«Ювентус» Тошкентда академияси очилганини тасдиқлади (+фото)

0

Жорий йилнинг 7-май куни Тошкентдаги Турин Политехника университетининг 10 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида ўтказилиши режалаштирилган муҳим маросимлардан бири «Ювентус» академияси очилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Италиянинг «Ювентус» клубининг брендни бошқариш ва ривожлантириш бўйича ижрочи директори Каролина Киапперо, академиянинг Тошкентдаги ижрочи директори Тимур Султанов, президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ҳамда университет ректори К.Шарипов иштирок этишди. Шу куни «Ювентус» академиясининг ривожланиш режалари ҳақидаги фикрларни тинглаш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида «Ювентус» клубининг брендни бошқариш ва ривожлантириш бўйича ижрочи директори Каролина Киапперо “Мен «Ювентус»нинг 58-академияси очилиш маросимида иштирок этаётганимдан бахтиёрман. Биз Ўзбекистонда спорт соҳасида катта ўзгаришлар содир бўлаётганини кўряпмиз. Умид қиламанки, академиямиз мамлакатда футболни ривожлантиришда ёрдам беради”, – дея таъкидлаб ўтди.

Академиянинг асосий вазифаси – болаларга таълим бериш, нафақат профессионал футболчиларни, балки жамиятнинг муносиб аъзоларини тарбиялашдан ҳам иборат. Шунинг учун ўқув муассасида тарбияланувчиларнинг ҳам жисмоний тайёргалигига ҳам умумий ривожланишига катта эътибор қаратилади.

Академиянинг очилиш маросимида «Ювентус» клуби мураббийлари университетнинг очиқ футбол майдонида Ювентус” клуби формасидаги болалар учун маҳорат дарслари ўтказишди.

Туринликлар мазкур янгиликни Twitter’даги расмий саҳифаси орқали ҳам эълон қилган.