикланмадим, балки кучимга куч қўшилди. Бундан чиқди, ҳозир менда ўзим ўйлаганимдан ҳам ўн баробар кўпроқ куч бор. Бир мушт уришда камида иккитасини бемалол ер тишлата оламан. Лекин бунинг учун ҳаммасини бир жойга тўплашга тўғри келади. Икки мушт ва улар тамом… Шошма, йўли топилди-ку, боплайман ҳозир».

У миясига келган ўйдан қанчалик хурсанд бўлган эса-да, барибир, оёғининг қалтираши қолмади. Сабаби, қилмоқчи бўлган иши анча қалтис эди.

Олдинги машина унинг ёнгинасига келиб тўхтади. Ҳайдовчининг ёнида ўтирган ўттиз беш-қирқ ёшлардаги чўтир юзли одам эшикни очиб, сакраб тушди.

— Нега бунча кеч қолдинглар? — деди Маъруф қовоғини уйиб.

Чўтирнинг иржайган башараси бирдан жиддийлашди.

— Кармисан? Қачон келишинг керак эди? — дея овозини баландлатди Маъруф.

— Хўжайин сенга шунақа кутиб олгин, дедими? Кимсан ўзинг? — дея Чўтир ерга чирт этказиб тупурди.

— Кимлигимни ичкарига кирганингдан кейин биласан.

— Уфф. Ҳеч кўнглини ололмадим, ололмадим-да. Нима бало, мен опкелган қушча учиб кетдими? Ё хархаша қиляптими?!

Маъруф билдики, Паризодни мана шу турқи совуқ олиб келган. Мана шу ярамас Толмас Бадриддиновични тўшакка михлаб қўйган.

— Ҳимм, нимага жимиб қолдинг? Ўзларинг оғзиларингга солиб қўйилган овқатни ютолмайсанлар-у, бошқаларни айбдор қиласанлар.

— Агар ўша қушчанг бўлмаганида, ҳозир мен билан гаплашиб турмаган бўлардинг!

— Эй-й, ошна, бор экансан-у, мен бу минилмаган тойча қилиқ чиқариб, бошим балога қолдими, дебман. Ташқарида юрганингга қараганда, ичкарида яхшигина «суҳбат» кетаётганга ўхшайди.

— Унисидан бехабарман.

— Кирсам бўладими?

— Шу ерда туриб тур, келганингни айтайин.

Маъруф ғорга кирди. Ўзига киприк қоқмай тикилиб турган Паризоднинг ёнига борди. «Ҳаммаси яхши бўлади. Озгина сабр қиласиз, хўпми?» дея ҳазиллашган бўлди ва ортига қайтиб, ташқарига чиқди. Қарасаки, Чўтир ўзи миниб келган машинанинг ҳайдовчиси билан гаплашиб турибди.

— Кираркансан, — деди унга ва тикилиб тураверди.

— Қалай экан? Илгари доим бизни ўзи кутиб оларди. Бу чиқолмайдиган бўлиб қолдими? Айтувдим-а, қушчага кўп талпинаверманг, бор кучингизни тортиб олади, деб. Қулоқ солмаганди-да.

— Киргин, кўрасан.

Чўтир кийим-бошини тўғрилаб олган бўлди. Кейин машинадагиларга бир қараб қўйиб, секин ғорнинг ёнига келди. Маъруфга бошдан-оёқ қараб чиқди. Бир нарсаларни сўрамоқчи бўлди-ю, лекин нимагадир сўрамади.

У Паризодни, ерда чўзилиб ётган Ўктамни кўрди. Кейин бирдан ортига бурилмоқчи бўлди-ю, бошига теккан қаттиқ зарбадан кўзи тиниб, ерга қулади ва бирдан тинчиб қолди.

Маъруф қўлидаги тошни ерга ташлади. «Биринчиси», деди.

Паризод Чўтирни дарров таниб, қўрққан ва орқасига бироз тисарилган эди. Яхшики, Маъруф Чўтирнинг бошига тушириб қолди. Акс ҳолда, бечора қизнинг қичқириб юбориши ҳеч гап эмасди.

— Буларнинг ҳаммасини анави ҳужрага тиқиб ташлашимиз керак, бошқалари пишиқроқ чиқиб қолиши мумкин, — деди Маъруф ва Чўтирнинг оёғидан ушлаб судради.

Паризод Ўктамнинг ёқасидан ушлаб тортди. Аммо қимирлатолмади. Кучи етмаганидан жаҳли чиқиб, янада қаттиқ тортди. Аммо Ўктам, барибир, қимирламади.

— Падарингга лаънати, гўрсўхта! — дея Ўктамнинг елкасига беихтиёр бир тепди.

Ўктам ингради. Паризод қўрқиб кетганидан уни қўйиб юборди.

— Маъруф ака, — деди кўзи чақнаб, — манави ўзига келганга ўхшайди.

— Ҳечқиси йўқ, ҳозир яна ухлатиб қўямиз, — деди Чўтирни ҳужрага ташлаб қайтган Маъруф.

Дарҳақиқат, чўпон кўзини очган, нима бўлганини англаёлмай энди бошини кўтармоқчи бўлаётган эди.

— Ошна, ҳали вақтли. Тонг отмади. Вақти келганида ўзим уйғотиб қўяман, — деб Маъруф тиззалаб ўтирди-да, Ўктамнинг сочидан ғижимлаб тортиб, башарасига мушт туширди.

Чўпоннинг яна кўзи юмилди.

Шундан сўнг у ҳам Маъруфнинг кўмагида ҳужрадан жой олди. Ундан кейин Мудар ҳам судралди.

— Ошна, — деди Абдусаттор Маъруф ишларини саранжомлаб, энди ташқарига чиқмоқчи бўлиб турганида. — Мени кечир, сенга ёрдам беролмаяпман.

Йигит ва қиз бирдан унга қарашди.

— Эй-й, — дея унинг ёнига келди Маъруф, — ўзингга келаётганинг — менга ёрдам берганинг. Ҳали сен билан бирга кўп иш қиламиз.

— Ташқаридагилар кўпми?

— Тўрт киши бор.

— Унда анавини ол, Чўтирни судраётганингда чўнтагидан тушиб қолди.

Маъруф шундагина ерда ётган тўппончани кўрди.

Паризод қўрқиб кетди. Югуриб борди-да, Маъруфдан олдин тўппончани олди.

— Йўқ! Йўқ, буни олманг. Илтимос қиламан! — деди у чинқириб.

— Нега? — ҳайрон бўлди Маъруф.

Паризод бошини эгди. Пешонасида маржон-маржон тер пайдо бўлди.

— Тушунмадим, Паризод, сизга нима бўлди? Нега тўппончани олишимга қаршилик қиляпсиз? Ташқаридагилар…

— Биламан, лекин бирортасини отиб қўйишингизни хоҳламайман. Отсангиз ўлади, ана ундан кейин… Балки, бошқа чораси бордир.

— Бошқа чора бор, дейсизми? Бирдан-бир чораси, мен ўлишим керак, сиз эса мана шу ғорга тўпланадиган каламушларнинг маликаси бўлишингиз лозим.

— Маъруф ака, мен бундай демоқчимасдим. Сизнинг одам ўлдириб қўйишингиздан қўрққандим, мана, олинг, — дея Паризод тўппончани Маъруфга узатди.

— Йўқ, энди керакмас, шусиз ҳам эплашга ҳаракат қилиб кўраман, — деб Маъруф ташқарига чиқиб кетди.

Дўппини учирадиган шамол турган, хас-чўплар ҳавода учиб юрарди. Машинадагилар пастга тушиб, Хонбиби билан гаплашиб туришарди. Маъруф бундай манзарани кутмаганди. Кутмаганди эмас, хаёлининг бир четига ҳам келтирмаганди. Чунки у Хонбибини унутиб қўйганди-да. Хонбиби бўлса Чўтирга эргашиб келган йигит билан гаплашиб турибди. Аниқроғи, унга нималарнидир тинимсиз гапиряпти. Маъруфга кўзи тушиши билан қўрққанидан нарироққа кетганидан билиш мумкин эдики, у ичкарида бўлган воқеаларнинг ҳаммасини оқизмай-томизмай гапириб беряпти.

— Саттор ака қани? — сўради Хонбиби нарироққа кетиши билан олдинги машинани ҳайдаб келган йигит.

— Ким у Саттор? — дея пешонасини атайин тириштирди Маъруф.

Суҳбатдошнинг қошлари чимирилди. Кўзи олайди. Қўли мушт бўлди.

— Боягина сен билан бирга кириб кетганди-ку! — деди дағдаға билан.

— Ҳа-а, шундоқ демайсанми? Мен унинг отини билмасам. Афти чўтир бўп ётибди…

— Лақаби Чўтир. Қаерда у?

— Қаерга кириб кетган бўлса, шу ерда.

— Нима қиляпти?

— Нима, терговчимисан, савол берасан, ярамас? Кир ичкарига, кўрасан! Юрак борми ўзи?!

— Шунақа дегин. Ичкарига кириб Саттор аканинг ўлигини кўрайин, тўғрими?!

— Йўқ, ҳозирча тирик. Хўжайин сен билан уни бирга ўлдирмоқчи, тушундинг?!

— Алдади. Ишонма гапига. Сениям ўлдиради. Ўлдиради бу! — дея кутилмаганда Хонбиби қичқириб юборди.

— Бунисига нима дейсан? Эндиям бошқача гапирасанми? Мен сенга боя ишонмагандим!

Маъруф кулди. Иккала қўлини ёнига ёзди. Бошини сарак-сарак қилди.

— Сен ҳали шу ялмоғиз кампирнинг гапига ишоняпсанми? Шунга-я?!

Ҳайдовчи бошини машиналар томонга, уларнинг гапини диққат билан эшитаётган шериклари тарафга бурди. Маъруф шу заҳоти ишни бошламаса бўлмаслигини англаб етди ва қаршисидаги йигитга ташланди. Дарҳақиқат, унинг билагида кучи кўп эди. Ўша ҳовузчадаги сув туфайли, унинг ғаройиб хусусияти сабаб. Ғор сувидан Паризод билан Абдусаттор ичганди. Аммо Паризод жуда кам қувват олди. Абдусатторга эса жигарининг озроқ эзилгани панд берди. Йўқса, у ҳам ҳозир Маъруф каби паҳлавонга айланарди.

Дарвоқе, Маъруф ёшлигидан унча-мунчага жанжаллашмасди. Ҳамқишлоқ тенгдошлари билан, кейин талабалигида ҳам бир-икки марта ёқалашган. Аммо буларни ҳақиқий муштлашиш деб бўлмасди. Шу боис ҳозирда билаги зўр эса-да, уришишни билмасди. У рақибини ердан даст кўтариб, нарироққа улоқтирди. Ҳа, фақатгина улоқтирди. Шунда ҳам душмани йиқилмади. Мувозанатни сақлади. Кейин очиқчасига Маъруфнинг устидан кулди.

— Кампир алдабди. Сен бечора қандай қилиб икки одамни ўлдиришинг мумкин? Ўлдиролмайсан.

У бир қўлини юқорига кўтариб, шерикларига ишора қилган эди, улар бараварига югуришди. Маъруфни урмоқ, бир ёқли қилмоққа ошиқишди. Бундай олиб қараганда, уларнинг қўлларидан ҳар нарса келади. Чунки ҳаммаси ўтириб чиққан, ҳаётни жиноятдан иборат деб билгувчи кимсалар эди. Аммо кутилмаганда олдиларда ғов бўлаётган йигитчага бир мушт туширишга-да улгурмасларидан гумбурлаган товуш эшитилди.

Ғор эшиги ёнида Паризод турарди. Унинг кўзи ёшга тўлган, тўппонча ушлаган қўли қалтирар эди.

 

* * *

 

Уйига қайтиб келган Наргизанинг ранги докадек оқариб кетган, бутун аъзойи бадани титрар эди. «Ҳаммаси тугади. Бундан бу ёғига яшашимга ҳожат йўқ. Аввал уйимдагилардан хавотирда эдим. Энди Маъруф акамнинг энаси ҳам мени келин қилмаслигига ишончим комил бўлди. Бунинг устига, Маъруф акам мени демаслигини биламан. Шу пайтгача «У бир кунмас-бир кун севиб қолади. Бир кунмас-бир кун у билан бирга бўламиз, тўй қиламиз» деб ўзимни ўзим алдаб келдим. Лекин буларнинг бари бекор. Чунки… Чунки у мени ёқтирмайди. Эй, Худо, севиш гуноҳмиди, севиб гуноҳга ботдимми? Қара, севгимнинг орқасидан бошимга қанча ташвишлар келяпти? Агар севмаганимда, буларнинг биттасиям йўқ эди. Лекин… севмай турмушга чиқиш, яна анави турқи совуқ Элёр билан бир ёстиққа бош қўйиш — ўлим… Шошма, ўлим деганлари мени ҳар нарсадан қутқаради-ку. Унда нимани кутяпман?..» хаёлидан ўтказди қиз ва секин ўрнидан турди-да, ҳовлига чиқди. Энасига дуч келди. Ундан кўзини олиб қочди. Ахир кўз ҳамма нарсани сотиб қўйиши мумкин-да.

— Тинчликми, қизим? — сўради энаси Наргиза гап-сўзсиз ёнидан ўтиб кетаётганида.

— Тинчлик, озроқ бошим оғриб турибди. Шунга…

— Тўхта, унда бу ёққа кел.

— Ўтиб кетади, эна, дарров хавотир олаверманг.

— Рангинг оқариб кетибди. Бу ўтиб кетадиганга ўхшамайди. Юр, — деб аёл қизини орқага қайтарди.

Кўрпа-тўшак қилиб, қўярда-қўймай қизини ётқизди. Кейин дамлама тайёрлагани ошхонага кетди. Наргиза ётган жойида шифтдан кўзини узмай хаёл сура бошлади. Ўтган кунларини бир-бир хотирлади. Англашича, ўзини роса ерга урибди. Бир йигитга ёқиш учун ўлиб-тирилибди. Шартмиди шу? Ундан кўра Маҳлиёга ўхшаб бепарво юрса бўлмасмиди? Кўнглига сал-пал ёқадиган бирортаси топиларди. Аввалига унга ноз қиларди. Кейин озроқ мойиллигини билдирарди. Сўнг болапақир совчи жўнатарди. Отаси озроқ қайсарлик қиларди-ю, лекин, барибир, кейин рози бўларди. Қарабсизки, Наргиза бир оиланинг бекаси…

«Уфф, — деди у сочини ғижимлаб, — буларнинг бари энди орзу, етиб бўлмайдиган масофада. Бекордан-бекорга хаёл суриб, ўзимни қийнаганим қоляпти. Бундан кўра, ўзимни осганим… Шошма, бундан осонроғиям борку. Ана, ошхонадаги сиркани оламан, битта пиёлага тўлдириб қуяман, сўнг кўзимни чирт юмиб, бир кўтаришда ичиб юбораман. Ичим куяди. Чидайман. Бор-йўғи ўн-ўн беш минут, ундан кейин ҳушимдан кетаман, руҳим танамдан чиқади-да, осмонга кўтарилади. Эшитишимча, осмонда ҳуру ғилмонлар бўларкан. Уларнинг ҳаммаси менга ўхшаб бир йигит бағрида эркаланишга улгурмасларидан бу дунёни тарк этишган экан. Мен уларга қўшиламан. Кейин жаннатийларга ёр бўламан. Бир умр ҳозирги ёшимда қоламан. Оҳ, бундан яхшиси борми?! Борми, борми?! Йўқ. Шундай экан, вақтни ўтказиб нима қилдим? Ҳозироқ бориб сиркани ичмайманми?!»

Қизнинг юраги бирдан ҳаприқиб кетди. Пўртанадай кучли ҳовур билан ўрнидан турди. Сочларини тузатган бўлди ва шошганча ошхонага кетаётганида яна рўпарасидан энаси чиқди.

— Нимага туриб олдинг? — сўради энаси унинг юзига тикилиб.

— Бошимнинг оғриғи қолди, эна, сизни ташвишга қўйганимдан уялиб кетдим. Энамга бир ширин овқат пишириб берайин деб, ошхонага бораётгандим.

Аёл қизининг юзи аввалгидан-да оқариб кетганини, сўзлаётганида кўзини олиб қочаётганини сезди ва кўнглига шу заҳоти шубҳа оралади. «Бу қиз бир фалокатни бошламоқчи, бўлмаса, бундай ўзгармаган бўларди» дея ўйлади қовоғини уйиб.

— Дарров жойингга бориб ёт, аввал манави, — дея у қўлидаги косани кўрсатди, — дорини ичиб оласан, кейин, майли, овқат пиширсанг ҳам розиман.

Қиз режаси ортга сурилаётганидан aфсусланиб, жойига қайтиб тўшакка ётишга ва энаси келтирган қандайдир ўтлардан тайёрланган дамламани ичишга мажбур бўлди. Ўзини тетиклашгандай сезди. Кўзини юмганча энасини алдади.

— Уйқум келяпти, эна. Майлими, ухласам? — деди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ